Гулмира, сизга айтсам…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмира МУСАЖОНОВАга

Гулмира ҳақида ўйласам, кўнглим ёришиб кетади. У ҳақда кўп маротаба ёзмоқчи бўлганман. Лекин ёзганларимнинг биронтаси ҳам охирига етган эмас. Аммо бу гал менимча бунақа бўлмади…

Илк учрашув

Бир минг тўққиз юз тўқсонинчи йил биринчи маротаба ўтказилган “Ёшлар” телемарафонида сизнинг дастлабки кўрсатувингизни кўрганман. Телевидение раҳбарларидан бири ўшанда айтдики: “Бу қизнинг келажаги ёруғ”.

Биз ёш эдик, орзуларимиз кўп ва келажакка катта умидлар билан қарардик. Ва бунга ҳаракат қилардик. Олдинда сирли, улкан ҳаёт ўз эшикларини очиб турарди. Ва биз қадамма-қадам шу сирли оламга кира бошладик.

Аслида, менинг талаба бўлишим жуда ҳам тилсимли воқеа. Лекин бу гал буни ёзмоқчимасман.

Ўша йили сентябрь кунларининг бирида навбатдаги “Ёшлар” телемарафонида Гулмира биринчи марта пайдо бўлди. У ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети учинчи курсида ўқир экан. Тўғриси, кўзгу олдидан ўтиб кетаётгандим, кейин бирдан яна ўзимни кўра бошлагандай бўлдим. Гулмира менга қараб турган экан. Бу ҳақда кейинроқ. Бу — генетика.

Кеча ишим кўп бўлиб, ажойиб бир санани унутиб юборибман. 2007 йил 16 март. Шу куни номзодлик диссертациямни ҳимоя қилгандим. Ўн беш йил бўлибди… Бу кўпми, камми, билмайман, менга ҳозир жуда узоқ ўтмишга ўхшаяпти, бошқа одам эдим тамомила!

Онам бошидан охиригача йиғлаганлари эсимга тушяпти. Кейин айтишларича, таржимаи ҳолимни ўқиганларида, “…фақат бир иш жойи қайд этилган. Ўзбекистон телевидениеси” деган ёзув жуда қаттиқ таъсир қилган экан уларга. Азиз Қаюмов, Шуҳрат Аббосовдек машҳурлар, Эдвард Ртвеладзе, Рафаэль Тоқтош, Нигора Аҳмедова сингари аксарияти Москва ва Ленинград мактабларида шаклланган буюк олимлардан ташкил топган илмий кенгашда ҳимоя қилганман. Бундан фахрланаман. Академик Наим Каримов ва киношунос Саодат Хўжаевалар оппонентларим бўлишганди.

Бугун бу инсонларнинг кўплари оламдан ўтиб кетишди. Демак, ҳақиқатан ҳам жуда катта вақт ўтибди-да. Дилфуза опам 11 йил ўтгач, докторликни ҳимоя қилганлар. Ўзимда ўша пайтда шундай орзу, ҳавас бор эди… Устозларимда ҳам… шуларга яқин қандайдир башоратлар бор эди, ҳар ҳолда. Лекин мен кейинги босқичга ўтолмадим. Ҳаётимни телба-тескари қилиб юборган воқеадан сўнг яна қайта дунёга янги қадам ташлашим, уни идрок этишим қанчалик қийин бўлган бўлса, кутилмаганда янги бир тўсиқ — Аждарҳо комига юзма-юз келдим.

Замондошимиз Тўлқин Эшбек “Facebook”да ёзибдилар: “Ўшанда Сизга жудаям ноҳақлик қилингани ёдимда. Докторантурада битта жой куйиб кетса кетдики, ўша жойнинг Сизга берилишига йўл қўйишмади. Кимларгадир бир теран фикрли олима чиққанидан кўра чиқмагани, ундан кўра ўша жой куйиб кетгани маъқулроқ эди, шекилли… Минг афсуски, у пайтлари Сизга ёрдам қўлимни чўзишга нақадар ожиз эдим…”. Тўлқин ака, ушбуларни ёзишимга шу сўзларингиз ҳам таъсир қилгандир. Ўшанда наинки сиз, ҳамма ожиз эди, қишнинг совуқ кунларида гоҳ Миллий университет, гоҳ жаҳон тиллари университетлари ректоратларида қолиб кетаркан, кун бўйи сув тотмайман, бир илиқ мужда эшитмоқ учун жонимни ҳовучлайман. Ҳамма менинг аҳволимни кўриб турибди, ёрдам бергиси бор, лекин сас чиқаролмайди.

Орадан кўп вақт ўтмай, менга айтадиларки: “Бу сиёсий масаладир. Эрингиз туфайли сиз фан доктори бўлишингиз мумкин эмас…”

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон айтдилар ўшанда: “Илмира, нима бўлса ҳам ёзинг”. Телерадиокомпаниямизнинг раисига  хат ёздим: архивдан фойдаланишга рухсат сўрадим. Ҳеч кимга берилмаган рухсатни бердилар. Телевидение кўрикхоналари ёпилгунгача кўрсатув кўриб ўтирардим.

Менимча, у вақтлар ҳозиргидай кучли бўлмаган бўлсам керак. Лекин ичимда қандайдир бир туйғу бор эди яъни мени ҳаракатга келтирадиган нимадир. Кейин… ўзим излаган ҳақиқатларим дунёни фоний тушунишим ортидами, билмайман, қайларгадир сарсон бўлиб кетди. Кейин ҳаёт ҳақиқатларини кўрсатувларим дунёсидан, қаҳрамонларимдан ахтара бошладим. Дунёнинг фонийлигини, одамзод умри қисқалигини англай бошладим, одам нимага бу дунёда яшашини тобора тушунмай боравердим. Мен бугун бундай бўлмаганини, бу шунчаки сунъий тўқиб чиқарилган гап эканлигини тушунаман. Тўғриси, кўп йиллар менга бунинг изи қоронғи бўлган… Лекин ҳаёт жуда ғалати нарса экан — ўша зотлардан бири келиб бор иқрорларини айтмагунларига қадар… нималарни ўйлаганим ўзимгагина аён.

Яқинда бизнинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазири билан “Zoom”да бўлган учрашувимизда давлатимизнинг илм-фанга қилаётган ғамхўрлигини кўриб, тўлқинланиб кетдим. Ҳаётимни ўзгартириб юборган янги даврдан миннатдорчилигим бор, албатта.

Менсиз ҳам дунёда доктор кўп, агар ҳимоя қилмасам ҳам, бу ҳаётимдаги муҳим воқеа эмаслигини, дунёда боқий муждалар борлигини, ўшаларга умримни бағишлаётганим афзаллигини ҳам тушунаман. Балки, бўларман ҳам, билмадим…

…Телевидение камераси мисоли рентген: бу ерда самимий бўлишга мажбур инсон. Кейин ҳаётда ҳам. Жуда кўп самимий ва яхши инсонлар билан ишлашга тўғри келган бу масканда. Лекин мен учун яна бир самимий инсон борки, у билан соатлаб гаплашиш, жимгина баҳслашиш, юрагингни очиш, унинг ниҳоятда баланд мезонларда қад ростлаган ҳаёти йўлларида ёнида бирга туриб Ҳақиқат учун, Адолат учун, бу ёруғ оламда Инсон боласи бўлиб, Муносиб ҳаёт кечириш учун фикрлар дунёсига ғарқ бўлгинг келади.

Жуда кўплар бизни қиёфамизданми, нимагадир ўхшатишади. Шу қадар хурсанд қилади мени бу сўзлар ва, назаримда, бизнинг ўхшашлигимиз (ростдан ҳам ўхшасак агар) ота-оналаримизнинг қиёфалари, сийрату суратлари билан боғлиқдир, деб ўйлайман. Гулмира оддий, камтарона яшашга одатланган, шу билан ҳалоллик бутун вужудларига сингиб кетган ўзбек зиёли хонадонида тарбия топган.

Ҳаётда ҳар хил воқеалар бўлиб туради — ҳаёт-да бу: шодликлар, тушунмовчиликлар. Биринчи бўлиб Гулмирага телефон қиламан. Гулмира мени шу қадар яхши билади ва тушунадики, менинг оғриқларимни шу қадар ўзига яқин оладики, гоҳида йиғлаб юборишга ҳам тайёр туради. Менинг оилам, ундаги ғалабаларимиз шу қадар хурсанд қиладики уни, қувончи, шодлигини сайёралар ҳам, юлдузлар ҳам эшитишади.

Бу ўткинчи дунёда яхши бўлишдан ортиқ бахт йўқ, аслида. Ижодкор учун, айниқса… Имон ва Эътиқод бутунлиги… жуда муҳим касбимизда. Бу сўзларни байрамимиз баҳонасида ҳам ёзяпман, чунки Гулмиранинг айни шу сифатларидан ёшларимиз ибрат олишларини жуда-жуда истайман. Ўхшаса, Гулмирага ўхшасин ҳар бир ижодкор.

Ёмғирларда қолди ҳисларим…

Ишчилар шаҳарчаси энг кўп кўрсатувларим ёзилган макон бўлгани учундир, эҳтимол ёки болалигимнинг ширин хотираларини яна эслагим келдими, кечаги 96-мактабдаги тадбирдан ярим соат аввал бориб, май ёмғири дилбар ва сокин қўшиқларини айтиб турган лаҳзаларда кўчаларни айландим.

Тўрт ёшимда холамнинг тўнғич фарзандлари туғилганида, бешик тўйи муносабати билан борганимиз, тоғамнинг қизлари билан кўчани айланиб, маҳаллани ўрганишга киришганимизни ёдлаш учун бордим, аслида. Болаликнинг дунёси ғалати: ўнг томондагимас, чап томонда яшайдиган қўшни хонадон қизиқтирар биз иккита жамалаксоч қизни… бир-биримизга пичирлаб: “Деразаларга парда тутишмас экан”, “Биров расм чизиб ўтирибди”, “Тавба, гилам ҳам солишмас экан”, “Нега булар туфлида юришади?” деб айтганимиз ҳам худди кечагидек ёдимда. Инсон хотираси ғалати нарса. Бизнинг Эски шаҳардаги ҳаётимиздан тубдан фарқ қиладиган бу ниҳоятда замонавий турмуш тарзини қабул қилмаганимиздандир, деразани тақиллатиб қочардик… Қачон борсак, шу ишни доимий қилганмиз ҳам… Деразаларга парда тутилмайдиган, гилам солинмайдиган уйда биров расм чизиб ўтириши, тағин ярқиллаган туфлида юришини, табиийки, бизнинг болалик тасаввуримиз қабул қилолмаган. Кейин кўп вақт ўтмай, бир ёшгина гўзал қиз чиқиб: “Каримочка, твои родственники не дают папе работать” мазмунида бизни тартибга солиш учун шикоят қиларди. Гўзал эди ўша қиз… Спортчи эди… Назокат билан юриб келишлари, қулоғи олдидаги жингалак гажаклари бизни ўзига ром этарди… ва ўша тартибга чақиришлари ҳам табиий, бир меҳр бор эди… Билмайман, менга шундай туюларди. Чунки кейинги гал борганимизда яна унинг чиқишини истардик кўнгилдан… Ўзбекистон халқ рассоми Александр Винерга (кейин билганман исм-шарифларини), ижод қилаётган ижодкорга халақит берганимизни оқламоқчимасман. Кейинчалик Ирина Винер — айни ўша бизнинг ортимиздан чиқадиган гўзал қиз эканини билишим учун жуда кўп вақт ўтди. Биз бу хонадондан жуда узилиб кетгандик… Қолаверса, турмушга чиққач, тўрт фарзандим… ўзим билан ўзим овора бўлиб кетганман.

Болалигимнинг ширин хотираларига эргашиб бордим бу кўчага. Боғиравон 2-тор кўчаси бўлибди. Бувим, холаларим, уларнинг қизлари, катта тоғаларимнинг рафиқалари, узоқ-яқин қариндошлар билан келиб-кетиб юрган кунларимиз, келинойиларим, ҳаммаларини эслаб, бироз йиғлаб ҳам олдим… Ёмғирлар ювди кўз ёшларимни. Холамнинг қайноналари Офтоб опани эсладим. Узун айвонда ўтириб, баланд-баланд овозда рус тилида сўзлардилар, қўлларида ҳамиша сигарета билан ўтирардилар… Гоҳ у фарзандини кутиб олар, гоҳ бу фарзандини (кейинчалик ишим сабаб улар билан кўп учрашдим. Ҳаммалари катта-катта лавозимларда ишлашар, ниҳоятда мағрур, ақлли кишилар бўлишган) кутиб олар, сўзлашарди улар билан, қаттиққўллиги сезилиб турар, назаримда, турмуш ўртоқларига ҳам қаттиққўл эдилар… Хонадон соҳиби, сочлари оппоқ, ниҳоятда савлатли инсон, генерал-майор… Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаганига қарамай, хотинини тинглар, уни тингларди… Убайдулла Саидов, сизнинг ҳам жойларингиз жаннатда бўлсин!

Бордим… болалигимни эслаш учун, о, қанча яёв юрганимни билсангиз эди! 33-уй эшигини тақиллатдим. Қудрат ака ковиддан вафот этганлари, ҳозир ҳеч ким йўқлигини, қизлари келиб-кетиб туришганини айтишди…

Узоқ турдим. Ғала-ғовурли, серфарзанд хонадон, унинг ёруғ ва кўркам кишилари… Ҳозир эса ҳеч ким йўқ… Ҳаёт ғалати нарса-да, ўтиб кетавераркан. Ёнидаги уй икки қаватли қилиб қурилибди, баланд арчалар деразаларини беркитиб турибди. Яна бўлса, деразасини тақиллатиб қочардим. Лекин бундай қилиб бўлмайди… Қўриқчилари ҳам инсоний болалар экан, ҳикояларимни тинглаб, менга хайрихоҳ бўлишди.

Ёмғирларда қолди менинг ҳисларим…

 

* * *

Менга бошқа ҳеч нарса керакмас.

Қадрдон ҳовлимиздан Наврўз баҳона бир даста бинафша териб келдим. Сал кечроқ… Шунга қарамай, гулдаста қилишдан ўзимни четга тортолмадим… барибир ширин туйғулар беради менга. Бинафшанинг иси 8 март арафасида жуда нафис бўлади, ёнидан ўтиб кетолмайсиз… Жуда ҳам беозор гул, чамандек очилиб ётаверади.

…2-синфдаман, шанба куни дарсдан кейин бувимникига борадиган бўлдим. Мактабимизнинг орқа эшигидан чиқиб, Хўжалик деган кўча ёқалаб, Коммунистлар қабристонининг ёнидан ўтиб, Чиғатойдаги бозорчадан нон сотиб олиб, бувимникига кетяпман… Шошиб-чопиб, чопиб-шошиб…

Бувимни эслашга ҳаракат қиляпман ҳозир: мени кутиб олсалар ҳам, кузатсалар ҳам, йиғлардилар. Ўшанда тушунмасдим “нега йиғлайверадилар?” деб. Майин қўллари билан сочларимдан силардилар, қўлларимдан силардилар. Менимча, назарларида биздек набираларидан чиройлироқ қизлар ўзи дунёда йўқ эди. Ҳар бир хатти-ҳаракатимга қараб турардилар, дастурхон атрофидаманми… кўпроқ ейишим керак эди. Лекин чойни ҳам тезроқ ичишим кераклигини айтиб турардилар. Келинойиларим-чи… Войбў, бу илтифотни кўрмабсиз… Келиб-кетгунингизгача минг марта айланиб ўргилишарди, уйларидаги энг чиройли нарса сизники бўларди. Чойни дам-бадам пиёланинг тагида узатиб, кузатиб ўтиришар, бирлари “Настинька” деб эркалашар, иккинчилари ўтирган кўрпачамни, ёстиғимни текислашар, нима қилишса-ю мени хурсанд қилишса…. Мен-чи, мен нима билан қайтардим шу одамларнинг меҳр, муҳаббатларини… Арзийдиган бирор иш қилолганим йўқ, аслида. Азоб беради шу нарсалар…

Эртаси куни якшанба тушликдан кейин мени кузатиш маросими бўлиб, унга ҳамма чиқиб, мени кузата бошлашди… Эндигина кўчага кетаётганимизда, бувим войвойлаб қолдилар: “…Абдулла, сен югур, лопаткани олиб кел, бинафшадан олиб бер… Ҳабибулла, сен ялпиз кўчатидан олиб бер…” Кейин Абдулла амакимнинг мотоциклларига ўтқизишган, келганман, қўлимда бувим менга илинган целофанга ўралган кўчатлар. Шундай хурсанд бўлиб келяпман… Чунки бир умр ҳавасим келарди ҳовлисида бинафша ўсадиган синфдошларимга. Энди менам олиб борадиган бўлдим-да уларга.

Шу-шу ҳовлимизда бинафша ўсадиган бўлди. Мактабда ўқиб юрганимда “Бинафша” деган шеър ёзганман ва у “Ленин учқуни” газетасида чиққан. Ҳамза Имонбердиев (Охиратлари обод бўлсин) жуда ҳайратга тушиб ўқиб берганлар, Абдусаид ака Кўчимовга ҳам жуда ёққан экан, ушбу газетада масъул котиб эканлар ўшанда, айтдилар-да борганимда: “Яхши шеър бўлгани учун иккита катта шоирнинг шеърлари ўртасига қўйиб чиқардик…”

Ўша бинафшалар, ялпиздан бугун бизнинг Кўкчадаги ҳовлимизга ҳам келган. Ҳалима опанинг бир лутфлари бўлар эди: “Ҳар бир майсага “Салом” дегим келади” деган.

“Салом, бинафшалар!”, “Салом, ялпизим!” дейман уларга қараб…

Бувимнинг жойлари жаннатдан бўлсин! Омин!

 

* * *

Бу қандай қаро кун бўлди? Иброҳим Ҳаққул бизни ташлаб кетибдилар. Тонгим бошланувди бир ажойиб… Сўзларимни айтмоқчийдим… бир орзуларимни! Хурсанд бўладилар, деб ўйлабман…

Навоий идеалларини дажжоллик оддий аъмолга айланиб қолган, шафқатсиз, адолатсиз замондан излаган устозимиз, наҳотки бизни ташлаб кетдингиз?!.. Энди кимга айтамиз дардимизни, юрагимизни?

Бу авлодни “ёмон советлар” тарбия қилганди, “мустақиллик” учун курашганлар шулар эди, жонини берганлар шулар эди. Мустақиллик эса уларнинг бошларини кундага олиб тиради, кундузларини тунга айлантирди, ҳаётлари ҳар куни қил устида турарди, сўзни ҳам ўйлаб гапиришарди, фарзандлари бошини кўтаролмай яшадилар, энг севимли фарзандлари эса…

Эй, сиз, бошларини ерга уриб додлаган аёллар, бугун тутинглар азани!

Авлодлар, кўзларингни очинглар! Йиғлаганда шулар учун йиғланглар, бизни ўзининг нафси йўлида сотган, саломингга ҳам алик олмайдиган, “ғоявий душман” деб билган…ларга ҳам йиғлаб-сиқтаб ёзиб ўтирасизлар баъзан. Бунақа яхши бўлманглар. Бир ажойиб авлод бирин-кетин кетяпти.

Улуғ инсон кетяптилар бизни ташлаб.

Адам ҳаёт бўлганларида…

Кеча кун бўйи кўнглимга қил ҳам сиғмади. Уйга кирдим, ҳовлига чиқдим, райҳонларим қаршисига чўкдим… “Адам тирик бўлганларида, кечаги кунни кўрганларида” деб…

Икки кун аввал Дилфуза опамларнинг таваллуд кунларини нишонладик. Бу қутлуғ санага Дилфуза опа имонли, эътиқодли турмуш ўртоғи, меҳрибон, бутун қалби билан сизга жони ачийдиган тавозели қудалар, ақлли, меҳнаткаш куёв, шодлиги ҳам, қувончи ҳам сизники, куйсангиз сочидан бошлаб то ерга теккунча куядиган меҳрибон келин, бир-биридан асал набиралар, минглаб шогирдлар, “фан доктори, профессор” унвони билан етиб келдилар.

Кеча эсладик яна… биринчи синфда ўқитувчимиз София опа Дилфуза опамга қирқ нафар ўқувчининг сиёҳдонини ишонганини, кечга яқин уларни столга тизиб, ҳаммамиз сиёҳ қуйиб чиқишимиз, кейин эрталаб уларни бир сумка қилиб олиб кетишларини… Эсладик, мактабимиз директори, уруш қатнашчиси Ҳамидулла аканинг олтин медаль топшириш маросимидаги сўзларини: “Ҳаётимда биринчи бор шундай воқеага дуч келишим, журналларни қараб чиқдик. Дилфуза бирон кун ҳам дарс қолдирмаган, бирон марта ҳам “4” баҳо олмаган экан”, деган сўзларини.

Нимасини айтасиз, бизнинг жамиятимизда фан доктори, профессор бўлиш… жуда қийин, жуда ҳам қийин… Қирқ ёшдан ўтар-ўтмай фан доктори бўлдилар опам. Шароф Рашидов “ўттизига бормай профессор бўладиган қиз экан” деган эканлар даставвал кўрганларида ва топшириқ берганлар Оқилхон Салимовга: “Шу қизга қаранглар”, деб… Шунга ҳам қирқ йил бўлди…

Дилфуза опам Сурхондарёнинг Денов туманидаги Ҳазарбоғ совхозида туғилганлар. Бир кун илгари бувим борибдилар Тошкентдан, якшанба куни бўлган — адамлар Термизга бориб келганлар ва эрта тонгда бомдод намози ўқилаётганда дард бошланган ва иккалалари секин йўлга тушишган. Тўрттагина хонаси бор доялик пунктида. Шу қадар иссиқ бир кунда. Тепаликда экан бу дояхона, Амударё кўриниб тураркан, у ёғи Афғонистон… Менга бир умр шу воқеа қизиқ бўлиб кўринарди. Адамлардан сўрардим: “Ада, у ёғи Афғонистонда, сиз душманлардан қўрқмадингизми, нега тепаликка чиқардингиз, нега дарёнинг олдига бордингиз, сизни отиб ташлашса нима қилардим?” деб куйиниб ўтирардим.

Ҳозир ўйлайман мусофирчиликда ота-онамга нақадар қийин бўлганини. ТошМИ дипломини олиб, адам Сурхондарёга кетганлар, кейин уйланиб, опамларни ҳам олиб кетганлар. Тасаввур қилолмайман ҳозир бу ҳолатни, юз нафар қариндош-уруғларимиз кузатгани чиқишган экан вокзалга. Улар икки ёш қирқ кунлик чақалоқни олиб, поездга ўтиришган, тунда етиб борган поезд Деновга, станцияда тунаб қолишган, нотаниш одамлар уйларига олиб кириб кетишган, нотаниш одамлар ўзларига ва чақалоққа қарашган. Кетар чоғларида бир сумка совға-салом билан кузатишган ўша нотаниш одамлар. Кейин ҳеч қачон кўришмаган бир-бирларини. Опам дастурхонни ҳар гал меҳмонларга солганларида, шуни эслар: “Буни менга Деновдаги станция яқинида турадиган аёл совға қилган”, дердилар… Менимча, ҳали ҳам бор шу дастурхон… зиғир толасидан тайёрланган ҳашамдор дастурхон… Оппоқ дастурхон…

Минг бир қийинчиликлар бўлган мусофирчиликда, шу қийинчиликларни кўриб улғайишган опаларим… Жуда кўп қийинчиликлар… Шунинг учун улар иродалироқ, собитроқ, жасоратлироқ мендан кўра.

Адам ҳаёт бўлганларида… Эҳҳе, қанча қувонардилар, дедим, Дилфуза опамни кўриб.

Жойлари жаннатдан бўлсин!

Дилфуза опамга узоқ умр, янги зафарлар, “академик”лик матлабини ҳам тилаб қоламан.

 

* * *

“Мен кимман?” деб ўйлайман доим.

Одамлар мени жудаям кучли аёл деб билишади: кучлилигим кўпинча қўрқитади, ҳайиқтиради, ҳолбуки, мен бундай кўринишни сира истамагандим. Нозиклигимни тушунишларини истаб яшайман. Чунки жуда ҳам инжа, жудаям нозик кўнгилли одамман.

Аслида, бутун ҳаётим уй юмушларини аъло даражада бажариш, жиянларимни катта қилишда опаларимга кўмаклашиш, яқинларимга қўлимдан келганча ёрдам беришга интилиш билан ўтди. Булар менинг феълимга ҳам сингиб кетган. Агар кўчада икки-уч соатдан кўпроқ қолиб кетсам, фарзандларим олдида ҳам, уйим, оилам олдида ҳам гуноҳкордек сезаман ўзимни. Йиғлаб юборишим ҳам мумкин.

Ҳаётим хавфсизлиги муҳтарам шахслар, буюк инсонларни ўзимдан ҳам кўра кўпроқ ўйлантирган. Бугунги кунгача сиёсатнинг “катта ўйинлари”ни ҳамон тушунмайман. Тушунишни истамайман ҳам. Ҳаёт мени кўпроқ йиғлатдими, қувонтирдими, билмайман буни ҳам. Шуни биламанки, бахтли одам эканман! Қадрлайдиган, севадиган, мени ҳеч қачон синишимга йўл қўймайдиган қадрдонларим бор! Инсонларни тушунишни, гўзалликни идрок этишни, бахтга фақат ва фақат тўғри йўлдан боришни хоҳлайман — шу!

Ошхона ва кутубхона орасида умргузаронлигим… Бошқа нарсаларни орзу қилмайман.

Саёҳат қилишни ва Кузни севаман.

Ва Тошкентни…

 

* * *

Юқорида Гулмира Мусажонова — дардимни тўкиб солишим, узоқ суҳбатлар қуришим мумкин бўлган азиз ҳамкасбимга айтмоқчи бўлган дил изҳорларим баҳонасида беихтиёр ўз кўнгил кечинмаларим-да қоғозга тушди…

Илмира Раҳматуллаева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =