Саломатлик истакдан устун бўлсин

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ҳамон инсон саломатлиги учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Касалликни даволаш борасида эришилаётган ютуқлар бўлишига қарамасдан муаммо муаммолигича қолмоқда. Чунки бу дард ўта хавфли ва ҳозирча давоси топилмаган. Афсуски, ҳали-ҳануз орамизда ушбу дардга чалинган ва уларнинг ташувчиларига айланаётганлар кўп.

ОИВ уч хил йўл билан юқади. Ҳимояланмаган интим алоқа орқали. Қон орқали — ОИВ билан яшайдиган одамнинг қонини қуйиш, гиёҳванд моддаларни инъекция орқали умумий шприцлар орқали қабул қилиш ёки тери бутунлиги бузиладиган тиббий ва нотиббий муолажаларда ностерил буюмлардан фойдаланганда, яъни дезинфекция ва стерилизация талабларига риоя этмаганда. Онадан болага — ҳомиладорлик, туғуруқ ёки кўкрак сути билан эмизиш орқали.

ОИВнинг кеч босқичларидагина алоҳида клиник белгилар намоён бўлади. Булар: сабабсиз ҳафталаб, ҳатто ойлаб ич кетиши — диарея, ҳафталаб тана ҳароратининг кўтарилиши, оғиз бўшлиғи ва жинсий аъзолар атрофида турли замбуруғли ва герпетик тошмалар пайдо бўлиши, ўпкада сил ва пневмоцист пневмония ривожланиши — ОИВнинг кеч босқичларида иммун тизим заифлашиши ва эрта босқичда ОИВга қон намунаси топширмаслик ҳисобига ривожланади.

Мамлакатимизда ОИВга намуна тестини республика ва вилоят ОИТСга қарши курашиш марказларида, марказлардаги дўстона хоналарда, республика бўйлаб барча ишонч хоналарида бепул ва аноним тарзда ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларида бепул тарзда намуна (анализ) топшириш мумкин.

Хусусан, бизнинг Самарқанд вилоят марказимиз лабораторияси замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва таҳлиллар сифатли ўтказилиши учун тест тизимлари билан тўлиқ таъминланган. Лаборатория умумий клиник биокимё диагностика бўлимида беморларнинг CД-4 ҳужайраси миқдорини аниқлаш таҳлили ҳам ўтказилади. Бу таҳлил носпецифик текшириш усулига кириб, беморларнинг саломатлигини баҳолаш учун жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

CД-4 ҳужайраси бу иммун тизими ҳисобланиб, организмни турли хил инфекциялардан ҳимоя қилади. ОИВ (одам иммунитети танқислиги вируси) айнан CД-4 ҳужайрасига ҳужум қилиб, уларнинг сонини камайтиради. Натижада иммунитетнинг заифлашишига олиб келади. Соғлом одамларда 500-1500 мкл гача бўлади. ОИВ инфекцияси билан касалланганларда бу кўрсаткич бирмунча пасайган бўлади.

Шифокорлар кўрсатмаси билан янги назоратга олинган беморлардан ҳар 6 ойда, назоратда турган беморлардан эса йилига 1 марта, клиник кўрсатмалар билан CД-4 миқдори 250-300 мкл дан паст бўлган беморларда ҳар 3 ойда CД-4 ҳужайраси миқдорини аниқлаш учун қон намуналари олинади. Таҳлил натижалари олингандан сўнг беморларга АРВТ (Антиретровирусга қарши терапия) тавсия этишга асос бўла олади. CД-4 ҳужайраси миқдорини аниқлашнинг аҳамияти шундаки, беморларга вирусга қарши дориларнинг таъсирини билишдан иборат. АРВТ препаратларни ўз вақтида қабул қилган беморларда иммунитет тикланади, яъни CД-4 миқдори кўпаяди, вирус юкламаси ҳам камаяди. Беморларнинг ҳаёт тарзи яхшиланади ва умри узаяди. ОИВ инфекцияси юқиш хавфи камаяди.

Қисқа қилиб айтганда, саломатлик ҳар кимнинг ўз қўлида. Уни турли ҳою ҳавас йўлида қурбон қилмайлик.

Саида ЖУМАЕВА,

Самарқанд вилоят ОИТСга

қарши кураш маркази врач

ёрдамчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 20 =