Қўқон шамоллари

Яқинда тарихий шаҳар Қўқонда бўлдим. Шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов билан суҳбатлашдик. Қўқон жуда гўзал шаҳар. Шунинг учун бу кент “Хўқанди латиф” деб бежиз аталмаган-да. Чиндан ҳам латиф – чиройли, сеҳрли, тарихий макон. Пойтахтдан “бир қадам” жойда бўлса ҳам, тез-тез келишнинг имкони бўлавермайди. Шаҳар кейинги йилларда янада обод, кўркам бўлибди.
— Қўқон шаҳрида қандай ўзгаришлар бўлса, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ватанпарварлик, миллатпарварлик ва халқпарварлик йўлидаги фармонлари ва қарорлари ижроси туфайлидир, — деди фахр билан шаҳар ҳокими. — Биз эса шаҳримиздаги ислоҳотлар ва унинг самарасини ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида кўриши учун Президентимиз белгилаб берган йўл-йўриқлар бўйича ҳаракат қиляпмиз, холос.
— Яқинда Қўқон шаҳрида учинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали юқори даражада ўтказилди, — деди Маъруфжон Усмонов. — Ушбу фестиваль миллий ҳунармандчилик анъаналаримизни ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бой маданий меросимизни дунёга тарғиб қилиш ва шу орқали жаҳондаги турли миллий маданият ва қадриятларни яқинлаштириш мақсадида ҳар икки йилда ўтказилмоқда. Яқинда бўлиб ўтган ҳунармандчилик фестивалида ўнлаб хорижий давлатлардан иштирокчилар қатнашди. Мамлакатимиздан етти юз нафардан ортиқ ҳунармандлар ижодий ишларини намойиш этишди, ўзаро тажриба алмашишди.
Шаҳар каттакони тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар, замонавий уй-жойлар қурилиши, таълим самарадорлигини ошириш, “яшил макон”лар яратиш, камбағалликка қарши курашиш, янги ишчи ўринлари ташкил этиш — буларнинг ҳамма-ҳаммаси Ватан учун, миллат учун, халқ учун амалга оширилаётган хайрли ишлар эканини алоҳида таъкидлади.
Қўқон азал-азалдан олиму уламолар, фозилу фузалолар шаҳри бўлиб келган. Зиёга, маърифатга ихлос бу ерликларнинг қон-қонида бор. Мамлакатимизда дастлабки нодавлат университет ҳам илк бор Қўқонда очилгани бежиз эмас. Албатта, бугунги кунда хусусий олий таълим ўчоқлари нафақат пойтахтимиз Тошкентда, балки барча вилоятларда мавжуд. Шундай қилиб, шаҳар ҳокими тавсиясига кўра ҳокимликнинг матбуот котиби Улуғбек Норбаев ҳамроҳлигида Қўқон университетида бўлдик.
Университет олимлари самимий ва тавозели кишилар экан. Юзларидан беғуборлик кетмаган ўғил-қиз талабалар қўллари кўксида “Ассалому алайкум!” дейишиб ёнингиздан ўтишади.
Айниқса, суханидан зиё ва ҳурмат нафаси келиб турган университетнинг ёшлар масалалари бўйича проректори Шерзод Деҳқоновнинг суҳбатида бўлган киши дили ёришади.
— Университетимиз Ўзбекистонда биринчи очилган нодавлат олий таълим муассасаларидан бири, – деди у. — Бугун таълим масканимизда 12 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Қисқа муддатдаёқ замонавий инфратузилмаси, халқаро ҳамкорлик алоқалари, таълим сифати бўйича нафақат мамлакатимиздаги, балки минтақадаги энг фаол нодавлат олий таълим муассасасига айланди.
Университетдаги кенг ва қулай аудиториялар, замонавий кутубхона, ахборот технологиялари маркази, лабораториялар билан танишиб, ўқув жараёнлари энг илғор талаблар даражасида ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Ўқув зали деворига Абдулло Рудакийнинг “Илмдан яхшироқ хазина бўлмас, қўлингдан келганча тера олсанг бас” деган ҳикмати ёзиб қўйилибди. Ҳа, бу хазинадан баҳраманд бўлиш неъматига муяссар бўла олган ёшларга ҳавасимиз келди.
Айниқса, туризм йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг бахти кулибди. У ердаги шарт-шароитлар ва гўзал манзаралардан завқим ошиб, ҳамроҳимга: “Қанийди, ёшликка қайтиб қолсам-у, мен ҳам шу даргоҳда таълим олсам”, дедим. Насиб этса, набираларимдан бирини Қўқон университетининг туризм йўналишида ўқитмоқлик истаги туғилганини яширмадим.
— Талабаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида давлат томонидан энг иқтидорли абитуриентлар учун махсус грант ўринлари ажратилмоқда, — деб сўзини давом эттирди олий таълим маскани проректори. — Ўтган йили шундай иқтидорли ёшлардан 40 нафарига давлат гранти насиб этди. Ўқишда юқори натижаларга эришган талабалар иккинчи курсдан бошлаб контракт тўловидан озод қилинмоқда. Таълимда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти жуда муҳим. Университет талабалари ва профессор-ўқитувчилари ўндан ортиқ давлатлар билан алмашинув дастурлари орқали таълим олиш ва малака ошириш имкониятига эга. Талабалар нафақат илмий ва амалий тажриба орттиришлари, балки ёзги таътил даврида хорижда ишлаб, моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланиш имконига эга бўлдилар. Ўқув даргоҳимиз етмишдан ортиқ хорижий университетлар билан меморандумлар имзолади.
Иқтисодиёт, туризм, хорижий тиллар, психология, мактабгача таълим, педагогика, филология, тарих йўналишлари бўйича талабаларга яратилган қулай шароитлар, берилаётган грант ва имтиёзлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда замонавий таълим дастурлари ёшларни ўзига оҳанрабодек тортмоқда. Қўқон университетида ўқимоқ орзусида юрган ўғил-қизлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Ушбу университетнинг Андижондаги филиалида таълим тиббиёт йўналишига қаратилгани учун ҳам соҳа талабгорларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қўқондаги “Азизтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивидаги қурилиш ишлари билан ҳам танишдик. 34,2 гектар майдонда бунёд этилажак қурилиш ишларининг шиддати юқори. Ушбу массивда бизнес маркази, умумтаълим мактаби, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар маркази, институт биноси, кўп қаватли иккита автотураргоҳ ва ўрта қисмида сайилгоҳ лойиҳасини кўриб ҳайратланмасдан илож йўқ. Агар массивдаги уй-жойлар ва инфраструктура объектлари тўлиқ қурилиб битказилса, кўз кўриб қувончдан яйрайдиган Қўқон бағридаги янги шаҳарча дунёга келади. Қўқоннинг файзига янада файз, чиройига янада чирой қўшилади.
Авваллари эътибор бермаган эканман, Қўқонда бор-йўғи биттагина тўққиз қаватли уй бўлган экан, холос. Эндиликда-чи, биргина “Янги Ўзбекистон” массивида 12 та 16 қаватли 1 минг 308 хонадонли, 72 та 10 қаватли 5 минг 30 хонадонли уй-жойлар қад кўтарибди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак”. Назаримда, бу ерда эсаётган шамоллар ҳам Қўқонга тараққиёт, фаровонлик, эзгулик олиб келаётгандек.
Қўқонга борган киши хон ўрдасини кўрмасдан қайтмайди. Ўрда атрофидаги яшилликни кўриб, ҳокимнинг айтганлари ёдимга тушди. Бундан бир неча йил аввал ўрда атрофида олти юз тупга яқин дарахтлар бўлса, бугун дарахтлар сони етмиш минг тупдан ортибди. Бир томонда олтиариқча қилиб етиштирилган узумзор. Ҳар томонда санаб адоғига етиб бўлмайдиган манзарали дарахтлар. Дунёнинг қайсидир бурчагидан келтирилиб парвариш қилинаётган қимматбаҳо ва гўзал дарахтларга тикилиб кўз тўймайди.
Тошкентга қайтиш олдидан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қўқон шаҳар бўлими ҳовлисида бир гуруҳ оқсоқоллар билан суҳбатда бўлдик. Улар ҳам янгиланиш шаббодаларидан мамнун бўлишиб: “Яратганга шукур, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин, Қўқонимиз янада гуллаб-яшнайверсин”, деб дуо қилишди.
Бу эзгу дуолар ижобатини кўриш барчамизга насиб этсин!
Муҳаммад КЕНЖА