Нажот садоси

ёхуд “сталкинг”ни жиноят деб тан олиш учун

яна қанча вақт керак?

Ўзбекистонда “сталкинг” ва “фемицид” тушунчалари бегона эшитилиши мумкин, бироқ реал ҳаётда бу тушунчалар ўзининг мавжудлигини яқин-яқинлардан кўрсатиб келмоқда. Сабаби ҳозирги кунда аёл-қизларга бўлган зўравонликлар кучайиб кетган. Ўзбекистонда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жазо чоралари кучайтирилмоқда ва қонунчиликка таклифлар киритилмоқда.

Бунга яқиндагина, 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, барча кўринишдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш юзасидан уч ой муддатда асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланганини мисол қилиб айтишимиз мумкин. Бу дегани “сталкинг”, “фемицид”, “фамилицид” каби тушунчалар ҳам қонунчиликка киритилиб, уларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилаш таклифи киритилиши кутилмоқда. Чунки Ўзбекистонда бу ҳолатлар шу қадар кўплаб аёлларнинг фожиали ўлимига сабаб бўлмоқдаки, баъзи бир тажовузкорлар бунга нисбатан баъзан “Қонунчиликда ҳеч қандай аниқ жавобгарлик йўқ”, деб сувдан қуруқ чиқиб кетиш ҳоллари ҳам учраётгани сир эмас.

Баъзан биз, талабалар университетда адолат ва қонун устуворлиги ҳақида баҳслашишимиз, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишимиз мумкин. Бироқ ҳаётдаги қонуниятлар қоғоздагидан анча фарқ қилишини кўриб қоламиз. Айниқса, психологик триллер ёки детектив асарларда ўқиганимиз — қурбонни аста-секин, қадамма-қадам таъқиб қилиш, уни доимий қўрқувда ушлаб туриш каби мудҳиш воқеалар шунчаки китоб саҳифаларида эмас, балки кўз олдимизда содир бўлаётганига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда яқиндагина экран юзини кўрган ва кўпчиликнинг эътиборини тортган “Таъқиб” миллий фильми ҳам жамиятимиздаги айнан шу яширин, аммо ўта хавфли оғриқли нуқтани очиб беришга ҳаракат қилган. Ҳеч бир оғир жиноят, хусусан, қотиллик тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳаммаси жамиятимиз кўпинча “оддий ҳолат” деб қарайдиган ҳолатлардан: уй ёки ишхона олдидаги доимий пойлашлар, ижтимоий тармоқлардаги тинимсиз назорат, исталмаган хабарлар ва руҳий босимдан бошланади. Биз бу ҳаракатларни юридик ва илмий тилда “сталкинг” (таъқиб қилиш) деймиз. Ва энг ёмони шундаки, таъқиб ўз вақтида тўхтатилмаса, у эртага, албатта, “фемицид”га — аёлни шунчаки аёл бўлгани, тажовузкорга “йўқ” дея олгани учунгина шафқатсизларча ўлдиришга айланади. Хўш, нега бугун буларга жиноий жавобгарлик белгилаш сув ва ҳаводек зарур?

Яқиндагина Ўзбекистон қонунчилигида тарихий бурилиш ясаши мумкин бўлган муҳим ташаббус илгари сурилди — қонун ҳужжатларига “сталкинг” ва “фемицид” тушунчаларини киритиш ҳамда бу қилмишлар учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди. Бу шунчаки қонунга иккита янги хорижий атамани қўшиб қўйиш эмас. Бу — ўз ҳаёти учун ҳар куни қўрқувда яшаётган, аммо амалдаги қонунчиликда ўзи учун етарли ҳимоя тополмаётган юзлаб инсонларнинг нажот садосидир. Айниқса, ҳозирги кунда ёш қизларга нисбатан бу ҳолат кўп учрамоқда. Улар бу таъқиблардан, телефондаги таҳдидлардан ўзини ўзи ўлдириш даражасигача етиб бормоқда. Ўзида жасорат топиб, адолат излаган ва таъқибчисига нисбатан чора кўришни сўраган қурбон амалда нимага эришади? Қонун таъқибчининг бу тизимли ҳаракатини атиги “майда безорилик” ёки “шахс ҳаётига аралашиш” сифатида кўради ва маъмурий жарима ёзиш билан чекланади. Таъқибчи давлат бюджетига базавий ҳисоблаш миқдорининг арзимаган қисмини тўлайди-да, ўзини бутунлай жазосиз қолгандек ҳис қилиб, эркинликка чиқади. Жарима тўлаб, эркинликка чиққанидан кейин бу ҳолат такрорланмайди деб ўйлашнинг ўзи хато. Чунки биз тан олишимиз керак бўлган битта қатъий ҳақиқат бор: жарима қотилликни тўхтата олмайди! Маъмурий чора жабрланувчининг хавфсизлигини таъминламайди, аксинча, жазосизлик ҳисси таъқибчини янада тажовузкорроқ жиноятга ундайди. Қонун қачонгача инсон ҳаётига бўлган очиқ таҳдидни жарима билан ўлчаши мумкин? Бу ҳолат ҳам жавобгарликдан четда қолиб кетмаслиги лозим. Сабаби ҳозир шундай инсонлар борки, телефонда қиз болага қўнғироқ қилиб, агар унинг айтганини бажармаса, унинг ҳаётини барбод қилиш билан очиқдан-очиқ қўрқитиб, шантаж қилади. Шу сабабдан ҳам таъқиб қилиш, таҳдид қилишни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилиш энг яхши ечимлардан бири, десак бўлади.

Анбарой ЖУМАБОЕВА,

Тошкент давлат юридик университети

3-курс талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =