Қишлоқда ким яхши яшайди?

Ҳозирда камбағалликнинг бош сабаби одамларнинг ишсизлиги сифатида талқин этиляпти. Ва бу бор ҳақиқат. Хўш, бу борада қишлоқларда вазият қандай? Ишсизлик муаммоси қандай ҳал этиляпти? Умуман, қишлоқда кимлар, нима эвазига тўкинроқ яшаяпти?
Бу саволларга жавобни кўпчилик жуда яхши билса керак. Шундай бўлса ҳам олдиндан айтиб қўя қолай. Бугун қишлоқда фермерлар ва айрим тадбиркорлар бошқаларга нисбатан тўкин ҳаёт кечиришяпти. Хўш, нима учун? Келинг, баъзи мисолларга мурожаат қилайлик.
“Битта фермернинг бергани шу-да энди…”
Маълумки, ўтган асрнинг охирида жойларда эски жамоа хўжаликлари тугатилиб, уларнинг ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Аммо, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш, уларнинг рўзғорига барака киритиш мақсадида тузилган бу хўжаликлар бугунги кунга келиб фермернинг фақатгина оила аъзолари, қариндошлари, энг яқинларига хизмат қилаётгани ҳам сир эмас.
—Тўғри, фермер биринчи навбатда оила аъзолари, қариндошларини иш билан таъминлайди, – деди исми-фамилиясини, мазилини айтишни истамаган оқдарёлик бир фермер. —Ўзи фермер бўлишдан мақсад ҳам шу-да. Аммо, қишлоқ одамларини ҳам ишлатаяпмиз, уларга бажарган иши учун кунига ҳақ тўлаймиз…
Масалан, мен ўзим жорий йилги мавсумда қарийб 20 кишини ишлатдим. Уларга иш ҳақи ҳисобига экин экиб олиши учун 30 сотихдан ғалладан бўшаган ер майдони ажратиб бердим. Бундан ташқари, чорваси учун 30 тадан прессланган сомон, ерини суғориш учун сув бердим. Битта фермернинг бергани шу-да энди…
Ҳужжатларга қараганда, мазкур хўжаликда режадан ташқари қарийб 100 тонна ғалла йиғиштириб олинган экан. Бу ҳосил ҳақида сўраганимизда раҳбар фермер хўжалигида унинг 7 нафар оила аъзолари, 5 нафар яқинлари аъзо эканлигини айтиб, олинган даромад фақатгина улар ўртасида тақсимланишини айтди. Асосий ишни бажарганларга эса сомон берилган…
“Уларнинг ҳам оғзи бор-да, ука…”
Яқин 3-4 йилдан бери қишлоқдаги фермерлар учун яна бир даромад тури қўшилди. Эндиликда улар ғалладан бўшаган майдоннинг ҳар гектарини иккинчи экин учун ҳамқишлоқларига ўрта ҳисобда 12-15 миллион сўмдан бемалол пулламоқдалар.
—Нима ҳам қилардик, кластер деганлари – ваъдабоз, ёлчитиб пул бермаса, шу ерни сотиб даромад оламиз-да, – деди жомбойлик фермер Жонқобил Жўраев. —Ҳар ҳолда ёмон эмас. Шу даромад ҳисобидан 2 та машина олдим, ўғлим учун уй қурдим.
—Ҳеч ким ерни сотишларингизни билмайдими, сўрамайдими? Бу гапни жуда бемалол, очиқчасига айтяпсиз?
—Сўрайдиганлар кўп. Аммо, уларнинг ҳам оғзи бор-да, ука. Уёғини ўзингиз биласиз-ку! Бундан ташқари, ерни иккинчи экин учун олган деҳқон унга керагидан ҳам ортиқ озуқа солади. Натижада ер келгуси йили мўл ҳосил беради. Катталар шунинг учун ҳам ҳеч нарса дейишмайди.
Катталарнинг бу масалага томошабин бўлиб туришидан “руҳланган” айрим фермерлар бугунга келиб ерини эрта баҳордаёқ сота бошлаяпти. Ахир меҳнатсиз даромад кимга ҳам ёқмайди?
— Бу йил баҳорда қишлоқдаги фермердан 70 сотих ерни 10 миллион сўмга сотиб олиб, помидор экдим, – деди Жомбой тумани, Гўзай қишлоғида яшовчи Шоназар Эгамов. — Бола-чақамиз билан, астойдил меҳнат қилдик. Худога шукур, ёмон бўлмади. Харажатлардан ортиб, 100 миллион сўмга яқин соф фойда олдик. Энди келгуси йил учун яна ўша фермерга 1 гектарга 15 миллион сўм пул бериб қўйдим…
Қишлоқдаги гастарбайтерлар
Ҳар йили йиғим-терим терими мавсуми бошланиши билан, қишлоқларда ишга яроқли хотин-қизлардан иборат гуруҳлар тузилади. Бу гуруҳларга фаол аёллардан бири бошчилик қилади. Унинг чўнтагида яқин атрофдаги фермерларнинг телефон рақамлари, гуруҳ аъзоларининг исми-фамилияси ёзилган дафтарча бўлади.
Қайси фермернинг даласида терим бошланса, у гуруҳ раҳбари билан боғланиб, қанча теримчига зарурат борлигини айтади. Сўнгра эса фермернинг буюртмасига кўра, унинг даласига айтилган миқдордаги одам ажратади. Албатта текинга эмас. Ўша қадоқ қўлли аёлларнинг меҳнатидан келадиган даромаднинг маълум қисми гуруҳ раҳбарининг (яъни даллолнинг) чўнтагига тушади.
Яқинда Иштихондаги қишлоқлардан бирида шундай аёллардан бири, гарчи ўрта маълумотли бўлса ҳам, маҳаллага хотин-қизлар маслаҳатчиси бўлиб ишга ўтибди. Маҳалла раисининг илтимосига кўра, унинг ҳам исм-фамилиясини ошкор қилмадик. Энди бу аёл ўзининг “тажрибасини” маҳалла раисига ҳам ўргатса ажаб эмас…
Комиссия далада ишлаётган одамларни санайди…
Самарқанд-Қарши катта автомобиль йўлининг Тайлоқ ва Самарқанд туманларидан ўтадиган қисмларида, жумладан, Самарқанд туманининг “Равонак” маҳалласи ҳудудида ҳар куни эрта тонгдан мардикор бозори қизийди. Иш излаб чиққанлар орасида хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади.
Бир куни йўл чеккасида ўтган-кетган машиналарга умид билан қараб, иш берувчиларни кутиб турган аёллардан бирини суҳбатга тортдим.
—Тайлоқ туманининг чекка бир қишлоғиданман, – деди Гулсанам исмли аёл. — Шаҳардаги бой хонадонларга бориб уйларини тозалайман, кирларини юваман. Гиламларини тозалайман. 7 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман. Ҳар куни 150-200 сўм ишлаб топаман. Далада, офтоб тагида ер чопишдан кўра осонроқ иш ҳар ҳолда.
Шу пайтда одамлар олдига “Газель” русумли микроавтобус келиб тўхтади. Ундан тушган қориндор эркак киши (афтидан фермер бўлса керак) далада ғўза чопиқ қилиш учун 15 та одам кераклигини, бир кунлик иш учун ҳар бир кишига 200 минг сўмдан тўлашини айтди.
Мен у кишидан фермер хўжалигида аъзоларингиз камроқми, деб сўрадим. Шунда ҳалиги одам хўжаликда 10 нафар доимий аъзоси борлигини, аммо улар ўзларининг шахсий юмушлари билан банд эканлигини, ҳозир “юқори”дан келаётган комиссия эса далада одамларни санашини, шунга қараб фермернинг ишига баҳо беришини айтди. Ҳаш-паш дегунча машина мардикорлар билан тўлди…
Таъзияда туришнинг ҳам нархи бор эмиш…
Қуйидаги воқеа эса кўпчиликни ҳайратга солиши аниқ. Уни ўқисангиз пул учун қишлоқ одамлари нималарга ёлланаётганини янада яхшироқ билиб оласиз.
Мардикор бозордагиларнинг айтишича, яқинда шаҳардаги бойваччалардан бирининг отаси қазо қилибди. Буни қарангки, меҳр-оқибатдан пул баланд турадиган бу хонадонда марҳумни овоз чиқариб йўқлайдиганлар топилмабди. Топилганлари ҳам овоз чиқаришга уялган шекилли, бир даста пул қўлтиқлаб мардикор бозорга келишибди. Бу ердан 20 нафар ёш йигитларни олиб таъзия бўлаётган оилага боришибди. Уларга 2 соат давомида бор овозлари билан “отам”лаб туришларини айтиб, ҳар бирига 250 минг сўмдан пул ва тушлик овқат беришибди.
— Ўзиям шаҳарни бошимизга кўтариб бақирдик, – деди улардан бири. — Кейин билсак, марҳумнинг тоғни урса талқон қиладиган 3 нафар ўғли бор экан. Аммо улар юқори лавозимларда ишлашаркан. Отасини йўқлаб туриш уларнинг обрўйига “тўғри келмас” эмиш.
Тадбиркорлар бармоқ билан санарли
Тўғри, қишлоқда ҳамма ҳам ёппасига мардикор эмас. Тадбиркорлик билан шуғулланаётган, одамларни иш билан таъминлаётганлар ҳам бор. Уларнинг аксарияти солиқчилардан беркитиб уйларида майда-чуйда сотадиган дўкон, ёки кичик тамаддихона очиб олишган.
Аммо, бундайлар бармоқ билан санарли даражада озчиликни ташкил этади. Бу жойларда ишлаётган ҳам 3-4 нафардан ошмайди.
Қишлоқ ҳақида гап кетганида яна бир ҳақиқатдан кўз юммаслик жоиз. Ҳозирда фермерлар, салгина оёққа туриб олган айрим тадбиркорлар ва оддий мардикор одамлар ўртасида кўзга кўринмас девор пайдо бўляпти чамаси. Бу ҳақиқат айниқса тўй-маърака, маросимларда яққол кўзга ташланиб қоляпти. Бундай тадбирларда ўртаҳол, камбағал оилалар бир четда қолиб, ўзига тўқ хонадонлар вакиллари иштирок этяпти. Ночор оила вакиллари эса хизмат қилиш учунгина чақирилади холос.
Яна бир гап. Аёллардан иборат ёлланма ишчиларга аёл киши бошчилик қилаётган бўлса, шаҳардаги ташкилотларга ишсизларни маълум “ҳақ” эвазига ишла жойлаб қўядиган гастарбайтерлар ҳам пайдо бўлган.
“Олдиндан Жасурга учрашсам бўлар экан…”
Россияда ишлаб келган 45 ёшли профессионал ҳайдовчи Каримжон Эргашев Самарқанддаги йирик қурилиш ташкилотларидан бирига ўз касби бўйича ишга киролмайди. Гарчи оғир юк машинаси ҳайдовчилиги вакант бўлса-да, унга “ёшингиз ўтиб қолибди, бизга тўғри келмайсиз” дейишибди. Каримжон нима қилишни билмай боши қотиб юрган кунларда бир дўсти унга ҳамқишлоғи Жасур айнан шу ташкилотга кўпларни ишга жойлаб қўйганини айтади. Карим Жасур билан учрашади ва эртаси куниёқ маълум миқдордаги “хизмат ҳақи” эвазига айнан шу корхонага ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашади.
— Янги машина беришди, ўша “ёшингиз ўтиб қолибди” деган одамнинг ўзи мени ҳеч нарса кўрмагандек қучоқ очиб кутиб олди, – деди у. — Олдиндан шу Жасурга учрашсам бўлар экан. Мен аҳмоқ бўлса ҳужжат кўтариб эшикма-эшик сарсон бўлиб юрибман.
Жасур деганлари ҳеч қаерда ўқимаган, аммо жуда ишнинг кўзини биладиган олғир йигит. Унинг данғиллама ҳовлиси, қимматбаҳо автомашиналари бор. Кунда-кунора ҳовлисида 4-5 нафар қишлоқ одамлари мардикорлик қилишади. Бир куни у ерда ишлаётган 60 ёшлар атрофидаги бир кишини суҳбатга тортдим.
— Ёшлар-ку, бу ерга иш излаб келишади, сиз нима қилиб юрибсиз? Нафақада эмасмисиз ака?
— Нафақадаман. Ўғлим ишга жойлашмоқчи эди. Жасурга беришга пулимиз камлик қилди. Шунда у қолган пул эвазига мана шу деворни яхшилаб таъмирлаб беришимни айтди. Нима қилай мана, ишлаяпман-да, ука.
* * *
Вилоят мардикор бозорларидаги вазиятни яхшилаш, ишсизларни иш билан таъминлаш мақсадида яқинда Самарқандда масъуллар бир хайрли ишга қўл уришди.
Юқорида эслатганимиз – Самарқанд туманидаги “”Равонак” маҳалласи ҳудудида жойлашган кунлик ишчилар меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириш маркази (мардикор бозори)да “Осон иш” номли мобил илова ишга туширилди.
Унинг қулайлиги шундаки, эндиликда иш изловчилар кўчага чиқиб иш берувчини кутиши шарт эмас. Уйида туриб ҳам иловадан фойдаланиб, ўзининг қўлидан келадиган, манзили ва вақти ўзига тўғри келадиган ишни танлаши мумкин.
Худди шундай, кунлик ишчи керак бўлган тадбиркор ёки фуқаро ҳам мазкур иловадан фойдаланиб, қанча ва қандай ишчи керак бўлса уйидан чиқмасдан буюртма қилиши мумкин.
Илова Самарқандлик дастурчи Жаҳонгир Аброрхонов томонидан яратилган. Унинг айтишича, тез ва ишончли иш, ёки ишчи топиш имконини берадиган мазкур электрон илова ишга туширилган биринчи кунданоқ ундан 500 киши фойдаланган.
Аммо, масаланинг яна айрим оғриқли нуқталари бор. Жумладан, фермерлик тузилмаси қайта кўриб чиқилмас, фермернинг фаолияти маълум даражада назорат қилинмас, ишга қабул қилишда шаффофлик таъминланмас, тадбиркорлик янада ривож топмас экан, ҳали қишлоқ аҳолисининг яхши, тўкин ҳаёт кечиришига кексаларнинг таъбири билан айтганда, яна “3-4 қовун пишиғи бор” шекилли?
Ёр МУҲАММАД,
журналист.