Ижодкорнинг икки қаноти
Таниқли адиб ва журналист Сотим Авазнинг 20 дан зиёд китоблари чиққан. “Хоразм ҳақиқати”, “Халқ сўзи”, “Урганч оқшоми” газеталарида самарали меҳнат қилган отахон журналист шоир, адиб, адабиётшунос ҳамдир. У “Мангулик сўқмоғи”, “Мурувват чоғи”, “Темурғози тўра”, “Рутба” каби романлари, “Мадраҳим Шерозий”, “Йиллар ва йўллар”, “Кўна қалъа” қиссалари, “Кечиккан баҳор”, “Тонгги ҳислар”, “Ҳуқуқ”, “Нозбўйларим”, “Дил ва манзил”, “Ифтихор гуллари” шеърий китоблари, “Андиша боғи” эсселар тўплами, “Шафоат”, “Шарофат” девонлари муаллифидир.
Отахон ёзувчи Сотим Аваз билан суҳбатлашгани йўлга чиқдим.
“Ажабо, уйини билмасам, қандай топиб олар эканман?” деган ҳадик билан телефонда боғландим.
— 9-рақамли автобусга чиқиб, мен айтган бекатда тушсанг, кўчанинг бошида ўзим кутиб оламан, — деди устоз.
Худди айтганларидек, устоз кўчанинг бошида кутиб олдилар.
Файзли, чиройли қилиб қурилган ҳовлига кириб бордик.
— Шарофат, ҳой Шарофат, бу ёққа чиқ, мен айтган шогирдим келди, — дея турмуш ўртоғини чорладилар устоз.
Гул-гул ёниб, хуш табассум билан чиқиб келган устознинг умр йўлдошлари қуюққина кўришиб, сўрашдилар.
Устоз суҳбатни ўзлари истаганча бошладилар:
— Ҳар бир инсоннинг севимли газетаси бўлади. Мен учун ана шундай азиз нашрлардан бири “Hurriyat” газетасидир, — деди устоз сўзни узоқдан бошлаб. — Газета саҳифаларидаги ранг-баранглик, айниқса, танқидий-таҳлилий мақолаларнинг кўплиги доимо эътиборимни тортиб келади. Ўзимнинг ҳам шу газетада қатор мақолаларим чиққанлиги учунми, “Hurriyat”га меҳрим ўзгача. Ҳар ҳафтада унинг янги сонини қўлимга олар эканман, ҳар бир мақолани ғоят қизиқиш билан ўқиб чиқаман. Газета одамга маънавий руҳ, ҳузур бағишлайди…
Шу ўринда қаламкаш учун китобнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламан. Болаликда уйимизга туташ мўъжазгина кутубхонадаги аксарият китобларни ўқиб чиққанман, десам, муболаға эмас. Авваллари китобларда учрайдиган ҳикматларнинг тагига қалам билан чизиб ўқиганман. Кейин эса китобга чизиш мумкин эмаслигини чуқур англаб, шу одатдан воз кечганман…
Яқинда Урганч шаҳрида ёшлар билан китоб ўқиш масалаларига бағишлаб, таъсирчан анжуман ўтказилди. Шу тадбирда энг нодир китоблар, хусусан, “Авесто” ҳақида улуғ алломаларнинг ижодий мероси тўғрисида тўхталдим. Назаримда, китоб билан дўст тутинмаган одам кўзи сўқир одамга ўхшайди. Ижодий ишларга, хусусан, шеъриятга, журналистикага, илму ҳикматга бағишланган китобсеварлар анжумани катта таассуротларга бой бўлди.
Китобга меҳру муҳаббат уйғотишда устозларнинг ўрни беқиёс. Аввало, уларни тирик китоблар сифатида тилга олиш мақсадга мувофиқдир. Ўрта мактабда, кейин педагогика институти (ҳозирги Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети)да қалби дарё устозлардан сабоқ олдик. Ундан кейин тажрибали журналистлардан билолмаганимизни ўргандик. “Хоразм ҳақиқати”, “Халқ сўзи”, “Урганч оқшоми” газеталари таҳририятларининг ҳар бири ўзига хос дорилфунун бўлди мен учун.
Таҳририятда хизмат қилиш — кони машаққат. Ўртамиёна қаламкаш сифатида борди-келдида узоқ юриш мумкин эмас. Лекин Эркин Самандаров, Неъмат Солаев, Матназар Абдулҳакимов, Уллибиби Отаева сингари устозлар одамнинг иқтидорини бир қарашдаёқ билишар эди.
Бир куни “Хоразм ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Эркин Самандаров (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) хонасига чақиртириб, сўз билан ишлаш юзасидан қимматли маслаҳатларни бердилар:
— Бир тилда ўйлаб, иккинчи тилда гапириш — тилнинг софлигини ва гўзаллигини бузади. Сизлар тилни юксалтиргувчисизлар!
Шундан сўнг таржималардаги номукаммалликлар ҳақида суҳбатлашдик. Эркин Самандар қобилиятли қаламкаш ёшларни таҳририятга тўплардилар…
Умуман олганда, қаламкашнинг икки забардаст қаноти бор: бири — бадиий адабиёт (у кўпроқ кўкда учади), яна бири публицистикадир. У она заминда илму ҳикмат тўплайди. Иккаласи ҳам ўзаро тортишиб туради.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари гўё қаламкашнинг қанотларига нур каби қувват бахш этади. Гоҳо мақола ва шеърий асар бир-бирига сингиб, эшилиб кетади. Айниқса, бу хориж адабиётида яққол кўзга ташланади.
Ўтган асрнинг сўнгги чорагида Эркин Самандар “Хоразм ҳақиқати” таҳририятини кўплаб ёш ижодкорлар билан мустаҳкамлади. Ўша пайтда мен ҳам таҳририятга қўшилганман, – деди устоз Сотим Аваз.
— Устоз, Сизнинг Темурғози тўра ҳақидаги китобингизни ўқигандим. Бу асарни ёзишга сизга нима туртки берган?
— 1992 йил. Устоз адиб Анвар Обиджон Хивага ташриф буюрди. У кишига сафар давомида ҳамроҳ бўлдим. Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳидан тиловат қилиб, ёнбошдаги ҳужрага кирдик. У ерда одам бўйи келадиган суратлар жойлаштирилган экан. Устоз ўн икки-ўн уч ёшдаги ўспириннинг суратини кўриб, қотиб қолди. Сўнг андак ғазабнок ва таажжуб билан шундай савол берди:
— Бу бола ким?
Устозга Темурғози тўра ва унинг аянчли қисмати ҳақида билганимча гапириб бердим.
— Бу болакай Хоразмнинг Мўмин мирзоси. У алғов-далғов замона қурбони бўлган.
— Сотимжон, сизлар қанақа ёзувчисизлар? Наҳотки шу суратни тор ҳужрадан бошқа ерга қўйиш кераклигини билмасангиз? У журналларнинг муқовасини безаши кераклигини тушунмасангиз? Ука, Сиздан илтимос, Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг набираси ҳақида бир бадиий асар ёзиб берсангиз…
Шундан сўнг Тошкентда Анвар Обиджон устозни бир-икки марта учратдим. У киши мени кўриши билан дарров Темурғози тўра ҳақида ижодий иш қандай бораётганини сўрарди. Аммо мен “ишлаяпмиз”дан нарига ўтолмадим.
Хуллас, устознинг эзгу ташаббуси шу тариқа хайрли ишга етаклади. Умуман олганда, “Темурғози тўра”ни уч марта қайта ёздим. Охири ўзимнинг кўнглим ҳам бир қадар тўлди. Таҳрир ва сўз устида ишлашни кўнглим доим истаб-соғиниб туради. Иш столим устида доим “Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, профессор Отаназар Мадраҳимовнинг “Ўғуз лаҳжаси тилининг изоҳли луғати” туради. Уларни ҳар куни ўқиб-ўрганаман, десам, муболаға эмас…
— Устоз, Сиз жуда кўп ўқиб изланасиз. Улуғларнинг ҳикматлари ҳақидаги фикрларингиз…
— Мавлоно Румий ҳазратларининг “кўринганинг каби бўл” ёхуд “бўлганингдай кўрин” ҳикматида тасаввуф оламининг асосий мақсад-муддаоси жамулжам. Яъни ҳар бир муслим ва муслимага хос эътиқод ва садоқат тажассум топган. Акс ҳолда, унинг инсонийлиги, илми ҳоли ўткинчидир. Алишер Навоий ҳазратларининг “Насойимул муҳаббат” асарини қайта-қайта ўқиганим сари яна ўқигим келади. Охир-оқибат улуғ аллома, “авлиёлар яратувчи шайх” Юсуф Ҳамадоний ҳақида маънавий-маърифий роман ёзиш истаги туғилди. Тасаввуфда хожагон тариқати Юсуф Ҳамадонийдан бошланиши қайд этилади. Бугун эса бу тариқат илми бир нечта асарда, бир неча кўринишда акс эттирилади. Ана шу парокандаликни бир асосда жамлаш мақсадга мувофиқ туюлди. Қолаверса, Хоразм вилоятининг Шовот туманида Юсуф Ҳамадоний — Улли пир зиёратгоҳи мавжуд. Уни зиёрат қилиш учун узоқ-яқиндан зиёратчилар ташриф буюради.
1994 йилда Юсуф Ҳамадоний таваллуд топган Ҳамадондаги Бўзанжироқ қишлоғига Хоразм илм-фан, адабиёт, санъат, намояндалари бориб келдик. Бир йил олдин эса Туркиянинг Сильван шаҳрида бўлиб, халқ қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди изларини аниқлаштириб қайтган эдик.
Темурғози тўра — Ферузнинг набираси. Унинг қисматида Мўмин мирзо тақдири такрорлангандай гўё. Шу тариқа тарихга бадиий мурожаат фаолиятимнинг асосини ташкил эта бошлади. Натижада “Мурувват чоғи”, “Мангулик сўқмоғи” китоблари ҳам юзага келди.
Публицистик асарларимни жамласам, катта икки жилд бўлибди. Уларни номлашда ҳам оҳори тўкилмаслик жиҳатларига алоҳида эътибор бераман. Мана, масалан, сўнгги журналистик китобимни “Пайкал” деб номладим (пайкал — хоразмча “хушхабар етказувчи” маъносида қўлланади). Ахир азалдан мавжуд пурмаъно сўзни қўлдан бой бериш, истеъмолдан чиқариб ташлаш мумкин эмас. Адибнинг ютуғи — кўп жиҳатдан шу билан ҳам ўлчанади.
Бу борада ҳам Ҳазрат Навоий “йўл кўрсатди” гўё. Улуғ бобокалонимиз асарлари изоҳли луғатида “пайк” сўзининг маъноси аён кўрсатилган. “Пайк” сўзи — хушхабар етказувчи маъносини англатади. Бугун ҳам Хоразм шевасида шу сўз айнан хушхабардан дарак берувчи маъносида фойдаланилади.
Умуман олганда, республика ва вилоят газеталарида икки юзга яқин турли жанрлардаги мақолаларим эълон қилинган. Камтарона ижодим учун “Дўстлик” ордени билан мукофотланганман. Шунингдек, 2015 йилда “Энг улуғ, энг азиз” республика танловида 1-ўринни эгаллаганман. Жами 20 дан зиёд публицистик ва бадиий асарларим чоп этилган.
— Сотимбой оға, газетхонлар оилавий ҳаётингиз ҳақида ҳам билишни истайдилар…
— Турмуш ўртоғим Шарофат Авазова ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. У билан институтда бирга ўқиганмиз. Беш нафар қиз фарзандли бўлдик. Азалдан бир-биримизга меҳру ҳурмат устувор. Рафиқам қирқ йил ўрта мактабда ўқитувчилик қилди. У билан тил ва адабиёт, ижодкорнинг ўзига хос маҳорати тўғрисида суҳбатлашиб турамиз. Асарларимнинг биринчи ўқувчиси кўпинча Шарофат бўлади, десам, ёлғон эмас.
— Шунинг учун ҳам бир китобингизнинг номини “Шарофат” қўйиб, янгамизга бағишлаган экансиз-да…
Устоз енгилгина кулимсираб қўйдилар.
— Куёвларимиз ҳар қайсиси ўз соҳасида муваффақиятли меҳнат қилишмоқда. Икки-учтадан фарзандлари бор. Улар ҳам ўзлари севган соҳасида ижодкор, десам, хато бўлмайди.
Суҳбатимизни китобдан бошлаган эдим. Яна бир бор китоб ҳақида тўхталмоқчиман. Айниқса, набираларимнинг китоб ўқишларини, орзу-умид билан яшашларини кўриб, хурсанд бўламан. Бугунги ёшларга китоб ўқишни ҳар лаҳзада эслатиб туриш керак. Чунки китоб ўқимаган боланинг миясида маънавий бўшлиқ пайдо бўлади. Китоб эса одобни, иззат-ҳурмат ва маънавиятни, маданиятни ўргатади…
— Устоз, бугунги болалар ҳақида, уларнинг тарбияси бобидаги фикрларингиз…
— Болаларнинг турли халқона ўйинлар билан шуғулланишлари учун кенг йўл очиш керак деб ўйлайман. Мен 17 ёшимда шашка спорти бўйича вилоят чемпиони бўлганман. Бу ўйиннинг нафини шу бугунгача кўп бора ҳис қилганман. Ҳар бир бола — бир дунё. Уларнинг қалбига кириш, уларни тинглаш, ўйлари билан қизиқиш шарт. Миясида нималарни фикрлаётганини билиш, нимага қизиқаётганини ҳис қилиш, уларга янада яқинроқ бўлиш жуда муҳимдир!
— Сотимбой оға, самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Умрингиз узоқ, саломатлигингиз мустаҳкам, ижодий ютуқлар ёр бўлсин!
Суҳбатдош: Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА,
“Hurriyat” мухбири.
