Қатрада тўфон кучи

(Нажмиддин Комилов ёққан илм чироғи ҳақида)

Филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов (1937-2015) ўзбек илмига салмоқли ҳисса қўшган ҳассос олим эди. Дастлаб у илмий изланишларини таржима ва қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалаларига бағишлади. Матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Сўнгра олим ўз тадқиқотларини кам ўрганилган тасаввуф таълимотига йўналтирди.

Ўрта асрларда Марказий Осиёда тасаввуф, сўфийлик — инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан покловчи, жисмини ва руҳини тарбияловчи таълимот сифатида юзага келди. Тасаввуфнинг туб илдизлари ислом дини арконларига тақалиб, у тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларидан иборат бўлган. У комил инсон шахсини шакллантириш йўлидаги ғоя ва саъй-ҳаракатларни ўз ичига қамрайди. Таълимотнинг назарий томонлари билан биргаликда, руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш каби амалий тадбир-усуллари шаклланган.

Айнан тасаввуф тарихи, унинг асосий йўналишлари ва тушунчалари Н.Комиловнинг диққат марказида бўлди. Бу йўналишда у Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, ибн Арабий, Азизиддин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд қарашларини ўрганди. Улар илгари сурган ғояларнинг моҳиятини очиб берди.

Бу изланишлари маҳсули сифатида “Нажмиддин Кубро” (1995), “Тавҳид асрори” (1999), “Тафаккур карвонлари” (1999), “Ислом — маърифат дини” (2000), “Фақр нури порлаган қалб” (2001), “Комил инсон — миллат келажаги” (2001), “Хизр чашмаси” (2006), “Тасаввуф” (2009) каби асарлар яралди.

Н.Комилов “Тасаввуф” китобида комил инсон концепциясини қайтадан кашф этади. Устоз “Тасаввуф — инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм”лигини уқтирар экан, инсондаги қарама-қаршиликлар, жаҳолат ва эзгуликнинг орасидаги курашларни шайтоний ва раҳмоний қувватларнинг мавжудлигига боғлайди.

“Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч — раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар”. Яъниким, инсон ўзидаги шайтоний қувватларни енга олса, маънан ва руҳан покланиш йўлига тушади.

Тасаввуф олимлари жамиятдаги қарама-қаршиликлар, инсонларнинг ўзаро келишмовчиликлари замирида ҳам раҳмоний ва шайтоний қувватларнинг таъсирини кўради:

“Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган; чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни маҳв этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради”.

Олим таъкидлаганидек, сўфийлар қаноатли бўлиш, нафс хоҳишлари билан курашишни комиллик сари босилган қадам деб билишган.

Устоз комилликка интилишни нафснинг салбий истакларидан воз кечиш, руҳий-маънавий юксалиш йўлидаги солиҳ ишларни кўпайтириш, илм ўрганиш ва Аллоҳга чин ибодатда кўради. Ўз нафсоний истаклари билан курашган инсон комиллик сари боради. Олим бундай сифатли (хусусиятли) инсонларга шундай таъриф беради: “Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, балки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир”. Олим комилликка интилган ва бу мақомга етишган инсондан давлатга ҳам, жамиятга ҳам фақат наф келишини қайта-қайта уқтиради: “Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб, халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга наф келтирса, ёмонларни тўғри йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир”. Комилликка етишиш жуда машаққатлидир. Аммо шу мақсадга интилиб яшашнинг ўзи ҳам маънан бой бўлишга, ҳам камолот йўлига тушишга сабабдир.

Н.Комилов ўз даврида сўфийларга руҳий раҳнамо бўлган, Шарқда донг таратган олиму уламоларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. У инсон руҳияти, маънавиятини тарбия қилишда жуда муҳим бўлган Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” ва “Мантиқ ут-тайр”, Султон Валаднинг “Маориф”, А.Насафийнинг “Зубайдат ул-ҳақойиқ” ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлар тариқати”, Саййид Муҳаммад Ҳотамийнинг “Ислом тафаккури тарихидан” асарларини она тилимизга таржима қилди.

“Хизр чашмаси” (2006) асарида Н.Комилов Алишер Навоийнинг ижодини чуқур ўрганиб, тасаввуф ғоясини тадқиқ этди. Уларда тараннум этилган комил инсон ғоясини таҳлил этди. Алишер Навоийнинг қатор асарларида комилликка интилганларнинг турли машаққатларни енгиши турли образларда гавдалантирилган.

Устоз назмда ҳам қалам тебратиб, туйғуларини оқ қоғозга дурдек сочган. Нажмиддин Комил тахаллуси билан битилган шеърлар сўфиёна тарзда чуқур мазмун-маъноларда йўғрилган. Аксар рубоийлар ўтмишдаги буюк шоирларга назира (татаббуъ) тарзида ёзилган. Шеърий мисралар, асосан, форсий тилда битилган.

 

Бир қатраман, ичимда минг тўфоним бор,

Бир зарраман-у унда ниҳон жаҳоним бор.

Жаннат нуридан бошда қуёшим порлоқ,

Руҳул Қудсдан қалбимда иймоним бор.

(Зариф Султон таржимаси)

 

Ўта камтарлигидан ўзини томчига қиёслаган олим ичида минг тўфони борлигини уқтиради. Томчида тўфоннинг кучи… Аслида, тўфонлар томчилардан яралади. “Жаннат нуридан порлоқ қуёши бор” олимнинг “руҳул Қудсдан иймони бор”лиги томчидаги тўфоннинг қудратидир.

Инсон ҳаётида ғам ва шодлик баравар яшайди. Қалб шодликка қанчалик тўйинса-да, дилининг бир четида ғам яширин. Бу ғамлар туғилажак шеърларга, ёзилажак ғояларга турткидир. Устоз буни шундай ифодалайди:

 

Бир менму бу олам аламин чеккан,

Озурда дили ғам тиғига теккан?

Шодлик гули унган ҳар инсон дилига,

Бу чарх минг ғусса уруғин эккан.

(Зариф Султон таржимаси)

Беназир шеърий сатрларидан муаллифнинг қанчалик ориф, маърифатли ва қалбан сўфий бўлганини англаш қийинмас.

 

Бу оламда не камим бор?

Адоғи йўқ бир ғамим бор.

Агар бир лаҳза шодлансам,

Дағи юз бор аламим бор.

Туним маҳзун кунимдан ҳам,

Тонг-ла оқшом ситамим бор.

Агар бор давлатим шудир,

Нечун бу кўзда намим бор?

 

Устоз ўз илмига амал қилган нодир ва бетакрор шахс бўлган. Қуйидаги шеърлар буни такрор исбот қилади:

 

…Руҳим топсин ором, ҳаловат,

Иймонимни сақлаб саломат,

Аллоҳим деб умрим ўтказсам,

Омонатни Сенга етказсам…

(Зариф Султон таржимаси)

 

Профессор Н.Комилов қатор нуфузли ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Миллий университети (ТошДУ), Тошкент давлат шарқшунослик институтида талабаларга сабоқ берди. Президент девонида консультант, Давлат ва жамият қурилиши академиясида проректор, Марказий сайлов комиссияси раиси каби масъул лавозимларда ишлади.

Ҳамиша эзгу юмушлар бошида юрган, юзлаб шогирдларнинг устози бўлган Н.Комилов ёзган китоблари, таржималари, илмий тадқиқотларининг маънавий, илмий салоҳияти шунчалик залворлики, булар яна юзлаб илмий изланишларга мавзу бўла олади.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,

ЎзДЖТУ тадқиқотчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − six =