Рақобатбардошлик сари стратегик қадам
Бугунги кунга келиб, сир эмаски, сунъий интеллект технологиялари кундан-кунга дунё миқёсида иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва бошқа муҳим йўналишларда асосий воситалардан бирига айланмоқда ҳамда давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилашга кўмаклашмоқда.
Жаҳон бозоридаги рақобат энди табиий ресурслар ёки арзон ишчи кучига эмас, балки маълумот, алгоритм ва ҳисоблаш қувватига асосланмоқда. Бу шароитда сунъий интеллект (СИ) технологияларига эътибор бермаган мамлакат модернизация жараёнларидан ортда қолиши тайин.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, мамлакатимиз сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорилади. Ҳозирда юртимиз 188 давлат ичида 70-ўринни, Марказий Осиё бўйича эса биринчи ўринни эгаллаб турибди.
2025 йил 22 октябрда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори ана шу глобал технологик рақобатда Ўзбекистоннинг ўз ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим стратегик ҳужжатлар сифатида тарихий аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ўтган йил мамлакатимизда АT хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларни ташкил этгани, 2030 йилга бориб, АТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олингани, шу боис жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш учун АT инфратузилмасига инвестиция киритиш учун қатор имтиёзлар берилгани алоҳида таъкидланди.
Президентимиз Мурожаатномада стратегик вазифа сифатида белгилаб берганидек, жорий йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та “Дата марказ”, 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳда, шулар қатори Фарғона давлат техника университетида сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу — тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга замин яратади.
Бугунги кунда минглаб иқтидорли ёшларимиз АT ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун Рақамли технологиялар маркази ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, Осиё тараққиёт банки буни қўллаб-қувватлаб, 200 миллион доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳужжатлар сунъий интеллектни алоҳида инновацион йўналиш эмас, балки иқтисодиётни таркибий янгилаш, давлат бошқарувини оптималлаштириш ва инсон капитали сифатини оширишнинг асосий драйвери сифатида белгилаб берди. Энг муҳими, соҳанинг 2030 йилга қадар ривожланиш траекторияси аниқ индикаторлар ва вазифалар асосида белгилаб олинди.
Фарғона давлат техника университетида 2026 йилда сунъий интеллект лабораториясини ташкил қилиш юзасидан университетга бириктирилган “Бизнесни ривожлантириш банки” билан 2025 йил октябрь ойида келгусидаги икки томонлама амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинган, бир қатор ташкилий масалалар кўрилган ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган, шунингдек, Президентимизнинг Мурожаатномасида сунъий интеллект бўйича илгари сурилган стратегик вазифалардан келиб чиққан ҳолда биргина Фарғона давлат техника университетида ташкил қилинаётган “Сунъий интеллект маркази”да сунъий интеллект тexнологиялари бўйича инфраcтруктура ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган қатор жиҳатларга асосий урғу берилди. Марказ концепциясини шакллантиришда шу йўналишдаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари мутахассислари жалб қилинди.
Хусусан, АҚШнинг “Fulbright” дастури доирасида Индиана университетининг сунъий интеллект соҳаси мутахассислари жалб қилинган. Киберхавфсизлик йўналишида Швециянинг Лунд ва Ёнчопинг университетлари, Германиянинг Постдам университети, саноатда сунъий интеллект технологияларини жорий қилишда Жанубий Кореянинг Улсан университети (“Hyundai” корпорацияси билан ҳамкорликда биринчи босқичда 10 млн долларлик лойиҳа) билан биргаликда амалга ошириш учун халқаро лойиҳалар яратиш кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, сунъий интеллект тадқиқотлари ҳақида гап кетганда, уларни икки асосий синфга ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади:
- Сунъий интеллект технологияларини яхшилашга қаратилган тадқиқотлар.
- Мавжуд сунъий интеллект технологияларини соҳаларда жорий этиш бўйича тадқиқотлар.
Олий таълим муассасаларида, энг аввало, муҳандислик соҳаларида мавжуд сунъий интеллект технологияларини жорий қилишга йўналтирилган тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш сингари вазифалар.
Албатта, соҳаларда сунъий интеллектни жорий қилишда нималарга эътибор бериш керак, деган савол ҳам туғилиши табиий. Булар қуйидагилар:
- Республика ва ҳудудий приоритетлар.
- Олийгоҳларимизда асосий саноат ҳамкорларининг саноат эҳтиёжлари.
- Олий таълим муассасаларида мавжуд илмий ва инновацион инфратузилмаларни янада ривожлантириш.
- Сунъий интеллект ва танланган муҳандислик соҳаларида кадрлар салоҳияти.
- Хорижий ҳамкорлар билан олийгоҳлар ва лойиҳалар.
Юқоридаги критерияларни инобатга олган ҳолда биринчи босқичда ФДТУнинг марказида 5 та лаборатория ташкил этилиши белгиланди:
- “AI Research Lab”
- “Robotics, Sensors and Communication”
- “Intelligent Seismic and Civil engineering”
- “Safe intelligence lab”
- “Smart City”
“AI Research” лабораториясининг асосий мақсади, биринчи навбатда, айни пайтдаги мавжуд сунъий интеллект технологияларини ўрганишдан иборат. Шунингдек, танланган муҳандислик соҳаларида қўлланиладиган энг мақбул сунъий интеллект моделлари, алгоритмлари ва ҳоказоларни тақдим этиш, муҳандислик соҳаларида олиб борилаётган тадқиқотлар учун сунъий интеллект ечимларини таклиф қилиш, таълим жараёнига сунъий интеллектни жорий қилиш, сунъий интеллект технологияларини барча таълим дастурларига жорий этишга кўмаклашиш, сунъий интеллект бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб бориш унинг мақсадлари сирасига киради.
Мақсадларга эришиш учун лабораторияда автоном робот-платформаларни яратиш ва синовлар ўтказиш, атроф-муҳит ва объектларни мониторинг қилишнинг сенсорли ечимлари, мураккаб шароитларда навигация, робототехникада кўриш ва объектларни аниқлаш каби тадқиқотлар устида иш олиб борилади.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект бугунги кунда алоҳида технологик йўналиш эмас, балки мамлакат тараққиётининг барча соҳаларида сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишни таъминловчи стратегик омилга айланмоқда. Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда йирик инвестиция лойиҳалари мамлакатимизни глобал рақамли иқтисодиётнинг тўлақонли иштирокчисига айлантиришга туртки бўлмоқда.
Хусусан, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасининг Иккинчи устувор йўналишида таъкидлаганидек, бу йил юртимизда фаолияти йўлга қўйилган АT, финтех, сунъий интеллект каби йўналишлардаги маҳаллий стартапларга хориждан 270 миллион доллар инвестиция жалб қилинди. Кейинги йилдан “Рақамли стартаплар” дастурини кенгайтириб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизим йўлга қўйилади. Бунда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олий таълим масканларининг ўзида қоладиган маблағларнинг 10 фоизи ҳам инкубация марказларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Бунинг учун, албатта, иқтисодиётнинг устувор йўналишлари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашга эътиборни кучайтиришимиз зарур. Президентимиз бежизга Мурожаатномада “Аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетларини жалб қиламиз” деб таъкидламадилар. Энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида — касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур.
Ўктам САЛОМОВ,
Олий таълим, фан ва инновациялар
вазири ўринбосари.
