Руҳият тетиклиги — ҳар қандай дардга даво

Бугунги глобаллашган дунёда инсон саломатлигига зиён етказадиган омиллар кўп. Бундай пайтда тажрибали шифокорнинг маслаҳати, тавсияларига эҳтиёж сезилади. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, моҳир шифокор Давронбек Жуманиязов ҳам соҳа билимдонларидан. Унинг қуйидаги фикрлари ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишига асқотади, деб ўйлаймиз.

— Ҳаёт нуқул ғалабадан иборат эмас. Баъзан мағлуб бўлиш мумкинлигини унутмаслик керак. Тўғри, мағлубият алами инсон руҳиятида салбий из қолдиради. Қачонлардир кишини зўриқтирган шароит ёки виждонини жароҳатлаган “ўқ”нинг асорати кун келиб, таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Онг остидаги онгсизликда ётган ўша “ўқ” қолдиқлари, руҳий жароҳатлар (хотира касаллиги)ни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Шунинг учун невроз, психопатия, психоз каби руҳий дунёси шикастланган беморларни даволаш шифокордан катта масъулият талаб қилади. Касалликни — эркинлиги тушовланган, букилган ҳаёт дейдилар. Беморга руҳий сокин шароит яратиб берган шифокоргина унга ёрдам бера олади. Касалга чалинган одамни даволаш учун шифокор психолог-руҳшунос бўлиши лозим. Унинг меҳрибонликка, ғамхўрликка тўла сўзи ва эътибори касаллик қиличидан ўткирроқ ва устун бўлиши керак. Бунда шифо­кор бемор билан эркин, самимий муомала қилиши ва унинг ишончини қозониши катта аҳамиятга эга. Буюк аллома, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино беморлар­ни мусиқа, ёқимли қўшиқлар ва жозибали рақслар ёрдамида ҳам даволаганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Мутахассислар фикрича, инсоннинг “меники” туйғуси “бизники” туйғусидан 20 мар­та кучлироқдир. Демак, унинг “мен”ига эътиборни кучайтириш даркор. Онг остидаги онгсизлик (англаб-англамаслик) фаолияти ҳар турли жараёнлардан – уйқу, туш кўриш, ҳар хил голлюцинациялар, инстинктлар (рефлекс), илҳом, интуиция (кучли сезги) ва бошқалардан иборат. Буларнинг баъзилари фаол, бошқалари суст ёки пинҳонийдир.

Австриялик врач ва психолог Зигмунд Фрейднинг фикрича, ижод (кашф) ва кучли сезги фаол онгсизликдир. Билиш жараёнида онглилик билан бирга онгсизлик ҳам иштирок этади. У шундай мисол келтиради: 27 яшар А.Игнатьевнинг Парижда чўян панжарали ҳовлиси бор, бу уй уни илгари ҳам кўргандай ҳайратга соларди, унга жуда таниш туюларди. Россияга, ота уйига қайтгач, бу ҳақда онасига айтади. Маълум бўлишича, болалигида ота-онаси билан Францияга сафар қилганда шу уйда яшаган экан. У ушбу сафарни унутган, бироқ кўрган уйининг рамзи миясида сақланиб қолган.

Айтишларича, буюк олим Д.Менделеев кимёвий моддалар даврий жадвалини ҳамда Ўзбекистон риёзиёт мактаби асосчиси ва ривожлантирувчиларидан бири академик Т.Жўраев ҳам бир неча мате­матик масалаларни дастлаб тушида кашф этган. Бундай мисоллар кўп. Демак, ижоднинг келиб чиқиши (генезиси) онгнинг маҳсулоти бўлса-да, онгсизлик, яъни англаб-англамаслик пайтида, тўсатдан рўй бериши ҳам мумкин экан.

Илоҳиётчи немис файласуфи Э.Кант ин­сон ўз ақли, илм ўрганиши билан нари борса иқтидорли бўлиши мумкин, ҳақиқий илмий кашфиёт улуғ инсонларга хос деган эди. Фрейд издошлари эса ижод (каш­фиёт) тамомила инсоннинг онгсиз, яъни миянинг уйқудаги фаолиятига тегишли, деб ҳисоблашади.

Шеърият мулкининг сул­тони Алишер Навоий бир байтида инсонни сўз ҳайвондан ажратди, бундан ортиқ гавҳари шарифлик йўқ, дейди ёки “Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши” байтида ҳам инсон онги барқарор бўлиши лозимлигини айтади. Психология фанидан маълумки, ихтиёрий фаолиятимизни идора этув­чи мия пўстлоғи ичида инстинктив, яъни ғайриихтиёрий фаолиятлар марказла­ри ҳам бор. Улар айнан ҳайвонларникига ўхшаб кетади. Оралиқ мияга мaнсуб таламус ва гипоталамус соғлом одамларда мия пўстлоғи томонидан назоратланади, тергалиб турилади, ўзбошимчалик қилишга йўл бермайди. Агар мия пўстлоғи бу функциядан жудо бўлса, инсон вужудида тўнтариш юз беради, шахс сифатида инқирозга учрайди. Еб тўймайдиган, турли майллари авж олган, қаҳр-ғазабини боса олмайдиган кимсага айланади.

Шифокорлар орасида беморнинг касаллик ташхисини аниқлашда интуиция ва инстинкт борми-йўқми, деган баҳс-мунозаралар мавжуд. Баъзилар инстинкт ва интуицияни туғма деб ҳисоблайдилар. Диагностика (ташхис) асосини анализ ва синтез, инстинкт фаолияти асосини эса шартсиз рефлекслар тизими бўлган хулқ-атворнинг туғма шакли ташкил қилади. Инс­тинкт билан ин­туиция ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ. Интуицияни илоҳий қобилият ва амалиётдан ажралган, мантиққа тўғри келмайдиган билиш шакли, деб қараш илмий томондан нотўғридир. Тажрибали, билимдон врач айрим вақтларда тўғри ташхисни қўйишда бир фикрга бамисоли тўсатдан келгандай бўлади. Бундай фикрлаш жараёни интуиция деб қабул қилинган. Бу жараёнда вақт жиҳатдан тезкор ҳал қилиш содир бўлади. Унда илгари тўпланган тажрибадан фойдаланиш орқали муаммо ечилади.

Тиббиёт соҳасидаги узоқ йиллик тажрибамдан маълум бўляптики, диагностика бўйича моҳир шифокорлар, асосан, бой тажрибали, табиий ақлли, ўз устида тинмай ишлайдиган, чуқур илмли ҳамкасбларимиз орасида кўпроқ учрайди.

Инсон руҳиятини азоблаётган дард-қайғу, изтироблар ёки беҳад қувончлар пайтида, масалан, илҳом келиш давридаги ҳолатни ижодкорлар яхши билади. Чунки дил дарди ва қувончи онгсизлик ҳолатида кўп хислатларни юзага чиқаради. Инсон уйқусида туш кўриши англамаслик фаолиятининг руҳий ҳолатларидан биридир. Имом Ғаззолийнинг таърифлашича, “Руҳ инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир”. Шифокорлар эса ҳар бир касалликда руҳий бузилиш жараёни юз беришини унутмаган ҳолда, аввало, ташхисни тўғри қўйиб, беморларга яхши муомалада бўлиши лозим. Ана шунда беморнинг тузалиши осон кечади.

Ориф Холиқулов

ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + thirteen =