Сўз ҳам шифо

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказининг асаб касалликлари бўлими раҳбари, тажрибали шифокор Чарос МАМАТХОНОВА ва ушбу Марказнинг фидойи ходимлари ҳақида сўз

Ногиронлар касалхонаси халқ тилида пойтахтдаги “Қазичилар” маҳалласи дейиладиган гўшада жойлашган. Тўлиқ номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази.

Ичкарига киришингиз биланоқ ногиронлик аравачасида кетаётган ёки ҳасса суяниб бораётган беморларга кўзингиз тушади. Врачу ҳамширалар у ёқдан-бу ёққа шошадилар. Улар амалга ошираётган ишларидан мамнундирлар. Чунки ҳазрат Алишер Навоий айтганидай:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Яъни кимки қийналиб турган бир одамни қувонтирса, Каъбани обод қилганнинг даражасига етади. Ҳа, шифокорлар меҳнати айнан шундай таърифга муносиб.

— Бу касалхонага ўн беш йилдан бери келаман, — деди пойтахтнинг Кўкча даҳасида яшовчи Абдуғаффор Қодиров. — Худди врачу ҳамширадан тортиб, массажчи, ошпаз, фаррошларгача “Беморларга ширин муомалада бўлинг” дея буйруқ бериб қўйилгандек. Ҳамма хушмуомала. Қаранг, асаб хасталиклари бўлимида қаттиқроқ товушдаги сўз эшитилмайди. Бўлимга тажрибали врач Чарос Маматхонова раҳбарлик қилмоқда. Чаросни анчадан бери танийман. Ўз касбига меҳр асносида қарайди. Мудом илмини ошириб боради. Тинмай изланади. У Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Австрия каби мамлакатлардаги анжуманларда қатнашиб, даволашнинг янгидан-янги усулларини ўрганиб келди. Физиотерапия хоналарига кириб кўринг: турли замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб турибди. Ҳайратингиз чандон ошади. Бўлимдаги ҳамшираларнинг ҳам барчасини танийман. Ўз касбининг устасидирлар. Мана, ошпаз Вазира. Агарда беморларнинг бирор нафари ошхонага кирмаса, хонасига бориб сабабини суриштиради. “Хонангизга овқат олиб келайми?” дейди. Ҳамширалар ҳам ниҳоятда ширинсухан.

Стендлардаги суратларни томоша қиламиз. Чарос Маматхонованинг турли анжуманлардаги иштироки тўғрисида ҳикоя қилади бу суратлар. Айниқса, япон мутахассиси билан сурати гўзал чиққан. Ўзи японлар жуда эътиборли, назокатли халқ. Стенд пастида нималардир тўшаб қўйилган. Сўрасак, оёқ нуқталарини массаж қиладиган шолчалар экан. Кўрдикки, коридорнинг ҳар қаричи соғлиқ учун хизмат қиларкан.

Яна бир бемор Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан келган Қаҳрамон Менглиев. У туман ҳокими ёрдамчиси бўлган экан.

— Бирдан инсультга чалиндим. Кафеда дўстлар билан тамадди қилаётгандик. Чап қўлим йўқолиб қолгандек бўлди. Пайпаслай бошладим. “Нима ахтаряпсан?” деди бир дўстим. “Қўлимни…”. “Ўрнида турибди-ку?!”. Шундан сўнг югур-югур бошланди. Одамни ваҳима босади-да… Хуллас, чап тарафдан фалаж бўлдим. Яхшиямки, шу касалхона бор экан. Олтинчи маротаба келишим. Лоф эмас: бундай шифо масканини топиш қийин. Ҳамшираларни айтмайсизми? Укол урганда сезмайсиз ҳатто. Оғритмайди демоқчиман-да…Мана, ҳамшира Турсунгул Баҳромова. Ўз ишининг устаси. Барчаси ширинсухан.

Еттинчи палатага врач кириб келди — Насиба Юсупова. Ҳар бир бемордан ҳол-аҳвол сўради. Дори-дармонларни тавсия қилди. Унга мурожаат қилдик. “Кейинги даврларда инсульт хасталиги кўпайиб кетди. Бунинг сабаби нимада?”. “Қон босимининг мунтазам равишда кўтарилиб туришининг салбий оқибатлари бор. Шунингдек, доимий стресс ҳам инсультга олиб боради. Ҳаракат, тинмай ҳаракат қилиш лозим. Шунда қон томирларда нормал айланади. Аждодларимиз қишлоқдан қишлоққа, ҳатто шаҳарларгача пойи-пиёда борганлар. Ёз ойларида эрта тонгданоқ оёқяланг юрганлар. Оёқда муҳим нуқталар мавжуд. Шу ерга тегиб, “заряд” олган. Бинобарин, аждодларимиз инсульт нелигини билган эмаслар. Сув, хусусан, тоза сув ичилганда қон суюлади. Ҳозир дарё сувларини ким ичади? Ҳеч ким. Ота-боболаримиз эса дарёнинг мусаффо минералларга бой сувларидан истеъмол қилганлар. Она табиатдан қанчалик узоқлашсак, хасталик эҳтимоли шунчалик юқори бўлади”.

Ҳақиқатан ҳам кейинги даврларда техника ривожланиб, машиналар кўпайиб кетди. Кўпчиликнинг тагида машина. Йўлларда оёқяланг юрган кишини кўрсак, “жиннимикан ё?” деб ҳайрон қоламиз.

Йўриқчи Улмон Қаюмова билан танишдик. Аввал “Гулмон” деб эшитибмиз. “Улмон, — деди у. — Улмоной. Оилада кетма-кет қиз туғилаверган. Кейингиси ўғил бўлсин, деган ниятда шу исмни қўйганлар. Сўнг ўғил туғилган”. Гурунгимиз ўз-ўзидан қовушиб кетди.

— Одамнинг баданида, ҳаттоки онг остида ҳам нуқталар бўлади. Ана шу нуқталарга тегилса, маҳорат асносида қўзғатилса, ижобий тарафга ўзгаришни пайқайсиз. Массаж-уқалаш негизида шу ҳунар ётади. Нуқталарни илғаб таъсир ўтказиш усули, айниқса, Японияда кенг миқёсда равнақ топган. Мен шифохонага ҳамкорлик асносида келган япон массажчиларидан кўп нарсаларни ўргандим. Ҳужайраларга туз йиғилса, бадан қотади. Моҳир массажчи шундоқ ҳолатдан беморни чиқаради. Умуман олганда, жисмоний ҳаракатлар воситасида қонни суюлтириш мумкин. Қони суюқ киши хасталикларга чалинмайди. Спортнинг кўпгина турлари, жумладан, футбол бадан нуқталари ҳаракати учун ниҳоятда фойдали.

— Футболга қизиқасизми?

— Ҳа. Айниқса, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ўйинларини кўрсам завқланаман. У “Манчестер Сити” клубида ўйнайди. Етук ҳимоячи. Гвардиоланинг шогирди. Йигирма бир ёшида дунёга танилди. Фахрланамиз, албатта. Футболнинг соғлиққа таъсири беқиёс.

Ўйлаб қарасак, сўз ҳам соғлиққа шифо экан. Мазкур даргоҳнинг асаб касалликлари бўлимида ёқимли муҳит ҳукм суриб турибди. Бу ерга барча вилоятлардан, ҳатто қўшни мамлакатлардан нажот излаб келишади. Ғамгин юзларда шодлик аломатлари порлашига врачлар, ҳамширалар, массажчилар астойдил ишонадилар. Чунки улар касб-корларини севадилар.

Асаб хасталиклари бўлими мудири Чарос Маматхонованинг хорижий давлатлар, хусусан, Япониядаги ҳамкасблари билан алоқа боғлагани ибратли иш бўлибди.

Профессор Баҳодир Карим “Японияда етти кун” номли китобида японларнинг руҳан хотиржамлиги тўғрисида тўхталган: “Дарвоқе, бу даргоҳ ўзбек адабиёти, хусусан, жадидлар ижоди билан жиддий шуғулланиб келаётган профессор Ҳисао Коматсунинг иш жойи. Коматсу барча туркий тилларни, жумладан, ўзбек тилини ҳам билади. Ўзбекистонда бўлиб ўтган анжуманларда, жадидчилик конференцияларида маърузалари билан қатнашиб келади. Фитрат ижоди бўйича яхши мутахассис. “Уч жадид ва ўзгарган дунё” номли мақоласида Исмоил Гаспиринский, Абдурашид Иброҳим, Абдурауф Фитрат ижодини тадқиқ қилди. Ўзбек тўйларини таққослаган мақоласи ҳам бор — “Jadid”да босилди. Қизиғи, муаллиф ўша мақоласини Эркин Воҳидовнинг ҳазилнамо “Нега япон юз йил яшар?” шеъри билан тугатибди. Мана ўша шеър:

 

Нега япон юз йил яшару

Ўзбек бунча ёшга бормайди?

Чунки япон биздек қоронғи

Саҳар туриб тўйга бормайди.

 

Таъзияда эл кўзи учун

Минг кишилик зиёфат қурмас.

Ҳайити йўқ, бел боғлаб уч кун

Шамдай қотиб кўчада турмас.

 

Гарчи биздан юз бор фаровон,

Гарчи биздан юз карра тўқдир.

Тўй харжида юзта бой япон

Бир камбағал ўзбекча йўқдир.

 

Бу сўзимни японга айтсам,

Деди баттар қисиб кўзини:

– Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,

Харакари қилар ўзини.

 

Бундан олимнинг жадидлар замонида кўтарилган муаммолар билан бирга замонавий ўзбек адабиётидан ҳам бохабарлиги кўринади” (Баҳодир Карим. “Японияда етти кун”. Тошкент, 2026 йил. 4-5-бетлар).

Ногиронлар шифохонаси врачларидан бири: “Японлардан ўрганиш керак яшашни. Уларда руҳий хотиржамлик бор. Ейиш-ичишдаям тежамкор. Энг муҳим жиҳати шундаки, улар ширин сўз айтишга ва ширин сўзни эшитишга одатланганлар. Шунинг учун ҳам японларда инсульт кам учрайди”, деди. Ҳақ гап. Чунончи, Чарос Маматхонова раҳбарлигидаги бўлим серқуёш Ўзбекистонимизда инсульт хасталигини бартараф этиш йўлида тинмай изланмоқдалар.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − seven =