Ҳоким ёшлар таклифини қўллаб-қувватлади

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳуқуқий онгини ошириш, бандлигини таъминлаш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай амалий ишлардан бири сифатида анъанага айланган пайшанба — “Ёшлар куни” доирасида Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Яккасарой туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман прокурори Бекзод Шамшиев, институт ректори Ҳожиакбархон Аҳмедов, шунингдек, туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда масъул раҳбарлар иштирок этишди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг фикр ва ташаббусларини рағбатлантириш, таълим сифати ва бандлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутасаддилардан жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Учрашувнинг энг ёрқин ва эсда қоларли жиҳати бу — ёшлар томонидан билдирилган ташаббус бўлди. Хусусан, институт раҳбарияти ва талабалари туман ҳокимига ушбу учрашув самимий руҳда ўтгани, институтга яна ташриф буюришларини сўраб, таклиф билдиришди. Бу таклифга Нилуфар Аллабергенова томонидан дарҳол ижобий муносабат билдирилиб, “Сизлар таклиф қилинглар, албатта, бирга бундай учрашувларнинг кўпини ўтказамиз!” дея очиқ ва самимий жавоб қайтарилди.

Учрашув раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги очиқлик, ишонч ва яқинлик муҳити тобора мустаҳкамланаётганининг амалий ифодаси бўлди десак хато бўлмайди. Муҳими, бундай мулоқотлар ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз фикрини эркин билдириши ва ташаббус кўрсатишига кенг йўл очмоқда.

Тадбир кўтаринки кайфиятда якунланиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Энг муҳими, бу каби учрашувлар “Ёшлар ташаббуси амалга ошади” деган тамойил ҳаётда ўз исботини топаётганини яна бир бор кўрсатди.

Зеро, Президентимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор — бу келажакка қаратилган мустаҳкам пойдевордир.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида таълим ва тарбия  ҳақида ҳам кенг фикр юритилиб, жумладан, шундай дейилади: “Олий таълим тизимининг вазифаси фақат талабаларга дарс беришдан иборат эмас. Университет ва институтларимиз илм-фан соҳасида ҳам фаол ишлаши, ёшларни илмий ишларга, катта-катта лойиҳаларга жалб этиши керак.

Таълим соҳасининг яна бир энг асосий вазифаси бугунги кун учун зарур бўлган янги авлодни, илм-фан ва ўз ихтисослиги асосларини пухта эгаллаган, билимли ёшларни тарбиялашдан иборатлиги шубҳасиз”.

Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг юқоридаги фикрларига жавобан, Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида ҳам ёшларнинг бугунги ўй-хаёллари, қизиқишлари, интилишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Содиржон ЯКУБОВ,

Тошкент менежмент ва иқтисодиёт

институти профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − six =