Излар ҳақиқатга йўл очади

“Сўзсиз гувоҳлар”

 

Қишнинг совуқ кечаларидан бири. Мингбулоқ тумани Мустақиллик МФЙ Озодлик кўчасидаги 5-уйда хонадон соҳибларининг барчаси тинч уйқуда. Аммо шу осудаликни номаълум шахслар бузди.

Тун қоронғисида улар дераза орқали уйга яширинча киришди. Секин, из қолдирмасликка уринган ҳолда хоналарни титкилашди. Токчада, қутида, сандиқда сақланган қимматбаҳо тилла буюмлар бирма-бир ёнхалталарга жойланди. Ҳар бири бозор баҳосида 20 миллион сўм бўлган икки дона тилла узук, 15 миллион сўмлик бир дона “Бобуршоҳ” номли тилла узук ва бошқа турли тилла тақинчоқлар ҳам қўшилиб, жами 139 миллион 800 минг сўм қийматидаги бойлик тун қаърида ғойиб бўлди.

Эртаси куни хонадон эгаси Аброр Дадабоев  туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди. Унинг сўзларида аччиқ изтироб, кўзларида эса адолатга умид бор эди.

Подполковник Шуҳрат Давлатов раҳбарлигидаги эксперт-криминалистлар жиноят жойини текширишга киришди. Ҳар бир майда-чуйда деталь муҳим эди: дераза ромлари, пол, мебель юзаси. Текширув давомида у махсус техника ва илмий билимлар орқали ўзига керакли маълумотни тўплади. Ҳодиса жойидан олинган бармоқ излари биометрик база билан солиштирилиб, жиноятчи шахси аниқланди.

Қўл излари гапира олмаса-да, улар ҳар бир ҳаракатни, ҳар бир қадамни кўрсатганди. Шуҳрат Давлатов изларни синчиклаб текшириб, жиноятни очди. Тажрибали эксперт-криминалистнинг диққат ва аниқлик билан амалга оширган текширувлари жиноятни фош этишга олиб келди.

 

Қалбаки имзо

 

Подполковник Шуҳрат Давлатовнинг навбатдаги иш куни. У куннинг биринчи ярмида Наманган шаҳар Давлатобод тумани Спортчилар кўчасидаги ер участкаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича иш олиб боришга киришди.

Ишнинг бошиданоқ эътиборни тортиши мумкин бўлган бир нечта белгиларни қайд этди. У ер участкаси кадастр режасидаги ҳужжатларни кўриб чиқар экан, бунда ўзини “Filial muhandisi || kadastr muhandisi” сифатида таърифлаган Б.Ғаниев (исми-шарифи ўзгартирилган)нинг имзо ҳужжатларини тўлиқ текширишга қарор қилди. Кадастр режасини таҳлил қилаётиб, имзо ҳамда рўйхатдаги маълумотлар ўртасида нохолисликлар мавжудлигини пайқади. Кадастр ҳужжатларидаги шубҳали имзолар хатшунослик ва техник-криминалистик экспертиза орқали текширилиб, улар қалбаки экани исботланди. Қоғоздаги биргина имзо ортида катта қонунбузарлик тургани аён бўлди.

Бу каби ишларни очиш осон эмас. Бу билим, малака ва тажриба талаб қиладиган жараён. Дактилоскопик, трассологик, хатшунослик, баллистик ва ҳужжатларнинг техник-криминалистик экспертизалари — барчаси ҳақиқатга етишиш йўлида хизмат қилади.

 

Инсон тақдирига дахлдор

 

Қаҳрамонимиз, подполковник Шуҳрат Давлатов Наманган вилояти Ички ишлар бош бошқармаси эксперт-криминалистика маркази биометрик идентификация қилиш гуруҳи катта эксперти. У шу масканда ўз тажрибасини қўллаб, ҳар куни қўл излари, имзолар, ҳужжатлар ва биометрик маълумотлар орқали ҳақиқатни тиклаш йўлида хизмат қилади.

— Ўтган йили 24-28 ноябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси семинар-тренингида иштирок этиб, билимларимни бойитдим, — деди қаҳрамонимиз. — “Ҳодиса жойларини дронлар ёрдамида картография ва 3D суратга олиш” мавзусидаги машғулотлар янги имкониятлар эшигини очди. Энди жиноят жойи нафақат ердан, балки осмондан ҳам кўздан кечирилади.

Ҳа, бу каби халқаро тажрибалар ҳам соҳа вакилларининг касбий салоҳиятини бойитмоқда. Таъкидлаш жоизки, юқори даражадаги профессионаллик ва диққат билан ишлаш усуллари жиноятнинг тезда фош этилишини таъминлайди. Бу ишда билим ва амалий тажрибанинг ҳамжиҳатлиги орқали ҳақиқатга йўл очилади. Шуҳрат Давлатовнинг бой касбий тажрибаси, жиноятни фош этишда замонавий криминалистика усулларини самарали қўллай олиши унинг тизимдаги ўрнини янада мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =