Гужум

Муаллиф ҳақида:

Назира МАТЯҚУБОВА 1968 йили Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган.

1991 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган. ­2003-2004 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши (ҳозирги Давлат сиёсати ва бошқаруви) академиясида таҳсил олган.

Ижодкорнинг “Кўзлари шаҳлогинам”, “Ардоқли оқсоқол” (публицистика), “Қалбим тўла саломдир”, “Ким ушундир керекпен” (қорақалпоқ тилида), “Тоғлар ишқи”, “Онажонгинам”, “Ёнимдаги яхшилар”, “Жанымдағы жақсылар” (қорақалпоқ тилида) китоблари нашр қилинган.

Назира Матяқубова 2020 йилда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, 2022 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”  унвонлари ва  “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган.

(воқеий ҳикоя)

Кўзимни очиб, эсимни танибманки, қанча йилларнинг иссиқ-совуғини, қанча куз-у баҳорлар шамолини кўрган, осмонсимон боши узра қанча қорлар сочилган, қарич етмас шохлари, қучоқ етмас танасини қанча ёмғирлар ювган шу пурвиқор гужум уйимиз ортида яна бир кўркам уй каби турарди. Кўркам уй каби дейишимнинг боиси бор. У нафақат кўкка, балки энига ҳам тарвақайлаб кетган, қуюқ ва қалин шох-баргларидан ўтиб, остидаги супа устига ҳатто қуёшнинг зарра нури-ю ёмғир томчиси тушиши даргумон эди. Табиат яратган ўтов десаям бўларди. Агар баланддан қаралса, яшил гумбазга, ундан-да баланддан эса бобомнинг чўгирмасига ўхшаб кўринса керак, деб тасаввур қилардим ўзимча.

То эрта баҳордан кеч кузгача гужум остидаги салқингина супа бир этак боланинг кичкина ватани, бир оилани ёзнинг жазирамасидан ҳимоя қиладиган қўрғон эди. Кундузлари ўйин-кулгимиз, шовқин-суронимиздан гужумнинг баргларигача яйрар, тунги осудалигимиздан бутун вужуди ором оларди гўё. Онам бизни ўша гужумга ишонарди. Гужум тагида чуғурлашиб ўйнаб ўтирсак, бизга ора-чора қараб қўйиб, кўнгли хотиржам, ишларини қилиб юраверарди.

Оиламизнинг яқинлари, дўст-ёрлари шу гужум соясида бир пиёла чой ичгани келишар, оддийгина супа устида камтарона, лекин файзли дастурхонлар ёзилиб, дилдан суҳбатлар қуриларди. Айниқса, кексайиб қолган бобом гужумнинг шохлари чайқалиб, барглари улашаётган енгил шабададан ором олар, “Неъматингдан айланай, Оллоҳим”, дея шукрона келтирарди.

Бобомнинг бир тенгқур аммаваччаси бўлар, унинг уйида ҳам худди шундай барваста, серсоя гужум, остида шинам супа бўлсаям, ёз кунларида деярли кун бўйи ичкари хонадан чиқмас, деразаларини ташқарисидан бўз, ичкаридан парда билан ёпиб, эшикларини зичлаб, қоп-қоронғиликда дам оларди. Бобом баъзида атайлаб унинг ёнига йўл олар, “Бир куни кирасан шу қоронғи дунёга, чиқ ташқарига!” деб ёш боланинг қулоғидан чўзгандай олиб чиқиб, гужум остидаги супасига ўтирғизиб қайтарди. У пайт деярли ҳар бир хонадонда, далаларда, сув бўйларида, ҳаттоки йўл бўйларида бир неча йиллик, асрлик гужумлар барқ уриб турар, уларнинг сояси-ю салқин ҳавосидан барча баҳраманд бўларди.

Бобомнинг болалик хотиралари ҳам шу гужум билан боғлиқ эди. Илдизига сув қуйиб, қўй-қўзилардан ҳимоя қилиб юрган кезларини эслаб, “Ўшанда бўйларимиз ҳам тенг эди”, деб қўярди. Бобом етмишларга бориб оламдан ўтди.

Орадан саккиз-ўн йилларча ўтиб, гужумларга касаллик тегди. Кўпга келган тўй бизникини ҳам четлаб ўтмади. Барглари, шохлари илма-тешик бўла бошлади.

Кимнингдир гужуми бутунлай қуриб қолибди, деса, ҳаммадан кўп онам хавотирга тушар, ўзимизникини асраб қолиш учун нималарнидир қилган бўлар, ҳатто унинг адо бўлиб бораётган бўй-бастига термилиб йиғлаб ҳам оларди. Мен талаба эдим, ёзги таътилда уйга келгандим ўшанда. Бир куни онамнинг қўшни аёлга гапираётганини эшитиб қолдим.

— Бобомдан қолган, отамни, онамни кўрган, соясида болаларим улғайган гужум бу. Нима қилишни билмаяпман.

— Айтишларича, гужумларга аллақандай қурт тушганмиш. Фойдаси йўқ дейишяпти. Кеча фалончи агроном гужумини кесиб ташлабди-ю, бошқалар нима қила оларди? — дея далда берарди қўшни аёл.

Чиндан ҳам гужумнинг шохларидан майда қуртлар тўкила бошлади. Онам энди кичкина укаларимни “гужумнинг тагига борманглар, устларингизга қурт тушади” деб қайта-қайта огоҳлантирар, аммо ўзи унинг атрофини тарк эта олмасди.

Гужумларнинг дарди одамлар дардига айланган шундай бир пайтда қишлоқда уларни кесиб, ёғочларини сотиб оладиган ёки яроқсизлигини пеш қилиб шунчаки олиб кетадиган уддабурон одамлар пайдо бўлди.

Аслида, гужумнинг танаси жуда қаттиқ бўлади. Қадимда ота-боболаримиз ундан аравалар, ғилдираклар ясашган. Хивадаги арк ва мадрасаларнинг нақшинкор дарвозалари, эшиклари ҳам гужум дарахтидан ишланган. Шунинг учун йиллар давомида ўз қиёфасини йўқотмаган. Бу гапларни қишлоқдагилар ана шу уддабуронлар айланишиб қолганидан кейин бир-бирига айтишарди.

Бир куни улардан уч-тўрттаси бизникига ҳам келди. Онам тоғамларникига кетган, уйда отам билан қолган эдик. Отам узоқ тортишди. Охири кўндиришди, шекилли, ишга киришиб кетишди. Лекин уларнинг олиб келган арралари дарахт танасида синар, шохларини қайиришга отган арқонлари узилар, болтаси учиб кетиб, ўзларининг бошидан айланарди. Хуллас, бирининг бели, бирининг қўли шикастланди, яна бирининг пешанасида ёриқ пайдо бўлди. Укаларим билан сал нарироқда узун-қисқа бўлиб, тизилишиб кузатар эканмиз, бундан болаларча хурсанд бўлардик. “Баттар бўлинглар”, “тўнканинг тагида қолиб кетинглар” дея биримиз қарғасак, биримиз койинардик. Гужумимиз кетмаслик учун курашяпти, деб ўйлардик. Ярим кунлик “жангу жадал”дан кейин улар барибир шундай улкан дарахтни таг-туги билан кесиб, қулатиб, аравага ортиб олиб кетишди.

Онам эса бу воқеанинг эртасига қайтди. Унинг олисдан гужумнинг йўқлигини кўриб йиғлаганича чопиб келаётгани, кела солиб: “Нега бундай қилдингиз? Бир чорасини топардик-ку!” деб отам билан уриша кетгани, отамнинг юпатишига қарамасдан, бир неча кун аразлаб, ўзига келолмай юргани ҳеч эсимдан чиқмайди. Онамга қўшилиб, соясиз супа устида ўтириб, биз ҳам йиғлаганмиз.

Ёзги таътилни тугатиб, Тошкентга кетадиган чоғим келди. Машинанинг орқа ўриндиғида ўтириб бораётиб, орқамга қарар эканман, уйимиз ғариб бўлиб қолгандай кўринган эди.

Кейинчалик онам айнан ўша жойга бир неча бор гужум кўчатини ўтқазди. Аммо улар униб-ўсмади.

Ҳозир ҳам ота уйимга борсам, ана шу битта нуқтага узоқ тикиламан.

…Сервиқор гужум, унинг баланд шохларида қушларнинг, остидаги супа устида болаларнинг чуғурлашаётгани, ўйин-кулгилари, сал нарироқда юмуш билан банд, лекин ора-орада дилбандларига қараб қўяётган онам кўз ўнгимда гавдаланади…

“Яхшиямки, хотираларни ҳеч ким дарахтлар каби қўпориб ташлай олмайди”, дейман ўзимга ўзим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + eleven =