Кутубхона – инновация ва маънавият маскани

Рақамли технологиялар ва жадидлар мероси уйғунлиги Уйчи тумани мисолида

Бугунги тезкор глобаллашув ва рақамли технологиялар асрида аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада барча таълим муассасалари, хусусан, умумтаълим мактаблари ва ижод мактабларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий лойиҳалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқди. Мазкур тарихий ҳужжат ижросини таъминлаш ҳамда кутубхоналар фаолиятига замонавий технологияларни изчил жорий этиш мақсадида, Наманган вилояти Уйчи туманидаги 7-умумтаълим мактабида “Сунъий интеллект — кутубхона хизматларини такомиллаштириш воситаси” мавзусида вилоят миқёсидаги ўқув-амалий семинари ташкил этилди.

Анжуманда Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги Наманган вилояти болалар кутубхонаси директори Зулхумор Тўрахўжаева, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассислари ҳамда ҳудуддаги барча мактаб кутубхоначилари иштирок этдилар.

Семинарда анъанавий кутубхоналар фаолиятини рақамлаштириш ва уларни “ақлли маскан”га айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давр талаби шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кутубхоначи шунчаки китоб сақловчи ёки тарқатувчи эмас, балки чексиз ахборот уммонида ўқувчига тўғри йўл кўрсатувчи медиа-навигатор ва маънавий йўлбошчи бўлиши шарт.

Тан олиш керакки, бугун сунъий интеллект алгоритмлари кутубхона тизимида инқилобий ўзгаришлар қилмоқда. У нафақат китоб қидириш жараёнини сонияларга қисқартиради, балки ўқувчининг ёши, қизиқишлари ва руҳиятидан келиб чиқиб, унга индивидуал китоблар рўйхатини тавсия эта олади.

Мулоқот давомида иштирокчиларга кутубхоналарни замонавий техник жиҳозлар ва бойитилган электрон ресурслар (QR-кодли китоблар, аудиобазалар) билан таъминлаш, фондларни янги бадиий ва илмий-оммабоп нашрлар билан тўлдириш, сунъий интеллект ёрдамида китобларни саралаш ва янгича қидирув технологияларини жорий этиш ҳамда соҳа ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш бўйича муҳим услубий тавсиялар берилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мактаб кутубхоналарида мутолаа муҳитини жонлантиришнинг энг самарали усули — ўқувчиларни фаол ижодий жараёнларга жалб этишдир. Шу мақсадда таълим муассасамизда “Жадидлар изидан” китобхонлик клуби мунтазам фаолият юритиб келмоқда. Клуб аъзолари нафақат бадиий асарлар мутолааси билан банд бўлишади, балки миллий уйғониш даври намояндаларининг ибратли ҳаёти ва илмий меросини чуқур таҳлил қилишади.

Семинарнинг энг ҳаяжонли қисми ушбу клуб аъзолари томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши бўлди. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўгитлари ва фалсафасига асосланган “Театр — ибратхонадур” номли бадиий чиқиш йиғилганларда ажойиб таассурот қолдирди. Ўқувчиларнинг юксак маҳорат билан ижро этган роллари жадид боболаримизнинг миллат истиқболи ва маърифати йўлидаги фидойилигини яна бир бор ёдга солди, қалбларда миллий ғурур туйғусини жонлантирди.

Кутубхоначиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, замонавий инновацион тенденциялардан хабардор бўлиши ва мактабларда китобхонлик муҳитини жонлантиришда бу каби амалий семинарларнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, китоб ва замонавий илм-фанни уйғунлаштирган ёшлар келажакда Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари бўлиб етишади. Кутубхоналаримиз эса рақамли технологиялар билан бойитилган ҳолда, ҳамиша маънавият ва зиё ўчоғи бўлиб хизмат қилаверади.

Моҳира МАМАДАЛИЕВА,

Наманган вилояти Уйчи туманидаги 7-умумтаълим мактаби кутубхона

 мудираси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 11 =