Россияга иш излаб кетиб, Украина урушига мажбурий юборилган йигит қисмати

Россияга иш излаб кетган ўзбекистонлик муҳожир гиёҳвандлик айби билан қамалди, кейин эса Украинадаги урушга юборилди. Фронтда яралангач, у госпиталдан қочиб, икки давлат чегарасини яширинча кесиб ўтди ва Ўзбекистонга қайтди. Суд ҳукми ушбу ғайриоддий тақдирнинг барча тафсилотларини очиб берди.

Орзу ортидан бошланган йўл

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида кўрилаётган бу иш биринчи қарашда Қонуннинг учта моддасига тааллуқлидек эди. Айбланувчига ёлланма фаолият, хорижий давлат қуролли кучлари таркибида иштирок этиш ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўйилганди. Суд залида ўтирганлар учун бу навбатдаги одатий жиноят иши бўлиб туюлиши мумкин эди. Аммо суд ҳужжатлари варақлангани сайин уларда оддий меҳнат муҳожирининг орзуси, хатолари, қўрқувлари ва бир қарори ортидан иккинчиси келиб, охир-оқибат уни уруш майдонигача етаклаган оғир ҳаёт йўли намоён бўларди.

Судланувчи Асилбек А. (исм-шарифи ўзгартирилган — таҳр.) айбини яширишга уринмади ва суддаги кўрсатмасини: “Россияга ишлаб пул топиш мақсадида кетганман”, деган жумла билан бошлади. Бу гапда ғайриоддий ҳеч нарса йўқ, чунки ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар айнан шу мақсадда хорижга йўл олишади. Асилбек ҳам ана шундай ёшлардан бири эди.

2024 йилнинг 9 августида у отаси билан автобусга чиқиб, Қозоғистон орқали Россияга жўнаб кетди. Уларнинг режаси жуда оддий эди: бир неча йил ишлаб пул жамғариш ва уйга қайтиш. Россиянинг Иркутск вилоятидаги ойна ишлаб чиқариш корхонасига жойлашишди. Бироқ бу режа илк ойларданоқ издан чиқди.

Корхона раҳбарияти йигитни ишга қабул қилмади. Сабаби ҳам оддий эди — меҳнат патенти расмийлаштирилмаган. Корхона эгаси ҳужжатларсиз ишлашга рухсат беролмаслигини, аммо ётоқхонада вақтинча қолиши мумкинлигини билдирган.

“Ётоқхонада яшаб, ҳар куни турли мавсумий ишларда ишлаб юрдим”, деди судда Асилбек.

Бу даврда унинг ҳаёти ноаниқликка айланганди. Расмий иш йўқ, барқарор даромад йўқ, келажак эса тобора мавҳумлашиб борарди.

Йил охирига келиб, Россияда миграция назорати кучайди. Ҳужжатсиз юрган муҳожирлар учун рейдлар одатий ҳолга айланди. Суддаги кўрсатмаларга кўра, депортациядан қочиш учун отаси ҳатто ўз номига 30 минг рубль кредит олиб, ўғлининг ҳужжатларини расмийлаштиришга ҳаракат қилган. Бироқ бу ҳам вазиятни ўнглай олмади.

Расмий ишсиз қолган йигит учун ҳар бир кун янги хавотир билан бошланарди. Кейинчалик судда у ўша даврни эслаб: “Иш топа олмаганимдан сўнг, “Telegram” мессенжерида иш кераклиги ҳақида эълон бера бошладим”, деб кўрсатма берди.

Айнан шу эълон унинг тақдирини кескин буриб юборди.

Кўп ўтмай унга номаълум аккаунтдан таклиф тушди. Якутияда курьерлик иши. Кунлик иш ҳақи — 20 минг рубль. Ишсиз юрган йигит учун бундай даромадли таклифни рад этиш жуда қийин эди. Энг қизиғи, иш берувчи билан ҳеч қачон юзма-юз учрашув бўлмади. Барча кўрсатмалар телефон орқали берилди. Такси чақирилди, манзил юборилди. Ижара хонадон калити эшик олдидаги махсус қутига яширилган, унинг пароли ҳам хабар орқали етказилганди.

Бошида ҳаммаси ҳақиқатан ҳам курьерликка ўхшарди. Телефонга координаталар келар, у кўрсатилган жойдан сариқ ялтироқ қоғозга ўралган қутини олар, кейин эса бошқа манзилга элтиб қолдирарди. Қутини топширгач, янги координаталар келарди. У бу ишни қарийб ўн беш кун давомида бажарди.

Бир куни ичида нима борлигини сўраганида, унга бу “махсус идишлар” эканини айтишади. “Қутини очманг, муҳри бузилса, товарнинг нархи тушиб кетади”, деган огоҳлантириш ҳам берилган эди.

2025 йилнинг 15 марти ҳам аввалги кунлардан фарқсиз бошланди. У навбатдаги манзилга борди, ўрамни олди ва белгиланган нуқтага олиб келди. Аммо бу сафар унинг ёнига махсус формадаги ходим яқинлашди. Аввал ҳужжатларини текширди, кейин эса қўлидаги ўрамни кўрсатиб, ичида нима борлигини сўради. У ишонч билан “махсус идишлар” деб жавоб берди. Ходим эса ўрамни очишни талаб қилди.

Асилбек рози бўлмади. Рус тилини яхши билмагани учун фикрини тўлиқ тушунтира олмасди. “Қутини очсам, ойлигимни ололмайман”, деб тушунтиришга уринди. Бироқ бу гап ҳеч кимни қизиқтирмади. Ўрам очилди.

Ичида идишлар эмас, кўк рангли кукун солинган учта халтача ётарди.

Судда бу лаҳзани эслар экан, у: “Бу нарсани аввал бирор марта кўрмаганман, нима эканлигини билмасдим”, деб кўрсатма берди. Ходимлардан бири эса бу қандайдир “соль” (гиёҳвандлик моддаси) эканини айтган ва шу заҳоти уни автомашина томон олиб кетган. Машина ёнида яна икки нафар махсус формадаги ходим кутиб турганди. Бир неча дақиқадан сўнг у назорат пунктига олиб кетилди.

Кейинги воқеалар суд материалларида босқичма-босқич баён қилинган: бир кунлик ушлаб туриш, таржимон иштирокидаги сўроқлар, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси бўйича қўзғатилган жиноят иши. Терговчилар ундан бу ўрамларни қаердан олганини сўрашарди. У эса телефон орқали топшириқ берган одамдан бошқа ҳеч кимни танимаслигини айтарди.

“Уларга юкни топширган одам билан қўнғироқ қилиб гаплашишлари мумкинлигини айтдим, лекин улар телефон рақамлари ва профиллар аллақачон ўчириб юборилганини билдиришди”, дея эслайди у.

* * *

2025 йил 13 март.

Айнан шу кундан бошлаб Асилбекнинг телефони жимиб қолди. Судда сўроқ қилинган онасининг кўрсатмасига қараганда, унгача ўғли деярли ҳар куни интернет орқали хабарлашиб турган. Бироқ шу кундан кейин алоқа бутунлай узилди. Аввалига она бунга катта аҳамият бермади. “Балки иш билан банддир, интернети йўқдир”, деб ўзини овутди. Аммо бир кун, икки кун, уч кун ўтди. Ўғлидан ҳамон дарак йўқ эди. Шундан сўнг у турмуш ўртоғидан суриштира бошлади:

— Асилбек қаерда?

— Ҳужжатларининг муддати тугаб қолибди. Қозоғистонга кириб-чиқиш қилиб келади. Бир-икки кунда қўнғироқ қилади.

Она кутди. Эри айтган кун ҳам ўтди, лекин телефон ҳануз жим эди. Яна сўради:

— Нега ҳали ҳам қўнғироқ қилмаяпти?

Бу сафар эри бошқа баҳона топди:

— Ҳужжатларида камчилик чиқибди, ушлаб туришибди. Тезда депортация қилишаркан.

Бу гап ҳам онага тасалли бўлди. Ахир депортация қилинса, барибир уйга қайтади-ку.

Лекин ҳафталар ўтди. Депортация ҳақида айтилган муддат ҳам келди, Асилбекдан эса ҳеч қандай хабар бўлмади. Она яна савол берди:

— Қачон келади?

— Яқин орада.

— Қачон?

— Ҳали аниқ эмас. Кутиб турайлик.

Суддаги кўрсатмаларга қараганда, шундан сўнг бу суҳбат уйда қайта-қайта такрорланган. Она ҳар сафар бир хил саволни берар, эри эса ҳар гал бошқа баҳона топарди: гоҳ ҳужжатлари битмаётганини, гоҳ текширувлар давом этаётганини айтарди. Аммо айтилган саналар келар ва ўтар, ўғлидан эса дарак бўлмасди.

2025 йилнинг апрель ойида она Умра зиёратига йўл олди. Муқаддас масканда ҳам дуоларининг мазмуни ўзгармади — фақат фарзанди соғ-омон юртга қайтишини илтижо қилди.

Зиёратдан қайтгач ҳам вазият ўзгармади: “Яна бироз кутиш керак”, “Тезда келади”, “Ҳали депортация қилишмаган”…

Бироқ вақт ўтгани сайин она бир нарсани англай бошлади: уни энг кўп қийнаётган нарса ўғлининг қаердалиги эмас, балки нега ҳеч ким уни ўғли билан гаплаштирмаётгани эди. 4 июнь куни турмуш ўртоғи кутилмаганда Асилбекнинг ҳарбий хизматни ўтагани ҳақидаги гувоҳномасини сўраб қолди.

— Бу ҳужжат нимага керак? — деди она.

Эри яна гапни бошқа томонга буришга уринди. Аммо бу сафар аёл чекинмади:

— Менга ростини айтинг. Асилбекка нима бўлди?

Суд ҳужжатларига кўра, шу пайтга келиб ҳақиқатни яширишнинг иложи қолмаган эди. Турмуш ўртоғи йиғлаб юборди ва Асилбек Россияда гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноят иши доирасида ушланганини айтишдан ўзга чора топа олмади. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. Орадан кўп ўтмай она яна бир оғир ҳақиқатни билди — ўғли Украинадаги урушга юборилган эди.

Қамоқдан фронтга

Суддаги кўрсатмалардан кўринадики, дастлаб Асилбек Россия қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилиб, кейин Ўзбекистонга депортация қилинишига ишонган. Ҳатто онаси ҳам бир неча ой давомида шу умид билан яшаган. Отаси ҳар сафар телефон қилганида “депорт қилиб юборишар экан” деган гапларни айтар, она эса ўғлининг уйга қайтишини интиқлик билан кутарди.

Кейинчалик маълум бўлишича, воқеалар мутлақо бошқа ўзанда ривожланаётган эди.

2025 йилнинг июль ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли уни касалхонага жойлаштиришларини айтиб, бир нечта ҳужжатга имзо чекишни сўрашади.

“Тахминан 11-12 та ҳужжатга имзо чекдим. Кейин билишимча, улар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан тузилган бир йиллик ҳарбий хизмат шартномаси экан”, деди у судда.

Орадан кўп ўтмай яна бир суд бўлиб ўтди. Асилбекнинг айтишича, унга тергов билан ҳамкорлик қилгани ва айбини тан олгани учун енгиллик берилиши, асосий муҳокама эса кейинроқ давом этиши айтилган.

Бироқ шу пайт кутилмаган воқеа юз берди. Суд залига ҳарбий кийимдаги икки киши кириб келди ва унинг Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Судья эса эртаси куни яна муҳокама бўлишини маълум қилди. Ўша кечаси, тунги соат иккилар атрофида, унинг камераси эшиги очилди. Исмини айтиб чақириб, тезда кийинишни буюришди.

Шундан сўнг воқеалар жуда тез ривожланди.

Унинг айтишича, ҳибсхонадан чиққанида у ёлғиз эмасди. Худди ўзи каби маҳкумлардан иборат яна бир неча йигитлар махсус автомашинага чиқарилди. Икки соатлик йўлдан сўнг улар аэропортга олиб келинди. Бу ерда ҳар бирига металл жетон ва ҳарбий гувоҳнома берилди. Кейин эса уларни бошқа маҳкумлар билан бирга ҳарбий самолётга чиқаришди. Қаерга учаётганларини ҳеч ким изоҳламади.

Самолёт аввал Чуниски деган жойга қўнди, кейин эса Хабаровскка йўл олди. Судланувчининг кўрсатмасига қараганда, у ердаги ҳарбий тайёргарлик марказида биринчи марта ўзидан бошқа ўзбекистонликларни кўрган.

“Тахминан ўттиз нафар ўзбек бор эди”, дея эслайди у судда.

Ундан ташқари турли миллат вакиллари ҳам йиғилаётган, бир ҳафта ичида умумий ҳисобда уч юзга яқин одам тўпланган эди. Уларнинг барчасини бир нарса бирлаштириб турарди: кечагина уларнинг аксарияти маҳкум ёки терговдаги шахслар бўлган.

Орадан бир ҳафта ўтгач, гуруҳларга ажратиш бошланди. Ёши ўттизгача бўлганлар алоҳида, ёши каттароқлар бошқа взводга тақсимланди. Кейин ҳарбий самолётлар уларни Ростов-Дон томон олиб кетди. У ерда фуқаролик кийимлари йиғиб олинди. Ҳарбий форма, бронежилет, каска ва бошқа анжомлар тарқатилди. Телефонлар мусодара қилинди. Атрофда эса аҳоли яшаш жойлари йўқ эди — фақат кенг чўл ва ҳарбий база.

У шу ерда биринчи марта ўзининг ҳақиқатан ҳам армия ичида эканини ҳис қилди. Аммо энг оғир синов ҳали олдинда эди.

Қурол тарқатиш бошланганда Асилбек уни олишдан бош тортди. Судда бу ҳақда очиқ айтди: “Қуролни олишни истамадим”.

Бу қарорнинг оқибати дарҳол сезилди. Асилбекни бошқалардан ажратиб, алоҳида хонага қамашди. Кейин уч кун давомида психологлар билан суҳбатлар бошланди. Суд ҳукмига кўра, унга хизматдан бош тортса, аввалги айбларига қўшимча равишда яна етти йилгача қамалиши мумкинлиги айтилган. Бу суҳбатлар кўпроқ руҳий босимга ўхшарди. Бироқ у барибир рози бўлмади.

2025 йилнинг август ойи охирида 114-взвод деб номланган бўлинмага киритилган 33 нафар ҳарбий бир неча кунлик машғулотлардан сўнг техникаларга чиқарилди. Энди машқлар тугаган, олдинда эса ҳақиқий уруш бошланаётган эди. Ҳеч ким бу сафардан қайтиш бор-йўқлигини айтмасди.

Кейинги манзил — Запорожье йўналиши бўлди. У ерда Асилбек ҳаётида биринчи марта дронлар овози, портлашлар ва ўлим билан юзма-юз келди.

Фронтдаги 18 кун

Фронтга келгач, у хизматга ким сифатида бириктирилганини ҳам судда айтиб берди. Қўлига автомат берилган бўлса-да, асосий вазифаси ҳужум қилиш эмас, балки мудофаа чизиғида навбатчилик қилиш, ўқ-дори ва озиқ-овқат ташиш ҳамда позицияларни қўриқлаш бўлган. Бу ердаги манзара уруш ҳақидаги кинолардан буткул фарқ қиларди: бир томонда окоплар, иккинчи томонда вайрон бўлган бинолар, тепада эса деярли тинмай учиб юрадиган дронлар… Ҳар бир кун бир хил бошланар, аммо қандай тугашини ҳеч ким билмасди.

Унинг суддаги кўрсатмаларида фронт ҳаётининг энг муҳим жиҳати такрор-такрор учрайди — бу қўрқув эди. Ҳар қандай ҳаракат кузатилиши, ҳар қандай хатолик ўлим билан тугаши мумкин эди. Шунинг учун аскарлар, асосан, ерости паноҳгоҳларида ёки чуқур қазилган окопларда яшашган. Кундузи кўринмасликка, кечаси эса имкон қадар тез ҳаракатланишга мажбур эдилар.

Суд ҳукмида қайд этилишича, Асилбек фронтда жами ўн саккиз кун бўлган. Бу рақам катта эмасдек туюлади. Аммо уруш шароитида ўн саккиз кун баъзан бир неча ойга тенглашади. Бу вақт ичида у ҳар куни портлашлар, артиллерия отишмалари ва дронлар ҳужуми остида яшади. Судда у ўз бўлинмасида ҳалок бўлганлар ҳам, оғир яраланганлар ҳам бўлганини сўзлаб берди.

Ўн саккизинчи кун ҳам аввалгиларига ўхшаб бошланди. Бўлинма навбатдаги вазифани бажараётган пайтда ҳавода яна дрон пайдо бўлди. Кейин эса кучли портлаш юз берди.

Судда бу воқеани тасвирлар экан, у қисқа гапирди: портлашдан кейин ҳушини йўқотганини, ўзига келганда эса госпиталда бўлганини айтди. Ҳукмда келтирилишича, жароҳат, асосан, оёқ қисмига етган. Аввалига фронт яқинидаги тиббий пунктга, кейин эса ҳарбий госпиталга эвакуация қилинган. Фронтдаги жанговар ҳаракатлар у учун шу ерда тугади.

Қочиш

Самарадаги ҳарбий госпиталь Асилбек учун фронтдан кейинги вақтинчалик паноҳ эди. Чап қўли, ўнг тиззаси ва қорин қисми жароҳатланган, боши қаттиқ чайқалган, чап қулоғи эса деярли эшитмай қолганди. Судда берган кўрсатмасига қараганда, шифокорлар уни даволаш билан овора бўлган бир пайтда у бошқа режа тузарди. Энди унинг бутун хаёли бир нуқтага жамланган эди: қандай қилиб Россиядан чиқиб кетиш мумкин?

Дастлаб бунинг иложи йўқдек туюлди. Яраланган ҳарбийлар ҳар куни назоратчи ҳамроҳлигида ҳаво алмаштириш ёки бозордан озиқ-овқат олиш учун ташқарига чиқарилар, кейин яна госпиталга қайтариларди. Бир неча кун давомида Асилбек назоратчи билан муносабатни яхшилашга ҳаракат қилди. Судда айтишича, у буни бежиз қилмаган. Госпиталь ёнидаги бозор атрофида Қозоғистонга қатнайдиган ҳайдовчиларни кўриб қолгач, қочиш режаси айнан ўша ерда туғилди.

2025 йил 11 октябрь куни унга кутилмаган имконият насиб этди. Госпиталдан навбатдаги чиқиш пайтида назоратчига турмуш ўртоғи келгани ҳақида хабар беришди. Назоратчи ишониб, унга: “Бозордан керакли нарсаларингни тезроқ олиб, касалхонага қайт”, деди-да, ўзи учрашув хонаси томон кетди. Асилбек эса ортига қарамади. У бозор четида турган, аввал ҳеч қачон кўрмагани — қирғиз ёки қозоқ миллатига мансуб ҳайдовчи томон югурди. Бир неча дақиқа ичида бошидан кечирганларини тушунтириб, ёрдам сўради.

Ҳайдовчи узоқ ўйлаб турмади. Унинг талаби битта эди — 300 минг рубль. Бу пул эвазига уни Қозоғистонга олиб чиқишга рози бўлди. Асилбек судда ҳайдовчи уни автомашинанинг юкхонасига ётқизиб, устига турли матолар ташлаганини айтди. Шу аҳволда улар чегара томон йўл олишади.

Уларнинг манзили Россия билан Қозоғистон чегараси яқинидаги кичик қишлоқ бўлди. Бу ерда яна бир неча киши кутиб турган экан. Ҳайдовчи уларга пул берди, ўз тилида нималардир деди ва Асилбекни ёши улуғ қозоқ отахон ҳамда унинг ўғли яшайдиган хонадонга олиб кирди. Улар йигитни меҳмондек кутиб олишди, овқат беришди ва тахминан ўн кун уйларида сақлашди.

Орадан ўн кун ўтгач, қария уни четга тортиб, икки нафар ўғли ҳам урушда ҳалок бўлганини сўзлаб берди. Шу сабабли Асилбекнинг аҳволини тушунишини ва унга ёрдам беришни исташини билдирди.

Қария Россия ва Қозоғистон ўртасида саримсоқ савдоси билан шуғуллангани учун айланма йўлларни жуда яхши биларди. “Мен сени олиб ўтаман”, деган ваъда Асилбек учун энг катта умидга айланди.

Бу орада у онасига қисқа хабар юборишга ҳам улгурди: “Аллоҳ менга яна бир имконият берди… Яқин кунларда уйда бўламан”. Онаси бу хабарни ўқиб, ўғли госпиталдан ҳам, Россиядан ҳам қочиб чиққанини англади.

21 октябрдан 22 октябрга ўтар кечаси улар мотоциклда йўлга чиқишди. Асосий трассалар эмас, одам деярли юрмайдиган яширин сўқмоқлар танланди. Қария уни Қозоғистоннинг ички ҳудудигача етказиб қўйди. Кейин бошқа ҳайдовчи пайдо бўлди. У яна 30 минг рубль эвазига Асилбекни Ўзбекистон чегараси яқинига олиб келди ва танишининг уйига жойлаштирди. У ерда яна бир неча кун кутди.

Аммо энг хавфли йўл ҳали олдинда эди.

Қозоғистонда чегарадан ўтказиб қўйиш эвазига ундан 700 минг тенге талаб қилишди. Бундай маблағ унда йўқ эди. Шунда воситачи икки вариантни таклиф қилди: ё сохта паспорт тайёрлаш, ёки бутунлай бошқа йўлни танлаш. Кейин у харитани очиб, чегара ёнидаги чойхонадан Ўзбекистонга ўтиш мумкин бўлган жойни кўрсатди. Тунги соат иккиларда наряд алмашишини, шу вақтда аскарлар эътибори сусайишини айтди. Энг муҳими, канал устида сим тўсиқлар ва кузатув камералари борлиги, аммо сув ичи орқали ҳаракат қилинса, камера назаридан четда қолиш мумкинлигини тушунтирди. Кийимларини ҳўл қилмаслик учун унга оддий полиэтилен пакет ҳам беришди.

2025 йил 2 ноябрь. Тунги соат тахминан 02:40.

Асилбек чегара симларига етиб келди. Кийимларини ечиб, полиэтилен пакетга солди ва муздек каналга тушди. У сув оқимига қарши сузиб, Ўзбекистон ҳудудига кира бошлади. Масофанинг ҳар бир метри оғир кечарди: қўлида кийимлари солинган пакет, танасида эса ҳали битмаган жароҳатлар бор эди. Тахминан ўн беш метр нарида кўприк кўринди. У ерга етгач, кўприк остида ҳам сим тўсиқлар борлигини кўрди. Орқага қайтиш йўқ эди. Асилбек чуқур нафас олди, сув остига шўнғиди ва сим тўсиқнинг тагидан ўтиб кетди.

У муздек сувни тезда тарк эта олгани йўқ. Яна ярим соатга яқин канал ичида ҳаракат қилди. Фақат хавф ортда қолганига ишонч ҳосил қилгачгина қирғоққа чиқди. Атрофга қаради: қабристон. Нарида эса уйларнинг қораси кўринарди. Полиэтилен пакетни очиб, қуруқ кийимларини кийди. Унинг Ўзбекистон ҳудудига ўтганини ҳеч ким кўрмаган эди.

Бир неча кундан кейин онасига яна бир “SMS”-хабарнома келди: “Чегарадан зўрға ўтиб олдим”.

Ҳукм

Ўзбекистонга қайтгач, у узоқ вақт эркин юра олмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уни аниқлаб, тергов ҳаракатларини бошлади. Терговчилар унинг Россияда қандай қилиб ҳарбий хизматга тушиб қолгани, фронтда нима ишлар қилгани, мамлакатга қандай қайтгани ҳақида батафсил сўроқ қилишди. Иш материалларига Россиядаги ҳукмлар, ҳарбий шартнома, бошқа ҳужжатлар ва унинг шахсий кўрсатмалари ҳам илова қилинди.

Суд мажлисида Асилбек содир бўлган воқеаларни бошидан охиригача яширмасдан сўзлаб берди. У Россияга урушиш учун эмас, ишлаш учун кетганини яна бир бор таъкидлади. Қуролли можарога қандай аралашиб қолганини, ҳибсхонада қандай ҳужжатларга имзо чекканини, фронтга қандай олиб кетилганини изчил баён қилди.

“Қилган ишларимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Суддан енгиллик беришини сўрайман”, деди Асилбек ўзининг сўнгги сўзида.

Суд фақат айбланувчининг кўрсатмалари билан чекланиб қолмади. Судья ҳукм чиқаришдан олдин гувоҳларнинг кўрсатмаларини, тергов материалларини, моддий далилларни ва бошқа ҳужжатларни ҳам таҳлил қилди. Айниқса, унинг онаси берган кўрсатмалар ишнинг инсоний томонини очиб берувчи муҳим эпизодлардан бири бўлди.

Она судда ўғли отаси билан Россияга фақат ишлаш учун кетганини сўзлаб берди:

“Ўғлимнинг урушга кетганини кейин эшитдим. Буни аввал билмаганман”, деди у.

Бу ишда эътиборни тортадиган жиҳатлардан бири шуки, суд Асилбекнинг шахсига оид ҳолатларни ҳам инобатга олган. Ҳукмда унинг муқаддам судланмагани, айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, терговга ёрдам бергани ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар санаб ўтилган. Шу билан бирга, суд унинг хорижий давлат қуролли тузилмасида иштирок этганини оғир ҳуқуқий оқибатларга эга қилмиш сифатида баҳолади.

Асилбек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд унга 4 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Суд ўз ҳукмини чиқарди ва у қонун талабларига мувофиқ ижро этилади. Аммо суд ҳукмининг саҳифалари орасида яна бир ҳикоя яширин. Иш излаб чиқилган йўл уни қамоққа, фронтга, муздек каналга ва ниҳоят, суд залига олиб келди. Суд унинг қилмишларига ҳуқуқий баҳо берди. Қолган хулосани эса ўқувчининг ўзи чиқаргани маъқул.

Абубакр ОДИЛЖОНОВ

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + twelve =