Миллий санъатнинг моҳир ижрочиси

Ўзбек миллий чолғулари орасида доира сози узоқ йиллик тарихга эга. Доира санъати ҳақида гапирилганда, кўз ўнгимизда, афсонавий созанда Уста Олим Комилов гавдаланади. Бу инсон доирачилик санъатида мактаб яратган ва юзлаб шогирдлар, издошлар етиштирган хассос санъаткор.

Йиллар ўтиб устоз Уста Олим Комилов яратган доира зарби усули мустаҳкамланиб борди. Ўзбек миллий мусиқа санъатида Ўзбекистон халқ артистлари Тўйчи Иноғомов, Ғофир Азимов, Дадахўжа Соттихўжаев, Қаҳрамон Дадаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ака-ука Элмурод, Дилмурод ва Холмурод Исломовлар қаторида Аббос Қосимов ҳам доира санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Аббос Қосимов болалигидан устоз санъаткор Тўйчи Иноғомов қўлида доира усули сирларини ўзлаштирди. У Тошкент давлат маданият ва санъат институтида таҳсил олди. Талабалик йиллари профессор Одил Камолхўжаев қўлида доира созининг нота ёзуви, қўшиқ ва ашулаларга усул беришни, мусиқанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди.

Аббос Қосимовни усул чертиш ёки устозлар ижодини пухта ўрганиш қониқтирмади. У наинки доира созини “сўзлатиш”, “сайратиш” билан чекланди, балки куй руҳият озуғи, у маъно ифодалаши кераклигини англади. Ва ўз усулини яратиш учун доира санъатини пухта эгаллашга киришди. Шу тариқа, оддийдан мураккабга, яъни “тескари зарб” усулида ўзини синаб кўрди. Маъмуржон Ваҳобовга шогирд тушди. Тинимсиз машқлар натижасида “тескари зарб” усулида ҳам моҳир ижрочига айланди.

Изланувчан ижодкорни доира зарбида янгилик яратиш завқи ўзига ром этди. Аббос Қосимов карнай, сурнай, доира, қўшнай, қайроқ сингари ўзбек миллий соз­ларининг имконияти нақадар кенглигини ва улар жўрлигида яхлит ансамбль яратиб, нафақат ўзбек миллий куйларини, балки жаҳон халқларининг мусиқасини ҳам маҳорат билан ижро этиш мумкинлигини исботлади.

У 1999 йилда илк бор “Аббос” гуруҳини ташкил этди. “Норин-норин”, “Дилхирож”, “Наврўз”, “Ўзбегимнинг доираси” куйларидан ташқари, “Дунё овози”, “Попурри” ҳамда Майкл Жексон қўшиқларига басталанган куйларни миллий мусиқага мослаб доирада қочиримлар, резлар, тескари зарб усулидаги янги ижролари билан ўзбек доира санъатида бурилиш ясади десак, муболаға бўлмайди. Бундай топилма ва янгиликдан санъат аҳли қувонди, албатта. Очиғини айтиш керак, ке­йинги ташкил этилган аксарият гуруҳлар таш­қи қиёфага, ялтур-юлтур кийим, либос каби масалаларга эътибор қаратишди, аммо ўзлари биронта мустақил, профессионал даражадаги мусиқий асар ярата олишмади.

Тўғри, яратилган ижод намунаси халқ мулки ҳисобланади. Аммо янги гуруҳлар фойдаланаётган куйнинг мулк эгасини муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилиши, эътироф этиши айни мардлик бўларди.

Созанданинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Унга 2001 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилди.

2003 йилда Таиландда ўтказилган мусиқа фестивалида ўзбекистонлик санъаткорлар билан бирга “Аббос” гуруҳи ҳам иштирок этди. Бу фестивалда Америкадан келган ижрочилар ҳам бор эди. Улар ансамбль созандаларининг маҳоратига, истеъдодига, санъатига қойил қолиб, ижодий ҳамкорлик қилиш таклифини билдиришди. Шундай қилиб, Аббос Қосимов машҳур ҳинд табла созининг уста ижрочиси Зекир Ҳусайн билан ҳамкорлик фаолиятини бошлади. Америкада конги-бонги сози ижрочиси Жавани Хидаго, барабан усталари Терри Бозио ва Стиф Смисс ҳамда созандалар Умар Сосо, Хумоюн Шаҳи билан басма-бас саҳнада миллий куйлар чалди. Айниқса, Зекир Ҳусайн Аббос Қосимовнинг санъатига ишқи тушди ва уни ўзи билан концерт дастурларида олиб юрди. Ҳали ҳам икки истеъдод соҳиби бирга ижод қилиб келади.

Маълумки, бир вақтлар Ан­г­лиянинг Альберт Холл концерт залида хассос санъаткор Уста Олим Комилов концерт бериб, Англия қироличаси Елизаветтани ҳайратга солганди. Қиролича доира сози устасининг бармоқларидан нусха олиб, гипс қилдириб, Англия музейида сақлашни буюрганди ўшанда. Ана шу муҳташам 6 минг кишилик санъат саройида, ўзбек санъаткорлари орасида, Уста Олим Комиловдан кейин Аббос Қосимов мусиқий чиқиш қилишга муваффақ бўлди.

2006 йилда Сан Францискода бўлиб ўтган урма асбоб ва рақс фестивалида америкалик Тара (ўзбек миллий рақслари ижрочиси) билан “Йилнинг энг зўр урма асбоб устаси ва раққосаси” номинациясига сазовор бўлишди ва 1-ўринни эгаллашди.

Ҳа, ўзбек санъатини дунёга ёйишда Аббос Қосимовнинг хизматлари катта. У 2007 йили Тайвандаги концертида Хитой симфоник оркестри билан “Норин-норин”, “Дилхирож”, 2015 йилда Дубайда Хон Конг оркестри билан “Наврўз”, “Дилхирож” куйларини ижро этди.

Мазкур йилда эса Швецариянинг Женева, Португалиянинг Лиссабон, Туркиянинг Истанбул шаҳарларида ҳам концерт дастурларини намойиш этишга муваффақ бўлди.

Аббос Қосимов миллий ифтихоримиз бўлган мумтоз куйларимизни қойилмақом ижро этиб, эл назарига тушган санъаткор. Ўзбек мусиқасининг жозибасини дунё концерт залларида баралла таратиб келаяпти. Ҳар гал дунё саҳнасига чиққанида бошида дўппи, қўлида миллат байроғи ва албатта, доира созини кўтарганча миллий оҳангларни мароқ билан ижро этиш унинг одатига айланган.

Матлуба Темур қизи,

санъатшунос журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − fourteen =