Халқаро миқёсда эътироф этилган тажриба

Глобаллашув ва ахборот хуружлари кучайган шароитда экстремизм ҳамда терроризм таҳдидларига қарши курашиш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган тизимли ишлар экстремизмга қарши курашнинг ҳуқуқий, институционал ва маърифий асосларини янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йили БМТ минбарида илгари сурилган ташаббус асосида 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро тинчлик ҳамда бағрикенгликни таъминлашга қўшаётган ҳиссасининг муҳим эътирофи бўлди. Айниқса, экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида илгари сурилган “Жаҳолатга қарши — маърифат” тамойили халқаро миқёсда инсонпарвар ва профилактикага асосланган ёндашув сифатида юқори баҳоланди.

Янги Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш сиёсати инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ижтимоий мослашув ва маърифий тарбияга асосланган комплекс модель сифатида шакллангани алоҳида эътироф этилмоқда. Бу ёндашув нафақат экстремизмнинг оқибатларини бартараф этишга, балки унинг келиб чиқиш сабабларининг олдини олишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экстремистик оқимларга алоқадорликда гумон қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назоратида турган фуқароларнинг ишлари қайта кўриб чиқилди. Натижада 20 минг нафардан ортиқ фуқаро ҳамда уларнинг яқин қариндошлари “қора рўйхат”дан чиқарилди ва ушбу амалиёт бутунлай бекор қилинди. Мазкур қарор инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг жамиятга қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш ҳамда экстремизмга қарши курашнинг инсонпарвар моделини қарор топтиришдаги муҳим ислоҳот сифатида миллий ва халқаро даражада эътироф этилди.

Беш босқичда амалга оширилган “Меҳр” гуманитар операциялари ҳам мамлакат инсонпарварлик сиёсатининг энг муҳим ташаббусларидан бири бўлди. Ушбу операциялар давомида қуролли можаролар ҳудудларида қолиб кетган 530 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур фуқароларга жиноятчи эмас, балки уруш оқибатларидан жабр кўрган инсонлар сифатида муносабатда бўлиш тамойили илгари сурилди. Шу асосда улар давлат ҳимоясига олиниб, комплекс реабилитация ва реинтеграция дастурлари амалга оширилди. Ватанга қайтарилган аёллар ва болаларга тиббий, психологик ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шахсий ҳужжатларнинг тикланиши, уй-жой ва иш билан таъминлаш, фарзандларни таълим муассасаларига жойлаштириш сингари тадбирлар давлатнинг инсонпарвар сиёсатини намоён этувчи муҳим натижалардир.

Экстремистик жиноятлар учун жазо ўтаган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахсларга нисбатан қўлланаётган инсонпарвар ёндашув ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, Президент афви асосида юзлаб маҳкумлар озодликка чиқарилиб, уларнинг жамиятга мослашиши учун ҳуқуқий ва ижтимоий тизим яратилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар ва хотин-қизлар жамоат тузилмаларининг кафиллиги асосида айрим шахсларга нисбатан қамоқ жазоси ўрнига жамоатчилик назорати ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини қўллаш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, халқаро террористик ташкилотлар таъсирига адашиб тушиб қолган, бироқ қуролли ҳаракатларда иштирок этмаган ва ўз қилмишини англаб етган фуқаролар учун давлатга мурожаат қилиш ҳамда ҳуқуқий кафолатлар асосида жамиятга қайта интеграциялашиш имконияти яратилгани ҳам ижобий тажриба саналади.

“Жаҳолатга қарши — маърифат” тамойилининг изчил амалга оширилиши мамлакатда диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ва диний саводхонлигини оширишга хизмат қилаётган самарали ёндашув сифатида баҳоланмоқда.

Экстремизмнинг трансмиллий хусусиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни ҳам изчил ривожлантирмоқда. Мамлакат БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида терроризм ҳамда экстремизмга қарши қўшма дастурлар, амалий тадбирлар ва тажриба алмашиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Терроризмга қарши кураш соҳасида реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши ташкил этилди ҳамда унинг фаолияти учун “йўл харитаси” тасдиқланди. Бу ҳолат Ўзбекистон тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг яққол намунасидир. Ушбу ташаббус ўзаро ахборот алмашинувини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар салоҳиятини юксалтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси минбарида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусининг илгари сурилиши ҳам халқаро ҳамжамият томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган долзарб таклиф сифатида эътироф этилди. Мазкур ташаббус экстремистик ташкилотлар таъсирига қарши курашда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш аҳамиятини халқаро даражада оширишга хизмат қилди. Айниқса, “Ёшлар дафтари” тизими орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга субсидиялар, меҳнат қуроллари ҳамда таълим имкониятларини тақдим этиш экстремизмнинг ижтимоий омилларини бартараф этишга қаратилган амалий чоралардир.

Таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғибот ишларининг кучайтирилиши, ёшлар билан мунтазам учрашувлар, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий тадбирларнинг тизимли ташкил этилиши, шунингдек, интернет маконида тарқалаётган зарарли ахборотларга қарши ишончли ва илмий асосланган контентни кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам экстремизм профилактикасининг замонавий ҳамда самарали усуллари ҳисобланади.

Шунингдек, маҳалла, таълим муассасалари, оила ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил мустаҳкамланиши, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданият ҳамда фуқаролик масъулиятини оширишга қаратилган профилактик тадбирларнинг тизимли йўлга қўйилгани экстремизмнинг олдини олишда самарали механизмга айланди.

Мамлакатимизда радикал мафкураларга қарши курашда диний билим ва илмий-маърифий ёндашувни кучайтириш мақсадида янги илмий ва таълим муассасалари тизими шакллантирилганини ҳам қайд этиш жоиз. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий ва Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши, шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши мамлакатнинг маърифатпарварлик сиёсати ва диний-маърифий меросни ўрганишга бўлган юксак эътиборининг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва таниқли уламолар иштирокида ижтимоий тармоқларда экстремистик оқимларнинг сохта ғоя ва фатволарига қарши илмий асосланган видео ва аудиоматериалларнинг мунтазам эълон қилиб борилиши жамоатчиликни ишончли ахборот билан таъминлаш ҳамда аҳолининг диний саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Олий суд томонидан интернет тармоғида тарқатилаётган экстремистик мазмундаги ресурслар рўйхатининг шакллантирилиши ва уларнинг мамлакат ҳудудида чекланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг киберхавфсизлик тузилмалари томонидан зарарли ахборотларни аниқлаш ва блоклашнинг автоматлаштирилган тизимлари жорий этилгани рақамли маконда хавфсизликни таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш сиёсати ҳуқуқий чоралар, инсонпарварлик тамойиллари, маърифий профилактика, халқаро ҳамкорлик, рақамли хавфсизлик ва ёшлар сиёсати каби ўзаро боғлиқ йўналишларни қамраб олган комплекс модель сифатида шакллангани билан эътирофга сазовордир.

Сарваржон ҒАФУРОВ,

сиёсий фанлар доктори,

профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =