Гўзал Туркистон
Абдулҳамид ЧЎЛПОН
Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун, бўлмасми дил шод?
Билмам, на учун қушлар учмас боқчаларингда?
Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи,
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар.
Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин,
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин,
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин!
Яйрат, яшнат, ўз Ватанинг гул боғларингда.
