Ўйин

Содиқжон ИНОЯТОВ

Муаллиф ҳақида:

Содиқжон ИНОЯТОВ 1960 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

Унинг болаларга аталган биринчи шеърлар тўплами 1994 йилда “Чўлпон” нашриётида “Омон бўлса дўстларим” номи билан чоп этилган. Кейинчалик “Ёруғ кунлар”, “Онамни соғиниб”, “Акамнинг китоби” деб аталган китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

(Ҳикоя)

У бир ойча аввал тун бўйи тушида рақсга тушиб чиқди. Тавба, сўнг бу тушини эски фильмдай такрор-такрор кўраверди…

…Кенг мўл давра, дугонаси Моҳиранинг тўйи бўлаётган эмиш. Таниқли ҳофиз жўшиб ялла айтаётган бўлса-да, ҳеч ким ўйнамаётган эмиш. Ҳамма ҳайрон бўлармиш. Шунда элатнинг кайвониси Назира момо қичқирар  эмиш: “Нодира ўйнасин, Нодира”. Дугоналари даврага судрашса, у озгина қимтиниб турармиш-у, сўнг эшилиб-эшилиб  ўйнай бошлармиш, берилиб ўйнармиш. Хиром этиб ўйнармиш-у, ноз этиб ўйнармиш-у, шунинг баробарида кўзларидан дув-дув ёш қуйилармиш. “Астағфируллоҳ! – дермиш шунда кимдир ҳамма эшитсин дегандай, овозини атайлаб баландлатиб. – Бу не ҳол? Шундай чиройли, хушсурат қиз нечун йиғлайди? Не ками бор бунинг?”

“Айй, сўраманг, – ачиниб жавоб берармиш ёнидаги оқ рўмолли, фариштадай аёл шивирлабгина, – ҳусни бор бўлсин, бу чиройли қизнинг дарди ичида, бахти кемтик  бечоранинг”.

“Дарди ичида, бахти кемтик”… Бу сўзлар неча кунларки, қулоқларидан кетмайди. Уйда ҳам, ишида ҳам миясини пармалайверади. Ўзини чалғитиш учун бошқа нарсаларни ўйламоқчи бўлади-ю, эплолмайди. Сўнг хаёлидами, ё чинданми, ўзи ҳам билмайди, рости, кўзининг ўнгида оқ либосли бир мавҳум шарпа пайдо бўлади. Юзи кўринмайди-ю, истеҳзо билан сўзлагани сезилади. “Ўзинг айбдорсан,ўзинг, – дейди жуда ёқимсиз овоз билан. – Сен ҳаётни ўйин деб билдинг. Ҳаёт ўйин эмас ахир, ўйин эмас. У сенинг измингга юрмайди”. Шундай кезлар дунёга сиғмай кетади. Юраги симиллаб оғрийди, уф тортади. Кўзининг олдини туман қоплагандай бўлади, ҳамма нарсани ташлаб, киши билмас олисларга бош олиб кетгиси келади. Умрининг ўтган йилларига ачинади. Бу воқеаларнинг илк бошланган кунини  армон билан эслайди…

Чиройли қиз эди у, устига-устак, отаси раис. Раис бўлганда ҳам унча-мунча одамга гап бермайдиган каттакон раис эди. Бизда, биласиз, катталарнинг фарзандлари ҳам аксар катта сўйлайдиган, иззат-икромни яхши кўрадиган, хийлагина олифта бўлишади. Бунга асли ўзимиз ҳам сабабчи-да, чунки атрофида кўп ҳам хокисор-у гирдикапалак бўлаверамиз, тўғрими? Саккизинчида ўқиб юришганларида ўзини синфнинг “кузир”и санайдиган Қўчқор сатанг ҳамманинг олдида: “Сен индийский кинолардаги қизларнинг худди ўзисан, пешонангга хол қўйиб олсанг борми, “Сангам”даги Ратхага икки томчи сувдай ўхшайсан”, – деди ялтоқланиб. Синфдошлар гув этиб кулиб қарсак чалиб юборишди. Шунда сатанг баттар авжланди: “Синфимизнинг, йўқ, мактабнинг биринчи гўзали Нодира, иккинчиси Ҳафиза!”  Яна қарсакбозлик бўлар эди-ю, шу маҳал ўқитувчи келиб қолди. Охирги партада ўтирадиган Ҳафиза деганимиз олчадай қизариб, “ўлгайма-ан”, деб юзини яширди…

Мақтов дегани асалдай нарса, кимга ёқмайди дейсиз! Нодира шу куни ёмон ҳаволанди, ўзиям нақ еттинчи осмонга чиқди. Ҳалиям уятдан бошини кўтармай ўтирган Ҳафизага кибр билан қараб қўйди: “Фуу, иккинчи гўзал эмиш, билиб қўй, минг чирансанг ҳам  менга тенглашолмайсан!”

Тўғри-да, қандай қилиб тенглашсин? Оддий тракторчининг қизи бўлса. Одмигина кийинса, ҳуснидан бошқа нимаси бор? Эгнидагилари ё опасининг, ё холаларининг ўзларига тор келиб қолганлари, ночоргина яшашади-да, бечоралар…

Шу кундан сўнг Нодиранинг хаёли буткул ўзгарди. Ўзича ҳамсабоқларини икки гуруҳга бўлиб қўйди: у тараф Ҳафизанинг, буниси Нодиранинг тарафдорлари. Сир бўлмасин, атроф-жавонибда индамасгина Ҳафизани ёқтирадиганлар, зимдан ҳавасланиб қарайдиганлар кўп эди. Қўчқорнинг гапи миясига симобдай сингди. Ўзини хаёлан ҳинд гўзаллари каби ҳис этиб, киноларнинг шайдосига айланди. Тавба, кўнгил деган тилсимга тушуниб бўлмайди-да, ҳеч нарсада айби йўқ Ҳафизани жинидан баттар ёмон кўриб қолди. Ўзича унга “Ҳаффи” деб от қўйиб ҳам олди. Уларнинг мактабни тамомлайдиган вақти бозор иқтисодиёти деган талотўплар бошланиб, одамлар рўзғор аталмиш ебтўймас ғорнинг қайғусига ботган, дўконлар бўшаб, нон деган неъмат унча-мунча тортилиб, кўпчилик эртанги кунимиз не бўлади, деган хавотирли саволлар остида қолган кунларга тўғри келди. Синфдошлари битирув кечаси учун уйдагилардан қандай қилиб пул сўраймиз, деб ўйланиб юрганларида Нодира:

– Ҳеч қисинманглар, – деди ошкора беписанд, – шуям ташвиш бўптими? Отамга айтиб, “вечер”ни ўзим уйда чиройли қилиб ўтказдириб бераман. Ҳаммангиз ҳайрон қоласиз. Бир тийинингиз керак эмас.

Ҳамсабоқлар мушкуллари бу қадар осон кўчганидан суюниб кетишди. Нодиранинг мартабаси яна ошгандай бўлди, хушомад-у мақтовлар кўпайди.

“Вечер”ни чиндан чиройли қилиб берди. Ноз-неъматларга тўла дастурхонни, отасининг бир оғиз сўзи билан тумандан келган созандаларни кўриб, барчанинг оғзи очилиб қолди. Нодира  ўтириш давомида Ҳафизадан кибрли нигоҳларини узмади. У битирув кечасига ҳам дурустроқ кийиниб келолмаганди, манглайи шўр. Шунда ўзини тенгдошларининг энг гўзали, эртанги куни порлоғи деб санайдиган мезбоннинг кўнглига  шумлик келди. “Ҳаффи”ни, яъни рақибасини камситмоқчи, ўзининг устунлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Мунғайиб ўтирган синфдошини атайлаб ўйинга тортди. Шундоқ ҳам тортинчоқ Ҳафиза талмовсираб қолди. Уялиб кетди: “Ўйнаб билмайман, – деди зорланиб, – қўй, мени қисинтирма”.

“Ўйнайсан, – деди шунда Нодира амирона, – қисинма, уялсанг, мана, ўзим билан ўйнайсан”. Сўнг худди ҳинд киноларидаги хонимчаларга ўхшаб буюрди: “Қани, шўхидан чалинглар!”

Озарча ўйноқи қўшиқ бошланди:

Сан, сан, сан,

             Сан, сан, сан,

             Сан, сан, сан, ойгулим,

             Сан, сан, сан!

Сўнг  атайлаб ўзини кўрсатиб, сўнгги русумдаги қимматбаҳо кўйлагининг этакларини бир қўли билан ушлаб жавлон урди, ҳаммани ҳайратга солди, рости, атиргулдай очилиб кетган эди-да, ўзиям. Уялиб, бир сиқим бўлиб қолган Ҳафизанинг теварагида гир айланиб ўйнади, чир айланиб ўйнади. Ўша куни виноми, арақ деган балони илк бор татиб кўрган синфдош йигитчалар завқи келганиданми, ё давранинг офатижон қироличасига яхши кўриниш илинжидами, “ҳааааайт!” деб қийқириб юбордилар. Нодиранинг завқи ошиб, авж пардага чиқди. Ўзича куйга монанд қўшиқ тўқиб юборди:

“Ҳаффи бола, Ҳаффи бола, Ҳаффисан,

Кўйлаклари шалвираган Ҳаффисан”…

Эҳ, дим ёмон бўлди. Ҳафиза бечора шу жойига сира чидаёлмади, юзи қув оқариб, бир зум анграйиб турди. Сўнг зор йиғлаб кетиб қолди. Ҳамма сергак тортди. Барча эмас, айримлари бўлган воқеанинг моҳиятини англадилар. “Нотўғри қилдинг, – деди  қизлардан бири ачиниш билан. – Уни камситиб қўшиқ тўқиганинг нимаси? Ҳаффи бола эмиш, бу гапни қайдан олдинг? Гулдай қиз-ку ахир. Энди у сенинг бу ишингни умр бўйи унутмайди”.

“Қараб тур, – деди шунда ҳеч кутилмаганда Рустам деган йигитча ғазабини аранг босиб, – Ҳали Ҳафиза шундай зўр одам бўлади, ҳамманинг ҳавасини келтириб юради!”

Аттанг, йиллар ўтгач, ҳамма ҳавас-у соғинчлар билан эслаб юриши лозим бўлган кеча маҳзун ниҳоя топди. Тенгқурлар жимгина тарқаб кетдилар. Қишлоқ жойда сир ётмайди-да, бу гап овулга овоза бўлди. “Юзи қурсин, Матмурод раиснинг арзандаси Қадамбой тракторчининг қизини ёмон қисинтирган эмиш”. Хабар Нодиранинг онаси Мастура опанинг қулоғига етиб келганида, кўз ёшларини тиёлмади. Аммо сабр-тоқатли экан. “Мен бировнинг боласини қарғамайман, – деди  ўксиниб, ғийбатга ўч қўшнилар гап олиш ниятида оғзига тикилганларида, – тепамизда худо бор. Ҳаммага феълига яраша беради”.

Одамзод дегани унутувчан-да. Сувлар оқиб, умр елдек ўтаверар экан-у, қачонлардир қилган қилмишинг фурсат замони етиб, эсингга тушганида виждонинг олдида карахт бўлиб қоларкансан. Баъзида тирналган эски яранинг азоби ёмон бўлар экан. Нодира институтни тамомлаб, қишлоққа қайтиб келганида ҳам хаёли ҳали-ҳануз мактаб йилларининг шукуҳи-ю, ҳою ҳаваслари билан тўла, “ҳамма нарса ўзимнинг измимда” деб юрган эди. Кўнгли тоғдай юксак, димоғи баланд, “бир нигоҳ ташласам бас, юз йигит атрофимда парвона бўлади”, деб ўйлаганди. Ахир чиройли, қомати келишган, устига-устак, каттагина мансабдорнинг дўхтир қизига уйланишни ким ҳам  орзуламайди? Аммо ҳаётнинг биз билан ҳисоблашмайдиган, нотавон кўнглимизнинг бетийиқ истакларига қарамайдиган қонуниятлари бор экан-у, хом сут эмган бандалар билмас эканмиз. Нодирага яхшигина жойлардан совчилар келди. Аммо уларни назарига илмади. Унинг истагича бўлғуси куёв, албатта, бадавлат оиладан чиққан, ё юрист, ё врач, ё ички ишларда ишлайдиган йигит бўлиши керак эди.Бироқ сенда бор кўнгил ўзгада ҳам бор ахир. Совчиларнинг қадамлари узилиб, бора-бора ёши катталар-у аёлидан ажрашганлар, сўнгроқ эса салкам отаси тенги одамлар бошқалар орқали  зимдан суриштира бошлашганларида у хато қилганини, умрининг гуллаган даврининг ўтганлигини сезди. Сезди-ю, юрагининг туб-тубидан бир аччиқ хўрсиниқ отилиб чиқди: “Янглишибман, ёмон хато қилибман”. Ана шунда ғарибгина, беозор синфдошини атайлаб масхара қилганини эслади. Ўксиниб йиғлади. Юрагидан бир иштибоҳ ўтди: “Ўшанда Ҳафиза мени қарғамаганмикан, мабодо? Унинг заррача гуноҳи йўқ эди-ку ахир?” Кўнгли алағда бўлаверди, эзилди, ўйланавериб тунлари уйқуси қочди. “Ахир яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг  ҳам  жавоби бўлади, дейишади-ку. Мен ўша худбинона қилмишим учун жазойимни тортаётгандирман, балки”. Зимдан Ҳафизани излай бошлади. Унинг синфдоши Рустамга турмушга чиқиб, оиласи билан пойтахтда яшашини, институтда ишлаётганини, икки ўғли, бир қизи борлигини эшитган, йигирма йилдан бери учрашмаган эди. Кўргиси келаверди, келаверди. Излаб боришга юзи чидамади. Қарангки…

Ўша куни ишга ҳар доимгидан барвақтроқ келди. Тавба, кимдандир изза еган одамдай кўнгли хижил, лўқиллаб боши оғрирди. Хаёли паришон эди. Салом бериб кириб келган аёлнинг  ёқимли овозидан ҳайратда қолди. Сас танишдай туюлиб, бир дақиқа карахт бўлди, кўзларини очиб юмди: “Ким эди-я бу?”

— Нодира, соғ-омон бормисан? – аёл келиб бағрига босганида, димоғи бир нафис ифорни туйди, кўнгли алланечук илиқ ҳисларга тўлди, ўпкаси тўлиб кетди. — Мени танимадинг, шекилли?

Рўпарасида келишган, ниҳоятда дид билан кийинган аёл турарди. Дили ўксиб юрганлигидан фаромуш қолди, шекилли, талмовсиради.

— Сиз…

— Мен Ҳафизаман, синфдошинг. Қара, кўришмаганимизга неча йиллар бўлди? Таътилга чиқиб, қишлоққа кечагина келдик, сени соғинган эканман…

Нодира дув қизариб кетди. Кўзларини олиб қочди, сўнгра ўкириб йиғлаб юборди. Армон билан, изтироб билан изиллаб йиғлади. Узоқ йиғлади. Ҳафиза лол қолди.

— Нега йиғлайсан? — деди сабоқдоши қайта қучоқлаб. — Тавба, танимай қолганингга хижолат бўлдингми? Шунчалик ўзгариб кетибманми? Қўй, йиғлама…

Нодира ниҳоят тинчиди. Шунда ҳам аёлнинг кўзларига  қарай олмади. Юзи оқариб кетган эди унинг.

— Заррача ҳам ўзгармабсан, — деди овози ғўлдираб, — заррача ҳам. Сенинг олдингда умрбод гуноҳкорман, биламан, бу воқеани унутолмайсан. Мени эсимдан чиқарганман, деб алдамай қўяқол, барибир ишонмайман. Айб менда, сени камситиб, ўзимни кўрсатиб қўймоқчи бўлдим. Ўшанда юрагим кибрга, манманликка лиқ тўлган экан, ўзимни осмондаги  ой деб ўйлабман. Энди билдимки…

— Қўй шу гапларингни, — Ҳафиза самимий жилмайди, қизиқ, шунда ҳусни яна ҳам очилиб кетди. Чиройли кўзларида самимият чарақлади. — Мен сени соғиниб, гурунглашгани келдим. Мана бу совға сенга…

…Тавба, ўша куни илк бор ёшлик йилларидагидай тиниқиб, ором олиб ухлади. Туш кўрди. Яна тўй эмиш. Бу гал Ҳафиза ўйнаётган эмиш. Уялиб, қисиниб-қимтиниб, ҳаё билан, чиройли ўйнар эмиш. Нодира бўлса чеккада эзилиб-эзилиб йиғлармиш. Шунда осмон секин-аста ёришиб, йироқлардан бир ажиб сас келармиш-у, унинг кўнглида ёқимли, беғубор, ёшлигидаги жуда таниш ҳислар уйғонармиш. Ҳайрон-у лол турганида кўзининг олдида ўша оқ либосли мавҳум шарпа тағин пайдо бўлармиш: “Аллоҳнинг карами кенг, — дермиш у бу гал ниҳоятда ёқимли, эркаловчи овоз билан, — йиғлама, Аллоҳнинг карами кенг…”

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 2 =