Номи ҳам, қисмати ҳам қора бўлди

Тун алламаҳал. Теварак-атроф жимжит. Ҳатто, акиллаб юрадиган итлар ҳам сукутга чўмган.

Шерқул қора кийимларини кийиб, бошига шапкасини бостирди-да, секин ташқи дарвозани очиб, кўчага чиқди. Аввалдан режалаштирган ишини амалга ошириш пайти келган эди.

Шерқул ўзи кўзлаган хонадонни анча вақт зимдан кузатган: ким қачон ишга кетади, ким уйда қолади, барчасини синчиклаб ўрганганди. Уй эгалари савдо-сотиқ билан шуғулланиши, уйда катта маблағ сақланишини ҳам яхши биларди.

Бир куни нарса харид қилиш баҳонасида уйга кириб чиққан чоғида пул сақланадиган жойни ҳам кўриб олганди.

Ўша тунда у симёғоч орқали девор ошиб ҳовлига тушди. Орқа томондаги ойнани махсус очқич билан очиб, хона ичига кирди. Телефон ёруғида атрофни кузатиб, аввалдан кўзлаб қўйган сандиқчани очди. Пачка-пачка пулларни сумкасига жойлади. Бир нечта қимматбаҳо матоларни ҳам олиб чиқди. Из қолдирмаслик учун у ойнани аввалги ҳолатига келтириб қўйди.

Эртаси куни Эргашбойнинг уйида ўғрилик бўлгани маҳаллага овоза бўлди.

Орадан ҳафталар ўтди. Шерқул ўғирланган матолардан бирини таниши орқали бозорда соттирди.

Матони сотиб олган аёлни тасодифан Эргашбойнинг хотини кўриб қолди. Ўз молини таниб, сотувчини суриштириб боргач, Шерқулнинг сири очила бошлади.

Ички ишлар ходимлари унинг уйини тинтув қилганида қора чемодан ичидан пачка-пачка пуллар топилди. Ўғирлик содир этилган ҳовли орқасидаги оёқ излари ҳам Шерқулнинг пойабзалига мос келди.

У биринчи марта судланиб, йигирма ёшида саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қамоқ ҳаммани ҳам тарбия қилолмас экан. Озодликка чиққач, яна ўғрилик қилиб, қамалди. Кейин талончилик қилиб, яна жазога тортилди.

Йиллар ўтди. Илгариги ёш ўғри энди “ўғриларнинг зўри” деган ном чиқариб, жиноят ботқоғига ботди.

Қирқ ёшга яқинлашганда Шерқул озодликка чиқди. У гўё ҳаётини ўзгартирмоқчидай кўринарди. Россияга бориб ишлаб келди. Уйини таъмирлаш, оила қуриш ҳақида ўйлай бошлади. Танишлари орқали Нигора исмли аёл билан танишиб, шаръий никоҳ асосида яшай бошлади. Бироқ унинг вужудида нафс балоси ҳалиям тинчлик бермасди.

Шерқул уйида таъмир ишларини бошлаб, ҳовлидаги молхона ортидан икки метрлик чуқур қаздирди. У ер мудҳиш жиноятни яшириш учун аввалдан тайёрланганди. Шерқул валюта айирбошловчи Хуррам Ўроқов билан танишиб, аввал оз миқдорда доллар майдалаб, унинг ишончига киради. Кейин каттароқ сумма баҳонасида долларфурушни уйига чақиради.

Хуррам икки минг АҚШ долларини сўмга айирбошлаб мўмай даромад қилиш илинжида Шерқулнинг уйига келди.

Улар пул курси борасида келишолмай, тортишув бошланди.

Хуррам гилам устида пул санаб ўтирган пайтда Шерқул ташқарига чиқиб, олдиндан тайёрлаб қўйилган ёғоч билан орқадан Хуррамнинг бошига зарба беради.

Зарба кучидан у гилам устига йиқилади. Аммо Шерқул қўлидаги ёғоч билан уни аёвсиз уриб, ваҳшийларча ўлдиради. Пулларни йиғиштириб олгач, жасадни гиламга ўраб, қазилган чуқурга ташлайди. Ёғочни ҳам шу ерга кўмади.

Эртаси куни мардикор чақириб, чуқурга шағал тўктириб, цемент қуйдириб қотиллик изини “йўқотади”.

Хуррам Ўроқовнинг бедарак йўқолиши ҳаммани оёққа турғазди.

Кузатув камералари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, телефон алоқалари — барчаси бир нуқтага, Шерқулга олиб келарди.

Тинтув вақтида молхона ёнидаги янги цементланган жой терговчилар диққатини тортди. Холислар иштирокида у ер ковланди. Телефон ғилофи, қонга беланган ёғоч ва гиламга ўралган мурда топилди. Суд-тиббий экспертизаси Хуррам Ўроқов шафқатсизларча ўлдирилганини тасдиқлади.

Суд Шерқул Тўхтаевни узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. У яна темир панжара ортига қайтди.

Жиноят ҳар доим инсонга бахтсизлик олиб келади. Нафс ва енгил бойлик илинжида қилинган қинғир иш оқибатда инсонни хорлик ва ҳалокат сари етаклайди. Шерқулнинг номи ҳам, қисмати ҳам қора бўлди. Афсуски, у жиноят ортидан жиноят қилиб, нафақат ўз умрини, балки бошқаларнинг ҳам ҳаётини барбод қилди.

Тўлқин АБДУРАИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси,

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

суд маслаҳатчиси.

Фарзандини “унутган” ота

 Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр экан, аввало, турмуши ширин ва бахтли бўлишини истайди. Бироқ қуруқ истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт бир текис кетмайди. Бу эса эр ва хотиндан сабр-тоқатли бўлишни, аҳилликни талаб этади. Йўқса, арзимаган гап-сўзлар, келишмовчиликлар муносабатларни емириши, ҳаётни боши берк кўчага олиб кириши мумкин.

Х.Қ. ширин орзу-ниятлар билан А.С.га уйланади. Орадан йиллар ўтиб, ўғилли бўлишди, аммо фарзанд туғилиши оила ришталарини мустаҳкамлай олмади. Рўзғордаги майда-чуйда гап-сўзлар бора-бора оиланинг барбод бўлишига олиб келди.

Энг ёмони, эр фарзандини унутади. Таъминоти билан ҳам қизиқмайди. Қийин аҳволда қолган она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг буйруғи билан Х.Қ.га вояга етмаган фарзанди учун ҳар ойда даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Аммо ота суднинг буйруғини бажармаган. Х.Қ. суд ижрочилари томонидан вояга етмаган фарзандига алимент тўлаши шартлиги тўғрисида бир неча бор огоҳлантирилган. Лекин яна у фарзанди моддий таъминотига эътиборсиз қараб, суд буйруғини бажармаганлиги учун отага нисбатан ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, судга ўтказилди. Х.Қ.га суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ота суд томонидан фарзанди учун мажбурий ундирилиши керак бўлган 23.976.516 сўм миқдордаги алиментни тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Турли баҳоналар билан фарзанди таъминоти учун белгиланган суммани беришни истамаган. Дастлаб маъмурий жавобгарликка тортилиб, кетма-кет огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармаганлиги сабабли отага нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Яқинда мазкур жиноий иш судда кўриб чиқилди. Суднинг ҳукми билан Х.Қ. бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчи она фойдасига 11.011.180 сўм ундириш белгиланди.

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларга таъминот бериши шартлиги, агарда ота-она таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаса, суднинг ҳал қилув қарорига ёки буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган. Қолаверса, жиноий жазо олган жавобгар ота фарзандлари олдидаги мажбуриятларидан озод қилинмайди.

Ҳаётда баъзида ана шундай нохуш ҳолатлар учраб турганлиги афсусланарлидир. Ўз фарзандлари тақдирига бу қадар бефарқ қарайдиган оталарнинг учраб туриши кечирилмайдиган ҳолат. Ундайларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик чоралари мавжуд.

Зеро, оила жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланиб, унинг мустаҳкамлиги юртнинг келажагини белгиловчи омилдир. Шундай экан, оила бутунлигини сақлаш ва фарзандлар таълим-тарбиясига ҳар бир ота-она масъул эканлигини унутмаслик керак.

Жаъфар ҚУРБАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман

судининг тергов судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =