Газета “тақдири” кимга боғлиқ?

Яхши эслайман, газетачилик фаолиятимни бошлаган 1976 йили ҳам вақтли нашрлар обунаси нечоғлиқ бўлиши республика, вилоят, туман раҳбарларига боғлиқ эди ва улар тасдиқлаган миқдордаги газета-журналларнинг обуна режаси уддаланар эди. Таҳририятлар бу ишга деярли аралашмасди. Обуна мавсумининг бориши шаҳар, туман раҳбарларининг ижтимоий соҳалар бўйича ўринбосарлари ҳамда обуна билан шуғулланувчи ташкилот раҳбарлари иштирокида ҳар ҳафта муҳокама этиб бориларди.

Туман газетамиз ўша йиллари 10 минг нусха атрофида чоп этилган. Минг афсуски, яқин йилларда ҳокимлик вазифасида ишлаган маънавият ва маърифат жонкуярларидан бир-иккитасини ҳисобга олмаганда, туманимизга оммавий ахборот воситалари ҳақида қайғурувчи раҳбарлар келмади ҳисоб. Оқибат шуки, газета адади йилдан-йилга камайиб бормоқда.

2025 йил якунланиши арафасида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов фаоллар йиғилишида “Юз йиллик тарихга эга “Наманган ҳақиқати” газетамизни нашр этиш тўхтаб қолмасин. У — кучли ғоявий қуролимиз. Туман газеталарининг обунасига ҳам қараб қўйинглар”, дея масъулларга топшириқ берди. Ана шундан сўнг вилоятда обуна масаласида ҳукм сураётган сукунат барҳам топди. Нафақат вилоят, балки республика ҳамда туманларнинг газеталарига обуна сиёсати ва кунлик сўров бошланди. Натижа шуки, бугун биргина “Наманган ҳақиқати” газетаси қарийб 10 минг нусхада чоп этиляпти. Вилоятдаги бошқа нашрлар адади ҳам ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада ошган.

Аммо бугун фақат муассиснинг кўмагигагина умид қилиш билан чекланиб қолган газеталарнинг муҳаррирлари янглишади. Ижодий жамоа ҳам ўз нашрининг мавқеини ошириш, ҳокимликнинг чинакам ғоявий қуролига айланиши ҳақида қайғуриши шарт. Бу борада “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Хуршидбек Файзиев фаолияти ҳамкасбларимизга ўрнак бўлгулик.

Унинг қалами “Наманган садоси”, “Маърифат гулшани”, “Халқ иродаси” сингари нашрларда чархланган. У наманганлик таниқли журналист Комилжон Файзиевнинг фарзанди. Янги лавозимдаги фаолиятини давр талаб қилаётган даражада шашту шижоат, изланиш ва ташаббускорлик билан бошлади. Энг аввало, таҳририятда ходимлар учун ишлаш шароитларини яхшилашга эътибор қаратди. Мутахассислар сифат таркибини ёш, янгиликка интилувчан журналистлар билан бойитди. Таҳририят иқтисодий базасини мустаҳкамлаш мақсадида маркетинг бўлимини ташкил этди. Ижодий ҳамда молия-иқтисод ва обуна бўлимлари фаолият юрита бошлаши нашрнинг мазмун ва кўрк жиҳатдан тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Аввалгидек 8 саҳифа эмас, 24 саҳифада нашр этиш йўлга қўйилгани газетанинг географияси, жанрлар ранг-баранглиги, ўқишлилиги ҳар қачонгидан ошишида муҳим омил бўляпти.

Газетхонлар, қолаверса, кенг жамоатчилик олқишига сазовор бўлаётган янги-янги ижодий лойиҳалар амалиётга жорий этилаётгани ҳам эътиборга молик. Ана шундай рукнлардан бири “Муҳаррир ҳоким ҳузурида” деб номланган.

Лойиҳа доирасидаги илк қўш саҳифа “Ривожланиш манзараси” рукни остида “Уйчи тумани янги тараққиёт босқичида” сарлавҳаси билан ёритилди. Туман ҳокими Музаффар Абдуллаев муҳаррирнинг Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда туман инфратузилмасини ривожлантириш, таълим соҳаси тараққиёти, тадбиркорлик, туризм, энергетика ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги туб ислоҳотлар, аҳоли билан очиқ мулоқот, маҳалла институти, жамоатчилик назорати, халқ қабули ва сайёр қабуллар орқали фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича берган саволларига аниқ мисоллар келтирган ҳолда батафсил жавоб қайтарган. Уларни ўқиган муштарий туманда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ислоҳотлари, турли лойиҳа ва фаровонлик дастурларидан кўзланган асосий мақсадларни тўла англаши аниқ.

Наманган тумани ҳокими Садритдин Мўминов билан ўтказилган суҳбат тафсилотлари эса қўш саҳифага жойланган. Ундан аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ишсизликни камайтириш, меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, томорқадан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, “қизил тоифа”га кирувчи маҳаллаларни “сариқ”қа ўтказиш, инвестиция жозибадорлигини оширишга хизмат қилувчи йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари ҳақида маълумот оласиз. Австрия давлати делегациясининг Наманган туманига ташрифидан кўзда тутилган мақсадлар, камбағалликни қисқартириш, 2026 йилга мўлжалланган режалар ва муаммоларни яширмасдан очиқ айтиш, уларга ечим топиш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш бугунги ислоҳотлар даврининг асосий талаблари эканлиги муфассал акс эттирилган.

Янги Наманган, Янгиқўрғон, Норин туманлари ҳокимлари билан бўлган савол-жавоблар тафсилотлари ҳам бугунги файзиёб ҳаёт, халқ хўжалиги турли соҳалари фидойиларининг жўшқин меҳнат фаолияти акс эттирилган суратлар билан тўлақонли ёритилганлиги таҳсинга лойиқ.

Бу лойиҳа — ҳар тарафлама манфаатли. Энг аввало, нафақат “Наманган ҳақиқати”, умуман, жамиятда газета ҳам, муҳаррир ҳам борлигини ифодалайди.

Вилоятимиздаги шаҳар ва туманлар ҳокимларини вақтли нашрларнинг журналистлари билан мулоқот қилишга вақт топиш ва суҳбатлашиш маданиятини ўргатади.

Шаҳар ва туманларнинг умумий ҳаёти, кечаси, бугуни ва эртаси айнан ҳокимлар нуқтаи назари билан муфассал очиқланиб, газетада батафсил ёритилади.

Бу вилоят ҳокимлиги нашрининг шаҳар ва туманлар йўқламаси, шунинг баробарида янги муҳаррирнинг ҳокимлар билан юзма-юз танишуви вазифасини ўтамоқда.

Табиийки, бу икки томонлама узвий алоқа ўрнатилишига хизмат қилади.

Энг муҳими, газета обунаси яхшиланиши билан биргаликда Наманганимизнинг барча ҳудудларида ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қилинаётган ишлар ва кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши тезкор ёритилиб, оммага етказилишига, халқимизга мотивация бағишлашга хизмат қилади.

Бизнингча, ҳокимлар билан суҳбатда ўша шаҳар ёки туман ҳокимлигининг газетаси муҳаррири ҳам иштирок этса, нур устига аъло нур бўларди. Негаки ҳамкасбларимиз орасида ўз ҳокими билан елкама-елка туриш бир ёқда турсин, ҳатто учрашмайдиган, йиғилишларда қатнашмайдиганлари ҳам бор. Бу лойиҳа уларга ҳам фойдали бўлармиди?

— Аввало, Президентимиз ва вилоятимиз ҳокими томонидан оммавий ахборот воситаларининг очиқлик, шаффофлик ва холислик принциплари асосида фаолият юритишига доимий эътибор қаратилаётгани, амалий қўллаб-қувватланаётгани биз учун катта имконият ва масъулиятдир. Ана шу ишончдан самарали фойдаланиб, жипслик, ташаббускорлик, ҳамжиҳатлик ва ошкоралик руҳида иш олиб бориш барчамизнинг устувор вазифамиз бўлиши шубҳасиз, — деди “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Хуршидбек Файзиев. — Раҳбарлар ва ОАВ ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган жойда ахборот сиёсатида барқарорлик, ишонч ва тизимлилик қарор топади. Масъуллар билан очиқ мулоқотлар, журналистлар билан доимий алоқалар нафақат жамоатчиликни холис ахборот билан таъминлайди, балки жойлардаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халққа тўғри етказишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугун туман ҳокимликларининг нашрларида ҳам янгиланиш, уйғониш ва ижодий фаоллик яққол сезилмоқда. Бу жараённи янада кучайтириш, маҳаллий газеталар муҳаррирларини ҳам ушбу лойиҳаларга фаол жалб этиш орқали умумий ахборот маконимиз сифатини янада юксалтиришга эришиш мумкин.

Вилоятимиз раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари самарасида халқаро даражадаги фестиваллар, анжуманлар, йирик тадбирлар ва салмоқли лойиҳалар изчил амалга оширилиб, барча соҳаларда барқарор ривожланиш кузатилмоқда. Ана шу ютуқ ва янгиланишларни кенг жамоатчиликка холис ва тезкор етказиш, аҳоли кайфияти ва ижтимоий руҳиятида ижобий акс эттиришда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам масъулиятли вазифамиз бор, албатта.

— Мулоқотларда ахборот хизмати раҳбарларининг ҳам фаол иштирок этаётгани самарадорликни оширмоқда. Тажриба алмашуви, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ягона ахборот маконини шакллантириш имкониятлари янада кенгаймоқда, — деди суҳбатдошимиз. — Шу йўлда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда иш олиб боришга тайёрмиз.

Бош муҳаррир бу лойиҳани вилоятдаги бошқармалар, йирик ташкилот, корхоналар ҳамда олий таълим масканларида ҳам амалга оширишни режалаштиргани айни муддаодир.

“Наманган ҳақиқати”нинг деярли ҳар сонидан жой олаётган “Наманганда II уйғониш даври”, “Ортга қайтмас ислоҳотлар”, “Пойтахтдаги наманганликлар”, “Рақамлар ортидаги ҳаёт”, “Ишонч ва шараф”, “Ислоҳотлар таянчи” сингари махсус саҳифа ҳамда рукнлар остидаги материаллар муштарийни беихтиёр ўзига чорлаши аниқ.

“Спорт оламида”, “Жавоби изланган саволлар”, “Митти ҳикоялар” деб номланган кўнгил­очар саҳифалар эса ўқувчилар эътиборига муттасил равишда ҳавола этилаётганлиги, табиийки, ўқувчига маънавий озиқ бағишлаётгани табиий. Қолаверса, бундай материаллар доимий бериб борилиши обуначилар сафи кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Мингбулоқ тумани ҳокими Тоҳиржон Рапиқов газета ададини 10 мингтага етказишни режалаштирганди. 9500 нусхага етганида, у вилоят ҳокими ўринбосари вазифасига тайинланди. Кунларнинг бирида туманга ташрифи чоғида салом-аликдан сўнг: “Ака, узр, ваъдамнинг устидан чиқолмадим”, — дея қўлларини елкамга қўйганди. Бу ҳақиқий инсонгарчилик, юксак маънавият белгиси. Кошкийди, бугунги муассисларимиз ҳам у сингари бўлишса…

Юқорида таъкидлаганимдек, газета тақдири муассис билан муҳаррирга боғлиқ, айниқса, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига. Туманимиз ҳокими Аҳрорбек Мансуров таъбири билан айтганда, энг аввало раҳбару мутахассисларни газета ўқишга, таҳририятлар билан ҳамкор бўлишга ўргатишимиз керак. Бу борада “Наманган ҳақиқати” газетаси тажрибасини кенг оммалаштириш зарур.

Ўтган ярим аср давомидаги тажрибаларимдан келиб чиқиб, “Газета тақдири — муассис билан муҳаррирга ҳам боғлиқ” деган қатъий бир фикрга келганман.

Қосимжон АКБАРОВ,

Мингбулоқ тумани

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 9 =