Очерклар устаси

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Миршароф Муҳсимов ҳаёт ва ижод йўли

1966 йилнинг олтин кузи. Москвада оталар шон-шуҳрати йўллари бўйлаб юриш қатнашчиларининг Бутуниттифоқ II слёти бўлиб ўтаётган эди. Хорошевское шоссесидаги “Чодирлар шаҳарчаси” ўз қучоғига ёш изтопарларни олган. Бир куни эрталаб Волокиласкага жўнаш олдидан унутилмас тарихий учрашув бўлди. Шаҳарчага қора “Волга” келиб тўхтади. Ундан биринчи бўлиб кенг яғринли ва новчадан келган генерал, сўнгра ўрта бўйли, худди суратдагидек чеҳрасидан илиқ табассум барқ уриб турган биринчи космонавт Юрий Гагарин тушиб, Ўзбекистон чодири томон кела бошлади.

— Гагарин келди! Га-га-рин! — деган қичқириқлар бошланди. Булар орасида слётни ёритиш учун борган “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси махсус мухбири Миршароф Муҳсимов ҳам бор эди.

Машҳур космонавт ҳамма билан бирма-бир кўришиб, ҳол-аҳвол сўради.

— Ватан учун, халқ учун ҳамиша тайёр туринглар! — деб самимий тилаклар билдирди.

Фурсатдан фойдаланиб, Миршароф ака Гагариндан интервью олди. Суҳбатда шундай сатрлар бор эди: “Шуни маълум қиламанки, ҳатто инсон билан биринчи марта коинотда парвоз қилган “Восток” космик кемасининг мўъжазгина кабинасида ўзбек пахтасидан тайёрланган буюмлар ҳам бор эди: жумладан, коинотда Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тўқилган газламадан тикилган ички кийим мени иситиб турди”. Бу илиқ самимий жумлаларда ўзбек халқига самимий, чуқур ҳурмат мавж уриб турар эди.

Юрий Гагарин ибн Сино, Абу Райҳон Берунийнинг авлоди, ўзбек халқининг асл фарзанди, космик парвозларни тайёрлаб, ўтказиш ва фазо тиббиётига камтарона хизмати сингган Абдухалил Мансуров ҳақида (гарчанд унинг исм-шарифини келтирмаган бўлса-да, чунки ўша пайтда унинг номи ҳам бошқалар қатори давлат “сири” ҳисобланарди) шундай деб ёзганди:

“Фазога учишга тайёрлашда ва амалга оширишда бевосита турли миллат вакиллари қатнашдилар. Инсоннинг бепоён коинотга учиш жараёнини ўрганаётган ва бу парвознинг бехатарлигини таъминлаётган олимлар ва врачлар орасида ўзбек халқининг ажойиб фарзанди, аср қуёши Тошкентда туғилиб ўсган тажрибали врач, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, истеъдодли олим ҳам бор”.

Гагарин тилга олиб ўтган истеъдодли олим Абдухалил Мансуров бўлиб чиқди. Миршароф ака у ҳақда “Қалдирғочлар баҳорда учади” сарлавҳали илмий очерк ёзган эди.

Ўзбек журналисти Миршароф Муҳсимов биринчи бўлиб космонавт Гагариндан интервью олганлиги ҳақида кўрсатув ҳам бор.

— Марказкомга бир топшириқ юзасидан борган эдим, — деб эслайди устоз Миршароф ака. — Лифт олдида турган эдим, шу пайт Марказком ходими, Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов мени кўриб қолди. Гаплашиб турсак, кўча эшикдан бўйдор бир киши кириб келди. Телпагини бостириб олган, усти-боши қор. Ташқарида қор бўралаб ёғиб турибди. У киши келиб: “Баротжон, яхшимисиз?” деб қўл олишиб кўришди. Сўнг менга ҳам қўл узатди. Шу пайт лифт очилди. Мен ҳам чиқмоқчи эдим, Барот ака: “Чиқманг, — деб елкамдан ушлаб қолди. — Бу киши Шароф Рашидов-ку!”

Бу тарихий учрашув Миршароф аканинг хотирасида бир умр муҳрланиб қолди.

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов билан боғлиқ яна бир тарихий воқеа ҳақида:

— Бир куни “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) бош муҳаррири Мақсуд Қориев коинотга учирилган газетамизнинг фотонусхасини менга узатар экан: “Буни асраб қўй, бир кун сенга асқатади”, деди, — дея эслайди Миршароф ака. — Худди ўша кун келди. Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллиги арафасида газетада “Коинотда бўлган ўзбек газетаси” сарлавҳали шов-шувга сабаб бўлган мақола босилди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида инсоният тарихида биринчи марта фазога парвоз қилган “Союз-Аполлон” халқаро кемаларини туташтиришга ҳозирлик кўрилаётган бир паллада Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бир ишнинг ташаббускори бўлди. У киши “Союз-19” кемасида “Совет Ўзбекистони” газетасининг самога парвозини уюштиришга эришган эди. Отахон газетанинг 1975 йил, 13 июль, 163-сони космосда бўлиб қайтгани ҳақиқат.

Газетанинг ушбу сони Бойқўнғирга — учувчилар Алексей Леонов ва Валерий Кубасовга етказиб берилади.

“Союз” парвози муваффақиятли якунлангач, фазога чиқиб қайтган газета шахсан Шароф Рашидовга топширилди. Космонавтлар Алексей Леонов ва Валерий Кубасов газетанинг биринчи саҳифасига шундай дастхат ёзишган экан:

“Ҳурматли Шароф Рашидович! Сизга ва Ўзбекистондаги барча меҳнаткашларга тўққизинчи беш йилликнинг якунловчи йилида янгидан-янги ютуқлар тилаймиз!

“Союз-19” кемаси борти, 15.07.1975 йил”.

Газетанинг биринчи саҳифаси тепасига эса “газета фазода бўлди” деб ёзиб қўйилган эди.

Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг матбуотга нақадар эътибори кучли бўлганини ушбу мисол орқали ҳам кўриш мумкин.

Бир куни Мақсуд Қориев ўз хонасига Абдукарим Набихўжаев, Муроджон Мансуров, Миршароф Муҳсимов, Жўра Саъдуллаевларни чақириб: “Шароф Рашидов бизга масъулиятли топшириқ бердилар. “Ўзбекистон қўриқлари” китобини ёзишимиз керак”, деди.

Ҳамма ишга киришиб кетади. Миршароф Муҳсимов Мирзачўлни ўзлаштириш ҳақида туркум мақолалар тайёрлаши керак эди.

Қаҳратон қишда чўлнинг у томонидан кириб, бу томонидан чиқади. Китобга сўзбошини шахсан Шароф Рашидов ёзиб беради. Бу китоб ҳукумат мукофотига ҳам сазовор бўлади.

Сўзбошида Шароф Рашидов шундай ёзган эди: “Шу ўринда қўриқ ҳақида ёзиш, халқимиз кўрсатган қаҳрамонликни куйлаш, уни тараннум этиш олижаноб ишдир. Халқимизнинг янги ерларини ўзлаштириш соҳасидаги ишлари бамисоли халқ қудратига қўйилган ҳайкалга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қўшиққа ўхшайди…”

Кези келганда, 80-йилларда ўзбек халқига қилинган яна бир қатағонни эслаш ўринлидир. Бу ҳам бевосита Шароф Рашидов номи билан боғлиқдир. Марказдан жаллод Гдлян, Иванов бошчилигидаги бир гуруҳ десантчилар ташланади. Кўчаларимизда қутурган итдек изғиб, хонадонларга кириб, “пулни чиқар, олтинни чиқар” дея дағдағага тушдилар.

Қама-қама авжига чиқди. Қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар “Московская тишина” қамоқхоналарида сўроққа тутилди! “Пахта иши”, “Ўзбек иши” қанча бегуноҳларнинг бошини еди.

Устоз Миршароф ака шундай хотирлайди:

— Гдлян билан Ивановнинг “Кремлёвские дела” китобини бир неча марта қайта-қайта ўқиб чиққанман. Ўқидим-у тепа сочим тикка бўлди. Алҳазар, нималарни ёзмаган — ёқа ушлайсиз. Улар ўзбек халқини қатағон қилмаган эмиш. Уларни порахўрлардан ҳимоя қилганмиш. Сутдек оппоқмиш. Ё, тавба! Йигирмага яқин обком котиби, йигирмага яқин генерални қамоққа ташлаганини очиқдан-очиқ ёзишади. Қанчадан-қанча обком, горком котиблари, генераллар ўз жонига қасд қилдилар. Ўзбекистон пахта саноати вазири Ваҳобжон Усмонов отишга ҳукм қилинди. У “менинг виждоним пок” деб ўлимга тик боқди. Қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимизнинг қабрлари ўзга юртларда қолиб кетди.

Бош котиб Горбачёв устидан мамлакатни хонавайрон қилгани учун жиноий иш қўзғатган москвалик прокурор Виктор Илюхин: “Гдлян билан Иванов Ўзбекистоннинг бошига 1937 йилдаги қатағонни солди”, — деганида қанчалар ҳақ эди.

Бир куни нашриётимиз мажлислар залида матбуот конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Бош прокурори Бутурлин бошчилигида Гдлян ва Иванов билан учрашув бўлиб ўтди. Зал журналистлар билан тўла.

Прокурор Бутурлин қисқача нутқи билан мулоқотни очди. Қирра бурунли, бургутни эслатувчи Гдлян, ўсик соқолли, бульдог кучукчани эслатувчи Ивановлар тўрда керилиб ўтиришарди. Мулоқот қизигандан-қизиди.

Бир вақт олд қаторда ўтирган ёзувчи-журналист Хуршид Дўстмуҳаммад даст ўрнидан туриб:

— Сизлар қачонгача ўзбек халқини қатағон қиласизлар?! — деб қолди.

Кутилмаган бу саволдан Гдлян билан Иванов тиллари калимага келмай қолди. Сўнг ўзларига келди, шекилли:

— Биз бу ерга қатағон қилиш учун эмас, ўзбек халқини порахўрлардан озод қилиш учун келганмиз, — деди Гдлян.

Залда кулги кўтарилди. Хуршид Дўстмуҳаммад яна луқма ташлади:

— Порахўрлар, ана, тепада ўтирибди! — деди.

Қараса, иш чаппасига кетмоқда. Бутурлин мулоқотни юмалоқ-ёстиқ қилиб якунлаб:

— Бизнинг бошқа жойда ҳам учрашувимиз бор, — деб бошларини эгганча шарманда бўлиб залдан чиқиб кетишди.

Қайтар дунё дейдилар. Ўша нонкўрларнинг бири тилдан қолди, бирининг кўзи ғилай бўлиб қолди. Бири яккамохов бўлиб, одамлар унга дуч келса, тескари қараб ўтадиган бўлди.

Устозни тинглаб ўтирибман-у, ўша йиллардаги воқеалар, аянчли тақдирлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтади.

Устоз Миршароф ака россиялик машҳур журналист Аграновскийнинг илмий очеркларини мунтазам ўқиб борарди. Бир куни бўлим мудири Ўктам Усмоновга:

— Келинг, биз ҳам ўзбек журналистикасига илмий очерк жанрини олиб кирайлик, — деди.

Бу ғояни ўша вақтдаги “Совет Ўзбекистони” газетасининг  бош муҳаррири Мақсуд Қориев ҳам маъқуллайди. Шундай қилиб, “Йўл юрса ҳам мўл юриб…” дастлабки илмий очерк пайдо бўлади.

…Норқул Эшназаровнинг бир оёғи тоғу тошда, бир оёғи лабораторияда деган эътирофни ўқиган Норқул ака: “Бўри билан геологни оёғи боқади”, — деб ҳазиллашади.

Олим дунё палеонтологиясида топилма қолдиқлари жадвалига “Эшназаров номи билан” киритилди.

Шундай қилиб, ўзбек журналистикасида янги жанр — илмий очерк кашф этилди. Профессор Очил Тоғаев илмий очерк ўзбек журналистикасини янги жанр билан бойитди, деган бўлса, атоқли адиб Одил Ёқубов: “Илмий очерк ўзбек журналистикасида катта янгилик бўлди”, — деганди.

Бир куни Миршароф ака Мақсуд Қориевнинг ҳузурига кириб, таниқли жарроҳ Восит Воҳидов ҳақида мақола ёзмоқчилигини айтади.

Шунда Мақсуд ака:

— Бу олим журналистларни олдига яқинлаштирмайди деган гапни эшитганман. Қанақа бўларкан? Майли, бир уриниб кўринг, — деб розилик беради.

Ўзбекистонда ҳам туғма ва орттирилган юрак пороглари операциялари ўтказилаётган эди. Нега шу ҳақда ёзмаслик керак?

1960 йил июнь ойида машҳур жарроҳ профессор Ю.Н.Мешалкин Тошкентдаги тез ёрдам институти клиникасида оғир юрак касаллигига учраган 15 кишини операция қилади.

Ўшанда доцентлардан В.Воҳидов, С.Аъзамхўжаев ва бошқалар операцияда иштирок этишган эди.

Шундай қилиб, Ўрта Осиёда илк бор юрак операцияси муваффақиятли ўтказилади.

Ана шундан кейин жарроҳ Восит Воҳидов мустақил операциялар ўтказишга бел боғлади. Юзлаб беморларни ҳаётга қайтарди.

Академик Воҳидов шогирдларига доим: “Жарроҳ мерган каби — адашишга ҳаққи йўқ”, — деб таъкидлар экан.

Миршароф ака олимнинг ҳузурига йўл олади.

Жарроҳ операцияда экан, бироз кутади. Жарроҳ бироз толиққан кўринарди, у Миршароф акани совуққина кутиб олади. Мақсадни англагач: “Мен ёзишга арзийдиган иш қилганим йўқ”, деб рад жавобини беради. Миршароф ака қуруқ қўл билан қайтишни истамайди, жарроҳнинг шогирди Эркин Исломбековдан баъзи керакли маълумотларни олиб, уйга қайтади ва мақолани ёзишга ўтиради.

Бир ҳафта ўтгач, мақола нусхасини олиб боради.

— Яна келдингизми? — деди Восит ака.

— Мақоламни кўриб берсангиз, — дейди Миршароф ака.

— Мен билан гаплашмай туриб қандай мақола ёздингиз? Майли, кўриб қўяман, олиб кетарсиз, — деди олим.

Бир неча кундан сўнг Миршароф ака яна боради.

— Ўқиб чиқдим, маъқул, бироқ исми-шарифим кўпайиб кетибди, битта жойида қолдирсангиз майли, қолган жойида профессорми, олимми деб қўярсиз.

“Кафтдаги юрак” сарлавҳали илмий очерки босиб чиқарилган куни касбдошлар табриклашар экан: “Қандай эришдингиз?” деб ҳайратланишади.

Топширилган ишни қиёмига етказиб бажариш устозга хос фазилат. Унинг “Кафтдаги юрак”, “Қалдирғочлар баҳорда учади”, “Жавоҳирлар сандиғи” сингари илмий очерклари бунга яққол далолатдир.

Журналистлик ҳам, тадқиқотчилик ҳам осон иш эмас. Асалнинг шифобахшлигига бағишланган “Минг бир дард давоси” сарлавҳали очерк (1976 йил) профессор Саломат Йўлдошевага бағишланган эди.

Ўшанда олима мақолани ўқиб чиқиб, унинг тагига шундай деб ёзиб қўйган экан: “Ўртоқ Муҳсимовнинг мақоласи илм-фан нуқтаи назаридан замон талабларига тўла жавоб беради. Республикамизда асаларичиликни ривожлантиришнинг муаммолари тўғрисидаги мулоҳазалари ғоят қимматлидир. Профессор С.Йўлдошева”.

Устознинг ҳаёти адабиёт ичида, китоблар ичида. Қачон қараманг, қўлларидан китоб тушмайди. Тўқсонни қоралаб қўйган бўлса-да, ҳамон кўзойнаксиз ўқийди.

“Авлодлар қиссаси”, “Ҳаёт баҳори”, “Алломалар”, “Ўзбекистон юлдузлари”, “Ўзбекистон қўриқлари” китоблари ҳаммуаллифи.

Миршароф Муҳсимов қайси мавзуда қалам тебратмасин, тасвирламоқчи бўлган қаҳрамон ёки воқеани ҳар тарафлама пухта ўрганарди ва янгича талқин этарди, бу эса у ёзган очеркларнинг бадиий бўлишини таъминлаган, албатта. Унинг космонавтика медицинаси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган профессор Абдухалил Мансуров ҳақида ёзган “Қалдирғочлар баҳорда учади” ва ғўза радиобиологияси фани билимдони, профессор Набижон Назаров ҳақидаги очеркларида олимлар қиёфаси очиб берилган. “АН-401 парвози” ҳақидаги Александр Матрасов жасоратини такрорлаган фарғоналик Карим Султонов тўғрисидаги “Ўт эди, олов эди” очерки ҳам оғизга тушганди.

Ўзим шоҳид бўлган бир дўстликни айтиб ўтмоқчиман. Миршароф ака элимизнинг суюкли адиби, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов билан қалин дўст эди.

Улар елкани елкага қўйиб дардлашарди.

Дўстларнинг суҳбати тугамасди, охири кўринмас эди.

Абдулла Орипов вафот этганида қаттиқ қайғуга ботди.

Устоз Миршароф акани яна бир қайғу ҳамон қийнаб келади. Турмуш ўртоғи Мақсуда Раҳимбоева жуда ёш ҳаётдан кўз юмди. Гарчи, кўрсатмаган шифокорлари қолмади. Орттирилган юрак пороги, унинг устига, жигар хасталиги ҳаётдан олиб кетди.

Устознинг шундай шеърий сатрлари бор:

 

Ўзимни қўярга жой тополмайман,

Куйингни куйлашга куй тополмайман.

Ўйимни ўйлашга ўй тополмайман,

Юлдузли осмонда ой тополмайман.

Эҳ, менинг ойимни ким олиб кетди?

Бағримдан гулимни ким юлиб кетди?

 

Оилага садоқатни устоздан ўрганиш керак, бошқа уйланмади. Ҳамма нарсадан кўра фарзандларини устун кўрди. Шунинг учун улар оталарининг иссиқ-совуғидан ҳамиша хабар олишади. Бугунги кунда Миршароф ака беш невара, саккиз эваранинг табаррук бобоси!..

Катта қизи Нодира Алиева нафақада, кичик қизи Дилфуза Муҳсимова Бектемирдаги оилавий поликлиниканинг бош шифокори.

Ҳаёт гаштини сураётган устоз тўқсонга кириб қўйибди. Ота-онаси ирим қилиб, 105 ёшли Миршароф бобоси каби узоқ умр кўрсин деб Миршароф исмини қўйишган экан. Шундай бўлсин, устоз юзлардан ошиб юрсинлар, дея ният қиламиз.

Мурод АВЕЗОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − seven =