“Чеча” мени элга танитди

“Ўзбекнинг чечаси” дейилганда, кўз олдимизга “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, Ўзбекистон халқ артисти, истеъдодли актриса Азиза Бегматова гавдаланади. Умрининг олтмиш йилини театр ва кино санъатига бағишлаган устоз санъаткор Азиза Бегматова ҳамон ўз ижодий фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Азиза Бегматова миллий саҳна маданияти ривожига катта ҳисса қўшган актрисалардан биридир. У 1943 йил 7 сентябрда Сурхондарё вилоятида дунёга келган. Актрисанинг болалиги уруш йилларига тўғри келиб, тақдир тақозосига кўра, болалар уйида тарбияланди. Мактабни тамомлагач, у санъатга қизиқиши сабабли, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олди. Бўлғуси актриса бу ерда  ўзбек театр ва кино санъатига оид билим, малакасини ошириб, ўз келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратди. У ижро этган ва гавдалантираётган  образлар қанча? Ҳар бири таъсирли, эсда қоларли, томошабинга “нимадир” беради, эстетик завқ уйғотади. Аслида, актёрнинг роль яратишидан кўзланган  мақсади ҳам шу: ҳар бир образ томошабинни “уйғотсин”,  ўзини тафтиш қилишга ўргатсин!

 — Кино ва театр санъатида юздан ортиқ бетакрор ролларни ижро этгансиз. Лекин сизни битта нуқтада умумлаштириб турган ягона образ бор – сиз ўзбекнинг чечасисиз. “Чеча” спектаклидаги бу тимсолни ўзингизда  мужассамлаштириш осон кечмагандир?

— Чеча – ўзбек халқи ҳаётида бор бўлган, яшаб келаётган аёл. Унинг “янга”, “келинойи” деган муқобил атамалари ҳам бор. Тўғриси, бу  атама кейинги пайтларда бироз истеъмолдан чиқиб кетмоқда. Бу образни гавдалантиришдан кўзланган мақсад “чеча” сўзининг нутқимиздаги ўрнини тиклашдан иборат ҳам бўлди, тўғриси. “Чеча” менга жуда катта обрў-эътибор келтирди, шунинг орқасидан мухлислар эътиборига тушдим, элга танилдим.  Нафақат Ўзбекистонда, балки Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон гастроль сафарларида ҳам  мени “Чеча” деб кутиб олишади. Баъзилар ҳақиқий исмимни ҳам билишмай, “Чеча” деб чақиришади. Халқ сенга қайсидир образинг орқали  ҳурмат-эътибор билан қараяптими, бу сенинг санъатдаги  энг катта маънавий бойлигинг бўлиб қолар экан. Ҳатто саҳнада роль ўйнаётсам, томошабиннинг “Вой, ана, Чеча чиқди!” деган гапи қулоғимга чалинади. Бу қандай бахт, қандай шараф! Актёрни машҳур роли билан эътироф этиш — энг катта мукофот!

Театр репертуарида “Чеча” спектакли бўлмаса ҳам, тадбирларда фақат шу  образга хос хатти-ҳаракатларни  ижро этиб бераман. Актёр Жумадилла Раметов бетоб бўлиб қолгач, бу спектакль саҳнага қўйилмаяпти. Очиғи, спектакль тез-тез намойиш этилса, яхши бўларди. Чунки “Чеча” бошдан-оёқ миллий қадриятларни эсга солади, аҳамиятини оширади, демак, тарбиявий  руҳи бўлган спектакллар саҳнадан тушиб қолмаслиги керак! Баъзилар спектакль русийзабон режиссёр Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган, деб гўёки нуқсон топгандек бўлади. Улар аслида рустабиатроқ бўлса ҳам, саҳналаштирган ҳар бир асарида миллийликни устун қўярди.

— Инсон ўз ҳаёт йўли, касбий фаолияти жамият ҳаётида из қолдириши мумкинлигини англаб яшаши аслида буюк бир ҳикмат.  Санъатда ўз йўлингиз борлигини қачон англагансиз?

— Мен Ўзбекистон давлат драма театрида 1966 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Ўша пайтда театр ва рассомлик институти деб аталган олий таълим даргоҳининг мусиқали драма бўлимини тамомлаганман. Беш йил давомида иқтидорли, талабчан устозлар қўлида таҳсил олдим. Айниқса, устозим Тошхўжа Хўжаевнинг менга нисбатан эътибори, меҳрибонлиги ҳали-ҳануз ёдимда. Улар мени худди ўз қизидек кўрар, санъатнинг нақадар буюк ва масъулиятли соҳа эканини уқтирар эдилар. Беш йил ичида қанча-қанча синовларда тобландим, касбнинг  сиртидан “ичига”  кирдим. Диплом спектаклларида роль ижро этганман, йиғлаганман, кулганман, нафратланганман, устозларим кўзида ёш ҳам кўрганман. Демак, яхши ўйнабман-да.  Улар биз талабаларга доимо шуни уқтиришарди: ҳалол ишланг, меҳнатдан қочманг! Агар қайсидир ўринда хато қилсам, институтга бормас эдим, уялган бўлсам керак-да. Бу панд-насиҳатлар умрбод қулоғимиз тагида қолди ва устозлар ишончини оқлашимиз керак, деган тамойил билан яшаб, ижод қилиб келяпмиз. Аллоҳ кам  қилгани йўқ!

