Амир Темурми ёки Адам Смит?

Одам Атодан бошлаб то Ҳотамгача ва ундан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунларини ва уларнинг туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилишқилмишлари ҳамда айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифатларидан ўрнак олиб, уларга амал қилдим.

“Темур тузуклари”дан.

Биз бу сарлавҳани бежиз юқоридагидек  танламадик, сўзимизнинг бошиданоқ таъкидлаш керакки, Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўтмишдошлари Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний сингари жаҳон саҳнасида бурилиш ясаган шахслардан бири ҳисобланади.

Тўғри, бугунгача мамлакатимизда бу шахснинг давлатчилик фаолияти, босиб ўтган йўли ҳақида кўп ёзилган, кўп ишлар амалга оширилди, лекин бу зотнинг иқтисодий ислоҳотларининг моҳияти ҳали тўлалигича шарҳлаб кўрсатилган эмас. Чунончи шотланд иқтисодчиси Адам Смит ва бошқа европалик олимлардан уч юз йил олдин, бошқа жиҳатларини қўйиб турайлик, биргина аграр муносабатлар масаласида кўпгина адолатли саъй-ҳаракатларни амалга оширган эдики, уларни тўлалигича изоҳлаб, халқимизга кенгроқ маълумот бериш бугунги вазифаларимиздан биридир.

Муҳтарам олимларимиз кўп бора таъкидлаётганларидек, иқтисодий глобаллашув билан маънавий глобаллашув табиий чамбарчас боғланган ҳолда олиб борилсагина, дунёни навбатдаги фалокатлардан қутқариш мумкин.

Ўзимиз ҳам биламизки, космополитизм мафкураси ривожланган ҳозирги замонда қадимги ёдгорликларни, ўтмишни менсимаслик кайфияти устунлик қилаётган жиҳатлар ҳамон мавжуд экан, улардан кўз юмиб бўлмайди. Замонавий иқтисодчи олимларимиз Қ.Муфтайдинов ҳамда Қ.Йўлдошевлар ўзларининг “Шарқ иқтисодий таълимотлар тарихи” асарида: “Бироқ ҳозирги кунда ҳам чоп этилаётган иқтисодий назария дарсликларида ҳам бу ҳақда лом-мим дейилмаётгани кишини ажаблантиради”, дея ўз эътирозларини аниқ ифода этишганини ҳақли талаб дейиш мумкин. Чунки иқтисодни билмаган ҳукмдор на улкан салтанат қура олади, на Ренессансга асос солади.

Юқорида тилга олганимиз, буюк ҳукмдор дифференциал рента таълимотининг нафақат моҳиятини очган, балки уни амалда қўллаган ва шу туфайли улкан Туронзамин салтанати атиги беш-ўн йил ичида юксак тараққий этган ҳамда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида иқтисодий бақувват бошқарув тизими юзага келган эди. Лекин унинг иқтисодий ислоҳотларидан бош мақсади оддий халқнинг ижтимоий аҳволини, яшаш турмуш даражасини яхшилашдан иборат бўлганини эса алоҳида таъкидлаш керак, чунки айнан шу шахснинг юксак иқтидори, улуғвор ислоҳотлари туфайли Туронзамин давлатчилигида куч ва адолат уйғунлаштирилди, ўзигача бўлган ўтмиш етти аср давомида турли тоифалар қўлида сарсон бўлган давлатчилигимизни қайта тиклаб, бунёдкорлик, ҳунармандчилик, адабиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда мисли кўрилмаган натижаларга эришишда карвонбошилик қилди. Айниқса, маънавий баркамоллик орқали салтанат иқтисодини юксак даражага кўтардики, бундан ҳатто болалар, аёллар ҳам катта манфаат кўрди ёхуд улар ўзларининг шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли ва давлат томонидан тўла муҳофаза қилинган шахс эканликларини ғурур билан ифода эта олардилар. Зеро, биз ана шу азалий булоқларимиздан ташналигимизни қондирамиз. Шу маънода мамлакатимиз Президентининг: “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият чинакам маънода янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!” — дея алоҳида қайд этганини назарда тутишга тўғри келади (Шавкат Мирзиёев. “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”, Тошкент, “Ўзбекистон”, 2024. 264-б.). Билъакс, Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга таянаётганимиз бежиз эмас: улардан бири — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятимиздир.

Демак, биз тарихимизнинг энг яхши анъаналаридан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, ақлли халқ ҳамиша муаммоларини яширмасдан, уларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилади. Шу маънода, 1929 йилларда АҚШда, 1945 йилда Японияда, 1970 йилларда Хитойда юзага келган иқтисодий қийинчиликларни вақтида аниқлаб, тўғри тадбир ва режалар асосида мамлакат карвонини тўғри йўлга бошлаб юборганлари учун ҳам бугун бу мамлакатлар жаҳонда ўз мавқеларига эгадирлар. Ўша йилларда туғилган ёшлар айнан бугунги иқтисодий тараққиётни ўз ўрнига қўйганлари биз учун айнан ижобий тарихий сабоқлар, дейишга асосимиз бор.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ана шу қарашларга ҳамоҳанглиги билан катта аҳамият касб этади. Унга кўра, буюк аждодимиз асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умумбашарий моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкори этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш кўзда тутилган.

Шу ўринда “Япон руҳияти — Ғарб техникаси” (“Vakon-yosay”) деган шиорга эътибор бериб кўрайлик. Япон прагматизмининг бошқалардан фарқи ана шу шиорда намоён эди: “Улар ҳар қандай ривожланган ғарб давлатларининг мамлакатга кириб келган янгиликларини кўр-кўрона қабул қилган эмаслар”. АҚШ, Европа технологияларини ўзлаштириш жараёнида миллий қадриятларни сақлаган ҳолда японларни янгича ишлаш шароитларига ўргатдилар ва ривожланган мамлакатлардан ўзиб кетишга эришдилар. Демак, адолатли ва зукко раҳбарларнинг одилона тутган йўллари, ўз пайтида чиқарган қарорлари халқни тўғри йўлга, тараққиётга, пок маънавий оламга етаклайди ва мамлакат карвонининг тўғри одимлашига асосий маёқ бўлади.

Шу жиҳатдан қараганда, биз ўтмиш олдида ҳам масъулмиз, зеро, халқнинг буюклик хислатининг яна бир муҳим жиҳатларидан бири шуки, у ўзининг кимлигини, тарихини, ўтган аждодларининг ёрқин вакилларини унутмайди. Уларнинг давлатчилик ишларининг энг яхши анъаналарини ўзлаштиради ва замон талабларига мослаб, уни ривожлантириб, тирикликнинг янги ўзанларини пайдо этади ва элу юртнинг тинч, осойишта яшаши, айниқса, ёш авлоднинг маънан баркамол шаклланишига теран эътибор қаратади.

Соҳибқирон Амир Темурнинг иқтисодий илми ва тушунчасининг шаклланишида МАНТИҚ ИЛМИ ҳаётий зарурат эди: инсондек мураккаб мавжудотнинг ИККИ ЭШИК орасида нафақат тўғри шаклланиши, балки интиҳосида ҳам тўғри йўлда бўлиши дунёвий бир зарур талабдир. Хўш, нима учун Соҳибқирон Амир Темурнинг иқтисодий мантиқ илмига алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз, деган саволга ҳам адолатли иқтисодий тизим учун аввало маънавий асос керак эди, деган холисона тўхтамга келиш керак, деб ўйлаймиз. Зеро, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Мардлик дастури”даги жавонмардлик шарҳлари кишини бир умрга ўйлантириб қўяди. Бизда бу ҳаракат Х асрдан эътиборан кенг қулоч ёзган эди.

Бу қандай ҳаракат эди?

Оиласи, аҳли аёли, Ватани ва халқи, ёру дўстлари хизмати учун умрини бахшида этиш, фақат яхшиликни ўйлаб, эзгу ишлардан чарчамаслик, эзгу хулқ-атворга эга бўлиш, топганини ўзгалар билан баҳам кўриш, яъни “бир майизни қирққа бўлиб, баҳам кўриш”, муҳтожларга ўз вақтида, ўз пайтида ёрдам бериш, пиру устозлар, дўст-биродарлар номуси, шарафини ҳимоя этиш, ЗОҲИРАН ва БОТИНАН пок юриб, пок яшаш, покиза инсонлар шарафини қозониш ва ҳоказо олий хислатлар ЖАВОНМАРДЛИКнинг асосий шартлари эди.

Бу афсона эмас, бирон-бир бадиий асарнинг идеал қаҳрамони хусусиятлари ҳақида гап бормаяпти (Ҳусайн Воиз Кошифий. “Ўзбекистон”, Мардлик дастури. 288-б.), аксинча, бу олийжаноблик ўтмишимизда мавжуд бўлган улкан ва бебаҳо дастур эди.

Араб сайёҳи Ибн Батута ўзининг “Сафарнома” китобида Туронзамин кишиларининг фазилати ҳақида ёзар экан, “Мен дунё кезиб, бундай одамларни (яъни жавонмардларни) бошқа ўлкаларда учратмадим”, деб қайд этган.

Маънавий баркамоллик билан эришилган иқтисоднинг баракали бўлиши оддий тушунча, аммо уни қўллаш, унга риоя этиш бошқа масала, зеро, хазинага бир чақа ноқонуний топилган кирим бўлса, қанчалик зарар бўлишини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Шу боис ҳам Соҳибқирон Амир Темур халқнинг ризқига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлганки, бундай жиддий муносабатлар ўзининг ижобий натижасини берган. Чунончи инглиз олимаси Хилда Хукхэмнинг таъкидлашича, Туронда ғалла ҳосили сероб бўлиб, бир неча пенсга (инглизларнинг 1/12 шиллингига тенг майда чақаси) бир ярим бушель (инглизларнинг 36,4 литр ёки килограммга тенг оғирлик ўлчови) арпа сотиб олиш мумкин бўлган, яъни бу ҳам маънавият: тўқ одам, тўқ халқнинг одоб-ахлоқи жойида бўлади.

Агар Амир Темур иқтисодий ислоҳотларининг айрим жиҳатларига эътибор берсак, масала янада ойдинлашади, чунончи, ҳар бир навкарга бир от баҳосида маош белгиланганини олиб кўрайлик. Нима учун бир от баҳосида? Сабаб шуки, аввало бу нарса Амир Темурнинг зукко иқтисодчи бўлганидан дарак беради, чунки ўша пайтларда от энг қимматбаҳо улов ҳисобланар, шу баробарида маош олган аскар оиласини бемалол боқа олар, ҳатто ортиқча даромад қилиши ҳам мумкин эди. Ана энди бугунги кундаги энг қимматбаҳо енгил машина нархини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-чи, у зотнинг бу муаммога қанчалик зукколик билан ечим топганига гувоҳ бўласиз.

Шу боис ҳам Амир Темурнинг иқтисодий ислоҳотлари халқ ҳаётини енгиллатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. “Темур тузуклари”да, айниқса, кенг ва теран баён этилган, яъни:

— кимки бирор саҳрони обод этса, биринчи йили ҳосилдан солиқ олинмаган. Бу албатта, ер ўзлаштирувчи учун ҳам, давлат учун ҳам катта фойда эди, чунки деҳқон учун бу рағбат бўлса, давлат учун эса янги тушумлар ирмоғининг пайдо бўлишининг ажойиб омили эди;

— яна хирож ҳам экиндан кўтарилган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига қараб олинган. Чунончи доим узлуксиз равишда кориз, булоқ ва дарё суви билан суғорилган экин ерлар назарда тутилиб, ундай ерлардан олинган ҳосилнинг (учдан икки) ҳиссаси раиятга, (учдан) бир ҳиссаси эса салтанат хазинасига тушган. Булардан ташқари, кузги, баҳорги, қишки ва ёзги деҳқончиликдан олинган ҳосил раиятнинг ўзида қолган;

— қайси бир деҳқоннинг ерни экишга маблағи бўлмаса, уларга давлат томонидан кўмак берилган;

— деҳқонлар ва аҳолидан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва керакли қишлоқ хўжалик ускуналари тайёрлаб берилган;

— кимнинг уй иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар билан таъминланган.

Кўринадики, мамлакатдаги мавжуд табиий тартиб-қоидалар аҳолининг хоҳиш-иродаси учун хизмат қилган ва шу йўсинда мамлакатда маънавий ривожнинг юксалишига эришилган. Биргина мисол: туман беклари уч йил муддатга тайинланган ва шу даврда ҳудуднинг ижтимоий аҳволи, ободончилиги яхшиланса, уларнинг бошқарув муддати яна узайтирилган.

“Тузуклар”да ёзилганки: “Амр қилдимки, тўрт вазир ҳар куни девонхонада ҳозир бўлсинлар. Биринчиси мамлакат ва раият вазири. Бу вазир мамлакатнинг муҳим ва кундалик ишларини, раият аҳволини, вилоятлардан йиғилган ҳосил, солиқ-ўлпонлар, уларни тақсимлаш, кирим-чиқимларни, (мамлакат) ободонлигини, (аҳолининг) фаровонлиги ишларини ва мулкни қай тарзда тартибга келтираётганлигини менга билдириб турсин” .

Бу ўринда муҳими шуки, Соҳибқирон Амир Темур танланган вазир учун иш низомини аниқ битган ва унинг бажарадиган ишлари асосан халқ манфаатига қаратилиши ана шу биргина мисолдан ҳам маълум. Яна бир эътиборли жиҳати, мамлакатда қўли калта кишилар кўп бўлиши мумкин, хўш, уларни ишга жалб этиб, оғирликларини енгил қилиш учун қай тарзда чора-тадбирлар лозим? Бу тўғридаги аниқ кўрсатмаларни яна у зотнинг “Тузуклар”идан топамиз: “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, ҳолиса (давлат даромадлари ва ерлари билан шуғулланувчи олий мансабдорлардан иборат ҳайъат) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси ва ерлари билан шуғулланувчи олий мансабдорлардан бўлса-ю, обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин”.

Лекин иш шу билан якунланмайди, мамлакат обод бўлса, халқ кўнгли ёришиб, гўзалликдан баҳра олиб, ҳам маънан, ҳам руҳан мадад олиб, ўзлари ҳам эзгуликка қўл беришади. Шу боис ҳам, “Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қуришсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига (янги) кўприклар солсинлар, йўл устига работлар бунёд этсинлар”, деган кўрсатмалар берилган.

Мамлакат ичкариси каби ўзга ҳудудларда ҳам, ҳатто турли юришлар чоғида ҳам тинимсиз ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Масалан, 1381 йилда Хуросонга юриши чоғида Мурғоб водийсида тўхтаб, дарёдан ариқлар қазиб, сув чиқаришга фармон берган. Тез муддатда 20 дан зиёд ариқлар қазилган ва ҳар бир ариқ ўша бошлиқлар номига қўйилган: Умар Тобон ўғли, Оқ бўға, Шайх Али Баҳодир, Давлатшоҳ Жондор, Алоуддин Иноқ, Менгли Хожа, Кебекчи Юртчи, Қутлуғ хотун (аёл) ва ҳоказо. Ушбу суғориш тармоқлари Мурғоб воҳасида ҳозирги Боло Мурғоб шаҳридан юқорироқда, шунингдек, Ҳофизи Абрў Дилкушо, Ганжиравон, Ганжхона Шайх Али Саъд, Гулбоғон, Ҳасан Жондор Сахдак, Пурдор, Али Малик, Санжидак каби ариқлар қазилиб, сув чиқарилган. Сув мевали боғлар, яшнаган далалар, халқнинг фаровонлиги деганидир.

Бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталишга тўғри келади.

Соҳибқирон етти йиллик юриши арафасида (1399 – 1404) қишловни Озарбайжонда ўтказиб, йирик иккита қурилишни амалга оширган. Румга юришидан олдин Аррон Қорабоғида қишловда турганида Арас (Аракс) дарёси водийси илгари хароб бўлиб ётган катта ариқни кўриб, бир ой ичида 10 фарсахдан ортиқ (60 – 70 км) ариқни қаздириб, бу ариқда кемалар қатновини йўлга қўйган. Ариққа Барлос ариғи деб ном берилиб, унинг шарофатидан кўп тегирмонлар ва боғ-бўстонлар обод бўлган.

Шунингдек, Соҳибқирон етти йиллик юришидан қайтишида яна қишловни Озарбайжонда ўтказган. 1403 йил бу ерда қўшини Аракс ва Кура дарёлари бирлашган жойидаги 1224 йилда мўғуллар томонидан вайрон қилинган Бойлақон шаҳри қурилишини қийин об-ҳаво шароитида (октябрь ойида) бир ой муддатда ниҳоясига етказдирган. Мазкур шаҳар ва атрофини сув билан таъминлаш учун Арас (Аракс) дарёсидан махсус ариқ ҳам бир ойда қаздирилган. Ариқнинг узунлиги олти фарсах, эни ўн газ бўлиб, у Арас (Аракс)дан бошланиб, Бойлақон шаҳри ва атрофларини сув билан таъминлагач, Кура дарёсига бориб қуйилган:

— ариқнинг узунлиги 6 фарсах, эни ўн газ;

— чуқурлиги 70, баъзи жойларда 4-8 газни ташкил этган (бир газ 78,74 см);

— аксарият қисмида 4, ундан кам 2 газгача ҳам бор эди.

Соҳибқирон топшириғига кўра, муаррих Ҳофизи Абрў ҳам ариқни қазишда геодезик ишларни бажаришга бош-қош бўлган ва бу ҳақда ноёб маълумотларни ёзиб қолдирган. Ушбу суғориш иншоотлари туфайли мамлакатда деҳқончилик тараққий этган, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланган ва атроф-муҳит мусаффолиги ҳам анча барқарорлашган.

Айниқса, Тошкент шаҳри билан боғлиқ воқеалар биз учун жуда мўътабар ва қимматли саналади. “Шаҳарни — Тошкандни иккинчи марта олганимдан сўнг етти йилгача бу ерларни обод қилишга киришдим, — дея қайд этган Амир Темур. — Сайхун ва Жайҳун сувларидан деҳқонларни таъминладим. Кўпгина очилмаган ерларини очиб, зироат бердимки, ҳар қандай ерни экинсиз қолдирмаслик чорасини кўрдим. Деҳқонлар ҳам мамнунлик билан бундан истифода этмоққа, маҳсулотларни кўпайтиришга кўнгил қўйди. Натижада бир дона буғдой уруғидан икки юз донадан тўрт юз донагача ҳосил олмоқликларига эришилди. Бунинг соясидан Турон аҳолиси ҳаёти фаровонлашиб, бой бўлиб кетди. Маҳсулотга омборлар тўлиб кетганидан ўлтурадиган уйларига ҳам буғдой тўлдирмоққа мажбур бўлдилар. Ҳатто айрим жойларда ўз вақтида йиғиштириб олинмаган маҳсулот қор остида қолиб кетди”.

Бу барака қаердан, деган савол ҳақида яна бир карра мулоҳаза юритсак, Амир Темур иқтисодий ислоҳотларининг аввало халқ манфаати учун хизмат қилганини кўрамиз, чунки у зот 200-300 минг қўшинини ҳам тинчлик пайтларида юртни обод этиб, халқнинг турмушини яхшилашга қаратгани ҳар жиҳатдан эътиборли воқеалардир.

Амир Темур бошлаб берган иқтисодий-маънавий тизим ўзидан кейин ҳам катта ва кенг миқёсда давом этди. Тарихимизда бунга мисоллар кўп, аммо биз улардан бир-иккитаси билан чекланамиз, холос.

Ҳақиқатан ҳам, Амир Темур ва Темурийлар даврида халқ учун жонини жабборга бериб ишлаган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай зотлардан бири Хўжа Аҳрор валий ҳазратлари бўлиб, у зот 1404 йилда Тошкентда туғилган. Йирик ер-сув, мол-мулк эгаси бўлган. Али Сафий: “Ҳазрати Эшоннинг мол-мулклари, асбоб-анжомлари ҳаддан кўп, ҳисоб ва саноқдан ташқари эди”, дейди. Айтишларича, ҳазратнинг Қаршида 150 минг таноб, яъни 28 минг гектар, Самарқандда 200 минг таноб, яъни 35 минг гектар ери бор эди.

Авлиё киши шунча бойликни қаердан тўплаган ва нима қилган, деган саволнинг пайдо бўлиши аниқ.

1451 йилда темурий шаҳзодалардан бири Абу Саид мирзо Тошкентга келганида, Хўжа Аҳрор валийнинг ёрдами билан ўзининг рақиби Мирзо Абдулла қўшини устидан ғалаба қозонади. Ана шу ғалабадан сўнг Абу Саид мирзонинг у зотга ихлоси ортиб, уни Самарқандга олиб келган ва Хожа Кашфир маҳалласидан унга бошпана қилиб берган.

Хўжа Аҳрор валий жуда сербаракотли киши бўлиб, унинг ҳар бир қадамидан барака ёғилиб турарди. Абусаид мирзонинг тархонлик ёрлиғига сазовор бўлгач, у оддий деҳқонларнинг оғирини енгил қилишга, халқнинг осойишталиги ва маънавиятининг бутун бўлиши йўлида диққат-эътибори ва куч-қувватини сарф этади. Натижада кўпгина деҳқонлар ўз ерларини унинг имтиёзли ҳисобига ўтказиб, тинчгина даромад топишга, ўзлари истагандек рўзғор тебратишга муяссар бўладилар. Албатта, бу халққа ёқадиган иш эди. Шу боис ҳам бутун Турон мулкида Хўжа Аҳрорнинг обрўйи кун сайин юқорилаб боради. Айниқса, 1458 йилда уч нафар темурий шаҳзода: Султон Аҳмад мирзо, Умаршайх мирзо ҳамда Султон Маҳмуд мирзолар Шоҳрухия шаҳрида бир-бирларига тиш қайраб турганларида, Хўжа Аҳрор валий шошилинч равишда Самарқанддан келиб, уларни бир жойга тўплаб, катта хунрезликнинг олдини тўсади ва ўртада сулҳ тузилишига эришади. Тасаввур этинг, бу уч шаҳзода бир-бирлари билан жангга киришганларида бутун Тошкент вилояти суворийлар ва жангчилар оёқлари остида қолиб, топталар ва қанчадан-қанча бегуноҳ аҳолининг ёстиғи қуриши ҳам аниқ эди.

Бу шахснинг ана шу эзгу иши, яъни жуда катта урушнинг олдини олиб, уч шаҳзодани адолат билан сулҳга кўндиргани оламшумул воқеа эмасми? Бу ҳам иқтисод, бу ҳам солиқ, яъни халқнинг қанча мулки, бойлиги сақлаб қолинди, давлат ҳам солиқларидан айрилмади. Хўш, буни ёзиш керакми-йўқми ёки мен фақат иқтисод, солиқ ҳақида ёзишим керак, дея тарихнинг ана шу муҳим бурилиш нуқтасидан кўз юмиб ўтиб кетиш керакми?

Европада ёки жаҳонда урушнинг олдини тўсган шунақа бой кимса, яна бошқа авлиё борми?

Бу ҳам майли, бу ёғини эшитинг:

Умаршайх мирзо Тошкент вилояти аҳолисига 250 минг динор солиқ солганда, бу маблағни Хўжа Аҳрор валий ўз ҳисобидан тўлаб юборади ва яна қўшимча 70 минг динорни солиқчиларга бериб, давлат хазинасига тортиқ этади   ­   (А.Ўринбоев. Хўжа Аҳрор. “Буюк сиймолар, алломалар” тўплами. “Мерос”, 1996, 52-б.)

“Бизнинг бойлигимиз фақирлар учун. Бойлигимизнинг сири шунда”, деган эди у зот (Шерзод Отамуродов. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Тошкент, “Мовароуннаҳр”, 2004, 48-б.).

“Биз бу йўлни тасаввуф китоблардан эмас, халққа хизмат туфайли қўлга киритдик”, деб ёзган у зот.

Яна бир ўринда: “Мен умрим давомида бировдан ҳадя қабул қилмадим”, дея таъкидлаб ўтган. Демак, бугунги ёш авлод билиши керакки, бизнинг улуғ аждодларимиз таъмагирликни ор билишган, ундан ҳазар қилишган. Гоҳо таъмагир кишиларни кўрсак, ўзимиз ҳам уларга ачиниб қараймиз, агар ёшлик қилиб, ўзимиз ҳам шу аҳволга тушган кезларни эсласак, нимага олдинроқ Хўжа Аҳрор валийнинг асарларини ўқимаган эканман, нимага у зотнинг ҳаётини ўрганмаган эканман, деб ачинамиз. Зеро, биз бугун давлатлимиз, кечаги ўзгаларнинг қўлидаги “қуллар” эмасмиз. Бизнинг ўз сув ичар булоқларимиз, шоир айтганидек, ўз сиғинар мозорларимиз бор. Зеро, бунинг яна бир учи Соҳибқирон Амир Темур тамал тоши қўйган адолатли солиқ соҳасига бориб тақалади.

Темурийлар Уйғониш даврининг яна бир ҳотамтой вакили, миллат таянчи, улуғ шоир, давлат ва жамоат арбоби Мир Низомиддин Алишер Навоий ҳисобланади. Чунончи отаси Ғиёсиддин кичкина Темурийлар даврида Сабзавор шаҳрининг ҳокими эди. Вафот этгач, ундан ўртанча ўғил Алишербекка ҳам бироз мулк мерос қолган. Шоир ўта зукко инсон эди. У отасининг мулкини совуришни эмас, уни асраб, кўпайтиришни ўйлайди ва тадбиркорлигини ишга солиб, ҳалол йўл билан ризқ топиб, тезда бойиб кетади. 1481 йилда битилган “Вақфия” ҳужжати маълумотларига кўра, унга қарашли ерлар 500 жарибни ташкил этган. Булардан ташқари, гавжум бозорларда у зотнинг қатор савдо расталари ҳам мавжуд эди. Мазкур ерлар, боғу роғлар, савдо дўконларидан келадиган даромадларини у ҳотамтойлик билан муҳтож оилаларга, етим-есирлар, бева-бечоралар, илмли инсонлар, мадраса, мачитлар, талабалар эҳтиёжи учун сарфлаб юборарди. Давлатга солиғини ўз вақтида тўлар, хайру худойини ҳам унутмасди. Ҳатто бир гал подшоҳ дўсти Султон Мирзо Ҳусайннинг давлат харажатлари кўпайиб кетиб, халққа солиқ солмоқчи бўлганда, аҳолига жабр бўлмасин деб, ўз ҳисобидан 25 минг динорни бутун мамлакат аҳли учун ҳеч бир оғринмай тўлаган эди.

Бундан ташқари, ўша даврнинг кўзга кўринган муаррихи Хондамирнинг маълумот беришича, Алишер Навоий ўз маблағи ҳисобидан 52 работ, 19 ҳовуз, 16 та кўприк, 9 ҳаммом ва бир қанча мадраса, масжид, хонақоҳ ва шифохоналар қурдирган. Астробод шаҳридаги Мир саройи ва жоме масжиди, Марв шаҳридаги мадраса шулар жумласидандир.

Темурийлар Уйғониш даврининг бу икки мўътабар донишманди ҳақида жуда кўп эътиборли фикрларни айтиш мумкин, аммо масала шундаки, шахснинг бойлик орттириши фақат ўз манфаати, ўзининг тўқ ва бой яшаши учун эмас, балки бу ҳам Тангрининг унга тирикликда инъом этилган омонати, деб билиши кераклигини ва бу бойликнинг ҳам аслида халқники эканини Амир Темур қайта-қайта такрорлаб ўтганки, бунга унинг авлодлари каби халқнинг нуфузли вакиллари ҳам амал қилишган.

Зеро, тарихимиздаги бу икки йирик аждодимиз ҳақида қисқача бўлса-да, беҳуда тўхталмадик. Ўша замонларда бундай ҳотамтой, савобталаб ва халқнинг чинакам ғамхўри бўлган нуфузли шахслар ҳақида сўз юритсак, саҳифалар етмайди, аммо зукко китобхонларимиз шу қисқа тафсилотларнинг ўзидан ҳам керакли хулоса чиқара оладилар, деб ўйлаймиз.

Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:

 

Гар яхши амал кишига одат бўлғай,

Умри бу амал бирла зиёдат бўлғай!

Тўлқин ҲАЙИТ,

ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи

Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 13 =