Бўри оралаган қўрғон

У бўрига ёлворди…

Чингиз АЙТМАТОВ

Ҳаётингизда бир бора бўлса-да, бўрига дуч келганмисиз? Мен бир марта учратдим. Эртак ва афсоналарда йиртқич, бераҳм дея таърифланган, болажонларимизнинг мультфильмларида эса қуёндан доим алданиб қоладиган бўрини занжирга боғланган афтода ҳолда кўрдим.

Сарғимтил тусли, қулоқлари дикрайган, думи узун. Ўзи чўпонларнинг итидек келади, аммо унинг кўзларига боқиб, вужудимда ажабтовур титроқми, ҳаяжонми уйғонди.

Дўстим Алишернинг уйида ўтирган эдик. Кўча тарафдан ўғлининг: “Ота, бўри, бўри!” деган овози келди. Ташқарига чиқдик. Дарвоза ёнида баланд бўйли йигит боғланган бўриси билан турибди. Дўстим бўри етаклаган йигитни ҳовлисига бошлаб, аввал уйини, сўнгра моллари ва қўйлари қишлайдиган қамовга киритиб айлантириб чиқди-да, чўнтагидаги пулини санамасдан узатиб, раҳмат айтганча кузатиб қўйди.

Дарвоқе, мен келганимда овози оламни бузган дўстимнинг овчарка ити қаерда деб қарасак, бечора мулойим тортиб, ғарам ортида писиб ётган экан.

Кексалардан эшитганларим ёдимга тушди. Бўрининг деви бўлади, у оддий жонзот эмас, илоҳий… Бўрининг кўзларида важоҳат ва тилсимот яширинган. Ёши улуғ кишилар бирорта жўмард одам ҳақида гап кетса, “бўридек эди, ортига бурилиб қарамасди”, дея сўзлайдилар.

Ёхуд фарзандлари турмаганлар чақалоғини ирим қилиб бўридан айлантириб олишган, ўғил бўлса Бўрибой, қиз бўлса Бўритош деб туркона исм беришган.

Қўшнимизнинг тўйи эди. Нотаниш бир йигит ийманибгина бир чеккада ўтирибди. Шунда маҳалла оқсоқоли Ўтаган бобо ҳалиги йигитни имлаб чақирди ва деди:

— Ҳой, Шодиёрбой, ахир сиз жиянсиз, нега шумшайиб ўтирибсиз? Жиян тоғанинг уйига келса, бўри оралагандек бўлади, дейишган машойихлар. Тезда боринг-да, анови меҳмонларга қаранг, — деб айтгани ёдимга тушди.

Бўрига адаш бўлган кишиларнинг ҳаётда чапани, тўғрисўз ва қайсар феъл-атворга молик эканлигини кўрганман, бунинг сир-синоати қайда экан, қолаверса, Алпомишнинг отасини ҳам Бойбўри деб аташмаганми?..

Дўстимдан хатти-ҳаракатлари сабабини сўрайман.

— Эй, ошна, билмайсизми, бўри оралаган қўрғонга Аллоҳнинг инояти билан, албатта, барака инаркан, бўри ўрлаган тоғу дашт серфайз, обод бўлади, бало-қазолар арийди. Рости, авваллари мен ҳам бундай удумларга аҳамият бермасдим. Бир тракторчи танишим бор. Бечоранинг неча йиллардан буён боши ташвиш-қайғудан чиқмасди.

Бир тележка сомонга тоғлик овчидан бўри боласини олиб келди ва парваришлади. Биласизми, ўша кундан бошлаб унинг уйига барака, ишига унум, омад келаверди.

Ҳар йили қисир қолиб куйдирадиган сигири учта бузоқ туғди, қўй-эчкилари эгиз болалади, қанча дўхтир ва табибларга кўрсатиб, даво тополмаган касалманд аёли оёққа туриб кетди. Фарзанд кўролмай дарди ичида юрган тўнғичининг хотини қўчқордек ўғил туғди, кенжаси нуфузли ўқув масканининг талабаси бўлди, икки қизини узатди. Бу ёғини эшитинг, йигирма беш сотих томорқасидан тонналаб картошка, сабзи-пиёз олиб, пулнинг тагида қолди. Энг қизиғи, ҳар куни бузилиб хуноб қиладиган трактори тўхтамай чопади, — деди қўлидаги пиёлани менга узатаркан. — Ўзи саховатли, фақир-бечораларга кўмак бериб юради, энг ибратли томони, кеча ўзининг ким бўлганини унутгани йўқ.

Шу тобда раҳматли Расул чўпон айтган бир воқеа ёдимга тушди:

— Ёз ойлари эди, жамоа хўжалигининг қўйларини тоққа ҳайдадик. Ўт-ўлан тиззага келади. Кайфиятимиз чоғ, бош чўпон Мейли бобо билан арчанинг соясида чой ичаётган эдик, итлар безовта ҳура бошлади. Қарасак, ўнгирнинг устида иккита бўри турибди.

Мен милтиққа қўл чўзган эдим, ҳамроҳим тўхта ишорасини қилди-да, деди:

— Расулбой ука, шошманг, билсангиз, бу ­дунёда барча нарсанинг ҳисоб-китоби бор, бўрилар ўзларининг насибасини, ҳақини сўраб келишибди. Ахир тоғ уларники-да. Боринг-да, йўталиб юрган совлиқни ушлаб, қирга ташлаб келинг, шунда қарздан қутуламиз, бўлмаса, бошимиз балога қолади.

Мен Мейли бобонинг айтганини бажардим, шундан сўнг бўрилар қайта бизни безовта қилишмади.

Кимдир айтувди, ҳайвон ўргатувчилар барча жондорларни қўлга ўргатар эканлар, аммо бўриларни бўйсундириб бўлмаскан. Бу ғаройиб жонзотлар ўзларига нисбатан шафқатсиз бўлиб, оёғи шикаст еса, тишлари билан узиб ташласа-да, ўз қавмларига ғоят садоқатли бўлиб, очликдан силласи қуриса ҳам, бўри бўрини ғажимас экан.

Ҳа, қадим туркий аждодларимиз байроғу тамғаларига бекорга бўри суратини чизишмаган экан-да. Чунки бўрилар бизга бегона эмас, у ҳам она табиатнинг фарзанди, мўъжизасидир.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =