Ҳаётим мазмуни

Дунёда касблар кўп. Аҳамиятлиси, ҳар бирининг ўзига яраша завқи-ю меҳнат машаққатлари бисёр. Албатта, бу ҳақда ҳар ким ҳам ҳамма вақт гапиравермайди. Бинобарин, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таъкидлаганидек, ”Ўзинг тўғрингда гапиришдек қийин нарса йўқ”.

Бугун эса 27 июнь — Матбуот ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, яъни ҳамиша ҳар ерда ҳозир, ҳар нарсадан хабардор, тезкор соҳа вакилларининг касб байрами. Демак, бу гал истаймизми-йўқми, ўз соҳамиз ва ўзимиз ҳақимизда гапиришга тўғри келади.

Журналистика — ҳамиша халқ билан ҳамнафас, серқирралиги билан ажралиб туради. У кириб бормаган соҳа, ёритмайдиган мавзу, йўналишнинг ўзи йўқ. Тиббиёт, таълим, қурилиш, қишлоқ хўжалиги дейсизми, барча-барчасини қамраб олади. Албатта, бунинг учун хоҳ босма нашр, хоҳ радио, телевидение, ахборот хизмати ёки интернет журналистикаси бўлсин, ҳар бири ҳақидаги зарур маълумотларни билиш ғоятда муҳим. Чунки журналистикада, аввало, иқтидор ва керакли маълумотларга эга бўлмасдан яхши материал тайёрлаш мушкул. Шунингдек, сўз қудрати орқали одамлар қалби забт этилади, ҳатто катта муаммолар ҳам ечим топади.

Журналистика — машаққатли ва завқли ҳаёт йўли. Бу кенг жамоатчиликка матбуот орқали тақдим қилинадиган материалларни тайёрлаш жараёнларида ёрқин акс этади. Журналист ҳамиша халқ билан бирга. У ҳамиша давлат ва халқ учун холис хизматда. Ҳақиқатдан сўзловчи кўзгу. Аслида, журналистда вақт чегараланмаган. Асосий иш жараёнлари узоқ-яқин манзиллар-у турли қатламлардаги инсонлар билан мулоқотда кечади. Омма эътиборига ҳавола этадиган янги маҳсулоти учун иссиқ-совуқ демай масаллиқ, яъни маълумот йиғади, кези келса, ўзини унутиб қўяди. Ҳатто тушлик учун вақтини қизғанади, кўпинча уйдаги дам олиш соатларида ҳам мақола, матн ёзиш билан банд бўлади. Ёзганлари, тайёрлаганлари муҳаррирдан ўтиб, оммага етиб, яхши фикр эшитмагунча хотиржам бўла олмайди. Эҳҳе, бутун фаолияти давомида бу ҳол неча маротаба такрорланмайди дейсиз! Бошдан ўтадиган шунча кучли ҳаяжон, руҳий зўриқишларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Аммо эрталаб жисми-жони толиқиб, кўзлари уйқусизликдан қизарса-да, ўзини бардам тутиб, яна ишга ошиқади. Чарчоқни унутиб, ёзганлари муҳаррир таҳриридан ўтиш-ўтмаслиги, мухлисларга манзур бўлиш-бўлмаслиги ҳақида қайғуради. Материали босма матбуот ёки радио-телевидениеда эълон қилинса ва бу ҳақда кимдир илиқ муносабат билдирсагина ўзини енгил ҳис этади. Чарчоқларни бир зумда унутиб, гўё дунёдаги энг бахтли инсонлардан бирига айланади. Баъзан эса бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Яъни кутилмаганда машаққатли меҳнатлар самараси ҳисобланган журналистик маҳсулот ҳақида кимдандир салбий фикрлар эшитиши мумкин. Бироқ танқиддан тўғри хулоса чиқариш тажрибани янада оширади. Аслида, буларнинг барчаси журналистнинг бир куни, битта материали эълон қилинишигача бўлган жараённинг қисқагина кўриниши, холос.

Журналистика — айрим ёшлар фақат қизиқарлилиги учун ҳавас қиладиган ёки баъзи бировлар осон деб ўйлаган шунчаки соҳа эмас. Аксинча, аввало, иқтидор ва фидойилик талаб этадиган энг машаққатли, энг масъулиятли касбдир. Матбуот — ижод майдони, журналист — ижодкор ва изланувчан шахс. Ундан ҳамиша янгилик кутилади. У таҳлил қилади, тадқиқ этади, шарҳлайди, фикрлашга ундайди, дунёқарашларни шакллантиради, йўналтиради, завқ-шавқ бағишлайди. Бу эса чинакам бахт. Мен бугун қарийб 35 йиллик фаолиятим давомида буларнинг барини бир эмас, бир неча юз, балки, минг маротаба ҳис эттирган журналистикадан чексиз миннатдорман. Матбуот, радио ва телевидениеда ишлаб, яхши устозлар кўрдим, чархландим, чиниқдим, тобландим. Журналистика ҳаётимда учраган оғир синовларни енгишимга ҳам катта ёрдам берди. Қувонганим, журналистик материалларим мени кўпчиликка ўз номим билан танитди, озми-кўпми, тажрибаларим устоз деган юксак шарафга муяссар этди. Оила ва жамиятда ўрнимни топдим. Буларнинг барига шукр ва барчаси учун ташаккур, миннатдорман. Журналистика — фидойилар майдони. Бу “COVID-19” пандемияси даврида яна бир карра ўз исботини кўрсатди. Чунки турли соҳа вакиллари қатори кўплаб матбуотчилар ҳам ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб, энг оғир нуқталардаги жараёнларни, вазиятни батафсил ёритишда фаоллик намуналарини кўрсатишди. Халққа мадад бўлишди, унинг бирдамлигини, давлат сиёсати ва ғамхўрлигини ёрқин ифода этишди. Хавфли касалликка қарши курашишда ва уни енгишда муносиб ҳисса қўшишди.

Не бахтки, касбим журналист ва албатта, бундан ҳамиша мамнунман. Токи ҳаётдаман, бу касбга бўлган меҳрим ва садоқатим мени асло тарк этмайди. Зеро, журналистика аллақачон ҳаётимнинг бир бўлагига айланган тақдирим. Шу боис касбимдан фахрланаман. Касбим — ифтихорим! Фурсатдан фойдаланиб, барча устозлар ва ҳамкасбларимизни касб байрамимиз билан табриклайман. Шарафли ва машаққатли фаолиятларида куч-қувват, ижодий парвозлар тилайман.

Шаҳзода АКБАРОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − one =