Фазилатли инсон
ёки “Дўстлик” ордени соҳиби, қўқонлик Соҳиб АЛИЕВнинг фаолияти ва ибратли ҳаёти ҳақида
Инсонни Парвардигор гўзал шаклу шамойилда, мукаммал хилқат қилиб яратган. Кимки имон ва эзгу амаллар билан, илм-маърифат излаб, мол-дунё муҳаббати ва вақтичоғликка мафтун бўлмай, волидаи муҳтарамаси ҳамда қиблагоҳига зиёда меҳр-эҳтиром кўрсатиб, умр йўлларида чекиладиган машаққатларга сабр-тоқат қилиб яшаса, у ҳақиқий гўзал инсондир. Яқинда чоп этилган “Фарғона геофизиклари етакчиси” китоби ана шундай кишилардан бири — фозилларга хос ҳаёт кечириб, мудом яхшиликларга шошилиб умргузаронлик қилаётган қўқонлик Соҳиб Алиевнинг ҳаёти, фаолияти, инсонийлик фазилатлари ва у ҳақдаги дил сўзларидан иборат.
Соҳиб Алиев М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида таҳсил олган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бу нуфузли даргоҳда ўқиш ҳаммага ҳам эмас, алоҳида иқтидорли ёшларгагина насиб қиларди.
У ана шундай олий таълим масканини тамомлагач, меҳнат фаолиятини Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ геофизика экспедициясида бошлади. Кейинчалик қарийб эллик йил Фарғона геофизика экспедицияси бошлиғи вазифасида ишлади. Бугунги кунда нафақат соҳа фидойиси, балки чуқур билим ва ибратли ҳаёт тажрибасига эга бўлган нуронийдир.
Геофизика — фан ва амалиёт туташган, таҳлил ва тафаккур талаб этадиган соҳа. У фақат табиий ресурсларни топиш эмас, балки уларни тўғри баҳолаш, юртимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи илм-фан асосларини мустаҳкамлаш демакдир. Ана шу мураккаб ва шарафли соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган мутахассислар орасида Соҳиб Алиев номи алоҳида ҳурмат билан тилга олиниши бежиз эмас. Негаки, унинг касбий йўли тўла маънода илмий изланиш, технологик амалиёт ва ишлаб чиқариш тажрибасининг уйғун намунаси десак хато бўлмас. Узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги геофизик қидирув ишларида фаол иштирок этиб, кўплаб кон ва ресурсларнинг аниқланишига бевосита ҳисса қўшган.
“Соҳиб Алиевнинг юзидан нур, сўзидан донолик таралади, — деб ёзади Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов ушбу китобда. — Унинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибратдир. Ҳўқанди латифимизнинг фахри бўлган Соҳиб Алиев садоқат, ҳалоллик, самимият ва меҳрибонлик каби беқиёс қадриятларни амалда кўрсатиб келаётган юксак маънавиятли инсондир”.
Қўқонда геофизика ҳақида гап кетса, одамлар кўз ўнгида Соҳиб Алиев гавдаланади.
— Соҳиб Алиев геофизика соҳасида чуқур билимга эгалиги, ташкилотчилиги, ғайрат-шижоати, инсонпарварлиги ва ростгўйлиги билан танилган обрўли ҳамда пешқадам раҳбарлардан бирига айланган эди, — дея сўзлади устози, “Ўзбекгеофизика”нинг собиқ бош директори Тошпўлат Бобожонов. — У Фарғона геофизика экспедициясига раҳбарлик фаолияти давомида бу корхонанинг шуҳратини юқори даражага кўтарди.
Мазкур рисола “Умр баҳори — болалик”, “Қизғин меҳнат жабҳасида”, “Етуклик палласи”, “Ҳамкасб қадрдонлар”, “Дўстлар дил изҳори”, “Қариндошлар, фарзандлар ва набиралар эҳтироми” каби олти бобдан иборат бўлиб, унда Соҳиб ҳожи ота Алиевнинг ибратли умр йўлига назар ташланади, инсоний фазилатлари ҳақида қалб изҳорлари ҳикоя қилинади.
“Дўстим ҳақида ёмон гап топа олмайман” деб номланган очеркда шундай воқеа ҳикоя қилинади:
“Мени ҳамма онамга ўхшатишади, — деди Соҳиб ака. — Онам раҳматли жуда ҳам пазанда эди. Бизнинг ҳовлимизда ҳеч ким овозини баландлатиб гапирмаган. Жанжал ҳам бўлмаган. Онам ёқимли талаффуз билан чиройли сўзларни топиб гапирарди. Исломдан хабари бор аёл эди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар “отинча ая” деб ҳурмат қилишарди. Уйимиздан одам узилмасди. Улар кўп масалаларда маслаҳат сўраб онамнинг олдига келишарди. Онамга биров бировнинг устидан арз қилса, у унинг фикрига қўшилмасди. Аям учун ёмон одам йўқ эди. “Эсон бўлсин, қўй, болам, у ҳам Аллоҳнинг бандаси”, дер эдилар”.
“Отам раҳматли ҳам ислом динимизни яхши биладиган, Аллоҳдан қўрқадиган киши эди, — деди у ҳикоясини давом эттириб. — Ҳамма уларни “Мулла Алижон” дерди. Араб алифбосини яхши билардилар-да. Кам гапирардилар. Ҳар куни бомдоддан кейин бир соатлар чамаси овоз чиқариб Қуръон ўқирдилар. Овози қориларникидек эди. Ҳа, кунимизни Қуръон эшитишдан бошлардик. Шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, эрта тонгларда отамнинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган ширали овозини, онамнинг ширин сўзларини, меҳрибон қўлларини соғиниб қоламан. Қабрларига бориб уларни йўқлайман, дуои фотиҳа қиламан”.
Ҳа, Соҳиб Алиев қанчалар имон-эътиқодли инсонларнинг зурриёти эканини ушбу ҳикоя ҳам англатиб турибди.
Шу очеркда Соҳиб ака ўғли Эркиннинг исми қўйилиш тарихи ҳақида шундай ҳикоя қилган:
“1969 йили Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” китоби чиққанди. Дадамга шу китобдан “Ўзбегим” шеърини ўқиб бергандим. Дадам бу шеърдан ниҳоятда таъсирланди. “Буни ким ёзибди?” деб сўради. “Эркин Воҳидов”, дедим. “Агар ўғил фарзанд кўрсанг, исмини албатта Эркин қўямиз”, дедилар шунда. Орадан бир неча ой ўтиб ўғил кўрдик, отам айтганларидек, чақалоқ исмини Эркин қўйдик. Орадан йиллар ўтиб, устозим Тошпўлат Бобожонов ва Эркин Воҳидов билан учовимиз бир дастурхон атрофида суҳбатлашиб қолдик. Бўлган воқеани айтиб бердим. Эркин ака ўшанда жуда хурсанд бўлиб кетганди. “Қўқонга бориб, адашимни зиёрат қиламан”, деганди”…
Киши китобдаги шу каби воқеаларни ўқиганда беихтиёр таъсирланиб кетади.
— Мен устоз Соҳиб Алиев билан доимо мулоқотда бўлиб, иш жараёнида ва ҳаётда қимматли сабоқлар олдим, тажрибалар орттирдим, — деди Фарғона геофизика экспедицияси директори Давлатжон Усмонов. — У дунёқараши жуда кенг, инсонийлик даражаси юқори, самимий инсон ва бағрикенг устоздир. Шу билан биргаликда у қаттиққўл, тартиб-интизомга қатъий амал қиладиган, ўзининг ва ўзгалар вақтини тежайдиган, ҳақиқатпарвар раҳбар ҳамдир. Устозимиз иштирок этган ҳар қандай давра доим хурсандчилик, ҳазил-мутойиба, кулги ва хушчақчақликка лиқ тўла бўлади.
Мен Соҳиб Алиевга хўжалик ишлари бўйича муовин бўлиб кўп нарсаларни ўргандим, кўп одамларни танидим, яъни жуда катта мактабни ўтадим. Бу бугунги кунда бажараётган вазифамда жуда қўл келмоқда. Ёнимизда Соҳиб Алиевдек маслаҳатгўй, йўлбошчимиз борлигидан бениҳоя мамнунмиз.
— Автоҳалокатга учраб касал ётганимда жароҳат асоратлари чидаб бўлмас даражада азоб бера бошлади, — деб ёзади шогирди, геология-минерология фанлари доктори Асқарали Ўрмонов. — Қилинган муолажалар таъсири сезилмайди. Кайфиятим жуда ҳам ёмон, руҳан қийин аҳволда ётганимда устозимиз Соҳиб Алиев телефон қилиб қолди, аҳволимни салом-аликданоқ сезди. Анча насиҳатлар билан кайфиятимни кўтарди ва шунда бирдан “Борис Полевойнинг “Чин инсон қиссаси”ни ўқиганмисиз?” деб қолди. Мен “Ҳа, ўқиганман”, деб жавоб берсам, “Китобини бериб юбораман, ёшликда ўқиган бўлсангиз керак, яна бошқатдан шуни ўқинг. Булар ҳали ўтиб кетади, ҳаммаси яхши бўлади, жудаям тушкунликка тушманг-да, Асқарали”, деди. Мен китобни шошмасдан яна ўқиб чиқдим, ҳақиқатан ҳам маънавий ва руҳий куч бағишлади. Чунки шу бугунги ҳолатимда китоб менга бошқача таъсир кўрсатди, аввало, Аллоҳ халоскордир ва меҳрибондир, лекин ушбу китоб ҳам шу ҳолатда менга руҳий озуқа берган эди.
Устозимиз нафақада бўлса ҳам бизга маслаҳатгўй, суянчиқ, ҳар доим ёрдамларини аямайди. Биз барча шогирдлари ундан чексиз миннатдормиз.
“Дадам доимо дўстларига садоқатли инсон, — деб ёзади ўғли Эркинжон. — Дадам Президентимиз Фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан мукофотланганларида дўстлари: “Бу орден ҳақиқий эгасига берилди. У киши дўстлик сўзининг маъносини ўз ҳаёти билан исботлаган одам”, деб айтишганди”.
Ҳа, Эркинжон тўғри баҳо берибди. Соҳиб Алиев шундай инсонки, у кишида олимнинг иқтидори, шоирнинг қалби, муҳандиснинг аниқлиги, дўстнинг садоқати мужассам.
Набираси Феруз Алиевнинг бобосини таърифлаб ёзганларини киши бефарқ ўқий олмайди:
“Мен билган инсонлар орасида шундай бир киши борки, унинг номи менда чексиз ҳурмат, самимий табассум, чинакам етукликка нисбатан беҳисоб миннатдорлик туйғусини бағишлайди. Бу менинг опоқим — бобомдир. У шунчаки отамнинг отаси эмас, балки менинг устозим, ҳақиқий эркак намунаси, катта оиламизнинг боши ва нафақат бизнинг, балки кўплаб инсонларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган табаррук шахс.
Бобом қўл урган ҳар бир иш аниқ режали, пухта ўйланган ва охирига етказилган бўларди. Унинг ҳаётга муносабати оддий эди: ҳамма нарсани ўз вақтида, ҳалол ва жон-дилдан бажариш. У шошма-шошарлик, дангасалик ва масъулиятсизликни ёқтирмасди.
Болалигимдан уни “соат одам” деб эслаб қолганман. Унинг доимо ўз кундалик жадвали бор эди ва уйдаги барча нарса у кишига мослашарди — қўрқувдан эмас, ҳурматдан. Улар бақирмасдилар, талаб қилмасди, шунчаки ўз намунаси билан кўрсатарди. Биз, набиралар эса буни табиий ҳол деб қабул қилардик. Бугун ҳам катта бўлиб, у ўргатганидек, соатни 5-10 дақиқа олдинга қўяман. Шунчаки олдиндан тайёр бўлиш учун. Шунчаки бобомга ўхшаб қадр-қиммат билан яшаш учун.
У менга эркак бўлишни ўргатди. Сўз билан эмас, амал билан. У ота, бобо, эр, оила бошлиғи қандай бўлиши кераклигини амалда кўрсатиб берди. Ваъдага вафо қилишда, ҳалол бўлишда, имкон қадар ёрдам беришда. Бунинг эвазига ҳеч нарса кутмасликда…
Бобомнинг энг ёрқин фазилатларидан бири унинг ёрдам беришга доим тайёр туришидир. У ҳеч қачон бошқаларнинг мушкулотларини четлаб ўтмайди. Одамлар билишадики, унга исталган муаммо билан мурожаат қилиш мумкин ва у албатта ёрдам беради. Манфаатсиз, шартсиз — шунчаки қўлидан келганича.
Мен айнан шу фазилатни ўзимда сақлаб қолишни истайман. Мен ҳам ёрдам беришим мумкинлигини кўрганимда, рад эта олмайман. Чунки менда унинг бир бўлаги яшайди.
Бобом бутун умрини илм-фан ва давлат тараққиётига бағишлади.
У ўз меҳнати билан мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Унинг ютуқлари давлат даражасида эътироф этилди: бобом кўп марта мукофотланди, Президентимиз билан бир неча бор учрашдилар, шахсий табриклар ҳамда медаль ва орденлар олдилар. Булар қуруқ мукофотлар эмас эди, уларнинг ортида ишга бахшида этилган ҳаёт ва умр туради.
Ҳозир ҳам мураккаб танлов олдида турганимда, ўзимга савол бераман: “Бобом қандай йўл тутган бўларди?” Жавоб эса уларнинг менга берган ўгитлари ва тарбиясидир — булар мен учун компас кабидир. Боиси, у тўғри йўлдан адаштирмайди. Шу сабаб мен учун у доимо ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади”.
Бу китобда ибратли умр кечираётган саксон олти ёшли мўйсафид нуронийнинг умр дафтари, ҳаёт мактаби ҳақида батафсил ҳикоя қилинибди. Бу рисолани юрагим энтикиб, ҳавас билан ўқиб чиқдим. Гўё эзгулик дунёсига саёҳат қилгандек бўлдим. Қани эди, унда ёзилганлар оилалар даврасида мутолаа қилинса, айниқса, ёшларга йўлчи юлдуз бўлиб, катта маънавий озуқа берган бўларди.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси.
