Нурли инсон, зукко олим

Биламан, деб юрган эканман-да…

 Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ҳақида бир нарса ёзиб беришимни сўрашганда ҳеч иккиланмай “хўп” дедим. “У кишини яхши биламан, бирпасда ёзиб ташлайман”, деган фикр кечди хаёлимдан. Орадан бироз вақт ўтиб, кундалик икир-чикирлардан чекиниб, ёзишга ўтирдим. Ишонасизми, каллага ҳеч нарса келмайди, нима ёзишни билмайман…

Кўп ҳолларда бирон шоир ва ёзувчи, олим ва санъаткор ҳақида гап кетса, ҳа, уни яхши биламан, деб ўйлаймиз. Аммо ҳар доим ва ҳамма ҳақида ҳам бундай деб бўлмайди. Айрим ижодкорларни юзаки биламиз, ўзаро суҳбатлар, узуқ-юлуқ фикрлар, баъзи шеър ва ҳикоялари, мақолалари бўйича хулоса чиқариб юрамиз.

Профессор Нурбой Жабборовнинг кўплаб мақолаларини ўқиганман, бир нечта мақоласини “Гулистон”да босганмиз (уларнинг аксариятини ўзим буюртма бериб ёздирганман). Бироқ биронта китобини ўқимаган эканман. Уялиблар кетдим, рости. Хорижлик адиблар, олимлар асарларини ўқиймиз, таржима ҳам қиламиз, аммо ёнимиздаги ижодкорларнинг китобларини ўқишга гўё “вақтимиз йўқ”. Фармонбиби (“Келинлар қўзғолони”) айтгандай, “чет элники деса, хўрозқандни ҳам ётиб олиб ялаймиз”. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ.

Шу мулоҳазалардан сўнг Нурбой Жабборов ижодининг библиографияси билан танишдим. Библиографияни ким тузган, билмайман (балки ўзидир), шу қадар батартиб, қойил қолдим, ҳавасим келди! “Алоҳида нашрлар”, “Дарсликлар, ўқув қўлланмалар”, “Қомус, илмий тўплам, журнал ва газеталарда эълон қилинган мақолалар”, “Н.Жабборов илмий раҳбарлигида ёқланган докторлик диссертациялари”, “Номзодлик диссертациялари”, “Магистрлик ишлари”, “Оппонентлик қилган ишлари” каби бўлимларга ажратилган. Ҳар бир китоб, тўплам, мақола қачон, қайси нашриётда, қанақа журнал ёки газетада чиққан — барча маълумотлар батафсил ёзилган, ижтимоий тармоқларда, веб-сайтларда чиққанлари алоҳида бўлимда жамланган ва уларнинг барчасига рақам қўйиб чиқилган. Ана ҳафсала-ю, мана ижодга эътибор, сўз, илм, адабиёт олдидаги масъулият! Тасанно! Ўрганса арзигулик!

Зотан, ўзининг ижод маҳсулига эътиборли одам ўзгалар ижодига ҳам масъулият билан ёндашади.

Энди айрим рақамларни келтирсам. “Алоҳида нашрлар”да йигирмата китоб саналган. Улардан бири 2025 йилда Теҳронда форс тилида босилган — “Дунёи ирфонийи Амир Алишер Навоий”. Дарсликлар, ўқув қўлланмалар учта. Қомусда, турли илмий тўпламлар, журнал ва газеталарда босилган мақолаларни санаш учун билимдон бир ҳисобчи керак. У кишининг илмий раҳбарлигида саккизта докторлик, ўттизта номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Магистрларнинг сон-саноғи йўқ.

Бу рўйхатни кўриб, ўйга толдим. Шунча нарсани ёзишга, ўқишга қачон улгурган? Улар илмий ишлар бўлса. Ёзишни-ку қўйиб турайлик, бир диссертацияга илмий раҳбарлик қилиш ёки оппонент бўлиш учун неча саҳифани ўқиш керак? Яна шунчаки ўқилмайди, ютуғи-ю кам-кўсти аниқ мисоллар билан кўрсатилиши лозим. Нурбой домла фақат илмий-ижодий иш билан банд бўлмаган, газета ва журналлар таҳририятида, турли илмий даргоҳларда, олий таълим муассасаларида масъул лавозимларда ишлаган. 2017 йилдан буён Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кафедра мудири. Бу ишлар қанча кўп вақт талаб этиши, вақт-ку, майли, асабларни зирқиратиши ва булар бирон нарса ёзиш тугул, ўйлаш, фикрлашга ҳам монелик қилиши барчага аён. Демак, Аллоҳ берган вақтни беҳуда ўтказмаса, ҳар бир кун эмас, ҳар соатдан унумли, ақл билан фойдаланса, кўп иш қилиш мумкин экан. Бунга Нурбой Жабборов фаолияти ёрқин мисол.

Уч китоб — уч олам

Олимнинг учта китоби қўлимда: “Маърифат надир?”, “Замон. Мезон. Шеърият”, “Маоний аҳлининг соҳибқирони”.

Ушбу китобларнинг номиданоқ олим тафаккур дунёси нақадар кенг эканини англаш мумкин. Маърифат ҳақида кўп гапирамиз, ёзамиз. Аммо маърифат нима ўзи, бу сўзнинг луғавий маъносини биламизми? Очиғи, бу саволларга гоҳида жўяли жавоб беролмай, умумий тушунчалардан нарига ўтолмай қоламиз. Нурбой Жабборов мазкур китобида аниқ мисоллар орқали жавоб беришга ҳаракат қилган ва бунга муваффақ бўлган. Муаллиф ёзади: “Маърифат сўзининг луғавий маъноси — билиш, таниш, билим демакдир. Истилоҳий маъноси эса анча кенг”. Сўнгра улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Авлодларингизга келар замон илмини ўргатинг! Зеро, улар сиз яшаган даврда эмас, ўзга замонда яшайди”, деган ҳикматли сўзларини келтиради. Дарҳақиқат, фарзандлари тақдирини ўйлаган, унга бефарқ бўлмаган ота-она бу гаплар мағзини чақиши шарт. Зотан, бугун биз учун янгилик бўлган нарсалар — ҳамма соҳада — эртага эскиради, айниқса, бугунги шиддатли замонда. Ана шу нуқтаи назардан ёндашсак, муаллифнинг қуйидаги куюнишлари нақадар асосли ва ўринли эканига амин бўламиз. “Тили чиқмай туриб боласини тирикчилик ташвишларига жалб этаётган, илм-маърифатни эмас, қаллоблик билан бўлса-да, бирни икки қилишни, қонунга риоя этишни эмас, уни қандай четлаб ўтишни ўргатаётган айрим ота-оналардан нимани кутиш мумкин? Бундай бола ватанпарвар эмас, танпарвар бўлиб ўсиши муқаррар-ку!” Мен учун танпарвар сўзи янгилик туюлди. Зеро, бунинг замирида жуда теран маъно-мазмун мужассам.

Муаллиф инсоният тараққиётининг илдизи ҳам, асоси ҳам илм эканини таъкидлайди, бунга тарихимиздан, бугунги кунимиздан мисоллар келтиради. Тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида олимнинг куйиниб ёзганлари барчамизни ўйлашга мажбур қилади. Сўзнинг маъносини тушунмаслик, ноўрин ишлатиш каби қусурларга мисоллар келтиради. Афсуски, она тилимизга енгил-елпи қараш ҳоллари камаймаяпти. Бу нарса матбуотда, турли нодавлат телеканалларда ҳам учраётгани ачинарли. Чунки одамлар, айниқса, ёшлар уларни ўқийди, кўради ва шундай деса бўлар экан, деган хулосага келади. Бунга бир-иккита мисол билан чекланаман. Ҳар бир одам ишдан уйга келгач, кийимини алмаштириб олади. Баъзи сериалларда кийимимни алиштириб олай, дейди. Дўкондан бирон буюм олсангиз-у у яроқсиз чиқса, дўконга бориб, бу яроқсиз экан, яхшисига алмаштириб беринг, дейсиз, алиштириб эмас. “Ҳозир” дейиш ўрнига “ҳозирда”, “ёки” ўрнига “ёкида” дейиш айб бўлмай қолди. Ўйлайманки, бу мисолларни шарҳлашга эҳтиёж йўқ.

Иккинчи китоб “Замон. Мезон. Шеърият”. Номиданоқ китоб нима ҳақида экани кўриниб турибди. Уни варақлар эканман, Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз мунаққид Озод Шарафиддиновнинг 1960-йилларда шов-шув бўлган “Замон. Қалб. Поэзия” китобини эсладим. Озод Шарафиддинов бу китобида ўша замоннинг энг машҳур шоирлари ижодини таҳлил қилган. Китоб қўлма-қўл бўлиб кетгани эсимда. Очиғини айтганда, бу китобни бугун ҳам синчиклаб ўқиган ижодкор кўп нарса олади. Ўша пайтлар ёш олим бўлган Озод Шарафиддинов Ғафур Ғулом, Уйғун каби довруқли шоирларни ҳам аямаган. Энг ибратли томони, Ғафур Ғуломнинг Ленин ҳақидаги шеърининг пўстагини қоққан. Эътибор қиляпсизми, совет замонида, Ленин “бутун дунё пролетарларининг доҳийси”, деб улуғланиб турган бир даврда Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғуломнинг ана шу доҳий ҳақидаги шеъри аёвсиз танқид қилинган.

Нурбой Жабборов ҳам замонамизнинг энг машҳур шоирларидан тортиб эндигина адабиёт оламига кириб келаётган ёшларнинг шеърларини таҳлил қилади. Ютуқларини ҳам, нуқсонларини ҳам очиқ-ойдин айтади. Атоқли шоирлар ижодини намуна қилиб кўрсатади, ёшлар шеърларидаги сакталиклар, саёз мисраларни одоб билан танқид қилади. Китобда менга энг маъқул жиҳатлардан бири — олим бугунги шоирларимиз ижодини мумтоз шоирларимиз ижоди билан қиёсий таҳлил қилади. Масалан, “Шеър аҳлининг икки жаҳонгири” мақоласида Алишер Навоий ва Абдулла Орипов ижоди ўрганилган. Абдулла Ориповнинг ҳазрат ижодидан таъсирланиб ёзган шеърлари, Навоий ғазалларига боғлаган мухаммаслари ҳақида тўлқинланиб ёзади.

Навбатдаги китоб “Маоний аҳлининг соҳибқирони” деган монография. Бу китоб тўлалигича Алишер Навоий ижодига бағишланган. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен кўрган, суҳбатлашган, китобларини ўқиганим навоийшунослар, хусусан, бугунги кундаги навоийшунослар орасида Нурбой домланинг алоҳида ўрни бор, мавқеи бор. Ўзим кўп гувоҳ бўлганман, у киши наинки илмий доираларда, ўзаро гурунгларда ҳам ҳазрат асарларидан иқтибослар келтиради. Гап фақат иқтибос келтиришда эмас. Зиёлиман деган ҳар ким ҳам Навоий ғазаллариданми, достонлариданми икки-уч мисрани айтиб юриши мумкин. Бу билан у Навоийни билади, ўқиган, деб бўлмайди. Чунки Навоийни ўқиш, айниқса, уқиш оддий иш, оддий китобхонлик эмас. Ҳатто дунёга машҳур романларни ўқиш билан Навоийни ўқиш ўртасида жуда катта фарқ бор. Зотан, Навоийни ўқиш, уқиш учун чуқур билим, даража керак.

Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Ҳали совет замонида Тошкентда ўтган қандайдир адабий тадбирга Расул Ҳамзатов ҳам келади. Қайсидир газета ёки телевидение мухбири Расул Ҳамзатовдан Алишер Навоий ҳақида ўз фикрини билдиришини сўрайди. Шунда машҳур шоир қуйидагича жавоб берган экан: “Алишер Навоий ҳақида ҳозир гапиролмайман, чунки таҳоратим йўқ. Навоий тўғрисида таҳоратсиз гапириш мумкин эмас”.

Нурбой домланинг табиатини, феъл-атворини, тутумини унча-мунча биладиган қадрдони сифатида айта оламанки, у киши Навоий ҳазратларига чин дилдан ихлос, эътиқод қўйган. Навоийдан иқтибослар келтирганда мақтаниш, билимини кўз-кўз қилиш нияти бўлмайди. Йўқ, ҳазрат асарлари оламида сузиб юргани учун, бу ижод уммонидан доимо баҳраманд бўлиб туриш истаги кучли бўлгани сабабли бот-бот мисоллар келтиради. Дарвоқе, Алишер Навоий ижоди чексиз бир уммондирки, шу пайтгача қайси навоийшунос қанча сув ола билди — ёлғиз Аллоҳга аён. Шу маънода ҳазрат ижодий меросини батафсил ўрганиш, ундан тўла баҳраманд бўлиш учун ҳали кўп иш қилиш керак. Нурбой Жабборов ушбу бетимсол маънавий хазинадан анча самарали фойдаланган олимлардан. Бу фикрга унинг “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китоби далил бўла олади. Ишонганлар ҳам, ишонмаганлар ҳам китобни ўқиб кўрсин.

Камина зукко олим Нурбой Жабборовнинг учта китоби бўйича жуда мухтасар фикр юритдим. Зеро, менинг ниятим ҳам, вазифам ҳам бу китобларни таҳлил қилиш эмас. Менинг бу ўриндаги мақсадим Нурбой Жабборов фикр ва билим доираси, тадқиқот объекти нақадар кенг эканига эътибор қаратиш, холос. Бинобарин, маърифат нима эканини содда тилда, аниқ мисоллар билан тушунтириб бериш, бугунги шеъриятимиз ютуқлари-ю нуқсонларини теран таҳлил қилиш, улуғ Алишер Навоий ижод оламига киришга журъат этиш… Булар айтишга осон, уларнинг ҳар бири ортида қанчалар масъулият, изланиш, меҳнат мавжуд. Хусусан, Навоий асарларини таҳлил қилаётганда ўша таҳлилчи тепасида ҳазрат қараб тургандай бўлса керак. Борди-ю, таҳлил қилаётган олим ҳазратнинг бир мисрасини, бир сўзини нотўғри ўқиса, талқин қилса, у зот: “Эй, болам, кўзингни оч, нималар деяпсан? Мен назарда тутган фикрга яқин ҳам келмадинг-ку”, деб танбеҳ бераётганга ўхшайди. Менда шундай тасаввур бор, ҳар қалай…

Шуларни ёзар эканман, бир ривоят ёдимга келди. Бир киши мақтаниб қолибди: “Мен Бедилнинг битта рубоийсидан қирқта маъно топдим. Бунча маънони Бедилнинг ўзи ҳам хаёлига келтирмаган бўлса керак”. Даврадагилар ҳайратга тушиб, ҳалиги одамга тасаннолар айтишибди. Ўша куни тунда бояги киши тушида Бедилни кўрибди. Мирзо Абдулқодир Бедил ҳазратлари ҳалиги мақтанган одамга дермиш: “Эй, фалончи, сен менинг бир рубоийимдан қирқта маъно топдим, деб мақтандинг. Аслида, сен мен назарда тутган маънога яқинлашганинг ҳам йўқ. Шуни эсингдан чиқарма…” Худди шундай Навоий ҳазратлари биронтамизга танбеҳ бериб қолмаса эди, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Ўйлайманки, Нурбой домла бундай хавотирлардан йироқ. Бинобарин, у кишига бунақа мақтанчоқлик бегона.

Яна бир нарсани қайд этгим келди. Шу учала китобнинг ҳар бирида ўнлаб китоблардан иқтибослар бор. Демак, муаллиф ўша китобларни ўқиган, чунки иқтибос бекордан-бекор келтирилмайди, ўзининг қарашларига мос ёки тескари фикрлар олинади, одатда. Аён бўладики, ҳажман унча катта бўлмаган (бири 110 бет, бошқаси 300, яна бири 250 бет) китобларни ёзиш учун минглаб саҳифали китобларни мутолаа қилган. Илм — нина билан қудуқ қазишга ўхшайди, деган гапнинг исботи бу.

Ижодий ҳамкорлик

“Гулистон” журналининг масъул муҳаррири сифатида шоир, ёзувчи ва олимларга шеърлар, ҳикоя ва мақолалар буюртма бериб тураман, улар билан ижодий ҳамкорлик қиламиз. Ана шу ҳамкорларимиз орасида энг батартиб, ваъдасини вақтида бажарадиган муаллифларимиздан бири Нурбой Жабборов. Олимнинг бир неча мақолалари журналимизда босилган. Жумладан, юқорида тилга олинган “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китобидан жой олган “Алишер Навоий ва Абдулла Орипов” мақоласи камина ходимингиз таклифи бўйича ёзилган ва “Гулистон”да эълон қилинган.

2024 йилда эсселарни жамлаб, бир китоб туздим. Шунда бир фикр келди хаёлимга. Китобга сўзбоши керакдай туюлаверди. Эсселар ўтган адиблар, санъаткорлар ва бугун фаол ижод қилаётган баъзи ёзувчилар ҳақида. Кимга айтишни узоқ ўйладим… Ва юрак ютиб Нурбой Жабборовга қўнғироқ қилдим. У киши ҳеч иккиланмай “Бажонидил” деди. Орадан кўп ўтмай гўзал бир сўзбоши (каттагина мақола) ёзиб берди. Нияти тоза, “ўзи поку, сўзи пок” (Навоий) одам қўл урган иш хайрли бўлади. Нурбой домла сўзбошиси билан нашр этилган “Қирғоқсиз дарёлар” китобим 2025 йилда “Олтин қалам” мукофотига сазовор бўлди.

Аслида, сўзбошини у кишига айтишим бежиз эмас эди. Гап шундаки, 2023 йил август ойида Зоминдаги ёзувчилар ижод уйида бир гуруҳ ёзувчи, шоир ва олимлар бирга бўлиб қолдик. Мана улар: Эркин Аъзам, Усмон Азим, Нурбой Жаббор, Абдуқаюм Йўлдош. Ҳар куни гурунг, адабиёт ҳақида, ҳаётнинг ўткинчилиги хусусида… Ажойиб хотиралар, латифалар. Нақадар мароқли, маънили, ибратли гурунглар. Ғийбат йўқ. Дилкаш суҳбатлар. Ўша кунлари мен Нурбой домланинг янги қиррасини кашф этдим ўзим учун. У киши ниҳоятда моҳир нотиқ, самимий суҳбатдош экан. Оддий воқеаларни ҳам шу қадар қизиқарли ҳикоя қилиб берадики, ҳаммамиз берилиб эшитамиз, тиззамизга уриб куламиз. Айниқса, бир “олим”нинг диссертацияси ҳимояси жараёнини гапириб берганда, кулгидан кўзларимиз ёшланиб кетди. Ўша “олим”нинг гап-сўзларини, ҳаракатларини шундай кўрсатиб бердики, ҳанг-манг бўлиб қолдик. Илмдан анча узоқ “олим”нинг қиёфаси, ҳаракатлари кўз ўнгимизда намоён бўлиб, сўзларини эшитгандай бўлдик. Аслида, ўша “олим”нинг гап-сўзлари, ҳаракатлари энса қотирадиган воқеа экан. Аммо Нурбой домланинг сўзамоллиги, ҳикоя қилиш услуби барчамизга завқ бағишлади. Ҳозир ҳам эсимга тушса, кулгим келади.

Зомин гурунгларидан кейин ўзаро янада яқинлашдик, ижодий ҳамкорлигимиз мунтазамлик касб этди. Бугун нурли инсон, зукко олим Нурбой Жабборов ва у кишининг илмий-ижодий фаолияти ҳақида кузатишларим ва таассуротларимни ёзиб ўтирибман.

Дарвоқе, бунинг сабаби бор. Профессор Нурбой Жабборов 60 ёшга тўлибди. Бу гапни эшитиб, ҳайрон бўлдим. У кишининг ҳамма гапига ишонсам-да, шу гапига ишонгим келмади. Сабаби — Нурбой Жабборовни кўрган одам нари борса эллик ёш беради. Юзлари нурли, қадамлари дадил, ўзи бақувват, унча-мунча полвонни бир силташда курагини ерга теккизади. Илмдан ташқари ҳаётий масалаларда ҳам кўп нарсадан хабардор, ҳатто қўй қайси биқини билан ётади, ерга тегиб турган биқинининг гўшти мазалими ёки ерга тегмаган биқинининг гўшти мазалими — ҳаммасини яхши билади…

Серқирра олим, ширинсухан суҳбатдош, қўли очиқ улфат, қадрдон дўстимиз Нурбой Жабборовга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, илмий-ижодий қувончлари бардавом бўлишини тилайман. У кишига Аллоҳ яна шунча йил баракали, мазмунли умр ато этсин!

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 7 =