Авлодлар йўли

“Чортоқ минерал суви”ни дунёга танитган машҳур тадбиркор Баҳодир АБДУРАИМОВ фаолияти ҳақида

Одамийлик

 Мир Алишер Навоий бобомиз таъбири билан айтганда, яхшилик билан ном қолдириш ажаб саодат эрур. Яхши инсонларни ёд этиш уларнинг эзгуликлари учун ажр-мукофот кабидир. Журналистлик фаолиятимда кўпинча қаҳрамонларимни  ота-оналарига меҳр-шафқат кўрсата оладиган фарзандлар орасидан излайман ва албатта, ҳикоямни ҳам шундай зурриётларни тарбиялаганлар ҳақида ёзиш менга кўпроқ завқ-шавқ ва илҳом бахш этади.

“Чортоқ минерал суви” номини дунёга танитиб, уни жаҳон бозорига олиб чиққан машҳур тадбиркор Баҳодир Абдураимов ҳақида ёзишдан аввал унинг падарибузруквори  Турсунбой ота, оналари Комилахон ая ҳақидаги хотираларни излаб Наманганнинг Чортоғига бордим.

Ўша куни Чортоқ ҳавоси пойтахтимиздагидек эмас, аксинча, ниҳоятда мусаффо, тоза ва чанг-ғуборсиз эди. Ҳа, Чортоқ ўзининг гўзал табиати билан ҳам мафтун этадиган гўша.

Хуллас, келишганимиздек, Гулшан қишлоғи ҳудудида бунёд этилаётган “Chortoq Grand Resort” соғломлаштириш ва дам олиш мажмуасида “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонаси масъул вакили Бойдада Жўраев билан учрашдик. У киши ҳам очиқ табиатни суяр экан, оромгоҳ ҳудудининг баланд ва майин шабада эсиб турган жойида чамаси юз йиллик чинорлар тагига қўйилган сўрига таклиф этди. Назаримда, Бойдада ака билан аввал ҳам кўришгандекман.

— Сиз билан қаердадир учрашганга ўхшайман, кўзимга иссиқ кўриняпсиз, — деди у ҳам.

— Яхшилар билан дўстлашиш осон бўлади, — дея суҳбатимизга илиқлик киритгандек бўлдим.

Қушларнинг сайроқи овозлари жуда ёқимли эди. Бу ердаги ноёб дов-дарахтлар-у алвон гуллар гўзаллигидан баҳра олмаслик мумкин эмас. Муддаомни эшитган Бойдада ака: “Раҳмат сизга, жуда савобли ишни мақсад қилибсиз”, деб хурсанд бўлиб кетди.

— Баҳодиржоннинг отаси Турсунбой акамиз қадамини ғоз тутиб юрадиган, истаралари иссиқ, иймони бақувват, кўпчиликнинг ғамини ўйлайдиган ажойиб биродарим эди, — деди у. — У киши билан бир марта суҳбатлашган одам беихтиёр ҳурмати ошар эди. Гапида турадиган, тўғрисўз, кўнглингизга ёқадиган мақбул сўзларни топиб айтадиган, хушмуомала, маданиятли инсон эди. Хотираси кучли, кўп китоб ўқиган, саводи ўткир эди. Ўз вақтида ҳукумат даражасидаги масъул лавозимларда ишлаган бўлсалар ҳам жуда камтарин эди. Ишини режалаштириб, айтган вақтида бажарарди. Аммо юмшоқ табиатли бўлса-да, ишнинг ижроси учун қаттиққўл эди.

Шу ўринда ҳаётимда сабоқ бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Талабалик пайтимда бир муаммони ҳал қилиш учун у кишидан ёрдам сўраб илтимос қилгандим. Эртасига соат ўн бирда уйларига боришим керак эди. Нима бўлди-ю, ўн беш дақиқа кечикиб борганман. Шунда қаттиқ койиб, насиҳат қилгандилар. Шу-шу умримда ким билан учрашиш учун вақт белгиласам, муддатидан аввалроқ бориб турадиган бўлганман.

У киши Чортоқ тумани аҳли учун катта хизмат қилган. Раҳматли Турсунбой акамиз йигирма километрдан ичимлик суви ва табиий газ олиб келишга бош-қош бўлди. Уйчига темир йўл тепасидан йўл ўтказгич қурилишини ташкил этди.

Ўз даврининг мамлакатимиз ташқи сиёсати дарғаларидан бири бўлган. Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик қиладиган мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда катта ҳисса қўшган, ўша пайтдаги юрт раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушган етук сиёсатчи эди.

Яна айтадиган бўлсам, энг улуғ хислатларидан бири — қариндош-уруғми, танишми, бегонами — ҳамма учун кўнгли ҳам, эшиги ҳам доимо очиқ бўларди. У кишининг қутлуғ даргоҳидан ҳеч ким ноумид бўлиб кетмаган. Ҳаммага қўлидан келганча беминнат ёрдам берарди.

Етмиш бешга кираётган бўлсам-да, Турсунбой акамнинг ҳаёти ва фаолияти давомида қилган жуда кўп эзгу амалларига ҳавас қилиб, ўзимга устоз деб билиб, ҳали-ҳануз у кишига ўхшашга ҳаракат қилиб яшайман.

* * *

— Қарс икки қўлдан чиқади, деган мақолни отам раҳматли кўп айтарди, — дедим Бойдада акага юзланиб. — Турсунбой аканинг турмуш ўртоқлари ҳақида ҳам эсласак.

— Ҳа, улар Комилахон келинойимиз билан биргаликда ҳавас қилса арзийдиган оила қуришганди. Мўмина аҳли аёл қандай бўлади, деса, Комила ҳожи онадек, дея оламан.  Маърифатли, фарзандларига ахлоқ-одобдан, одамийлик мактабидан сабоқ берган ҳақиқий муниса аёл эди. Турсунбой акам билан Комилахон келинойимиз худди олтин узукка ёқут кўз қўйгандек бир-бирларига мос эдилар.

Комилахон опамизнинг асли касби ўқитувчи бўлган. Узоқ йиллар муаллималик қилган. Тошкент шаҳридаги иккита мактабда тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаб, “Халқ маорифи аълочиси” нишонига сазовор бўлган. Ҳожи она Аллоҳга эътиқодли, ­оилани муқаддас билган ажойиб аёл эди. Ҳаммани бирдек сизлаб гапирарди.

Айниқса, қизларга кўп хислатлар онасидан ўтар экан. Ҳожи онанинг суюкли қизлари Зулхуморхон ва Маликахонлар ҳам худди онасидек оила тутишмоқда.

Катта ўғли Равшанжон очиқ юзли, тўғрисўз, қалби пок, илмли фарзанд эди. Ёш бўлса-да, тадбиркорликда ҳам кўзга кўриниб қолганди. Ўзидан фақат яхши ном қолдириб, бевақт оламдан ўтиб қолди. Тақдири азалда пешонага не ёзилган бўлса, ҳеч ким ундан қочиб қутулиб кетолмас экан. Аллоҳ ўтганларни раҳмат қилган бўлсин!

Бойдада ака машинасига ўтқазиб, янги бун­ёд этилаётган “Chortoq Grand Resort” соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси билан таништирди.

“Chortoq Grand Resort” соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси қурилиши 2015 йили бошланган. Жаҳон стандартларига мос даволаш, яшаш ва сервис сифатлари юқори бўлган уникал санаторий-реабилитация марказига айлантириш мақсад қилинган. У нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ўз ўрнини топади ва минтақанинг юзи бўлган марказлардан бирига айланади.

Қурилишнинг умумий ер майдони 60 гектардан ортиқ. Мажмуада асосий корпус, катта очиқ ҳавзали кўнгилочар марказ, дам олувчилар учун уй-жой бинолари, диагностика маркази, отхона, “VIP” виллалар, меҳмонхона мавжуд.

Ҳудудда ташкил этилган мевали боғлар ва сабзавот майдонларида етиштирилган экологик тоза, маҳаллий маҳсулотлар меҳмонхона ошхоналари ва ресторанлари таомномасида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу эса меҳмонларга соғлом овқатланиш, табиат билан уйғун муҳитда ҳордиқ чиқариш имкониятини тақдим этади.

Дарё сувидан самарали фойдаланиш мақсадида 4 та сунъий сув ҳавзаси барпо этилибди. Ушбу ҳавзаларда балиқ етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, улар ресторанларни табиий маҳсулот билан таъминлаш ҳамда меҳмонлар учун балиқ овлаш ва ҳордиқ чиқариш имкониятларини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, туманнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш доирасида махсус ажратилган ҳудудда мактабгача таълим муассасаси барпо этилмоқда. Мазкур лойиҳа орқали қишлоқда яшовчи оилаларнинг фарзандлари учун қулай, хавфсиз ва замонавий таълим муҳити яратилиши кўзда тутилган.

Президентимиз ташаббуси билан қўшимча равишда 12,5 гектар майдон аҳоли учун арзон коттежлар қуриладиган ҳудуд сифатида ажратилди. Бу ерда 17 та коттеж барпо этилди. Шунингдек, Президент ташаббусларидан яна бири — комплекс жозибадорлигини ошириш мақсадида дунё мўъжизаларидан бўлган “Тож Маҳал” мажмуасининг кичик варианти барпо этилган.

Мажмуада 200 та хонани ўз ичига олган замонавий шарт-шароитлар яратилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳанинг йиллик хизмат кўрсатиш салоҳияти юз минг нафардан ортиқ меҳмонни қамраб олиши кўзда тутилган. Ана шу ишлар кўлами доирасида 300 нафардан зиёд доимий иш ўринлари яратилади.

Мажмуани халқаро даражада самарали бошқаришни ташкил этиш учун жаҳондаги энг машҳур меҳмонхона бошқарувчиларидан бири — жаноб Мишель Нобле раҳбарлигидаги жамоа жалб қилингани эътиборга молик. Негаки, бу ерда жамики хизматлар, замонавий шарт-шароитлар дунё талабларига тўла жавоб бериши алоҳида ҳисобга олинган.

Мажмуа ҳудудидаги қудуқдан чиқадиган сувнинг ҳарорати 40-60°C, минераллашуви эса 20-60 г/л ни ташкил этар экан. Бу сув тузларининг таркиби Чехиядаги машҳур “Карловы Вары” сиҳатгоҳининг сувига ўхшайди. Асосан, минерал ванналар учун ишлатилади.

Бу турдаги ванналар неврологик ва психиатрия касалликлари, радикулит, артрит, остеохондроз, юрак-қон томир хасталиклари, мия атеросклерози, гормонал бузилишлар сабабли пайдо бўлган аёллар бефарзандлиги, гинекологик муаммолар, семизлик ва баъзи тери касалликларини даволашда самара бериши мутахассислар томонидан тасдиқланган.

—Ҳудудимиздаги ер ости сув манбасидан буғланиб чиқаётган табиий элементлар, хусусан, йод буғлари ҳавони бойитиб, инсон саломатлиги учун ноёб ва фойдали муҳит яратади, – деди Бойдада ака.

Энди мақсад-муддаога кўчсак, Президентимиз назари тушган ушбу мажмуа қурилиши ва жамики бошқа ишлар бошида қаҳрамонимиз – Баҳодиржон Абдураимов турибди.

— Турсунбой ака ҳаёт бўлганида саксон олтига кирган бўлар экан, унинг қадрдон дўстларининг кўплари ўтиб кетган бўлса керак, — дедим Бойдада акага қараб. У муддаомни сезди.

— Наманганда номи кўпчиликка таниқли Ботирали ака Ҳакимов билан дўст бўлишган.

— Ботирали акани яхши биламан, у киши ҳақида ёзган эдим, — деб хурсанд бўлиб кетдим.

Ботирали Ҳакимов билан ҳам учрашдим. У киши ҳам кўп китоб ўқийдиган, матбуотга эътиборли, тафаккур билан фикр юритадиган инсон.

— Муносиб инсонлар ҳақида ёзиб юрасиз, — деб  мени руҳлантирди.

— Мендан бир ёш катта эди, уни Турсунбой ака деб чақирардим, — дея хотирлади. — Биринчи марта 1972 йили Тошкентда учрашганмиз. Ўшандаёқ у келажаги порлоқ зиёли, ғайратли, ҳазилкаш инсон сифатида хотирамда қолган. Айниқса, Чортоқ туманига кўп хизмати синган. Туманда биринчи раҳбар бўлган йилларим нима муаммо бўлса, унга мурожаат қилардим. Турсунбой акадек инсон билан қадрдон бўлганимдан қувониб юраман. Улар ҳақида биз топа олмаган яхши гапларни ёзинг…

Бойдада ака “Чортоқ минерал суви” заводига ҳам олиб борди. Жаҳон андозалари даражасида фаолият юритаётган корхонадаги шароитларни кўриб, бундай корхонада ишлаш катта омад деган фикрга келдим. Бир олам таассуротлар билан Тошкентга қайтдим…

Эҳтиром

Баҳодир Абдураимов — кун тартиби жуда тиғиз тадбиркор. Шундай бўлса-да, биз билан учрашишга вақт ажратди. Пойтахт марказидаги “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонаси маъмурий биносида суҳбатлашдик.

Рўпарамда — юзидан камтаринлик нафаси уфуриб турган навқирон ва билимдон  ишбилармон инсон. Чортоқдан унинг падари бузруквори ва волидаи муҳтарамалари ҳақида бир олам яхши гапларни эшитиб келганимни айтиб, унга ҳам биринчи берган саволим ота-онаси ҳақида бўлди. Саволимни эшитибоқ ота-онасига бўлган эҳтироми сезилди, юзига самимият югурди.

— Отам раҳматли ҳақида қанча гапирсам кам, — деди у. — Ҳар бир ишни белгиланган вақтда, батартиб бажарар эди. Оилага эътиборли, дўстларига оқибатли эдилар. Бизларга доимо “ҳалол бўлинглар” деб уқтирарди. Ўзлари ҳам бу борада ибрат эди. Ташқи сиёсат соҳасида кучли мутахассис бўлган. Пенсияга чиққач, маҳаллани бошқарди. Меҳнатга меҳр қўйган киши эди.

Онамиз пазанда аёл бўлиб, овқатлари мазали чиқарди. Ҳар якшанба куни ош қилиб берардилар. Покизаликка катта эътибор қаратар, мактабда маънавий тадбирларни ташкил этишда сира чарчамас эдилар. Наманганга бориб қолсак бир зумда қариндош-уруғларни йиғиб, тадбирлар ташкил қилиб юборардилар.

Раҳмат сизга мен учун энг азиз, қадрли инсонларни ёд этганингиз учун…

Ҳа, ота-онага меҳр-шафқат кўрсата оладиган фарзанд бўлиш ҳам Аллоҳдан берилган бахт, неъмат бўлса керак. Шунинг учун ҳам эл-юрт корига ярайдиган, униб-ўсган ким борки, эътибор қилсангиз, аввало ота-онасининг дуосини олган, уларнинг хизматини қилиб асло бундан  оғринмаганлар бўлиб чиқади. Яратганнинг инояти билан Баҳодир Абдураимовга ҳам шундай меҳрли қалб ато этилган экан. Омадини берсин, деймиз!

— Устозларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

— Биринчи устозим, албатта, отам бўлади. Ҳаётимда кўп нарсаларни устозим Муҳиддин ака Асомиддиновдан ўрганганман. Иш фаолиятимни ҳам у ташкил этган “Алп Жамол” бизнес маркази қурилишида бош муҳандис сифатида бошлаганман. Шу бизнес марказида халқаро савдо фаолиятини бошқардим. 2007 йилда халқаро ҳамкорликка асосланган мебель билан боғлиқ янги тижорат лойиҳасини амалга оширдик. 2010 йилда Англияда рўйхатдан ўтказилган халқаро “Aria Petroleum” компанияси орқали Россия, Қозоғистон ва Туркманистондан Ўзбекистондаги нефть корхоналарига хомашё ва тайёр нефть маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйдик. Мардлик, саховат, одамийлик, оқибат, сабр-тоқат борасида ҳам устозим Муҳиддин ака бизларга намуна.

Шифо булоғи

Суҳбатимизни ҳаммамиз севиб чанқоғимизни қондирадиган “Чортоқ суви” тарихи ва истиқболлари мавзусида давом эттирамиз.

— “Чортоқ суви”ни тадбиркорлик учун танлашимга отамнинг: “Ўз туғилган жойинг учун фойдали бир иш қилсанг яхши бўларди”, деган таклифи сабаб бўлган. Уларнинг сўзларидан руҳланиб, шу лойиҳага қўл урганман. Шу тариқа замонавий соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси барпо этиш ғояси туғилди.

Собиқ шўролар даврида ҳам Чортоқ суви юқори минераллашув даражаси ва қатор шифобахш хусусиятларга эгалиги сабабли суяк-мускул тизими, аёллар касалликлари, тери муаммолари учун даволашда кенг қўлланилган.

— Соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси қурилиши бошлангач, уни сифатли шиша идишдаги сув билан таъминлаш фикри пайдо бўлди, — деб тадбиркор ўз сўзини давом эттирди. — Бундай даражадаги мажмуа учун юқори сифатли ўз сувига эга бўлиш жуда муҳим эди. Эзгу мақсадимизни амалга ошириш мақсадида россиялик бизнес ҳамкорим Сардар Вали Дад Гул билан биргаликда “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонасига асос солдик. Ўшанда завод қуриладиган ер хароб ҳолатда эди. Қурилиш ишлари тезликда олиб борилди ва 2017 йил баҳорида замонавий сув қуйиш линияси ўрнатилиб, ишга туширилди.

Тайёр сувни шунчаки идишга солиш билангина чекланмай, балки уни ернинг ўзи яратган табиий формуласи билан сақлаб қолиш муҳим. Чунки Чортоқ суви Чотқол тизмалари, тоғу тошлари орасидан минералларга тўйинган ҳолда ер юзига чиқади. Биз унга ҳеч нима қўшмай, аксинча, унинг асл таркибини сақлашга ҳаракат қилдик.

Тиббий муассасалар билан ҳамкорликда бу сувнинг саломатликка таъсири таҳлил қилинганида, бир шиша Чортоқ суви таркибида катта ёшдаги инсон учун кунлик йод меъёри мавжудлиги аниқланди. Йоддан ташқари сувда гидрокарбонатлар, магний, кальций ва бошқа микроэлементлар ҳам мавжуд. Бу уни ҳар куни истеъмол қилиш ва кўп касалликларнинг олдини олиш учун идеал маҳсулотга айлантирди. Шифобахш Чортоқ суви билан даволанган беморларда умумий ҳолат яхшиланиши, вазн камайиши ва қонда шакар миқдори барқарорлашиши аниқланган.

Шундай қилиб, 2017 йилда 0,5 литрлик шиша идишларда сувни қадоқлай бошладик. Кейинчалик маҳсулот турларини кенгайтирдик. 2018 йилга келиб, Италиядан янги ишлаб чиқариш линияси сотиб олинди ва ишлаб чиқариш қувватимизни икки бараварга оширдик.

— 2019 йилда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида қурилаётган соғломлаштириш ва дам олиш мажмуамизни кўздан кечирди, — деб у ғурур билан ҳикоя қилди. — Давлатимиз раҳбарига мажмуа лойиҳаси ва минерал сувимиз жуда ёқди. У кишининг қўллаб-қувватлаши бизнесимиз ривожида, брендимизни оммалаштиришда катта роль ўйнади.

2020 йили халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги сертификатларини олдик. Завод қурилиши лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги сертификатлари бизга экспорт қилиш имкониятини очди. Божхона Иттифоқи ҳудудларида сув сотиш учун ҳам сертификат олинди.

Ўша пайтлар бизда 1,2 гектар ер ва фақат 800 квадрат метр ишлаб чиқариш-омбор майдони бор эди, холос. Биз 13 000 квадрат метр майдонга эга ишлаб чиқариш-омбор комплексини барпо этдик ва унга Европадан олиб келинган замонавий ишлаб чиқариш жиҳозлари ўрнатилди.

2023 йил ноябрь ойида йиллик ҳажми қарийб 200 миллион литрга тенг бўлган ПЭТ-идишларда сув қуйиш линияси ишга туширилди. Ўтган йил сентябрда эса йиллик 150 миллион шиша идишда сув қуйиш линияси қуриб битказилди. Иккала линия ҳам замонавий — Франция ва Италияда ишлаб чиқарилган. Сувни тайёрлаш эса Германия технологиялари асосида амалга оширилмоқда.

Энг қувончлиси, 2023 йилда Европанинг сифат талабларига мувофиқлик сертификатини олдик. Биз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда минерал сувни Европанинг ички бозорига сотиш учун сертификат олган ягона компаниямиз. Европа аудиторлари заводимизни сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги жиҳатидан юқори баҳолади.

Барча маҳсулотларимиз учун “HALAL” ва “KOSHER” сертификатларига эгамиз. Шунингдек, сувимизни Жанубий Корея, Мўғулистон, Хитой, АҚШ ва Исроил каби мамлакатларда ҳам сертификатладик.

Ўтган йили заводнинг биринчи босқичи кенгайиши лойиҳаси якунланди. Ҳозир мавжуд ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва қўшимча инвестицияларни жалб қилиш бўйича янги лойиҳа тайёрланмоқда.

Ўтган йиллар давомида фақатгина бизнесни йўлга қўйиш билан бирга ишонч қозонган бренд яратилди.

2018 йилда ишлаб чиқарилган ва сотилган умумий маҳсулот ҳажми 2 миллион дона атрофида эди. Давлатимиз раҳбарининг заводга ташрифи чоғида сотувларни йиллик 20 миллион донага етказиш вазифаси қўйилди. Бу топшириқ 4 марта ошириб бажарилди. 2024 йилда сотиш ҳажми 80 миллиондан ортиқ шишага етди.

Ўша пайтдаги лойиҳа бўйича заводга 7 миллион доллар инвестиция сарфлаш режа қилинган бўлса, амалда бу миқдор 20 миллион долларга етди.

Бугун АҚШ, Хитой, Россия, Жанубий Корея, Мўғулистон, Латвия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Таиланд, Сингапур, Туркия каби мамлакатларга шифобахш ва маъданли сув экспорт қилинмоқда. Шу кунларда маҳсулотларни Форс кўрфази мамлакатларида сертификатлаш ишлари олиб борилмоқда. Зарур ҳужжатлар олингач, БАА ва Саудия Арабистонига экспорт бошланади.

Ҳозирги кунда Чортоқдаги ва Ўзбекистоннинг бошқа нуқталаридаги корхоналарда 300 дан зиёд киши фаолият юритмоқда. Ҳар бир ходим учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга ҳаракат қилинаётир. Ишчилар соҳадаги иш ҳақи даражасига мувофиқ ва бозор шароитларига мос равишда рағбатлантирилаётир.

Эҳтиёжманд инсонлар, ёлғиз оналар ва узоқ вақт давомида барқарор иш топа олмаганлар иш билан таъминланган. Уларнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Мунтазам равишда ходимлар ўқитилиб, малакалари оширилаётир. Қишлоқ ёшларига иш тажрибаси ўргатиш йўлга қўйилган. Маҳаллий мактаблар, спорт секциялари ва боғчалар қўллаб-қувватланмоқда. Бизнес орқали одамларга нафақат маҳсулот, балки имкониятлар ҳам тақдим этилаётир.

Зурриётлар авлодлари изидан борса қандай мароқли! Бугун қаҳрамонимиз — машҳур тадбиркор Баҳодир Абдураимовнинг фарзанди Бобирмирзо Турсунов ҳам бизнесда отасига елкадош бўлиб “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонаси директори ўринбосари сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Ҳа, Аллоҳнинг неъмати ҳисобланган Чортоқ минерал сувини шифо булоғи деб атасак хато бўлмайди. Табиий кучини сақлаб қолган тоза ва фойдали Чортоқ суви довруғини жаҳонга танитаётган Баҳодир Абдураимовнинг фидойилиги эса ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланаётир. У 2021 йили Президентимиз Фармони билан I даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган бўлса, бу йил “Меҳнат шуҳрати” орденини Президентимизнинг ўз қўлларидан олиш насиб этди.

…Улкан вазифаларни елкасида кўтариб юрган қаҳрамонларим билан фахрланадиган журналистман. Умидим шуки, шояд ёзганларимда таърифи битилган тадбиркоримизга одамларда ҳавас уйғонса, уларнинг қалбларига ҳам ишбилармонлик орзуси  ғулғула солса. Шуҳратли номини пок асраб, шундай улуғ мақомга лойиқ умр кечираётган Баҳодир Абдураимов каби тадбиркорларимизни Яратганнинг Ўзи қўллаб, Ўзи асрасин, деймиз.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =