Илм ва ижод довонларида

физика-математика фанлари доктори, профессор Шавкат Отажонов портретига чизгилар

Шавкат Отажоновни таниганимга эллик йилдан ошди. Ўша пайтда у Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг физика факультети талабаси эди. Ўшанда уни ниҳоятда илмли, кўп ўқиган ва доимо изланиш, интилишда бўлган талаба сифатида кашф этганман. Шу билан биргаликда ўта камтар, дўстларга меҳрибон, суҳбати мазмунли, кучли мушоҳадага асосланган фикрлари билан ҳар қандай даврани ўзига жалб эта оладиган хушчақчақ инсон сифатида кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган эди. Улар кичик тоғам (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) Валижон Мамажонов билан бир синфда ўқишган.

Икки “оқсоқол” ҳамюрт талабаларнинг бошини-бошига қўшиб, турли тадбирлар, байрамларни бирга ташкил этишар, бизни яхши ўқиш билан бирга ҳаётда мустақил фикрга эга бўлиш, дўст орттириш, қийинчиликлардан қўрқмай, доимо олға интилишга чорлашарди. Улар университет ётоқхонасида туришар эди. Таъбир жоиз бўлса, Шавкат ака ҳам физик, ҳам шоиртабиат инсон эди. Хонасида доимо рубоб осиғлиқ турар, бўш вақтларида уни чалиб, ўзича хиргойи қиларди. Шеъриятни ҳам ниҳоятда севарди. Байрамлар, туғилган кунлар билан боғлиқ машваратларда бот-бот бу борадаги “маҳорат”ларини намойиш этардилар. Тадбирлар санъат, адабиёт, маънавият ҳақидаги мулоқотлар ва ҳаётий ҳангомаларга уланиб кетар, бу биз ёшлар қалбида жуда катта ҳавас ва ҳайрат уйғотган.

Шавкат ака университетни қизил диплом билан тугатди. Келажаги порлоқ, умидли талабани факультетда ўқитувчи этиб ишга олиб қолишди. У талабаларга дарс бериш билан бирга аспирантурада ўқиди. Илмий тадқиқотлар олиб борди. Бир неча йил ўтмай, номзодлик ишини ёзиб тугатди ва муҳокамага қўйди.

Ўша даврда собиқ иттифоқ таркибидаги қатор олий таълим даргоҳларида фаолият юритган олимлардан ижобий фикрлар олинди. Ва ҳимоя муваффақиятли ўтди. Яна тинимсиз меҳнат, изланиш, олға интилиш ёш олимнинг ҳаётий тамойилига айланди.

Шу ўринда сал ортга қайтиб, бир умр ёдимда сақланиб қолган воқеа тафсилотини баён этмоқчиман. Мен мактабни тугатиб, университетнинг журналистика факультетига ҳужжатларимни топширдим. Андижонлик қадрдоним Абдужалил Маматқулов билан бирга тоғамнинг хоналарига жойлашиб, бўлғуси синовларга ҳозирлик кўра бошладик. Тоғам ва унинг хонадош курсдоши Зоҳид ака ўз юртига амалиёт ўтагани кетишган. Шавкат ака қабул комиссиясига жалб қилинганди. Биз ёшлар кеча-кундуз бош кўтармай китоб ўқиймиз, имтиҳонларга ­тайёргарлик кўрамиз. Шу йили ўқишга ҳар йилгидан ҳам кўпроқ ёшлар ҳужжат топширган. Танлов ўта жиддий ўтиши аниқ эди.

Бир куни тушликдан сўнг имтиҳонга ­тайёргарлик авж палласида эшик тақиллади. Эшикни очдик. Рўпарамизда узун бўйли, озғин, сочлари елкасига тушган, ўша пайтда расм бўлган сурнай поча шим кийган йигит турарди. Ичкарига таклиф этдик.

— Зоҳиджон керак эди, — деди у стулга ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашгач.

— Амалиёт ўтагани кетганлар.

— Унда Шавкат акам шу ердамилар?

— Улар факультетларида, қабул комиссиясидалар. Кечроқ келиб қолади.

“Эҳ, бу одам вақтимизни оляпти-ку”, деган гап кўнглимиздан ўтди. У эса шошмасди. Бизнинг кимлигимиз, қаерга ҳужжат топширганимиз, қайси фанлардан тайёргарлик кўраётганимиз билан қизиқарди.

— Менинг исмим Шерали, Зоҳиднинг дўстиман. Бу ерга тез-тез келиб тураман. Театр институтида ўқийман. Қўшиқ айтаман. Агар рубоб бўлганда бир қўшиқ айтиб берардим.

— Афсуски, йўқ, вақт ҳам зиқ, — дедик у кишининг тезроқ кетишини кутиб.

— Шавкат аканинг хонасида бор-ку, олиб чиқинглар, бироз дам оласизлар. Тинимсиз ўқиш ҳам одамни чарчатади, укалар, — деди у бепарволик билан.

— У киши йўқ, дедик-ку.

— Хоналарида кимдир бордир?

— Майли, чиқиб келаман, — дедим ниҳоят. Бошқа илож ҳам йўқ эди. Меҳмоннинг нияти қатъий эди. Шавкат аканинг хоналаридан рубобни олиб чиқдим.

— Мен сизларга ўзим яратган қўшиқлардан айтиб бераман, тинглаб, баҳо берасизлар.

У иккита қўшиқни бирданига айтиб берди.

— Қалай, ёқдими? — деди пешонасидаги тер томчиларини рўмолчаси билан артаркан.

— Яхши, ўзига хос яратибсиз, — дея жавоб бердик, тўғриси, хаёлимиз бу одам ижро этган куй-қўшиқда бўлмаса ҳам.

— Якшанба куни Ўзбекистон радиосининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари учун” эшиттиришида мен ҳақимда лавҳа берилади ва шу қўшиқлар эфирга узатилади, албатта, эшитинглар. Сизларга имтиҳонларда омад тилайман, биз яна кўришамиз, — деб қўлимизни сиқиб хайрлашди у.

“Хайрият-эй!” деб юбордик. Шундай қилиб, бироз чалғигандан сўнг яна дарс тайёрлашга киришиб кетдик. “Сўзлари ростмикан, ҳақиқатан ҳам радиода унинг қўшиқларини беришармикан?”

Орадан уч кун ўтиб, якшанба куни ҳам келди. Соат 14:00 да ўқишни бир четга йиғиштириб, беихтиёр радиога қулоқ тутдик. Қишлоқ хўжалиги ходимлари учун берилган эшиттириш охирлаб қолганда “Дам олиш саҳифаси”га навбат берилди. Андижон вилояти, Асака туманида вояга етган умидли, ҳаваскор хонанда Шерали Жўраевнинг санъатга ошуфта ҳаёти, ижоди ҳақида маълумот берилди ҳамда бизга таниш бўлган иккита қўшиғи эфирга узатилди.

Меҳмоннинг гаплари тўғри экан, у чиндан ҳам қобилиятли ҳофиз экан, дея хулоса қилдик.

Орадан вақт ўтиб, бу воқеани унута бошлагандик. Бир куни Шавкат ака биздан ким келганини сўраб қолди. Ўшанда бўлган воқеани сўзлаб бердик.

— Шералидан яхши ҳофиз чиқади, ҳали кўрасизлар. Биз анчадан бери танишмиз. Яхши шеърларни танлаб, ўзи куйга солади, бу анча мураккаб жараён, — деди Шавкат ака.

Кўп ўтмай имтиҳонларимиз ҳам бошланди. Синовлардан ўтиб, иккимиз ҳам талаба бўлдик. Ҳар биримиз ўз ташвишимиз билан бандмиз, ўқиш, лекциялар тинглаш, оқшомлари яна дарс тайёрлаш, кутубхонада имтиҳонларга ҳозирлик кўриш…

Кунлар кунларни қувиб ўтарди. Ўша кезлари талабалар ётоқхоналари деразасидаги магнитофонлардан, асосан, машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасанов қўшиқлари тараларди. Айниқса, унинг “Лайло” қўшиғи жуда машҳур бўлиб кетганди. Йиллар ўтиб, унинг ёнига ёш ҳофиз Шерали Жўраев тароналари ҳам қўшилди. У киши бизнинг “эски танишимиз” эканлигидан фахрланиб юрдик, ўзимизча. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Лекин Шавкат ака билан мулоқотларимизда ўша воқеани ҳам бот-бот ёдга оламиз.

Кейинчалик Шавкат Отажонов ўз олдига янада катта мақсад қўйиб, докторлик илмий ишини ёзишга киришди. Шу орада тарихий воқеа юз берди. Мамлакатимиз истиқлолга эришди. Олий таълим тизимида ҳам янги, мустақил аттестация комиссияси ташкил топди. Ушбу ташкилот фаолиятини бошлагандан сўнг юртимизда аниқ фанлар бўйича биринчилардан бўлиб докторлик диссертациясини Шавкат Отажонов ёқлади. Таниқли олим ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев раҳбарлигида оптик физиканинг муҳим хоссаларини тадқиқ этишга бағишланган изланишлар натижаси ҳимоядан муваффақиятли ўтди. Мамлакат истиқлоли давридаги илк докторлик иши ҳимояси ­оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Жумладан, Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” дастурида мазкур воқеа ҳақида махсус репортаж берилди.

Шавкат Отажоновни ҳам физик, ҳам шоиртабиат деб бежиз айтмадик. Чунки у киши олим, журналист сифатида ҳам элга танилган. Бўш вақтларида шеър ва ҳикоялар машқ қилардилар. Ижодкор олим Ўзбекистон телевидениесида узоқ йиллар “Фан уфқлари” илмий-оммабоп кўрсатувини тайёрлади ва эфирда олиб борди. Кўрсатув орқали мамлакатда илм-фан соҳасида қўлга киритилган ютуқлар, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси билан боғлиқ самарали изланишларни тарғиб-ташвиқ қилди. Эътиборга молик кашфиётлар яратган олимлар, ихтирочилар ҳақида лавҳа ва репортажлар тайёрланиб, мунтазам эфирга узатилди. Кўрсатув ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлди. Олим-журналист ҳозир ҳам телевидение ижодкорлари билан изчил ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Шу билан бирга у тадқиқотчи сифатида қатор илмий рисолалар, монографиялар яратди. Кўплаб шогирдлар тайёрладики, бугун улар ҳам ёшларга устозлик қилиб, Ватанимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Шавкат Отажонов узоқ вақт Ўзбекистон Миллий университетининг илмий ишлар бўйича проректори лавозимида самарали фаолият юритди. Профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим-тарбия жараёнини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш, ёшларни илмий тадқиқот соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг қобилиятларини тўлароқ юзага чиқариш ҳамда қўллаб-қувватлашдек хайрли ишларга бош-қош бўлди.

Профессор Шавкат Отажонов таваллудининг 70 йиллиги Ўзбекистон Миллий университетида кенг нишонлангани, унда кўплаб ном қозонган олимлар билан бирга журналистлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этгани ҳамон ёдимда. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Шавкат Отажоновни нафақат таниқли физик олим, балки қобилиятли ижодкор сифатида ҳам ҳурмат қилишини таъкидлаб, унга бағишланган шеърини ўқиб берган эди.

Ҳақиқий олим ва ижодкорларнинг ҳаётини ер бағридан қайнаб чиққан, мазали суви билан минглаб инсонлар ташналигини қондирадиган чашмага қиёслашади. Зеро улар ижоди, яратган тадқиқотларидан кўплаб инсонлар, шу соҳага меҳр қўйган ихлосмандлар баҳраманд бўлишади. Чашма эса яна қайнаб, ташна юракларга “обиҳаёт” улашишда давом этади.

Шу кунларда таниқли олим ва иқтидорли ижодкор Шавкат Отажонов яна бир улкан довонни забт этди. Қутлуғ 80 ёшини қарши олди. Муборак ёшда бўлишига қарамай, ҳамиша тетик, юраги ғайрат ва илҳомга, янги-янги ғояларга тўла. Жонажон физика факультетида талабаларга сабоқ бериш баробарида, улар қалбига илм-фанга муҳаббат, ватанпарварлик ғояларини жойлашдек хайрли амалини давом эттирмоқда. Уларни фан сирларини пухта эгаллашга, Ватанни севишга, мамлакат илм-фан салоҳиятини бундан-да юксалтириш, халқаро миқёсда намойиш этишга ундайди. Шу билан бирга кўплаб изланувчи ёшларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилади. Вақти-вақти билан дўстлар даврасидаги мулоқотларга ҳам фурсат топади.

Шавкат ака билан мулоқотларимиз шунчаки кўнгил ёзишдан иборат бўлмайди, балки илм-фан, адабиёт, санъат ва маънавият ҳақида кечади. Барчанинг қалбига завқу шавқ, қувонч улашади. Яхши инсонлар билан мулоқот дилларга сурур бағишлайди, маънавий озуқа беради. Умрингиз узоқ, ризқингиз баланд бўлсин, устоз!

Комилжон КАРИМЖОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + four =