Институтни битиргач, устозим мени Ҳамза номидаги академик драма театрига ишга таклиф қилиб, “Қўлимда ишлайсан”, дедилар. Аммо шахсий ҳаётимдаги баъзи сабабларга кўра, у ерда қололмадим. Ёш томошабинлар театрида бир йилча ишладим. Кўп ўтмай, янги “Ёш гвардия” театри ташкил этиладиган бўлди. Бир гуруҳ  ижодкорлар — Ширин Азизова, Тўғон Режаметов,  Исамат Эргашев,  Эргаш Масофаевлар билан бирга шу театрни очиш жараёнига жалб этилдик. Брошюра тарқатдик, ёшларни чорладик, репертуарни шакллантириш ҳақида ўйладик, хуллас, театрга тамал тошини қўйдик.

— Азиза Бегматованинг эл севган артист деган номга сазовор бўлиши ортида қанчадан-қанча меҳнат ётади. Ҳаётда ўзингиз айтиб ўтганингиздек, кўп қийинчилик кўргансиз, тоблангансиз. Ҳар бир машаққат ортида роҳат бор, деганларидек, халқнинг эътиборига, эътирофига эришдингиз.

— Халқ севган артист бўлиш санъаткор учун улкан бахт, катта марра! Ҳа, ҳаётим силлиқ, осон кечмади. Турли раҳбарлар билан ишлаб, муросаи мадора  қилишимга  тўғри келди. Бири эски актёрларни четлатишга уринса, яна бири театр санъатига тўғри келмайдиган талабларни қўйиб, асабга тегди. Тишимизни тишимизга қўйдик, сабр қилдик.

Бир йили янги тайинланган директор катта ёшли актёрларни театрдан четлаштириб, ҳали малакаси шаклланмаган ёш кадрларни ишга олмоқчи бўлди. Умримда илк бор ўзимда жасорат топиб, раҳбар хонасига кирдим. “Театрдан мен кетмайман, сен кетасан”, дебман-а қўрқмасдан.  “Сабаби — бу театрнинг илк актёрлариданман. Ёшлигим шу даргоҳда ўтди, бор куч-қувватимни театр санъати учун сарфладим. Уйим йўқ, театрда ётиб ижод қилдим, бу масканни тарк этолмайман!” дедим.

Ҳақиқатан ҳам, ўша вақтда бошпанам йўқ эди. Давлат томонидан берилган уй  менга насиб этмаган. Икки ярим ёшимда болалар уйига қабул қилинганман. Ҳаётда ўзимни ўзим оёққа турғизганимни айтсам, кўпчилик ишонмайди. Талабалик кезларимда олдимга қўйган мақсадим шу эди: тўғри йўлдан юраман, меҳнат қиламан, ҳеч кимдан ёрдам сўрамайман. Аллоҳга шукр, танлаган ҳаётий шиорим менга обрў-эътибор келтирди. Театримни бутун вужудим билан севаман, ҳар тонг шу гўшага  интиламан! Ўзимни унинг ташкилотчиларидан бири, деб биламан.  “Сен бу ердан кетма, бу сенинг театринг”, деган ички бир  овоз акс-садо бериб туради.

— Армонингиз борми?

— Ҳа, бор, “ота-она” деган сўзни айтмаганим. Онамни “энажон” деб чақира олмадим. Она меҳрига зор бўлиб вояга етдим. Ота-она далдасига эҳтиёж сездим! Кимга суянишни билмадим! Болалигимни баъзан эслашга қўрқаман. Фақат биргина юпанч мени ушлаб туради — халқим мени ардоқлаяпти! Шунинг ўзи  мен учун бахт эмасми? “Меҳр” бу шунчаки сўз эмас, у инсон қалбининг энг нозик ва энг пок туйғусидир. Уни сўзсиз ҳам англаш мумкин, кўзда акс этади, амалда намоён! Меҳр борми, қалб яқинлашади, дунё кенг ва ёруғроқ туюлади. У инсонга рағбат беради, суянчиқ бўлади, қоронғилик узра умид шуъласини ёқади. Биз санъат аҳли меҳр туйғусини қадрлаймиз, ролларимизда тарғиб-ташвиқ этамиз! Бу туйғу абадий яшасин! Барчанинг қалбида ниш урсин! Дунё узра меҳр-муҳаббат  тантана қилсин!

— Сизни таниганлар у жуда самимий, камтарин аёл, деб таърифлашади. Баъзида шу самимийлик  сизга панд бериб қўймаганми?

— Камтарлик, самимийлик — доимий шиорим! Ҳеч қачон бу фазилатларнинг менга зарари тегмаган. Бу фоний  дунёда ҳамма нарса ўткинчи, лекин инсоний хислатлар боқий! Оддий бўлиб яшадим! Мухлислар машҳур санъаткорларга яқинлашиб бўлмаслигини таъкидлашади. Хафа бўлиб кетаман бу гапни эшитсам, ахир уни шон-шуҳрат чўққисига ким олиб чиқди, мухлисларми? Демак, у мухлисни ранжитишга ҳаққи йўқ.  Мен мухлисларим даврасида яйраб-яшнаб кетаман. “Нега сиз бошқачасиз?” деб сўрашади. Мен эса: “Бизнинг машҳурлигимиз сиз орқали”, дейман. Аслида ҳам, шунақа-ку! Раҳматли таниқли ва машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев: “Ердан оёғингиз узилмасин”, деб кўп таъкидлар эдилар. Ҳаққоний, инкор этиб бўлмайдиган гап, аммо бунга  риоя қилсаккина бизни эл ардоқлайди, бутун халқ эъзозлайди.

— Баъзан қўшиқ клипларида ҳам сизни кўриб қоламиз. Эпизодик роллар сизга нима беради?  Роль танламайсизми?

— Йўқ, роль танламайман.  Имкон қадар каттами, кичикми ролни маромига етказиб ижро этишга ҳаракат қиламан. Яқинда чет эл кино ижодкорлари суратга олаётган фильмга  таклиф қилишди. Кастингда анчагина актёрлар синовдан ўтказилган экан, буни қарангки, менинг “пробам” қаҳрамон руҳиятига мос тушди, шекилли, ўша фильмга жалб қилишди.

Кинога ҳар доим ҳам таклиф қилаверишмайди. “Яхшиям театрим бор”, дейман шукр қилиб. Кино вақтинчалик, театр эса доимий фаолиятим. Эсимда, театримизга режиссёр Баҳодир Йўлдошев келганида, саҳна гуллаб-яшнаган. Бу инсон театримизда ўз мактабини яратиб кетди. Баҳодир Йўлдошев ҳар бир актёрни ўйлаб асар саҳналаштирар, ёқтирмайдиган жамоадоши йўқ эди. Режиссёр ҳамма актёрни бирдек кўрадиган бўлиши керак. Одам танлаш фазилат эмас. Мен шу инсон туфайли “Чеча” бўлиб танилдим. Аллоҳ у кишининг охиратини обод қилсин, илоҳим!

— Театр ва киносиз ҳаётингизни  тасаввур қила оласизми?

— Театр — ҳаётим, тақдирим, уни ҳамма нарсадан устун, афзал биламан. Тўғри, бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Лекин актёр саҳна учун яралганидек, саҳна ҳам бу касб эгасининг муқаддас, улуғ макони бўлиб мангу яшайди. Буни муқаддас билган актёр ҳар куни машқ қилиши керак.

Францияга гастролга борганимизда, барча актёрларнинг миллий либосда томошабинлар учун бино олдида роль ўйнаганига гувоҳ бўлганмиз. Мен ҳам жамоам билан “Чеча” кийимида майдонга чиқдим. Чанқовуз чала бошлаган эдим, французлар мўъжизага дуч келгандек олқишлашди, ҳайрат билан тинглашди. Ўзбек чанқовузи Франция учун  янгилик бўлди! Улар чанқовуз чалишимни яна  талаб қилишди. Яна икки-уч бор соз оҳанги таралди, кетидан гулдурос қарсаклар! Энг қизиғи, французлар қўлимдаги чанқовузни олиб, занглаб кетган миттигина асбобдан шунақа оҳанг тараладими, деб ажабланишди.

— Қойил, қойил! Чанқовуз чалиб, французларни ҳайратлантирдим денг! Ижодингизга кўз тегмасин! Мухлисларингизга тилакларингизни йўлласангиз!

— Ота-боболаримиз дуога қўл очганларида, энг аввало, Аллоҳдан тинчлик, тан сиҳатлиги ва хотиржамликни сўрашган. Бундан аъло дуо ҳам, тилак ҳам бўлмаса керак. Уч бирлик умумлашса, нафақат  актёр, актриса, балки бошқа  касб эгалари ҳам осойишта яшаб, бахту саодатга эришади. Янги Ўзбекистонда байрамлар кўп бўлсин, театрга, кинога ташриф буюрувчиларнинг кети узилмасин! Театр санъати дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига етиб, халқимизни  баҳраманд этаверсин!

— Самимий суҳбат учун ташаккур! Доимо соғ бўлинг.

Суҳбатдош: Шаҳрибону ИМОМОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =