Дунёда ҳар йили 1 триллион АҚШ доллари пора учун “узатилади”ми?..

Коррупция — ижтимоий-сиёсий вайронкор куч бўлиб, у миллий иқтисодиётни заифлаштирувчи, ижтимоий тенгсизликни, уюшган жиноятчиликни, халқ­нинг давлат бошқарув ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни юзага келтирувчи, жамият маънавий онгини издан чиқарувчи иллатдир.

Ислом динида ҳам пора харом қилинган бўлиб, бу борада кўплаб Ҳадисларда келтириб ўтилган, жумладан, Пайғамбаримиз пора олган ва берган ҳамда воситачилик қилган шахсларга нисбатан: “Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам, иккови ўртасида туриб воситачилик қилганга ҳам Оллоҳнинг лаънати ёғилсин”, дея бу гуноҳ қаттиқ қораланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё­да ҳар йили 1 триллион АҚШ доллари миқдорида пора берилади. Натижада жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли 2,6 триллион доллар маблағидан айрилади. Бу эса жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини ташкил қилади.

Жаҳон мамлакатлари орасида коррупциянинг ёйилиш индекси ҳар йили “Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан таҳлил қилиб борилади.

Ҳокимиятга пул билан эришган одам ундан даромад олишга интилади.

Аристотел.

Ушбу ташкилотнинг 2018 йил учун индекси 180 мамлакатни қамраб олган бўлиб, олиб борилган ўрганишлар таҳлили натижасида, индекс бўйича энг кам коррупциялашган давлатлар қаторига Дания ва Янги Зеландия киритилган бўлса, энг кўп коррупциялашган ва кўрсаткичлар 10 дан 13 гача бўлган мамлакатлар сифатида Сомали, Сурия ва Жанубий Судан кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистонда ҳам мустақиллик йилларида баъзи мансабдорларнинг тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари мулкларига таъмагирлик кўзи билан қараши, банкдан кредит олиши йўлига сунъий тўсиқлар қўйилиши замирида коррупциявий манфаатлар ётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шунингдек, олий таълим муассасаси, танлов юқори бўлган коллеж ва лицейларга ўқишга киришда, таълимни ўзлаштириш оралиқларида зарурий балларни тўплашда, айрим “устоз”ларнинг таъмагирлиги, нуфузли ва маоши юқори бўлган ташкилотларга ишга киришда, турли тендерларда иштирок этиш негизида ҳам коррупция авж олгани барчага маълум.

Мазкур иллатга қарши курашиш борасида Ўзбекистон бир қатор халқ­аро ҳужжатларга қўшилиши билан бирга, ўзининг миллий ҳуқуқий негизини шакллантириб, уларни такомиллаштириш борасида муайян ишларни олиб бормоқда.

Жумладан, жамиятда коррупцияни камайтиришда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг роли эътиборга олиниб, қонун асосида яратилган ахборот алмашинув тизими барча бошқарув ташкилотларида жорий қилиниб, 100 дан ортиқ давлат хизматлари электронлаштирилди.

Аммо жамиятда ҳар бир шахснинг қонунларга риоя этиши, имон ва эътиқод билан яшашигина ушбу иллатга барҳам беришини таъминлайди.

Л.Хўжақулов,

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − sixteen =