Унутилган шоира: Мукаррама Отин ким эди?

Архивда Саодат Шамсиеванинг шахсий фонди устида ишлаётган вақтим (Р-2854-фонд, 1-рўйхат, 59-йиғмажилд) кутилмаганда бир шоира аёл номига дуч келдим. Бу номни илгари на дарсликларда, на илмий адабиётларда учратган эдим. Қизиқиб, қўлёзма материалларни варақлай бошладим. Манба оддий ручкада, кирилл графикасида ёзилган бўлиб, унда Мукаррама отин ҳақида қисқа, аммо муҳим маълумотлар келтирилган эди. Шу қўлёзмалар орқали мен илгари деярли ҳеч қаерда тилга олинмаган бир аёл ижодкор ҳаёти ва ижоди билан танишдим.

Халқ орасида ўзбек аёллари ижтимоий ҳаётга фақат Совет даврида кириб келган, деган қараш тез-тез учрайди. Бироқ тарихий манбалар бу тасаввурни тўлиқ тасдиқламайди. Аксинча, архив саҳифаларида бу фикрни рад этувчи унутилган овозлар ҳам мавжуд. Мукаррама отин ана шундай шоиралардан бири экан.

Мукаррама отин 1903 йилда Тошкентда, Ҳасанхон домла оиласида туғилган. Онаси Мастура отин ҳам қизларни ўқитган. Оиладаги муҳит туфайли у ёшлигидан илмга ошно бўлади. Машраб ва Навоий асарларини мутолаа қилиб улғаяди.

13 ёшида  шеър ёзишни бошлайди. Унинг 1916 йилда ёзилган “Мунча ҳам” шеърида ўша давр ўзбек аёлининг ички дарди, эрксизлик ҳисси ва умидлари яққол акс этади:

Биз фақир бечора қизлар

                          Хор эрурмиз мунча ҳам,

Бош эгиб, қуллик қилиб,

                          Ночордурмиз шунча ҳам.

Бу қаро зулмат уйида

                         Кўрмайин офтоб юзин,

Сарғайиб рухсоримиз,

                         Абгордурмиз мунча ҳам.

Дилдаги орзу, ҳавас,

                        Рамзини ошкор этмайин.

Кўрсалар кимга раво,

                        Биз розидурмиз мунча ҳам.

На учун дунёга келдик,

                        Бўлмаса эрк-ихтиёр.

Тўрт девор ичра юраги,

                        Қон эрурмиз мунча ҳам.

Қалбимизни меҳру муҳаббат

Этмайин изҳор кўп пинҳон,

                        Тун эрурмиз шунча ҳам.

Ўт тушиб куйган замонимиз,

                                   Бизга ёр бўлмаса,

Қиз асир, “махлуқ” деган,

                   Бадном эрурмиз мунча ҳам.

Мукаррама отин оддий ижодкор эмас эди: у ўз даврининг оғриқларини юрагидан ўтказа олган, илмга ташна ўзбек қизи эди. Шеърлари ҳам анча баланд, юксак даражада ёзилганидан шуни айтиш мумкин бўладики, у жуда иқтидорли шоира бўлган.

1918 йиллардан бошлаб жамиятда катта ўзгаришлар юз беради. Зиёлилар хотин-қизлар саводхонлигини оширишга интилади. Шу билан бирга, янги сиёсий тизим аёлларни жамият ҳаётига жалб этишга киришади. Бу жараён аёллар ижодида ҳам акс эта бошлайди.

1926 йилда ёш шоиралар ижоди “Эрк куйлари” номи билан алоҳида тўплам ҳолида нашр этилади. Бу ҳақда Саодат Шамсиева ўз хотираларида шундай ёзади: “1926 йил бўлса керак, Ойбек ёш қаламкаш қизлар шеърларини тўплаб, кичик тўплам қилиб чоп эттирди…” (Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Р-2854, 1-рўйхат, 17-йиғмажилд, 2-варақ).

Бу тўплам аёллар ижодининг янги босқичга чиққанини кўрсатади. Бироқ унда ҳам Мукаррама отин номи учрамайди. Бу эса унинг ижоди кенг адабий майдонга чиқмай, кўпроқ ёпиқ муҳитда қолиб кетганини англатади.

Мукаррамани эрта турмушга узатдилар. У мактабдан кўнгил узолмай кўп йиғлади. Ҳаёт уни бошқа йўлга бошлади: турмуш ташвишлари, фарзанд қувончи ва дарди билан юзма-юз қилди. Аммо у ички дунёсидаги энг муҳим нарсани йўқотмади.

Маҳбуба Раҳим қизи ва Саодат Шамсиеванинг ёзишича, шоира ҳаётнинг оғир синовларига дуч келган. У олти ўғил ва уч қизни дунёга келтирган, аммо уларнинг 7 нафаридан эрта айрилган. Охир-оқибат, икки фарзанди билан қолиб, бутун умрини уларнинг тарбиясига бағишлаган.

Мукаррама отин учун китоб шунчаки машғулот эмас эди. У — оғир дамларда суянч, йўқотишлар қаршисида таскин, ҳаётнинг синовларига бардош беришга куч берадиган ягона таянчи эди.

Шоиранинг қуйидаги сатрлари унинг ички дунёсини яққол ифодалайди:

Вароғида сокин май тутар,

Мени лабболаб, жоним китоб.

 

Ажабо, кулар рақибларим,

Мени қўлда раҳбарим китоб.

 

Менга бу озодлик коридир,

Мени дилга сайқалим китоб.

 

Бу мукаррами дили хастага,

Мени дори-дармоним китоб.

Ҳа, шундай, барча синовларга қарамай, Мукаррама отин қўлидан китобни қўймади. У учун китоб шунчаки билим эмас эди. У — нажот эди, сабр эди, яшашга куч берадиган таянч эди.

Демак, ўзбек аёлининг овози бўлмаган эмас. У бор эди: фақат кўпинча эшитилмай қолган. Мукаррама отин ана шундай унутилган овозлардан биридир.

Насиба НАРЗУЛЛАЕВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг

“Ўзбекистон тарихи” ихтисослиги таянч докторанти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + eleven =