Ўзбекистон ва АҚШ: Янги иқтисодий, маданий-гуманитар лойиҳалар орқали алоқалар мустаҳкамланмоқда

Ўзбек диаспораси АҚШда ўзининг иқтисодий иштирокини мустаҳкамламоқда, миллий анъаналарни сақлайдиган, ватанидаги ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган ва халқимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тушунишни яхшилашга ҳисса қўшадиган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу воқеалар, ўз навбатида, давлатлар ўртасидаги бўлажак расмий учрашувлар учун ижобий контекстни шакллантиради.

АҚШда ўзбек диаспорасининг фаол иштирокига янги миллий савдо марказининг очилиши мисол бўла олади. Американинг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида “Asr” ўзбек супермаркетининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа Филадельфиядаги ўзбек диаспораси вакиллари томонидан амалга оширилди. Тантанали тадбирда ўзбек жамоатчилиги билан бир қаторда турк, фаластин, афғон, рус ва украин диаспоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

“Asr” супермаркетининг очилиши Нью-Йоркда фаолият юритаётган “Tashkent” ўзбек супермаркетлар тармоғи сингари АҚШдаги миллий савдо инфратузилмасининг муҳим бўлагига айланди. Филадельфиядаги янги марказ кенг турдаги маҳсулотларни, жумладан, Ўзбекистондан импорт қилинган товарларни таклиф этмоқда.

Супермаркетда нафақат савдо қилиш, балки миллий пазандачилик анъаналарини сақлаб қолиш учун ҳам барча шароитлар яратилган. Бу ерда гўштни ҳалол усулда нимталаш, ўзбек миллий таомларини тайёрлаш учун махсус хоналар ҳамда ташриф буюрувчилар тайёр маҳсулотларни тановул қилишлари мумкин бўлган умумий овқатланиш жойлари ташкил этилган. Маҳсулотларнинг юқори сифати ва талабларга мослиги турли миллат вакиллари бўлган харидорларнинг доимий қизиқишини таъминламоқда.

Очилиш маросими карнай-сурнай ансамбли ва рақс жамоасининг чиқишлари билан давом этди. Тадбирда сўзга чиққан жамоатчилик вакиллари ва мамлакатимиз дипломатлари бу каби ташаббусларнинг хорижда Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Иқтисодий фаолликдан ташқари, АҚШдаги ўзбек диаспораси ватанни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, жамоатчилик фаоли Отабек Маҳкамов ташаббуси ҳамда АҚШдаги ўзбек диаспорасининг фаоллиги билан Нью-Йоркда Тошкент шаҳрида жойлашган У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонасига ёрдам кўрсатиш мақсадида инсонпарварлик акцияси ташкил этилди.

Ушбу ташаббус доирасида диаспора вакиллари ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бирлашди. Йиғилган маблағлар ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностика ва реабилитация муолажаларини ўтказиш учун жиҳозлар, махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинди.

Юборилган ускуналар аллақачон тиббиёт муассасасига етказилган ва шифокорларнинг амалий фаолиятида қўлланилмоқда. Бу неврологик ва психоневрологик касалликларга чалинган болаларга кўрсатилаётган ёрдам сифатини ошириш имконини беради.

Ушбу инсонпарварлик акцияси Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси иштирокида амалга оширилди ва хориждаги ватандошларимизнинг бирдамлиги, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшишга бўлган самимий интилишининг яна бир намунаси бўлди.

Ўзбекистон элчихонаси ва бош консуллигининг расмий йўналиши бўйича ҳам, халқ дипломатияси имкониятлари орқали ҳам жадал алоқалар маданий соҳада ҳам ўз самарасини бермоқда. Элчи Фурқат Сиддиқов АҚШ Осиё санъати миллий музейи директори Чейз Робинсон билан учрашувда шулар ҳақида батафсил суҳбат қилган.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашиш бўлди. Шу билан бирга, Музейлар соҳасида қўшма дастурлар, академик ташаббуслар ва профессионал алмашинувларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Чейз Робинсон Ўзбекистон халқини давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан табриклади. Унинг таъкидлашича, ислом дини Яқин Шарқда пайдо бўлганига қарамай, унинг жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим босқич бўлган илмий ва маданий равнақи кўп жиҳатдан Марказий Осиё, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ бўлган.

Унинг фикрича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни маданий ва интеллектуал уйғонишнинг янги босқичи сифатида кўриш мумкин.

Томонлар маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш, икки мамлакат музейлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар алмашинувини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқди.

Жорий йилда АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан музей директори элчихона билан ҳамкорликда ўзбек маданияти ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштиришга бағишланган дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон музейлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Чейз Робинсон барқарор ва узоқ муддатли шерикликни шакллантириш мақсадида республиканинг тегишли музей муассасалари билан ўзаро англашув меморандумларини имзолаш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар “Smithsonian Magazine” журналининг Ўзбекистон маданияти ва тарихий меросига бағишланган махсус сонини тайёрлаш ва нашр этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Бундан ташқари, Чейз Робинсон элчихона билан ҳамкорликда Ўзбекистонга режалаштирилган ташриф ҳақида маълумот берди. Ташриф доирасида юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари, меъморий обидалари, замонавий шаҳарсозлик ютуқлари билан танишиш ниятида эканини билдириб, миллий таомларга қизиқиш билдирди.

Мамлакатлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик мусиқа йўналишида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистонлик пианиночи Беҳзод Абдураимов илк бор АҚШдаги машҳур Кеннеди-Трамп номидаги санъат марказида Америка Миллий симфоник оркестри ва унинг бош дирижёри – италиялик маэстро Джанандреа Нозеда билан ҳамкорликда уч кунлик концерт дастурини намойиш қилди.

Ушбу концерт дастурининг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг маданий мероси, миллий санъати ва туризм салоҳиятини АҚШ жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Элчихона дипломатлари концертнинг дастлабки куни АҚШ расмий доиралари ҳамда ватандошларни концерт дастурига таклиф этиб, Ўзбекистон ҳукумати номидан расмий қабул маросимини ташкил этди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг маданият ва туризм салоҳиятини тарғиб этиш ҳамда Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Ушбу ташаббусларнинг барчаси – миллий савдони ривожлантириш ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан тортиб, маданий алмашинувлар ва мусиқий дастурларгача – Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг кўламини намойиш этади. Диаспоранинг фаоллиги ва қўшма лойиҳалар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий меросни тарғиб қилиш ва мамлакатнинг хориждаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Дунё” АА,

Вашингтон шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =