Соҳибқирон марҳамати

Амир Темурнинг иқтисодий ислоҳотларидан чиқадиган хулоса:

— У халқдан олган нарсасини халққа қайтарди. Чунки ўзини халқ мулкининг хўжайини эмас, посбони, бошқарувчиси, деб биларди.

Ўша пайтдаги ҳолатни яққол тушунтириш учун Сизни 1395 йилга бошлаб бораман ва биргаликда Самарқанд чеккасидаги катта карвонсаройга қўнамиз. Ичкари турли ўлка ва юртлардан келган савдогарлар билан тўла. Хитойлик ипакчи савдогарлар, форслик зираворчи, арабистонлик олтинфурушлар, европалик баққоллар ўзаро суҳбатда. Кимдир дам оляпти, кимдир овқат тановули билан машғул, бошқаси ўйчан ҳолда нималарнидир ҳисоб-китоб қилмоқда.

Карвонсаройда тунаш бепул, овқат текин, ҳатто ем-хашак ҳақига ҳам бир чақа сўрашмайди. Ҳайрон бўлманг, чунки ўша замонда барча тўловлар вақфдан ажратиларди. Бу карвонсарой ҳам Амир Темур асосчилик қилган вақф мулки ҳисобига хизмат кўрсатарди. Яқин атрофдаги боғ ва деҳқончилик ерлари даромади ана шу карвонсаройни боқарди.

Вақф нима?

Вақф — ноёб институт. Мулкни Аллоҳ йўлида доимий равишда жамоат манфаатига бағишлаш унинг асосий моҳиятини ташкил этади. Вақф қилинган мулк сотилмайди, мерос ўтмайди, гаровга қўйилмайди. У — абадий. Ва унинг даромади белгиланган ижтимоий мақсадлар учун сарф этилади.

Амир Темур бошқарувидаги Туронзаминда вақф турлари жуда хилма-хил эди:

Масжид ва мадрасалар вақфи — диний ва таълим мақсадларида; карвонсарой вақфи — савдогарлар ва мусофирларга; шифохона вақфи — беморларга тиббий ёрдам учун; кўприк ва йўл вақфи — инфратузилмани сақлашга; кутубхона вақфи — илм-фанни ривожлантиришга; қабристон вақфи — марҳумларни дафн этиш учун эди. Ва уларнинг ҳар бири давлат бюджетидан эмас, хусусий ташаббус асосида молиялаштирилар эди.

Бу тизим қандай ишлаган?

Вақфнинг иқтисодий механизмини тушуниш учун унинг тузилишини кўриб чиқайлик.

Асоси — капитал актив. Бунга кўра, вақф қилувчи бирор-бир мулкини вақфга ажратади. Масалан, деҳқон еридан бир танобини, қурувчи бирор биносини, боғбон бирор боғини, дўкондор бирор дўконини, тегирмон юргизувчи бирорта тегирмонини, хуллас, ҳар қандай даромад берувчи бирор мулкини вақф қилиб беради.

Ана шу актив даромад яратади: ижарага берилган ердан; бинодан, тегирмон хизмат ҳақидан даромад келиб туради. Бу даромадлар — вақфнинг “қони” ҳисобланади.

Даромадлар эса белгиланган ижтимоий мақсадларга йўналтирилади. Мадраса ходимлари маоши, беморларга дори-дармон, мусофирларга овқат бериш ва албатта, йўллар таъмири ҳам шу даромад ҳисобидан таъмирланади.

Вақфни бошқарувчи мутавалли вақф мулкини сақлайди, даромадини тўплайди ва мақсадга сарфлайди. У — ишончли шахс. Ва унинг ишлари ҳам доимо жамоат назоратида бўлади.

Бугун бу тизим, замонавий нуқтаи назардан қараганда, ижтимоий таъсир фондининг илк кўриниши экани аниқ бўлади.

Амир Темур вақф институтига муносабатида иккита ноёб хусусият кўзга ташланади.

Биринчи хусусият миқёс бўлиб, бунда Амир Темурнинг фақат бир-икки вақф билан чекланмаганини кўрамиз. У вақфни тизимли равишда ривожлантирди. Тарихий манбалар кўрсатадики, Темурийлар даврида Туронзаминда юзлаб, ҳатто минглаб вақф мулклари фаолият кўрсатган. Айтиш мумкинки, пойтахт Самарқанднинг катта қисми вақф мулки эди.

Бу миқёс вақфни шахсий саховатдан тизимий ижтимоий инфратузилмага айлантирганини ҳам яхши биламиз.

Иккинчи хусусият стратегик ёндашув бўлиб, Амир Темур вақфни тасодифий эмас, стратегик тарзда ташкил этди: қаерда карвонсарой зарур бўлса, ана ўша жойда вақф қилинди; қаерда мадраса керак бўлса, у ерларда ҳам вақф имкониятлари ишга солинди; қаерда шифохона бўлса, ўша ҳудудда вақф мулки берилди.

Вақф — ижтимоий эҳтиёж харитасига мос ташкил этилди. Бу — стратегик ижтимоий инвестиция эди.

Шу жиҳатдан қараганда, Амир Темур даврида вақф институти тўртта муҳим иқтисодий функцияни бажарганига гувоҳ бўламиз:

Биринчи функция — ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМА эди.

Давлат бюджети ҳамма нарсани қоплай олмайди. Амир Темур даврида ҳам шундай эди. Вақф институти ана шу бўшлиқни тўлдирди. Масалан, шифохоналар давлат харажатисиз вақф ҳисобидан фаолият юритарди; мадрасалар ҳам давлат бюджетисиз ҳаракатда эди; карвонсаройлар эса, юқорида таъкидлаганимиздек, фақат вақф мулки ҳисобидан кун кўрарди, давлат ресурсларисиз. Кутубхоналарни айтмаса ҳам бўлади, уларга вақф мулки ажратадиган савобталаб тадбиркорлар, ҳомийлар ҳаддан ташқари кўп эди. Шунинг учун ҳам ўша даврларда хаттотлик жуда кенг қулоч ёйган эди.

Бу — замонавий “давлат-хусусий шериклик”нинг илк ва энг муваффақиятли намуналаридан биридир.

Давлат ижтимоий тартибни ва қонунни таъминласа, хусусий вақфлар ижтимоий хизматларни йўлга қўярди ва иккаласи биргаликда умумижтимоий инфратузилмани яратишарди.

Иккинчи функция — иқтисодий барқарорлаштирувчи.

Вақф — бойлик тўпланишига тўсиқ ва ижтимоий тенгсизликни камайтирувчи механизм сифатида ишлади. Тасаввур қилинг: йирик ер эгаси ўз ерларини вақфга ажратди. Энди бу ер унинг ворисларига мерос эмас, энди жамоат манфаатига хизмат қилади. Ворислар бойликни мерос қилиб ололмайди. Аммо ана шу вақфдан жамоат, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳам фойдаланиши мумкин эди.

Бу — “бойликни тарқатиш” ихтиёрий бўлиб, у ҳеч қачон мажбурий солиқ бўлган эмас, ижтимоий меъёр ҳамда маънавий идрок орқали амалга ошириладиган тизим эди. Муҳими, ижтимоий барқарорлик — иқтисодий фаолликнинг муҳим шарти таъминланган.

Учинчи функция — узоқ муддатли инвестиция.

Вақфнинг энг ноёб хусусиятларидан бири — унинг узоқ ишлаш фаолиятидир. Чунки вақф — абадий, у бир авлод учун эмас, барча авлодлар учун яратилган тизим. Лекин у замонавий капитализмда кам учрайдиган ҳодиса. Квартал фойдасини максималлаштиришга қаратилган замонавий бизнес узоқ муддатли инвестицияга ўтишда қийинчиликларга учрайди. Вақф эса, аксинча, дастидан бошлаб узоқ муддатни кўзда тутади. Масалан, мадраса бир авлод талабалари учун эмас, карвонсарой фақат битта савдогар учун эмас, шифохона ҳам худди шундай — битта бемор учун эмас. Бу узоқ муддатга мўлжалланган тизим ўтмишда ижтимоий инфратузилманинг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлагани билан қадрли ва ўрганишга арзийдиган ҳодисадир.

Тўртинчи функция — маданий ҳимоя.

Вақф нафақат моддий, балки маданий инфратузилмани ҳам ўзида акс эттирди.

Кутубхона вақфлари қўлёзма асарларни авлоддан авлодга ўтказди, мадраса вақфлари билим анъаналарини узвийлаштирди, масжид вақфлари эса диний ва маданий ҳаётни давом эттирди.

Тарихда кўп маданий инқилоблар, уруш-талашлар, вайронагарчиликлар, ур-тўполонлар пайтида кўплаб кутубхоналар, мадрасалар кули кўкка совурилди. Аммо вақф тизими туфайли Темурийлар даврининг кўп маданий мероси омон қолди. Мирзо Улуғбекнинг ноёб “Зижи Кўрагоний”си, Алишер Навоийнинг барча асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг қимматбаҳо миниатюралари бизгача етиб келди.

Тадқиқотлар кўрсатадики, узоқ муддатли, мустақил бошқариладиган ижтимоий инвестициялар қисқа муддатли, реклама мақсадидаги КИЖ дастурларидан кўра анча самаралироқдир. Бу жиҳатдан Вақф модели замонавий КИЖдан устун эканини ҳам кўриш мумкин.

* * *

Тарихий манбаларда Амир Темур ва унинг оиласи асосчилик қилган бир неча вақфнинг батафсил тавсифи сақланиб қолган. Уларни кўриб чиқайлик.

Амир Темур жоме масжиди вақфи. Масжид қурилиши билан бирга унга тегишли вақф ҳам ташкил этилди. Самарқанд атрофидаги унумли ерлар, бир неча дўкон ва карвонсаройлар унга вақф қилиб берилди. Ва улардан келадиган даромад масжид хизматчилари маоши, бинони таъмирлаш ва камбағалларга ёрдам учун сарфланди.

Шоҳизинда мажмуаси вақфи. Бу қадимий зиёратгоҳнинг атрофида жойлашган мақбаралар ва бинолар вақф тизими орқали авлоддан авлодга сақланиб келди. Зиёратчилар учун хизматлар, биноларни сақлаш — барчаси вақф даромадидан қопланарди.

Аҳмад Яссавий мақбараси. Амир Темурнинг мазкур улуғвор мажмуага берган вақф ҳужжатлари сақланиб қолган.

Амир Темур ўзи ҳам бир неча муҳим вақф ташкил этганди. Жумладан, Шаҳрисабзда мактаб ва шифохона учун ерлар вақф қилинган.

Бу мисоллар шуни кўрсатадики, Амир Темур вақфни нафақат диний бурч, балки стратегик ижтимоий инвестиция сифатида кўрди. Ҳар бир вақф аниқ ижтимоий эҳтиёжга жавоб, ҳар бир вақф узоқ муддатли барқарорликка қўшилган ҳисса бўлган эди.

Вақф институтининг иқтисодий ўсишга таъсири тўғридан-тўғри эмас, у билвосита бир неча тамойил орқали ишларди.

Биринчи тамойил — инсон капитали. Мадрасалар ва шифохоналар вақф томонидан молиялаштирилган. Мадрасалар саводли, малакали кадрлар тайёрлади. Шифохоналар соғлом, меҳнатга яроқли аҳолини таъминлади. Соғлом ва саводли аҳоли эса иқтисодий унумдорликка улкан ҳисса қўшди.

Замонавий иқтисодиёт фани инсон капиталини — таълим ва соғлиқни сақлаш — иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири деб ҳисоблайди. Амир Темур вақф тизими орқали айнан шу омилга инвестиция қилган эди.

Иккинчи тамойил — ижтимоий капитал. Вақф жамият ичида ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлади. Бойлар вақф орқали камбағалларга ёрдам берди. Камбағаллар бойларни ҳурмат қилди. Ижтимоий ҳамжиҳатлик иқтисодий фаолликнинг муҳим шарти сифатида жамият ривожига ҳисса қўшди.

Учинчи тамойил — инфратузилма. Карвонсаройлар, кўприклар, йўллар вақф тизими орқали қурилган ва сақланиб келган. Бу инфратузилма савдо ва иқтисодий фаолликнинг асоси сифатида хизмат қилди.

Тўртинчи тамойил — ижодий муҳит. Кутубхоналар, мадрасалар, устахоналар вақф орқали молиялаштирилган ижодий муҳит яратди. Бу муҳитда фан, санъат ва ҳунармандчилик ривожланди. Ва бу ривожланиш иқтисодий қийматнинг ўсишига олиб келди.

ЗАМОНАВИЙ ВАҚФ

Бугун вақф институтининг замонавий кўринишлари дунёнинг кўп мамлакатларида муваффақиятли ишламоқда. Масалан, Қувайт ҳукумати вақф институтини замонавий тарзда ташкил этган. Бугун бу фонд миллион долларлик активларга эга.

Малайзия вақф институтини замонавий молиявий воситалар — вақф сукук (исломий облигациялар), вақф акциялари билан бойитади. Бугун Малайзия вақф фондлари миллиард ринггит активларга эга ва юз минглаб кишига хизмат кўрсатмоқда.

Ҳарвард университети жамғармаси ҳам аслида вақф моделига асосланган. 1636 йилда ташкил этилган мазкур жамғарма бугун 50 миллиард доллардан ошиқ активларга эга. Унинг даромадлари ҳисобидан университетнинг илмий ва таълим фаолияти молиялаштирилади.

Замонавий Ўзбекистон. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам вақф институтини тиклаш ва ривожлантириш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Вақф фондлари ташкил этилмоқда. Диний ва таълим муассасалари учун вақф мулклари қайтарилмоқда.

Амир Темур биринчи навбатда реал ижтимоий эҳтиёжни аниқлаган эди. Кейин узоқ муддатли, барқарор молиялаштириш механизмини яратди. Сўнгра мустақил, ишончли бошқарувни таъминлади. Ва ниҳоят, натижаларни жамоат назоратига очди.

Вақф модели — қарама-қарши ёндашув: асосий капиталга тегма, даромадидан фойдалан ва абадий ишлат. Бу модель бугунги “барқарор ривожланиш” тушунчасининг моҳиятини кўрсатиб беради.

Амир Темур бу моҳиятни 600 йил аввал тушунган эди.

Замонавий тадқиқотлар нима дейди?

Ҳарвард бизнес мактаби тадқиқоти: юқори КИЖ кўрсаткичига эга компаниялар узоқ муддатда паст КИЖ компаниялардан 4,8 фоиз юқори даромад кўрсатади. “McKinsey” компанияси тадқиқоти: кучли ижтимоий обрўга эга компаниялар инқирозларда 30 фоиз тезроқ тикланади. Эдельман маълумотларига кўра, истеъмолчиларнинг 64 фоизи ижтимоий жиҳатдан жавобгар компаниялардан харид қилишни афзал кўради.

Амир Темур вақфи бу ҳақиқатни амалда исботлаган эди.

Тўлқин ҲАЙИТ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − three =