Ўқиган инсон қалбида ёмонликка ўрин бўлмайди

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Музафарович БОБОЕВ билан суҳбат

Самарқанд — бутун дунёни азал-азалдан ўзига мафтун этиб келган, ўтмиши неча минг йилларга бориб тақаладиган, бағрида не-не улуғ авлиёларни, буюк саркардаларни, олиму фузалоларни етиштирган афсоналар гўшасидир. Нафақат мамлакатимиз маънавият ва маърифат бешикларидан ҳисобланган, балки дунё тамаддуни ўчоқларидан бири ҳисобланган бу юрт ҳамиша ўз салоҳияти,  йирик иқтисодий ва маданий имкониятлари билан жуда катта ўринга, салоҳиятга  эгадир. Бугунги Самарқанд шаҳри ва вилояти эса ҳақли равишда кундан-кунга янада яшариб, янгиланиб бормоқда. Бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Шу билан биргаликда бугунги Самарқанд кейинги йилларда дунёнинг машҳур сиёсатчиларини ўзида жамлайдиган, учраштирадиган, жаҳон аҳлини лол айлайдиган марказга айланиб улгурди. Бу ерда халқаро анжуманлар, форумлар, дунё етакчи давлатларининг учрашув ва мулоқотларини ўтказиши билан бирга, қатор янги лойиҳалар ишга туширилиб, ҳудуднинг қиёфаси тубдан ўзгариб, чирой очиб бормоқда. Аҳоли учун эса қўшимча қулайликлар яратиляпти. 2025 йил ҳам якунланиб, янги 2026 йил ҳам тобора яқинлашяпти. Ана шу шукуҳли кунларда мухбиримиз Самарқанд вилояти ҳокими билан учрашиб, у кишига бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида ушбу суҳбат билан танишишингиз мумкин.

logotip samdu – 9

— Адиз Музафарович, аввало сизни вилоят ҳокими лавозимига тайинланганингиз билан табриклаймиз. Вилоят фаоллари, депутатлар иштирокида яқинда бўлиб ўтган сессияда муҳтарам ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, сизга жуда катта ишонч билдирдилар. Давлатимиз раҳбари Самарқандни энг намунали ҳудудга айлантириш ғоясини илгари сурди. Юксак маънавиятли вилоят халқи билан бу ишончни оқлаш, вилоят иқтисодиётини, маданиятини янада юксалтиришга албатта барча асослар етарли бўлса керак?

 

— Раҳмат. Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбари вилоят кенгаши фаоллари билан кечган сессиядаги нутқида Самарқанд ҳар жабҳада мамлакатимизга ибрат, намуна  бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар. У киши олдимизга биринчи навбатда  ижро интизомида тажриба мактаби яратиш вазифасини қўйдилар. Бу бежиз эмас, чунки самарқандликлар азалдан ҳам кўпгина соҳаларда ташаббускор ва илғор бўлишган. Бинобарин, Самарқанд, айниқса, кейинги йилларда том маънода мамлакатнинг иккинчи пойтахтига айланиб боряпти. Яхши биласизки, Самарқанднинг ҳар бир гарди, бир сиқим тупроғи, ҳар гиёҳида беқиёс сир-синоатлар яширинган. Унинг тарихи ҳақида минглаб асарлар, ашъорлар битилгани бежиз эмас. Узоқ ўтмишда ўз бағрига минг-минглаб тарихчиларни, элчиларни оҳанрабодек ўзига тортган  бу ўлка маълум вақтларда ўзини жаҳон миқёсида тўла-тўкис намоён эта олмаган эди. Гарчи бу гўша жаҳонга иккинчи Ренессанс машъаласини ёққан бўлса-да, гарчи буюк Темурбек барпо этган улуғ салтанат маркази Самарқанд эканлигини олам аҳли яхши билса-да, кейинги йиллардагина Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Самарқанд яна дунёни ўзида бирлаштирадиган, жаҳон сиёсатчилари нигоҳини ўзига қаратган кентга айланди. Айтиш мумкин бўлса, Юртбошимиз ташаббуси билан Самарқанд жаҳоннинг маънавий марказига айланди. Самарқанд — илоҳий шаҳар. Бу ҳикматли заминда Соҳибқирон Амир Темур, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, фалакиёт илмининг улуғ устози Мирзо Улуғбек, имом Мотуридий, Махдуми Аъзам, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Шайбонийхон… ва бошқа кўпдан-кўп улуғ зотларнинг хоки ётибди. Биз ана шундай улуғларнинг авлодимиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак тўғри бўлади. Лекин биринчи масала уларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, фарзандларимиз, набираларимиз қалбига ана шу улуғларнинг меросини сингдириш барчасидан муҳимроқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган изчил сиёсат туфайли юртимиз, хусусан, Самарқанд улкан халқаро анжуманлар, учрашувлар марказига айланди. Самарқандда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йиғилишлари, Туркий тилли давлатлар ташкилотининг анжумани ёки турли чет эл давлатларининг раҳбарлари билан бўладиган кенг қамровли учрашувлар… Булар фахр ва ғурур, катта масъулият уйғотади. Айтайлик, шу йилнинг 30 октябрь-13 ноябрь кунлари ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда бўлиб ўтди. Лекин бу нуфузли халқаро ташкилот анжуманлари кейинги 40 йил ичида  бирор марта чет мамлакатда бўлиб ўтмаган, фақатгина Парижда ўтказилган. Бу эътирофлар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган янгиланишлар, очиқлик ва халқпарварликнинг натижаси туфайлигина десак хато бўлмайди.

Энди эса  вилоятда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг ижроси ҳақида мухтасар сўз юритсам. Келинг, шу ўринда айрим рақамларга мурожаат қилайлик. Масалан, вилоятда тегишли дастурларнинг самарали амалга оширилиши туфайли 2025 йилнинг ўтган даврида ялпи ҳудудий маҳсулот қарийб 51,0 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ўсди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 30 трлн сўм (7,1 фоиз), хизматлар ҳажми 38,5 трлн сўм (12,4 фоиз), қурилиш-пудрат ишлари 10 трлн сўм (14,2 фоиз) ва қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса 21,1 трлн сўмга (4,6 фоиз) кўпайди. Йил бошидан буён 340 та янги саноат корхонаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 9 156 тага етди. Бу корхоналар томонидан қарийб 30 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 385 млн долларлик экспорт амалга оширилди. Жорий йилда вилоятнинг экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш белгиланиб, 10 ойда 848,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 36 фоизга ошди. Вилоятда умумий бюджет даромадлари 5,4 триллион сўмга (107,0 фоиз), маҳаллий бюджет даромадлари эса 5,2 триллион сўмга (110,0 фоиз) ёки 474,9 миллиард сўмга орттириб бажарилди. Албатта, бу рақамлар. Лекин вилоят иқтисодиёти ривожланиши, рўёбга чиқарилаётган ишлар самараси ана шу рақамларда ҳам кўринади.

 

 

— Юқорида жуда яхши фикрларни айтдингиз. Дарҳақиқат, юртимизда, хусусан, Самарқандда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин шунга қарамай, кун тартибидан ҳали-ҳануз тушмай келаётган ишсизлик, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида муаммолар долзарблигича қолмоқда…

 

— Бандлик масаласи, янги иш жойлари ташкил этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва юқори иш ҳақи берадиган вазифа ҳамиша долзарб аҳамият касб этади. Муаммони кимларгадир ёки олдинги даврларни айбдор қилиб кўрсатиш фикридан йироқман. Лекин ҳақиқатни айтганда, ҳаётимизда шундай вақтлар, даврлар ҳам бўлдики, айтайлик, 10-15 йил аввал бизда иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш фақат статистикада, қоғозда зўр бўлган. Ҳатто “камбағаллик” деган атамани бундан 9 йил аввал айтиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Гўёки бизда ҳамма бой, камбағал, ночор қатлам йўқ. Бу оғриқли масалада ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайлигина очиқ-ойдинлик ўртага қўйилди. Илк бор камбағалликни қисқартириш, одамларни келажакда ёки эртага эмас, бугун рози қилиш, керак бўлса, ишли қилиш масаласи кўндаланг қўйилди. Ана шу принцип асосида бугун фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Биргина жорий йилнинг 10 ойи давомида Самарқандда 314,8 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу фақат қоғозларда эмас, юз фоиз амалда бажарилди. Натижада вилоятимизда  ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан 4,8 фоизга қисқарди. Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг ваучер тизими асосида 6,5 мингдан ортиқ аҳоли 35 турдаги касб-ҳунар ва хорижий тилга ўқитилди. Йил якунига қадар барча имкониятларни сафарбар этган ҳолда 320 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси вилоятда 4,5 фоизга қисқартирилади. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 954,2 миллион долларлик 770 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 14 765 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Вилоятда аграр соҳа асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Қишлоқда ишсизликни камайтиришда бу соҳанинг ўз ўрни бор. Бу борада ҳам кўрсаткичларимиз ёмон эмас. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 44,4 трлн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2024 йилга нисбатан 3,9 фоизга ўсиши таъминланди. Ғаллачилик йўналишида 94,2 минг гектар майдондан 825 минг тонна ғалла ҳосили етиштирилиб, ҳосилдорлик 87,6 центнерга етказилди ёки ўтган йилга нисбатан 203 минг тоннага кўп ҳосил олинди. Пахта ҳосили бўйича 60 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 265 минг тоннадан ортиқ хомашё етиштирилди. Ҳосилдорлик эса 2023 йилдаги 24,6 центнердан 44,2 центнерга етказилди ёки ўтган йилга нисбатан 41 минг тонна қўшимча ҳосил олинди. Соҳада юқори ҳосил берадиган Хитой уруғларидан 9340 гектар майдонга Шинжон технологияси асосида қўшқатор схемада, плёнка ости ва томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниши яхши самара берди. Ўртача 55-60 центнер, айрим фермерлар томонидан 65-70 центнергача ҳосил олинди. Деҳқончилик йўналишида 1,7 млн тонна сабзавот, 791 минг тонна картошка, 345 минг тонна мева ва 567,2 минг тонна узум етиштирилди. Чорвачилик соҳасида эса қиймати 380 млрд сўмлик 81 та лойиҳа амалга оширилиб, йирик шохли моллар 2,5 млн бошга ва майда шохли моллар 2,6 млн бошга етказилди. Натижада 245 минг тонна гўшт, 1,1 млн тонна сут ва 1,2 млрд дона тухум маҳсулотлари етиштирилди. Шунингдек, “Булунғур-Агростар” МЧЖ томонидан Булунғур тумани “Ғўбдин” маҳалласидаги 2 гектар ер майдонида картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган замонавий Агрокомплекс лойиҳасини қуриш ишлари бошланган. Мазкур комплексда 10 минг тонна картошкани сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва логистика қувватлари ишга туширилади. Бундан ташқари, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти қошида Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази фаолияти йўлга қўйилди.

 

— Юртимиздаги мавжуд тарихий обидаларнинг жуда кўпи Самарқандда жойлашгани сир эмас. Айни кунда воҳанинг сайёҳлик салоҳияти қай даражада?

 

— Дарҳақиқат, шундай. Юқорида айтганимдек, Самарқанд жуда улуғвор, бетакрор ва мўътабар шаҳар. Шаҳримизга ташриф буюраётганларнинг ва бу ерга келиш орзусида яшаётганларнинг дунёда сон-саноғи йўқ. ­Дунёга машҳур шарқшунослардан бири Самарқандни афсона ва ривоятлар шаҳри деб атаган экан. Чиндан ҳам Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида куйлаган, улуғ мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон каби зотлар бу заминда яшаб,  ижод қилган. Александр Македонский, Чингизхон сингари жаҳонгирлар эса қўшин тортиб келган. Бу тарихий маълумотларни, албатта, ҳамма билади. Бу заминга Қозизода Румий, Али Қушчи сингари олимлар меҳр қўйганлар. Биргина Мирзо Улуғбек бобомизнинг жаҳон илм-фанида тутган ўрнининг қиёсини топиш мумкинми? Муҳташам Регистон майдонидек гавҳар бу оламда яккаю ягонадир. Шу боис ҳам туризм, сайёҳлик  вилоятимиз  иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бирига айланган. Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида Самарқандга 1,9 млн нафар хорижий, 3,8 млн нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда 50 фоизга кўп дегани. Йил бошидан буён туризм хизматлари экспорти 427 млн долларни ташкил этиб, туристларнинг ўртача қолиш куни 3,5 кунга узайди. Ўтган даврда вилоятда 194 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 13 та меҳмонхона, 37 та хостел, 144 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилиб, вилоятдаги жойлаштириш объектлари сони 821 тага, ўринлар сони эса 22 680 тага етказилди. Шунингдек, жорий йилда 63 та туркомпания фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 451 тага етди. Йил бошидан буён вилоятда туризмни кенг оммалаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро фестиваллар, маданий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, “Халқаро параплан”, “Халқаро ҳаво шарлари”, “Самарқанд нони — халқ бренди”, “Самарқанд оши” халқаро фестиваллари, дрон шоуси ташкил этилди. Натижада мавсумдан ташқари ойларда ҳам вилоятимизга 693 минг нафар хорижий, 1,5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар келди. Бундан ташқари, Ургутдаги Терсак ва Омонқўтон, Нурободдаги Оқсой маҳаллаларига “туризм қишлоғи” мақоми берилди. Йил якунига қадар яна 5 та маҳаллага туризм қишлоғи мақоми берилади ва вилоятдаги туризм қишлоқлари сони 14 тага етади. Шу тариқа йил охиригача хорижий сайёҳлар сонини 3 млн нафарга, туризм хизматлари экспортини 600 млн АҚШ долларидан ошириш кўзда тутилмоқда. Вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Махдуми Аъзам зиёратгоҳи, Имом ал-Мотуридий мақбараси атрофлари кенгайтирилиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Имом ал-Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари якунига етказилди, бу ўз навбатида зиёрат туризми оқими кескин ошишига олиб келади.

 

— Юқорида қурилиш, бунёдкорлик ишлари вилоятда сезиларли даражада ошганлигини айтдингиз. Бу, асосан, нималарда намоён бўляпти?

 

— Ҳа, чиндан ҳам қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилга нисбатан 118,8 фоизга ошди. Бу йил вилоятимизда 123 та ижтимоий соҳа иншоотлари ва 100 дан зиёд бошқа объектлар қурилди. 1 600 километрдан зиёд йўллар таъмирланди. Аҳолининг замонавий уй-жойларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида 20 мингдан ортиқ оилага мўлжалланган 340 та турар-жой бинолари барпо этилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган Реновация дастури асосида Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудида 3 мингга яқин эски уй-жойлар ўрнида 100 минг аҳоли учун мўлжалланган замонавий аҳоли массиви қурилиши олиб борилмоқда. Бу ерда ақлли технологиялар асосида кўп қаватли турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли учун барча қулайликларга эга бўлган инфратузилма яратилмоқда. Бугунги кунда вилоятда аҳолининг “яшил майдон”лар, хиёбонлар ва спорт майдончаларига бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб боряпти. Шунга асосан Самарқанд шаҳридаги собиқ ҳарбий госпиталнинг 5,4 гектар ер майдонида “Болалар ва яшил жамоат парки”, “Ватанпарвар” маҳалласида 7 гектар майдонда “Ватанпарвар” ҳамда Истироҳат боғлари, Сўғдиёна массивидаги 3 гектар майдонда эса “Оила боғи” ташкил этилмоқда. Бу объектлар яқин вақтларда бирин-кетин халқимиз ва болажонлар ихтиёрига топширилади.

 

— Аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондиришда очиқ айтиш керакки, муаммолар йўқ эмас. Бу борада  қандай ишлар амалга оширилмоқда?

 

— Халқимизнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борада қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида юқори қувватдаги шамол ва қуёш электр станциялари барпо этилмоқда. Жумладан, айни пайтда Нуробод туманида “Acwa Power” компанияси томонидан 1 000 мВт лик 2 та қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2027 йилда ишга туширилиши режалаштирилган мазкур станцияларда йилига ўртача 2 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 360 минг нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланади. Пайариқ, Жомбой ва Булунғур туманларида жами қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциялари қурилмоқда.

 

— Йўлларни мамлакат қон томири дейишади. Йўл қурилиши борасида-чи, аҳолига қандай қулайликлар барпо этилмоқда?

 

— Вилоятдаги қурилишлар ҳақида гапирганда, Президентимизнинг алоҳида эътиборлари билан Самарқанд шаҳри ва Ургут туманини боғловчи 55 километр янги темирйўл тармоғи, 2 та вокзал қурилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Умумий қиймати 83,7 млн АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа жуда қисқа фурсатда амалга оширилди. Бу темирйўлнинг қурилиши Ургут тумани аҳолиси ва тадбиркорларига жуда катта имконият ва қулайликлар яратиб, ҳудуд ривожига хизмат қилади. Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида тез ёрдам машиналарининг ҳаракатланишида вақтни тежаш, беморларнинг тезроқ шифохонага етказилиши учун тез тиббий ёрдам машиналари Мотрид ҳалқа йўлининг ўзидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига олиб борувчи асосий кўчага уланадиган 205 метрдан иборат йўл очилди. Самарқанд шаҳридаги Сиёб бозори ёнида автобус ҳамда трамвай бекати мавжуд бўлиб, одамлар Сиёб бозоридан чиқиб, айнан ана шу бекатда жамоат транспортига чиқади. Маълум вақт ушбу кўчадан ўтиш жойида панжаралар ўрнатилган эди. Бу жойда светофор ўрнатилиб, пиёдалар ўтиш жойи ҳам очилди. Самарқанд темирйўл вокзали ҳудудидаги туннелнинг орадан 19 йил ўтиб қайта ишга туширилиши ҳам фуқароларнинг эркин, хавфсиз ҳаракатланиши учун имконият яратди. Айни кунларда Самарқанд шаҳрининг Регистон кўчасидаги ерости пиёдалар ўтиш жойини қайта очиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳудудда 2-мактаб жойлашган, ўқувчилар ва сайёҳлар кўп ўтиб қайтадиган гавжум жой ҳисобланади. Ушбу ерости ўтиш жойи ҳам яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Самарқанд шаҳрида тирбандлик масаласи жуда долзарб. Бу муаммони бартараф этиш учун бир нечта йўналишда чоралар кўриляпти. Қисқа муддатли чора сифатида светофорларни интеллектуал тизимга ўтказяпмиз, яъни транспорт оқимига қараб чироқнинг вақти ўзгарадиган бўлади. Иккинчидан, жамоат транспортини кўпайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Айрим йўналишлар бўйича эса белгиланган вақтларда “шаттл” автобуслар — бир йўналишда тез-тез қатнайдиган кичик автобуслар ташкил этиш вақти келди.

 

— Кечирасиз, шу ўринда яна бир савол. Йўлларда тирбандликларни камайтириш, автотураргоҳлар қуриш борасида амалий ишлар, қандайдир чоралар кўриляптими?

 

— Ҳа, автотураргоҳлар — Самарқанднинг энг жиддий муаммоларидан бири. Айни шу кунларда шаҳар марказидаги кўчаларда тирбандликлар пайдо қилаётган нарса — бу йўл четига қўйиб кетилаётган машиналар, десак, тўғри бўлади. Муаммонинг ечими битта — янгидан катта ва кўп қаватли автопарковкалар қурилиши шарт, бошқа йўл йўқ. Дунё тажрибасида “Park & Ride” деган тизим бор. Бунинг маъноси шуки, Самарқандга келган сайёҳ ёки бошқа эҳтиёж билан келган инсонлар шаҳарнинг четида шахсий автомашинасини қолдиради ва автобус ёки трамвай билан марказга йўналади. Гап шундаки, одамларга мана шу шарт-шароитни яратишимиз керак. Лекин ҳозирча бундай шарт-шароитни ярата олганимиз йўқ. Давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилган шаҳарлараро ва халқаро автошоҳбекат каби лойиҳаларни давом эттиришимиз лозим. Нафақат шаҳар, балки вилоятнинг барча ҳудудида велосипед ва пиёдалар йўлаклари барпо этиш ишларини давом эттирамиз. Хабарларингиз бор, экологияни асраш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу масала Давлат дастурига ҳам киритилган. Йил давомида давлат идоралари масъул ходимлари ишга пиёда, велосипед ёки жамоат транспортида қатнаётганлиги тўғрисида тарқатилган хабарлар ёдингизда, албатта. Шу кунларда Регистон майдонига кириладиган ер ости йўлаги ҳам тартибга келтирилиб, фойдаланишга топшириш учун тайёрланаётган бўлса, кейинги навбатда Даҳбед ва Рудакий кўчалари кесишмаси яқинидаги ер ости йўлаги тўлиқ қувватда ишга туширилади. Умуман олганда, шаҳардаги тирбандликлар масаласига Президентимиз томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Юртбошимиз Самарқанднинг маъмурий марказини 660 гектар майдонда янги барпо этилаётган Ширин массивига кўчириш бўйича кўрсатма бергани фикримизга бир мисолдир.

 

— Вилоятда таълим сифатини, ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасидаги вазифалар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

 

— Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда таълим сифати ва моддий техника базасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятимизда 81 та мактаб, 6 та мактабгача таълим ташкилоти, иккита олий таълим даргоҳи, 9 та спорт иншооти қурилди. Нодавлат мактаблар ташкил этишга қаратилган эътибор туфайли бу йил яна 5 та хусусий мактаб фаолият бошлаб, уларнинг умумий сони 51 тага етди. Бугунги кунда вилоятимизда 3-7 ёшли 392 минг нафардан ортиқ болаларнинг 287 минг нафари ёки 73 фоизи боғчаларга қамраб олинган. Йил якунига қадар бу қамров 75,6 фоизга етказилади. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи ўтган йил 45 фоиз бўлгани ҳолда бу йил 50 фоиздан ошди. Натижада битирувчиларнинг олий таълимга ўқишга кириши бўйича кўрсаткичимиз олтинчи поғонага кўтарилди. Шунингдек, таълим сифати бўйича кўрсаткичларимиз эса ўтган йилга нисбатан 3 поғонага юқорилади.

 

— Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича вилоятда нималар қилиняпти? Шу ўринда вилоят спортчилари эришаётган натижаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз…

 

— Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўналиши бўйича жорий йилда 3,2 трлн сўм маблағ ажратилди. Жорий йилда турли соҳаларга ихтисослашган 25 та тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттириляпти. Самарқандлик шижоатли спортчилар йил бошидан буён Жаҳон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 8 та, Осиё чемпионатларида 61 та медални қўлга киритдилар. Бундан ташқари, “Беш ташаббус олимпиадаси” бўйича ўтказилган мусобақа ва кўрик-танловларнинг республика босқичида вилоят вакиллари 19 та олтин, 14 та кумуш, 9 та бронза медалларни қўлга киритиб, ўтган йилгига нисбатан 11 поғона юқорилади ва республикада 1-ўринга чиқди. Вилоятнинг бош жамоаси — “Динамо” футбол клуби ҳам мухлисларни хурсанд қилди. Вадим Абрамов бошчилигидаги мазкур жамоа бу йил супер лигада муваффақиятли иштирок этиб, мавсумни 4-ўрин билан якунлади.

 

— Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида хорижий сармояларни жалб қилиш алоҳида ўрин тутиши сир эмас. Бу борада қандай режалар бор?

 

— Иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва вилоятимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобига 1,9 миллиард доллар (169,0 фоиз) тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Шунингдек, қиймати 656 миллион долларлик 18 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда, ушбу лойиҳаларнинг 437,5 миллион долларлик 14 таси ишга туширилиб, 1 075 та янги иш ўринлари яратилди. Бу ўринда янгидан ташкил этилган “Самарқанд инвест компанияси” ҳақида тўхталиб ўтсам. Президентимизнинг қарорига мувофиқ ташкил этилган “Самарқанд инвест компанияси” — Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган акциядорлик жамияти бўлиб, вилоятнинг инвестиция муҳитини яхшилаш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш мақсадларини кўзлайди. Компаниянинг асосий вазифа ва мақсадлари қуйидагилардан иборат: давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик қилади — ер участкалари, инфратузилма, лойиҳа-офислар ва бошқа зарур ресурсларни тақсимлашда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни соддалаштиришни назарда тутади. Инфратузилма ва транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиради — вилоят инфратузилмасини кучайтириш, шаҳарсозлик объектлари учун инженер-коммуникацияларни ташкил қилиш ва талабга мос ҳолда моддий базани янгилаш вазифасини олади. Лойиҳа молиялаштириш ва ресурсларни таъсирли бошқаради — инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, зарур маблағларни жалб қилиш, бюджет ва хусусий маблағлардан самарали фойдаланишни назарда тутади. “Самарқанд вилоятини ривожлантириш жамғармаси” маблағларини бошқаради — Самарқанд инвест компаниясига вилоят ривожланиш жамғармаси маблағлари бошқарув ҳуқуқи берилган. Бу жамғарма махсус долзарб инфратузилма лойиҳалари, аҳоли хизматлари (коммунал, ижтимоий объектлар ва ҳоказо) учун сарфланади.

 

— Адиз Музафарович, энди матбуот ва оммавий ахборот воситаларига оид савол билан мурожаат қилмоқчиман. Очиғи, ҳозирги пайтда айрим ҳокимлар ҳам, катта-кичик айрим раҳбарлар ҳам матбуотдан, хусусан, босма нашрлардан анча узоқлашган. Сизнинг газета-журналларга муносабатингиз қандай, ўқиб борасизми?

 

— Жуда долзарб масалада савол бердингиз. Менимча, ҳар бир уйда газета ёки журнал бўлиши керак. Негаки, ўқиган инсон қалбида ёмонликка ўрин бўлмаганидек, газета-журнал кирган хонадонга ҳам маърифат, маънавият кириб боради. Шахсан ўзим иш кунимни эрталаб вақтли нашрларни кузатишдан, ўқишдан бошлайман. Эсингизда бўлса, илгари одамлар турли номдаги газета ва журналларга обуна бўлишар эди. Мактабларда эса ўқувчилар ўз нашрларини интиқиб кутишарди. Ёшлар мутолаа кўникмасини айнан ана шу газета-журналлардан олишарди. Китоб ўқимаган, газета ўқимаган одам жуда кўп нарса ютқазади. Биринчи навбатда саводли ёзишни, мустақил фикрлашни фақатгина ўқиш ва уқиш ўргата олади.   Аммо минг афсуски,  кейинги вақтларда интернет, ижтимоий тармоқлар пайдо бўлиши билан аҳоли орасида вақтли матбуотни мутолаа қилиш, дарҳақиқат, анча сусайиб кетди. Тўғри, интернет ҳам керак. Аммо оилада соғлом муҳитни шакллантириш, миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия беришда вақтли матбуот нашрларининг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шунинг учун мен матбуотни, хусусан, босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тарафдориман. Муҳтарам Президентимиз матбуот ва оммавий ахборот воситаларини доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Китобхонлик масаласига эса юртимизда давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Яна бир гап. Кўпгина нашрлар қаторида “Hurriyat”ни ҳам ўқиб бораман.

 

— Очиғини айтсам, айниқса, охирги гапингиз билан жуда мамнун этдингиз. Раҳмат сизга. Мана, 2025 йил ҳам якунига етмоқда. Келгуси йил режалари билан ўртоқлашсангиз…

 

— Биз 2026 йил учун олдимизга жуда катта марраларни қўйганмиз. Яқинда Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан яна бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб бериладиган бўлди. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга ошади. Шу боис аҳолиси ва даромади кундан-кунга ўсиб бораётган Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди. Жумладан, “Ширин” массивида 180 минг, “Темирйўл орти” ҳудудида 100 минг, “Қорасув-2” массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилади. Бу ерларда мактаб, боғча, олийгоҳ ва шифохона, замонавий бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхона ва ресторан, кўнгилочар масканлар ҳам бунёд этилади. Испаниялик инвесторлар билан хусусий шериклик асосида ушбу 3 та массивнинг сув-оқова тизими янгиланади. Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини камайтириш мақсадида Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманидан ўтувчи магистрал йўл бўйида 4 та логистика маркази барпо этилади. Насос станцияларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш амалиётини кенгайтириб, вилоятдаги насос станцияларнинг 50 фоизи хусусий шериклик бошқарувига берилади. Қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланиши бўйича 2026 йилда қиймати 236,5 млрд сўмлик 483 та янги қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб берилиб, техника таъминоти 5 фоизга оширилади.

 

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош: Убайдулла ХЎЖАНИЁЗОВ,

“Hurriyat”нинг Самарқанд вилояти бўйича

ўз мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =