“Agrobank” АТБ: Барқарор ўсиш, тизимли трансформация ва рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида

“Agrobank” акциядорлик тижорат банки биноси нафақат “Tashkent city” мажмуасига, балки пойтахтимизга ҳам кўрк бағишлаб турибди. Куни кеча “Agrobank” АТБнинг бош офиси анжуманлар залида банк бошқаруви, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчиларига дастлаб “Agrobank”нинг 2025 йил фаолияти якунлари ва 2026 йил устувор вазифалари акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг ўтган йилги фаолият якунлари ва жорий йилдаги устувор вазифалар ҳақида “Agrobank” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Турдиев йиғилганлар ҳузурида ахборот берди.

— 2025 йил “Agrobank” АТБ учун барқарор ўсиш, тизимли трансформация ва рақамли молиявий хизматларни жадал ривожлантириш даври бўлди, — деди Жамшид Турдиев. — Йил якунларига кўра, банк активлари 103,6 триллион сўмга етди ва банк тизимида 2-ўринни эгаллади. Бу қувончли кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 24,2 триллион сўмга ёки 130 фоизга ўсганини англатади.

Кредит қўйилмалар ҳажми 81,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 21,6 триллион сўмга ёки 136 фоизга ошди. 2025 йилда жами 42,2 триллион сўм кредит ажратилди. Шундан 23,1 триллион сўми микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилди.

Банк мижозлар билан қувватли бўлади. Мижозлар сони 7,4 миллион нафарга етгани ва бир йилда мижозлар сони 1,5 миллион нафардан ошганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Депозитлар ҳажми 32,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 13,3 триллион сўмга ўсди. Аҳоли омонатлари 15,9 триллион сўмга етди. Бу банкка бўлган ишонч даражаси ошганидан далолатдир.

“Agrobank” 2025 йилда аҳоли омонатлари ўсиши бўйича банк тизимида энг етакчи ўринни эгаллади.

“Agrobank” АТБ матбуот хизматидан олинган маълумотларга қараганда, 2025 йилда банкда “Сунъий интеллект лойиҳа офиси” ташкил этилди. Лойиҳа офисининг асосий мақсади банк фаолиятида ва қишлоқ хўжалигида замонавий сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқишдир.

Мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида кредит ажратиш жараёнлари тубдан қайта кўриб чиқилди. Натижада чакана кредитлар бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 кундан 15 дақиқагача, ипотека кредитлари бўйича эса 1 ҳафтадан 1 кунгача қисқартирилди.

2025 йилда жисмоний шахсларга 2,5 миллионта банк карталари эмиссия қилиниб, 12,7 триллион сўм чакана кредит ажратилди, шундан 2,8 триллион сўми ипотека кредитларига тўғри келади. Чакана кредит портфели 11,1 триллион сўмга етди.

“Agrobank” 2025 йилда жисмоний шахсларга чакана кредитлар ажратиш бўйича ҳам етакчи бўлди.

Анжуманда банк бошқаруви раиси ўринбосари Илёс Аманов қишлоқ хўжалиги соҳасини молиялаштириш банк фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, 2025 йилда мамлакатимизда етиштирилган пахта хомашёсининг 80 фоизи, бошоқли дон ҳосилининг 95 фоизи “Agrobank” томонидан молиялаштирилди. Пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш учун жами 15 триллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш ўта муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда. 2025 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилди. Фермер хўжаликларининг ички суғориш насос агрегатларини қуёш панеллари билан таъминлаш учун қарийб 1 триллион сўм молиялаштириш амалга оширилди.

Хитой давлатидан 1400 тонна юқори сифатли пахта уруғи олиб келиниб, фермерларга етказиб берилди. Натижада ҳосилдорлик 40-50 центнерга етди. Келаси йили 300 минг гектар майдонда Шинжон усулида пахта етиштирилади.

— “Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида банкка бириктирилган 1 759 та маҳаллага 5,3 триллион сўм кредит ажратилиб, 501 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланган бўлса, уларнинг 258 мингдан ортиғи хотин-қизлардир, — деди Ж.Турдиев журналистнинг саволига жавобан.

Банкнинг 170 та филиали, 38 та банк хизматлари маркази ва 154 та смарт офисларида аҳоли учун қулай молиявий хизматлар кўрсатилмоқда.

— Бошқарув тизимини замонавийлаштириш мақсадида трансформация жараёнлари давом эттирилиб, 2025-2029 йилларга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди, — деди бизнес ва рақамли маҳсулотлар мажмуаси раҳбари Хондамир Бегматжонов. — “Мижозга йўналтирилган банк” концепцияси асосида “Каизен” ёндашуви жорий этилди. Банкимизни халқаро андозаларга мос иш юритадиган тижорат банкига айлантириб, трансформацияни ривожлантирамиз.

Ижтимоий лойиҳалар доирасида “Agrobooks” ташаббуси асосида сувдан оқилона фойдаланишга бағишланган 30 та методик қўлланмадан иборат “Сув китоби” тўплами 5 минг нусхада нашр этилиб, фермерларга бепул тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли қарори ижроси доирасида “Узун – Агро Стар” ва “Бахмал — Агро Стар” МЧЖлар ташкил этилди. Интенсив боғлар учун кўчатлар “Agro In-vitro” лабораториясида етиштирилиб, ҳудудларга босқичма-босқич етказиб берилмоқда.

Ҳозирда банкнинг “ягона хизмат кўрсатиш тизими” орқали мижоз ҳақидаги 30 га яқин маълумотни инсон омилисиз автоматик равишда электрон ҳукумат тизимларидан олиниши йўлга қўйилди.

Кредитлаш жараёнини тезкор амалга ошириш мақсадида автоматлаштирилган кредит конвейери жорий этилди.

Бунда жисмоний шахслар учун аризадан то кредит ажратишгача бўлган вақт 10-12 дақиқагача қисқaрди, барча кредит ҳужжатлари электрон асосда имзолаш-тасдиқлаш-скоринг тартибида расмийлаштирилмоқда, яъни қарор қабул қилиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди.

Банкнинг юридик мижозларига оммавий банк хизматларини масофадан кўрсатиш мақсадида янги “Agrozamin biznes” иловаси ва веб-платформаси ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошланди.

2025 йилдан банкда “Agile” трансформация жараёнлари бошланди. Бундан асосий мақсад мижозлар талабларини доимий ўрганиш ва банк маҳсулотларини доимий такомиллаштириб боришдир.

2026 йилда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 56,2 триллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 14 триллион сўмга кўпдир. Шундан 23 триллион сўм микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилади.

Хорижий банклар ва молия институтларидан 600 млн АҚШ доллари маблағ жалб қилиш, ҳудудий дастурлар доирасида 579 та лойиҳа учун 116,3 млн доллар кредит ажратиш белгиланган.

“Маҳаллабай” тизим доирасида 1759 та маҳаллада 2,8 триллион сўм кредит ажратилиб, 210 минг нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади. Шунингдек, олий таълим муассасаларини тамомлаган 3,6 минг нафар битирувчи иш билан таъминланади.

Қишлоқ хўжалигида Узун туманида 50 гектар майдонда хурмо ва анжир, Бахмал туманида 123 гектар майдонда олма ва нок етиштиришдан тортиб, экспортгача бўлган барча босқичларни қамраб олган замонавий агрокомплекслар ташкил этилади.

2026 йилда жисмоний шахсларга 750 мингта банк картаси эмиссия қилиниб, 14 триллион сўм чакана кредит ажратилади, шундан 4,2 триллион сўми ипотека кредитларига тўғри келади.

Сув тежовчи технологиялар ва ички суғориш насос агрегатларига қуёш панелларини жорий этиш учун 2,6 триллион сўм кредит йўналтирилади. Шунингдек, “Сувчилар мактаби” доирасида 141 та туманда 3,5 минг гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган “Тажриба майдонлари” ташкил этилади. Шу билан бирга 10 минг нафар фермер ва мутахассислар ўқитилиши ҳам режалаштирилган.

Шу пайтга қадар фермер хўжаликларининг пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришида экин ҳолати анъанавий тарзда мониторинг қилинаётган бўлса, босқичма-босқич бу амалиётлар космик суратлар ва дронлар ёрдамидаги масофавий мониторингга ўтказилади.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида рақамли маҳсулотларни кенгайтириш, шу жумладан, сунъий интеллект ва “big-data” технологиялари асосида янги хизматларни ишлаб чиқиш 2026 йилдаги устувор вазифалардан бўлиб қолади.

…Матбуот анжуманида журналистларнинг банк томонидан кредит олиш жараёнлари, сувни тежаш технологиялари, суғориш маданияти, муаммоли кредитларни қисқартириш, банк мижозларини киберҳужумлардан ҳимоялаш бўйича берган саволларига бошқарув раиси ўринбосарлари ва бошқа масъул раҳбарлар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Анжуманга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан таклиф этилган банк мижозлари ҳам ўзаро ҳамкорлик натижасида қўлга киритган ютуқлари ва ечилиши лозим бўлган таклифларини билдиришди.

Ушбу тадбирда “Agrobank” келгусида ҳам молиявий хизматлар сифатини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудлар молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида ягона мақсад сари қатъият билан интилаётганига, мамлакат иқтисодиётини изчил қўллаб-қувватлашга имкониятлари ва саъй-ҳаракатларини йўналтириш учун шайлигига яна бир бор амин бўлдик.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 6 =