Қора ниқоб

Иш қидириб…

Нурали ўрта мактабни тугатиб, ўқишга кириш учун бир-икки йил ўзини синаб кўрди. Бахти чопмади. “Бор-э!” деди-да, тўғри келган ишни қилиб юраверди. Озгина даромад топиб, кунини ўтказарди. Ўрни келганда мардикорлик ҳам қилди. Бир қурилиш ширкатига ҳам ишга кириб, бироз ишлади. Тенгқурларининг кўпи ўқиди, баъзилари касб-ҳунар эгаллади, синфдош йигитларнинг бари уйли-жойли бўлди. Кўплари фарзандларига суннат тўйлари ҳам ўтказишди.

Нурали эса ҳамон тузукроқ ишнинг бошини тутмади, уйланмади ҳам. Хорижда ишлаётган тенгдошлари янги уйлар қуришди, баъзиларининг енгил автомашинаси ҳам бор. Буларни кўриб, у ҳам бош қотирди. “Мен ҳам хорижга чиқиб ишласам, бойиб кетарман”, деган хаёл кўнглидан ўтди. Ҳафта-ўн кун шу хаёл уни сира тарк этмади. Охири чет элга бориб ишлаш мақсадида хорижга чиқиш паспортини олиш учун ҳужжат топширди. Бир ҳафта ўтгач, “қизил паспорт”ли бўлди. Шу паспортни қўлга олгач, ўзини худди чет элда юргандек ҳис қилди. Қаерга боришини узоқ ўйлаб, охири синфдош дўсти Ғофурнинг Москва шаҳрида ишлаётгани эсига тушди. Кечки пайт уларникига бориб, отасидан Ғофурнинг телефон рақамини олиб қайтди. Кечқурун овқатланиб бўлгач, хонасига кириб, унга қўнғироқ қилди. Нариги томондан: “Нурали, кел, сенбоп иш бор”, деб ўртоғи яшаш манзилини айтди.

Нурали ишлаб тўплаган пули озлигини билиб, яна бир ҳафта таниши билан тинмай ишлади. Кетар куни эса онасига Москвага — Ғофурнинг олдига, иш борлиги учун кетаётганини айтди.

— Болам, бориб ишласанг ишла. Тенгқурларинг аллақачон уйланиб, ҳатто болаларига суннат тўйларини ҳам ўтказди. Қўлимиз калталик қилиб, бир-икки жойга совчиликка оғиз солгандик, кўрдинг-ку, “Ишининг тайини йўқ”, деб кўнишмади. Ишласанг, яхшилаб ишлаб келгин, сенинг ҳам тўйингни кўрайлик, — деди онаизор.

Нурали лаш-лушларини йиғиштириб, Шўрчи бош бекатидан Тошкентга йўл олди ва у ердан Москва шаҳрига чипта олиб, учиб кетди.

Шундай қилиб, у дўсти Ғофурнинг ётоқхонасида бирга яшаб, икки йил ўша ерда меҳнат қилди. “Ҳаш-паш дегунча, мана, келганимга икки йил бўлибди-я. Бир бориб уйдагиларни кўриб келай”, — деди Нурали Ғафурга. У қишлоғи — Қорақир маҳалласига бозор куни бир сумка бозорлик билан кириб келди.

Бир ярим ойча қишлоқда юриб, яна четга ишлашга кетиш мақсадида акаси Эргаш ва амакиси Абдилар билан маслаҳатлашди. Уларнинг Туркияда ишлашини биларди. “Кел, иш бор”, — деди акаси Эргаш. Шундан сўнг Нурали Тошкент — Бишкек — Истанбул йўналиши бўйича самолётга чипта олиб, жўнаб кетди.

У Туркияда ҳам бироз ишлади, аммо дангасалиги тутиб: “Бу ерда ишлаш менга ёқмади, сизлар ўрганиб қолгансизлар-да”, — деди акаси ва амакисига. Кечқурун ишдан келиб, Москвадаги яна бир таниши Шуҳрат Имомқуловга қўнғироқ қилди: “Иш борми? Мен бормоқчиман”. Шуҳрат: “Келавер, иш кўп”, — деди. Илгари ҳам Ғофур ва Шуҳрат билан бир жойда яшаб ишлагани сабабли, Истанбул — Москва йўналишига чипта олиб, учиб кетди. Кечаси аэропортдан таксига ўтириб, ўзига таниш кўча бўйлаб шерикларининг ёнига борди. Эртаси куни “Петрович” гипермаркетига юк ташувчи бўлиб ишга жойлашди. Кундузи ишлаб, кечаси ётоқхонада дам оларди.

Кунларнинг бирида қўл телефони орқали “YouTube” тармоғидан “Жиҳод ва ҳижрат қилмаган асли кофир ва муртаддир” деб номланган маърузани тинглаб, узоқ ўйга толди. Шундан сўнг унинг феъл-атвори ўзгариб қолди. Турли даъватчиларнинг расмий каналларига аъзо бўлиб, ҳар хил чаламуллоларнинг маъруза ва дарсларини мунтазам кузатиб борди. Жиҳод ҳамда ҳижратга чорловчи маърузаларни, турфа роликларни томоша қилиб, унда Сурияга бориш ғояси туғилди. Миясини фақат Сурияга чиқиб кетиш режаси қамраб олди. Энди олдинги Нуралидан асар ҳам қолмаганди. У буткул ўзгарганди. Шериклари ҳам унинг хатти-ҳаракатларидан ҳайрон бўлишарди:

— Эй Нурали, ошна, сенга нима бўляпти? Бирдан бошқа одамга айланиб қолдинг?

— Ишларингиз бўлмасин, мен шунчаки ўзгармоқчиман, — деди у.

— Ҳа, майли, ўзинг биласан, биз шунчаки сўрадик-қўйдик-да, — дейишди улар.

У охир-оқибат бетайин видеолар остида қолдирилган рақамни сақлаб олиб, “WhatsApp” орқали: “Ассалому алайкум, ака, яхшимисиз? Сиз Суриядамисиз?” — деб ёзди. Орадан тўрт-беш кун ўтиб, ундан: “Ҳа, Суриядамиз”, — деган жавоб келди. Нурали: “Ёнингизга қандай борсам бўлади?” — деб сўради. Улар: “Сиз қаердасиз?” — деб ёзганида, “Санкт-Петербургдаман”, деб жавоб қайтарди. “Унда биз ёрдам беролмаймиз”, — деган жавобни олди. “Қандай қилиб борсам бўлади?” — деб қайта сўраганида: “Туркия орқали ўтиш мумкин”, — деган ёзувга кўзи тушди. Нурали эртаси куниёқ — 2020 йилнинг сентябрь ойида Санкт-Петербург — Тошкент авиарейсига чипта олиб, уйига қайтди. Сўнг уйдагиларига “Туркияга ишлагани кетяпман”, дея яна йўлга тушди.

Қора ниқобни қўмсаб…

Алқисса, 2020 йил 29 октябрь куни у Тошкентдан Истанбулга учиб борди. У ерда ижарага уй олиб, интернет орқали танишган Саад деган кимса билан телефон орқали боғланди ва у йўллаган одамлар кўмагида Туркия чегарасини ноқонуний бузиб ўтиб, Сурия ҳудудига кирди. Чегарада кутиб олишди. Ўз машинасида икки соатча йўл юриб, турли савол-жавоблардан сўнг унинг асл исми Нурали эканини билгач: “Исмингни ўзгартир”, — деди. Нурали ўзига “Абдулҳамид” деб янги исм танлади.

Улар Суриянинг Идлиб вилоятидаги “Ат-Тариқул-бузғор” ҳудудида жойлашган қароргоҳга боришди. Уни ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун тўпланган, ўзига ўхшаган 16 нафар янги келганларга қўшиб қўйишди. 2021 йил 8 февраль куни Идлиб вилоятининг Ҳорем туманига қарашли Қалб Лозе қишлоғидаги ташландиқ бинода ҳарбий машғулотлар бошланди.

Энди уни у ердагилар “Нурали” эмас, янги исмда “Абдулҳамид” деб чақиришарди. У ўша ерда турли ўқотар қуроллардан фойдаланишни ўрганди. Унга “АК” русумли автомат қуроли берилди. У қанча тўқнашувларда қатнашди, нечта бегуноҳ одамнинг қонини тўкди — бунинг ҳисобини ўзи ҳам билмайди. “Ит ётиш, мирза туриш” азобли кунлари шу тариқа ўтаверди. Қўлида қурол, юзида қора ниқоб тақиб юрган кунларининг саноғи йўқ эди. Чангли ва тутунли ҳаводан нафас олиш ҳам жонига тегди.

У ўзининг ҳақиқий исмини ҳам унутаёзди. Кунларнинг бирида тошкентлик Абубакр исмли кишига ўз юртига қайтмоқчилигини айтди. У Абдулҳамидни бир араб билан таништириб: “Бу йигитни Туркияга ўтказиб қўй”, — деди. Ҳалиги араб каттагина пул эвазига уни чегарадан ўтказиш мақсадида ўз уйига олиб борди. Тун. У ширин уйқуда эди. Ҳалиги араб уни секин туртиб уйғотди: “Тур, кийин, нарсаларингни ол”.

Ярим тунда улар Туркиянинг Ҳатай вилояти ичкарисига уч-тўрт километр киришгач, қочоқни Туркия ҳарбий кийимидаги шахсларга топшириб, араб ортига қайтди. Шу тариқа кетаётган маҳал турк полицияси уларни тўхтатиб, бўлимга олиб борди. У ерда Нуралини сўроқ қилиб, бармоқ изларини олишди ҳамда алоҳида суратга туширишди.

2025 йил 25 декабрь куни Истанбул — Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга депортация қилинди. Ўсиб кетган беўхшов соқоли олингач, башараси яна аввалги ўз ҳолига қайтгандек эди. Аммо…

Иқрорлик

Бу ерда тергов-суриштирув ишлари унча қийин кечмади. Чунки унинг ёнидан олинган уяли телефон барча қинғирликларни фош этиб берганди.

Ҳа, айтганча, Нурали Раимовнинг ўзи ҳам беш йил давомида фаолияти тақиқланган “Жабҳат ан-Нусра” халқаро террорчилик ташкилотининг “Ғуробо катибаси” бўлинмаси жангарилари сафида содир этган жиноятларини — хотирасида қолган барча қилмишларини судда бирма-бир сўзлаб берди.

Юзидаги қора ниқоб йиртилди. “Қилмиш — қидирмиш” деганлари шу бўлса керак. Бойлик васвасаси, нафс қусури Нуралини не кўйларга солмади! “Нафснинг оқибати — зулмдир, зулмнинг оқибати эса хорликдир!” деганлари шу эди.

Ниқоби йиртилган Нурали Раимов энди узоқ йиллар панжара ортида жазо ўтаб, қилмишларидан сабоқ олса, ажаб эмас.

Толиб ТИЛОВОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси.

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

шу суднинг халқ маслаҳатчиси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 2 =