Мулоқот ва дийдор завқи
Таҳририят ижодкорларни самимий даврага чорлади
Баҳорнинг илк нафаси юртимиз бўйлаб таралаётган, гўзал байрамлар шукуҳи давом этаётган паллада “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари жамоаси зиёлилар, журналистлар, шоиру адиблар, китобсеварларни яна бир ижодий даврага чорлади. Улар Ўзбекистон Миллий матбуот марказида таҳририят томонидан нашр этилган “Саккизинчи мўъжиза” китобининг тақдимоти сабаб йиғилган бўлсалар-да, учрашув бугунги кунимиз шукронаси, дилдаги соҳага оид гаплар, бир сўз билан айтганда, ҳам дийдорлашув, ҳам самимий мулоқот майдонига айланиб кетди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид КЎЧИМОВ тадбирни очар экан, аслида, китоб саккизинчи ёки тўққизинчи эмас, балки ҳамиша биринчи мўъжиза бўлиб қолишини эътироф этди.
— Дунёдаги барча кашфиётлар бешиги, эзгуликлар булоғи китобдир. Усиз на улуғлик, на буюклик бўлмаслиги ҳаммага аён. Шу маънода таҳририятнинг китобни улуғлаш билан боғлиқ бу анъанаси ибратли ва намунали эканлигини таъкидлашни истардим, — деди у. — Бу китобни варақлаган одам нафақат газетанинг бир йиллик фаолиятини, балки материаллар орқали Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган катта ўзгаришларни бутун кўлами билан тасаввур қилади, улар билан танишади. Ватанимиздаги энг йирик ҳодисалардан тортиб олис қишлоқларимизда содир бўлаётган янгиланишларни-да юракдан англайди. Энг муҳими, унда сўнгги йилларда ўз сўзи, овози билан ўқувчиларни жалб этиб келаётган материаллар жамланган. Уларнинг ҳар бирида бошқа нашрларда учрамайдиган шакл ва ўзига хос услубни кўриш мумкин.
Ёзувчи ва адабиётшунос Қозоқбой ЙЎЛДОШ мулоҳазаларини баён этиб, китобдан ўрин олган айрим мақолаларга батафсил тўхталиб ўтди:
— Газета эртага ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Аммо кўп ҳолларда уларнинг орасида эртанги кунга ҳам, келажак учун асқатадиган материаллар учраб қолади. Таҳририят 8 йилдан бери қизиқарли ва эскирмайдиган ана шундай мақолаларини китоб ҳолида нашр этиб келмоқда. Улар орасида, албатта, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор”, “Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат” номли мақолалари эътиборни тортади. Улар аввало сиёсий жиҳатдан, қолаверса, бутун бир миллатнинг дунёқарашини намоён этишга ҳаракат қилгани билан янада аҳамиятли.
Умуман, китобдан бугунги даврга, маиший ҳаётга, миллий ўзига хосликка муносабат акс этган мақолалар ўрин олган. Бош муҳаррир сўзбошида қайд этганидек, уларда танқид таҳлил билан уйғунлашган. Биз ташаббус ва тажриба учун жамоага ташаккур айтамиз.
Таниқли журналист, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ тадбир баҳона қадрдонлар, дўстлар, ёшлар билан дийдорлашишдан мамнун эканини яшириб ўтирмади.
— Бугун биз китобларни жамиятга ошно қилиш учун ўқувчиларга ёрдам беришимиз керак, аслида, — деди у. — Кўпинча одам баъзи китобларни ўқигиси келмай қолади. Лекин шундай асарлар борки, уларни мутолаа қилмаслик мумкин эмас. Биз уларни тавсия қилишимиз, ҳеч бўлмаганда мундарижасини беришимиз, муаллифларини танитишимиз керак, деб ўйлайман.
Мен “Саккизинчи мўъжиза” китобини шунчаки варақлаб чиқмадим. Очиғи, бош кўтармасдан ўқидим. Боиси унда эътирофга арзирли материаллар кўп. Ишонаманки, бу нашр ҳам биз, китобхонларга очиқ юз билан тавсия этадиган, адабий дастурхонга меҳр билан тортиладиган азиз неъматлардан бўлиб қолади.
Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, халқимизнинг севимли шоираси Фарида Афрўз тадбирнинг чин маънода аҳамиятига тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдирди:
— Бугунги китоб тақдимоти ҳаммамизга кўнглимиздаги гапларни айтиш, биз соғинган, жон қулоғимиз билан тинглашни истаган фикрларни эшитиш имконини берди…
Ўтган йили Белоруссияга борганимизда, бир вазир: “Дунёда башарият қанча ихтиролар қилган бўлса-да, ҳали китоб даражасидаги янгиликни ярата олгани йўқ”, деган эди. Ҳақиқатан ҳам, мўъжизалар биринчими, саккизинчими бўлсин, дунёни ҳайратга солган. Қўлимиздаги китоб ҳам бизга энг яхшиларини илинади.
Ватанни, миллатни зиёлилар севмаса, ким севади? Элнинг тили, юзи, миллатнинг сўзи — бизмиз. Агар биз жим бўлсак, газеталар ҳеч ким ўқимайдиган мақолаларга тўлиб кетади, уларнинг адади ҳам пасаяди. Яхши мақолага ҳамиша эҳтиёжимиз бор. Уларни излаб, бир-биримизга айтиб, суюнчилаб ўқиймиз. Бунга эҳтиёж катта. Мана, бугун ҳам китоб баҳонасида ҳар биримиз ухлаётган туйғуларимиз, истеъдодларимизни уйғотиб олдик, десак, муболаға бўлмас.
Адабиётшунос, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов 384 бетлик китобни том маънодаги бир йиллик ҳаётимизнинг сарҳисоби бўлганини қайд этди:
— Яқинда бир газета топиб олдик. 1957-58 йилларда чоп этилган “Қирғизистон ҳақиқати” номли нашрнинг 3 йиллик тўплами эди. Мен ўйлайман, “Ishonch” газетаси ҳам йиллар ўтиб, шундай кўзга суртиб ўқийдиган манбага айланади. Бугун газетадаги қайсидир маълумотга эътибор қилмагандирмиз, аммо вақт ўтиб, мана шу китоб ҳам биз учун кўп қимматли ахборотларни асраб беради. Муҳими, таҳририятда сара нарсалар — сут бор, қаймоқ бор… Ижодий жамоа шулардан сара материаллар тайёрлаб, бизга тақдим этаётганидан, улашаётганидан хурсандмиз. Газетанинг бундай хайрли ташаббуси бардавом бўлишига тилакдошмиз.
“Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири Миродил Абдураҳмонов эса соҳадаги ўзгаришлар ва “Ishonch”нинг бу борадаги ўрни ҳақида сўз юритди:
— Яқингача матбуотимизда “тармоқ газеталар” деган гап бор эди. 2-3 та газета марказий, қолганлари “тармоқ” ҳисобланарди. “Ishonch” бу сўзни луғатимиздан чиқариб ташлади. Италия қонунчилигида ташаббус кўрсатмаганлик учун жиноий жавобгарлик бор. Бу қизиқ парадокс. Аммо бизда ҳали ҳам 80-йиллар руҳи билан яшаётган газеталар бор. Бир томондан газета ўқимайдиган раҳбарлар пайдо бўлиб, даврий нашрлар обрўсизлантирилган бўлса, бошқа тарафдан бунга ўзимиз ҳам сабабчимиз. Бошидан охиригача қолип жумлалар билан тўлган мақолалар ўқувчини қайтаради. “Ishonch”нинг бугун ана шу қолиплардан чиқиб, ҳар бир соҳани ноодатий ракурсларда ёритишга ҳаракат қилаётгани, албатта, таҳсинга лойиқ. Албатта, “Саккизинчи мўъжиза” китоби ҳам ана шундай ташаббусларнинг бир бўлаги эканидан хурсандмиз. Хайрли ва эзгу ишларда уларни қўллаб-қувватлаб, кенг имкониятлар яратиб бераётган муассисга ҳам алоҳида ташаккур айтамиз.
Тақдимотда бошқа устоз журналистлар, жамоанинг қадрдон дўстлари ҳам илиқ фикрларни давом эттириб, даврага янада файз улашишди. Табриклар, қувончли онлар галдаги тадбирга уланиб кетди…
Йиғилганларнинг аксарияти Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши қошидаги Шахматга ихтисослаштирилган спорт мактабида “Ishonch” газетасининг 35 йиллиги муносабати билан ижодкорлар ва журналистлар ўртасида ташкил этилган шахмат мусобақасида иштирокчилар сафидан жой ҳам олишди. Мусобақага спорт мактаби мураббийлари Анваржон Мирзаабдуллаев ва Баҳора Эгамбердиева ҳакамлик қилди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА…
2026 йил 21 март куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги “Ishonch” газетаси чоп этила бошлаганига 35 йил тўлди.
1991 йил 21 март куни нашрнинг илк сони чиққан бўлса, бугунга қадар 5 минг 250 дан ортиқ сони чоп этилди. Таҳририятда ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Жамоа замон билан бирга қадам ташлаб, конвергент таҳририят сифатида ўзини намоён этишга интилмоқда. Медиа марказда Ishonch.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари — “Telegram” канали, “Youtube” платформаси учун видеоконтентлар тайёрланиб, бу орқали газетада ёритилган мавзулар янада кенгроқ ёйилишига ҳам эришилмоқда. Бугунги кунда “Telegram”да 100 минг, “Instagram”да 60 минг, “Youtube”да эса 50 мингдан ортиқ кузатувчиси бор. Видеоконтентлар орасида бир неча юз мингдан миллион-миллионгача кўрилган саҳифалар мавжуд. Медиа марказда тайёрланаётган кўрсатувлар эса марказий телеканалларда намойиш этиляпти.
“Саккизинчи мўъжиза” китоби 2025 йилда газетада чоп этилган энг сара мақолалар жамланган тўплам бўлиб, унда муҳим воқеа-ҳодисалардан тортиб, жамиятни ўйлантирган муаммолар, уларга журналистларнинг ёндашуви, масъулларнинг бу чиқишларга қай даражада эътибор қаратаётганини кўришингиз мумкин.
Тезкор шахмат бўйича ўтказилган ўйин кескин курашлар остида кечди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, профессор Акбар Нурматов учинчи, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Санжар Тошпўлатов иккинчи ўринни қўлга киритишди. Шоир Талантбек Примовга биринчи ўрин насиб этди.
Ғолиблар ва барча иштирокчиларга таҳририятнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Улар бу тадбир меҳр-оқибатнинг бир кўриниши, асосий фаолияти ёзиб-чизиш билан ўтаётганлар учун ақлий гимнастика эканини таъкидлашди.
Зокиржон АЛИБЕКОВ,
журналист.

