Герб – бу давлатнинг рамзий тилидир

“Умумий маънода озодлигимизнинг дастлабки чорак асрига жиддий қарайдиган бўлсак, эркинлигимиз назарий, ҳурриятимиз қайсидир маънода “қарам мустақиллик”дек туюлар эди. Кўча ва хиёбонларимизга осиладиган шиорларимиз ҳам буни бот-бот эслатиб турарди: “Янги уй қурмай туриб эскисини бузма!”. Айнан мана шу эскисини бузмай сақлаб қолиш “анъанаси” миллат ва давлат “коди” мақомидаги миллий рамзларимизда ҳам ўз “таровати ва теран гўзаллиги”ни акс эттиришга улгурди. Дейлик, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган “ифтихоримиз рамзи” бўлган пахта ва ғалла тасвирлари ўзгармади. Нега? Ҳолбуки, Президентимиз кўп бор айтганларидек, пахтадан оладиган даромадимиз ўша йиллари бир миллиард долларга етиб-етмаган. Шу ҳолича ҳам ушбу деҳқончилик маҳсулотлари бизнинг ижтимоий-маънавий идентлигимизни белгилаши керакмиди? Биз ўз асрий орзу-армонларимиз, улуғ ниятларимиз ва бу жаҳондаги руҳоний “ўзлигимиз”ни шу ўсимликлар сиймосида кўришимиз керакми?.. Албатта, бу мустақилликдан кейин ҳам бир оёғимиз мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганини англатади…

…Вақт шуни кўрсатдики, мустақиллигимиз ва ўзлигимизни ифода этувчи символларимиз — давлат рамзларимиз моҳиятида ҳам ўтган асрнинг 90-йилларидаги сиёсий хавотир, қўрқув ва иккиланиш тажассум топган… Айни мавзудаги сўзимни якунлаб шуни айтишим мумкинки, бу олмон файласуфи Эрих Фромм тасвирлаган “Озодликдан қочиш” феноменига жуда яқин ҳодиса эди.

Айтилган мулоҳазалар бизнинг тасаввурларимизда бугун мамлакатимизнинг уч хил характердаги кўринишини акс эттириши билан ниҳоятда аҳамиятли: “совет Ўзбекистони”, “посткоммунистик Ўзбекистон” ва “Янги Ўзбекистон”…

Юқоридаги иқтибослар таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов томонидан ёзилган “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” деб номланган публицистик мақоладан олинди. Хабарингиз бор, шу йилнинг май ойи охирларида “Халқ сўзи”, “Ишонч” сингари газеталарда эълон қилинган ушбу мақола ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама мавзусига айланди.

Албатта, бу дунёда ўзгармайдиган нарсанинг ўзи йўқ: ғоя ҳам, восита ҳам эскиради ва куни келиб завол топади. Миллий фикрат камоли, давр шамоли ва ҳаётнинг ўзи уларга зарур ўзгаришларни киритади. Инсон ўзгаради, жамият ўзгаради, давлат ўзгаради. Шу билан бирга, унинг ўзини англаш шакллари, маънавий ва рамзий тимсоллари ҳам янги мазмун билан бойиб боради.

Давлат рамзлари — байроқ, герб ва мадҳия — шунчаки расмий белгилар эмас. Улар миллатнинг ўзи ҳақидаги тасаввури, тарих билан келажак ўртасида қурган маънавий кўприги, халқнинг орзу-интилишлари ва идеалларини кўз билан ўқиш мумкин бўлган тилдир. Шу боис ҳар қандай рамз ўз даврининг руҳи билан ҳамоҳанг бўлгандагина халқ қалбида яшайди.

Тарихга назар ташласак, дунёдаги кўплаб давлатлар ўз тараққиётининг янги босқичларида рамзларини қайта кўриб чиққан. Бу ёндашув ўтмишни асраб-авайлаган ҳолда, унга янги мазмун бериш ва миллий хотирани замонавий тафаккур билан уйғунлаштиришга қаратилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, янги Ўзбекистоннинг давлат герби ҳақидаги мулоҳазалар ҳам табиий ва қонуний жараёндир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон давлат герби — бу шунчаки безак эмас, балки миллатнинг ўзини қандай кўриши ва келажакни қай тарзда тасаввур қилишининг рамзий ифодасидир. Бугунги глобал ўзгаришлар, янги иқтисодий ва маънавий устуворликлар шароитида гербни замон руҳига мос равишда қайта кўриб чиқиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Мулоҳазаларимиз айнан ана шу хусусда.

…Учинчи синфда ўқийдиган Аниса исмли набирам китобини тутқазиб: “Бобо, қараб туринг, мен қайси герб қайси давлатники эканини айтаман”, деди. Унинг уй вазифаси мени ҳам қизиқтириб қўйди. Шу баҳона ўнлаб мамлакатлар гербларини кузатдим. Расмларни таҳлил қилаётиб, пахта ва буғдойнинг қандай экинлигини сўрадим. У бир оз каловланди. Шунда беихтиёр ўз гербимиз ҳақидаги мулоҳазаларга чўмдим, уни бошқа давлатларники билан қиёсладим.

Герб — муайян давлатнинг асосий расмий рамзи, шу давлат халқининг орзулари ифодаси. Гербимизнинг тавсифи 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида” деб номланган қонунда шундай берилган: “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида “Oʻzbekiston” деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва ­дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Oʻzbekiston” ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган”.

Деталлар, ранглар, ижро уйғунлиги бир қарашда чиройли, кўзни қувнатади.

Герб яратишнинг ёзилган қонун-қоидаси йўқ, лекин анъанавий, илмий ва нафис тамойилларини ўрганувчи тарих фанининг геральдика йўналиши бор.

Герб — бу давлатнинг “белгиси” ёки “юзи”, уни бошқаларга танитиш воситаси. У расмий ҳужжатларда, паспорт ва пулларда, давлат биноларида музайян этилади. Унда давлатнинг тарихи, маданияти ва қадриятлари, табиий бойликлари, халқнинг миллий ўзлиги жамланади. У бир кўзгу бўлиб, унда шахс ўзини мамлакат, тарих ва жамият қадриятларига узвий боғлиқ ва уларга сингиб кетган ҳолда кўради ва ҳис этади.

Агар халқ ўз рамзларини англамаса, у тарихий хотирасидан узилади. Герб — миллий руҳ ойнасидир, шу боис уни тижоратлаштиришга йўл қўйилмайди. Давлат герби мангуликка дахлдор қадриятдир. Уни тижоратдан муҳофаза қилиш — миллатнинг ўз қадр-қимматини ҳимоя қилишидир.

Герблар ҳар доим фақат безак белгиси сифатида эмас, балки фалсафа, ҳокимият ва миллий ғоя, миллий идентликнинг ифодаси сифатида ҳам қабул қилинади.

Буюк мутафаккирларнинг қарашларига кўра, герб — миллатни тушунишни истаган ҳар бир киши учун очиқ бўлган, кўз билан ўқиладиган китобдир. У нафақат рамз, балки миллатнинг ҳар уч замон — ўтмиш, бугун ва келажакдаги ҳолатини бирлаштирувчи маънавий кўприкдир.

Мен учун давлат герби — расмий ҳужжатлардаги суврат эмас. У мамлакатлар ҳаётидаги муҳим воқеаларни эсга солиб тургувчи сермазмун китоб. Ундаги тасвирлар орқали давлатнинг ижтимоий адолат, эркинлик, куч ва тинчлик борасидаги идеаллари аксланади. Масалан, Хитой, Бразилия, Тунис, ЖАР, Индонезия, Панама, Хорватия, Австралия каби қатор давлатлар гербларида тўрт, беш, олти, етти, саккиз қиррали юлдузлар акс этган.

Юлдуз — бу ҳақиқат нури, маърифат ва ақл тимсоли, инсонни юксакликка чорловчи, умид ва ишонч бағишловчи рамз. У гўё зулматда йўл кўрсатувчи нур каби инсонни мақсад сари етаклайди.

Юлдуз шаклларида ҳам чуқур маъно мужассам.

Беш қиррали юлдуз инсоннинг баркамолликка интилиши, ички куч ва ғалабани англатса, олти қирралиси оламдаги қарама-қаршиликлар уйғунлигини, осмон ва ер, руҳ ва модда бирлигини ифодалайди.

Ўзбекистон гербидаги саккиз қиррали (мусамман) юлдуз барқарорлик, уйғунлик ва яхлитлик рамзи, давлат ва жамиятнинг бир бутунлигини англатади, ичидаги ярим ой ва юлдуз тарихий мерос, маданий анъаналар ва руҳий узвийлик, давлатимизнинг навқирон ва порлоқ келажагини акслантиради, деб изоҳ беради бизнинг шарҳловчилар.

Бир талай мамлакатларнинг туғроларида ўша мамлакат фаунаси — ҳайвонот дунёсига хос жониворлар суврати мамлакатнинг энг муҳим хусусиятларини — куч-қудрат, ҳокимият, эркинлик, донолик ёки табиий ўзига хослигини акс эттирган. Масалан, шер жуда кўп халқларда азалдан жасорат, мардлик ва олижаноблик тимсоли сифатида қабул қилинган. У ҳукмронлик ва кучни англатса, бургут осмон ҳукмдори сифатида эркинлик, қудрат, ҳурлик ва ўткир нигоҳ аломатидир. Шу боис у дунё гербларида энг кўп учрайдиган қушлардан биридир.

Папуа-Янги Гвинеядаги жаннат қуши мамлакатнинг табиий гўзаллиги ва бойлигини англатса, Беларусда лайлак поклик ва миллий софлик рамзи сифатида талқин қилинади.

Бу жониворларга муайян ғоя ёки ҳаётий фалсафа юкланган. Масалан, Австралия гербидаги кенгуру ва эму қушлари фақат олдинга ҳаракат қилиш рамзи деб тушунилади. Чунки бу жониворлар орқага юришга мослашмаган. Бу эса тараққиёт, олға интилиш ва орқага қайтмаслик ғоясини ифодалайди. Бунга қиёсан шер ва йўлбарс сингари ҳайвонлар тимсолига ҳокимият ҳамда куч-қудрат каби фалсафий ғоялар сингдирилган.

Бизнинг гербимиз композицияси марказида саодатли ҳаёт ва эрксеварлигимиз рамзи сифатида Ҳумо қуши тасвирланган. Навоий, Аттор, Фирдавсий каби мумтоз адабиёт устунларининг асарларида, халқ оғзаки ижодида Ҳумо қуши бахт, омад ва юксаклик рамзи сифатида талқин қилинади. Ривоятларга кўра, у ерга камдан-кам қўнади, доимо осмонда парвоз қилади ва киши кўзига ташланмайди. Халқ орасида “Ҳумо сояси тушган инсон бахтли бўлади”, деган қараш кенг тарқалган.

Унинг кенг ёйилган қанотларига тинчлик, ҳимоя ва фаровонлик; парвозига халқнинг ёруғ келажакка интилиши сифатлари берилган.

Ҳумо — инсон ҳурлиги ва қўл етмас орзулари рамзи, уни тутиб ёки қафасга солиб бўлмайди.

Умуман олганда, жаҳон халқларида қушларга кўпинча ҳаёт ва фаровонлик белгиси сифатида қаралади (“қуш муборак бўлсин”, “қушдек енгил бўлинг” каби ибораларни бир эсланг).

Ҳайвонлар эса тинчлик қалқони, халқ куч-қудрати, интилишлари тимсоли сифатида намоён бўлади.

Давлат гербларида ўсимликлар дунёси (флора) халқнинг миллий ўзлиги, тарихий мероси ва асосий хўжалик йўналишларини ифодалайди. Масалан, зайтун ва лавр шохлари Жанубий Европа, Ўрта Ер денгизи минтақаси, шунингдек, Жанубий Америка ва Африкадаги бир қатор давлатларда ғалаба ва шон-шараф атрибути ҳисобланади. Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида эса шоли тасвири фаровонлик, ризқ-рўз ва деҳқончилик маданиятига ишора қилади.

Гербшуносликда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва саноатига оид ишоравий белгилар ҳам акс эттирилади.

Хитой гербидаги тишли ғилдирак ҳамда шоли ва буғдой бошоқлари ишчи ва деҳқонлар бирлигини ифодаласа, Италия гербидаги тишли ғилдирак меҳнатга таянган республика тамойилини англатади. Ангола, Вьетнам ва КХДР каби давлатлар гербларида эса саноат ва қишлоқ хўжалигининг уйғунлиги, озодлик учун кураш ғоялари сингдирилган.

Бироқ шуни англаш муҳимки, герблар — бу ўткинчи техник белгилар тўплами эмас, балки абадий қадриятлар тизимидир. Шу сабабли, иқтисодиёти ёнилғи маҳсулотларига асосланган давлатлар ҳам ўз гербларига нефть миноралари ёки замонавий ускуналар тасвирини туширмайдилар. Зеро, техник воситалар вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин, аммо гербга сингдирилган миллий идеаллар ва ҳаёт фалсафаси ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.

Масалан, гербимиз (жумладан, Тожикистоннинг ҳам) чамбаридаги пахта, буғдой бошоғи тасвири ўз умрини ўтаб бўлган, коммунистик ғоялар таъсиридан буткул қутулмаган эскирган анъанавий ёндашув деб биламан. Бу ўсимликлар гербдаги марказий элементларни ўраб, ер ва меҳнат давлатнинг пойдевори эканини таъкидлаб туради.

Гербимизда деталлар орқали мамлакатимиз табиати, халқимиз маънавий қадриятлари яхши ифодаланган. Аммо унинг дизайни эскирган, унга янги маъно юклаш лозим.

Чунки герб оддий логотип эмас. У тарихий хотира, давлат боқийлиги, халқ идентификацияси билан боғлиқ кучли рамз. Шунинг учун давлат гербларининг ўзгариши, одатда, муҳим тарихий воқеалар — инқилоблар, ҳокимият алмашинуви, мустақилликка эришиш ёки идеология ўзгариши билан боғлиқ кечади.

Ҳозирги глобал геральдика тенденциясида, экспертлар фикрича, кўп давлатлар аграр деталларни камайтириб, кўпроқ умумий, абстракт атрибутлар (геометрия, минимал тимсоллар, миллий тотемлар)га ўтмоқда.

Пахта совет даврида миямизга “меҳнат ва фаровонлик”, буғдой эса “нон, ризқ, мустақиллик ва озиқ-овқат хавфсизлиги” рамзи сифатида сингдирилган. Бундай талқин бугунги кун реаллигига, замонавий иқтисодиётнинг кўп тармоқли, диверсификациялашган хусусиятини қамраб олмайди. Улар халқнинг меҳнат анъаналарини кўрсатса-да, янги авлоднинг илму фан, технология ва тараққиётга бўлган интилишини, дунёқарашини гавдалантирмайди. Дарвоқе, бугунги кунда мамлакат тараққиётини саноат, хизматлар ва инновацион соҳалар белгиламоқда. Биргина 2025 йилдаги иқтисодий кўрсаткичлар (10 млн тоннадан ортиқ ғалла ва тахминан 4 млн тонна пахта) ушбу соҳаларнинг ялпи ички маҳсулотда ҳал қилувчи, устун ўринни эгалламаётгани, давлат келажагини белгиловчи ягона омил эмаслигини кўрсатмоқда. Бу каби аграр белгилар тегишли вазирлик эмблемаларида мантиқийроқ кўринади.

Герб — бу шунчаки расмлар тўплами эмас, балки халқнинг ўзи ҳақидаги тасаввури, давлатнинг руҳий “тили”дир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, у миллат ўзини қайси йўналишда кўраётганини ҳам кўрсатиши керак. Чунки герб келажакка қараб турган маънавий йўналиш, узоқ йиллар давомида аҳамиятини йўқотмайдиган универсал рамз бўлиши лозим.

Масалан, гербда Ўзбекистонни илму маърифат ва буюк алломалар юрти сифатида танитувчи тимсоллар билан бойитиш, унинг инновация, технология ва замонавий тараққиёт марказига айланишга қаратилган стратегик йўналишларини тимсолий тарзда ифодалаш мақсадга мувофиқдир.

Умуман олганда, бу рамзлар давлатнинг билим, маърифат ва тараққиётни энг устувор қадрият сифатида кўришини англатади. Ана шунда, буюк давлат арбоби Бенжамин Франклин айтганидек, гербдаги деталлар тилга киради: қуш эркинлик ҳақида сўзлайди, китоб маърифат таратади, гулчамбар эса халқнинг шон-шарафини улуғлайди. Бундай образлар ҳар бир фуқарога шахсий манфаатлардан юқори туришни ва давлатнинг буюк ғоясига хизмат қилиш муқаддас бурч эканини эслатиб туради.

Ҳар қалай, гербдаги бўшаб қолган ўринларни тўлдирадиган, халқимиз табиатини гавдалантирадиган жиҳатларимиз кўп. Масалан, баъзи давлатлар анъаналаридан илҳомланиб, герб чамбарига давлатимиз тарихи, қадриятлари ҳамда мақсадларини, миллий фалсафани акс эттиргувчи шиорларни (дейлик, “Куч — адолатда”, “Куч — илмда” ва ҳоказо) муҳрлашимиз мумкин. Зеро, Франция гербидаги “Озодлик, Тенглик, Биродарлик”, АҚШдаги “Кўплардан — бирлик” ёки Испаниядаги “Олға, яна олға”, Нигериядаги “Бирлик ва ишонч, тинчлик ва тараққиёт”, Бельгия ва Гаитидаги “Куч бирликда” каби калималар миллатнинг йўналишини белгилаб беради. Бизнинг рамзимизда ҳам Амир Темур бобомизнинг “Куч — адолатда” ёки маърифатпарвар аждодларимизнинг “Нажот — илмда” каби ўлмас ғоялари акс этса, герб шунчаки тасвирий йиғинди эмас, балки ҳақиқий миллий дастурга айланади.

Баъзан ўзаро суҳбатларда гербимизда туркий халқларнинг бош бўғини — кўк бўри акс этиши шарт эди, деган армонли мулоҳазалар янграб қолади. Кўк бўри ва Ўғузхон бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни айри тасаввур этиш мушкул. Тарихнавис Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” ёки Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”дан чиқадиган хулоса шулки, Ўғузхон аниқ тарихий шахс эмас, балки эпик ва афсонавий қаҳрамон бўлиб, унинг “подшоҳлик даври” ва “ҳудуди” реал эмас, балки туркий халқлар тарихи ва ўзини англашидаги мифологик тасаввурдир. Афсоналарга кўра, Ўғузхон жуда катта ҳудудни эгаллаган. Унинг “давлати” қадим Хоразм замини, Эрону Озарбайжондан то Анадолугача бўлган ерларни қамраб олган деб тасвирланади.

Туркий мифологияда Ўғузхон (Ўғуз-қоон) ва Кўк бўри илоҳий келиб чиқиш ва ҳокимиятнинг асосий рамзлари ҳисобланади. “Ўғузнома”да афсонавий ҳукмдор Ўғузхон — туркий қабилаларнинг бобокалони сифатида тасвирланади. Ривоятга кўра, Кўк бўри нурдан яралган, қаҳрамон сифатида туғилган ва у сиртдан (оёқлари буқа, бел қисми бўриники) қуддусий куч сифатини беради.

У ҳал қилувчи пайтларда Ўғузхонга кўриниб, унинг қўшинига йўл кўрсатади ва ғалабаларни башорат қилади. Афсоналарда у Ўғузхонни буюк давлат барпо этишга бошлайди. Ўғузхон Кўк бўри ортидан юриб, осмон иродасини бажаради ва шу тариқа ўз ҳокимиятини Ердаги Тангри вакили сифатида мустаҳкамлайди.

Бу мифологик жуфтлик туркий халқлар бирлиги, жанговар руҳ, табиат ва осмон билан боғлиқлик ҳамда ҳукмдор ҳокимиятининг муқаддаслигини ифодалайди.

Ўзбек халқининг қадимий дунёқараши, мифологияси ва фольклорида бўри (Кўк бўри) марказий, муқаддас рамз даражасига кўтарилган бўлиб, у туркий этносларнинг шаклланиши билан боғлиқ кучли тотемик (аждодий) эътиқоднинг асоси ҳисобланади. Бу эътиқод ислом дини қабул қилингандан кейин ҳам урф-одатлар, тил ва халқ тасаввурида сақланиб қолган.

Манбаларда, халқ тарихида аждодларимиз бўрини ўзларининг ҳомийси ва ҳатто “она ҳайвон” (Кўк бўри) сифатида улуғлашган. Бўрининг шажара бошида туриши ҳақидаги мифлар (масалан, “Кўк бўри” афсонаси) халқнинг генетик ва руҳий асослари билан боғланади.

Бўрига фақат йиртқич сифатида эмас, балки оилани, болаларни, ов маҳсулотини ва даштдаги кўчманчи ҳаётни қўриқловчи руҳ сифатида қаралган.

Ўзбек этник таркибидаги “байюри” (бойбўри) каби уруғ номлари бўрининг тотем эканлигини тасдиқловчи тўғридан-тўғри далилдир.

Урф-одатларимиз ва фольклоримизда бўри тимсоли яшаб қолган эса-да, негадир унинг бадиий образини яратишга эътибор суст.

Бўрининг тотемик кучига бўлган ишонч туғуруқ билан боғлиқ маросимларда яққол кўринади. Олимларимиз туғишда қийналган аёлга бўрининг жағи (бутун ҳолда) қўйилиши, боланинг бўйнига бўри тиши ёки чаноғидан туморлар тақилишини айтишади. Янги туғилган чақалоқни бўрининг жағидан ўтказиш (еттинчи куни) уни бақувват, бўридек довюрак бўлишига ҳамда руҳий жиҳатдан “аждод” ҳомийлигига ишониш билан боғлиқ.

Қадимги турк давридан бошлаб, исломдан кейин ҳам халқимиз орасида Бўри, Бўрибой, Бўрихўжа, Бўрибек каби исмларнинг кенг қўлланилиши — бу жониворнинг инсонга “бегона” эмаслигини кўрсатади.

Туркий хоқонликлар (хунлар, Кўк турклар) даврида бўри боши тасвирланган байроқлар ҳокимият ва давлат қудратига ишора қилинган. Кавказ халқларида бўри ҳамон мустақиллик ва кучли шахс идеали, жасорат, қаҳрамонлик тимсоли сифатида гавдаланади.

Хуллас, бўри ўзбек халқ тасаввурида шунчаки йиртқич эмас, балки халқнинг қадимий илдизлари, руҳияти, довюраклиги ва аждодий хотираси билан боғланган муқаддас ва тотемик ҳомийдир.

Шунга қарамай, Ўғузхон образи турк, озарбайжон ва туркманларнинг тил ва маданият жиҳатидан ўғуз гуруҳига мансублиги учун унинг номи бу уч давлатда абадийлаштирилган. Жуда кўп эътиборли масканларга у афсонавий зотнинг номи берилган.

Айни ўринда биз Ўғузхонга эътибор қаратсак, яна бир улуғ туркий хоқон Алп Эр Тўнгани ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Қиличу ханжар, найзаю қалқон давлат қудрати, муҳофазасининг азалий аслаҳалари-ку.

Бўри билан боғлиқ афсоналар кўп.

Ёзувчи Оқилжон Ҳусанов ўзининг “Тоғда ўсган бола” асарида бўрини ёвуз эмас, балки ақлли ва инстинкт билан яшайдиган мавжудот сифатида тасвирлайди.

Чингиз Айтматовнинг “Кунда” деб номланган асарида Акбара исмли бўри табиат қурбони сифатида нақл қилинади.

Яна бир асар — Жек Лондоннинг “Қозиқ тиш”ида ҳар қандай мавжудотни, бўри табиатини тарбия ва меҳр билан ўзгартириш мумкинлиги иншо этилади. Аммо Р.Киплингнинг Мауглиси (болакай Дина Саничар тарихий образи) эса эртакдан бошқа нарса эмас.

Ҳар не бўлганда ҳам гербимиздаги ҳар бир деталь мағзини етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир ватандошимиз беш қўлдай билиши лозим. Ана шунда у давлатнинг қадриятлари, тарихи ва ўзлигини визуал тарзда ифода этувчи рамзий тил бўлиб қолади.

Дарвоқе, бугун сиз билан биз сўз ва матбуот эркинлиги таъминланган Янги Ўзбекистон деган юртда яшаяпмиз. Юқоридаги мулоҳазаларни эса қатъий бир “қонун” ёки “ҳукм” сифатида эмас, балки, мулоҳаза, таклиф ўрнида қабул қилишингизга шубҳа йўқ. Зеро, Ватандошларимизнинг бу борадаги фикр-ўйларини, муносабатини билишни истар эдик.

Асқар ҲАЙДАРОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =