Ҳавас эскирмайди ёки 130 йил қарамлик ва 30 йиллик озодлик масофаси

Суҳбатдошимиз ҳақида мухтасар сўз:

Қутлибека Раҳимбоева — 1952 йил 9 февралда Тошҳовуз шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1994). Фарғона педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган (1974).

Дастлабки шеърий тўплами — “Юрагимда кўрганларим” (1981). Шундан сўнг шоиранинг “Узун кундузлар” (1984), “Уйғониш фасли” (1989), “Озодлик” (1998), “Кўксимдаги Тангритоғ” (2000), “Қоракўзларим” (2012) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

Бир қатор шеърий туркумлари учун у бир неча бор “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетасининг, “Шарқ юлдузи” журналининг ҳамда Москвада чоп этиладиган “Смена” ойномасининг мукофотини олган. “Шуҳрат” медали (1999), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2020) соҳибаси.

Айни пайтда “Саодат” журналида хизмат қилади.

 

— Бугунги техникапараст бўлган авлодни тарбия этаётганимиз бир асрда ёзиш сиз учун қандай маъно англатади, ёзмаслик-чи?

— Одам боласи ўз тафаккури, қолаверса, ўз қўли билан яратган техниканинг бугунги тараққиёти аксарият ҳолларда ўзининг руҳияти, саломатлигига ёмон таъсир қилаётганини ҳеч ким инкор этолмайди. Уч-тўрт яшар гўдак­ларнинг онасига “Менга телефондаги фалон ўйинни қўйиб берсангизгина овқат ейман”, дея шарт қўяётгани, жангари, даҳшатли ўйинлар томошасидан сўнг кичкинтойларда ҳам тажовузкорлик ҳиссиётларининг уйғонаётгани, интернетдаги танишувлар ошиқликка айланиб, кейин кўп ёшларнинг чув тушиб қолаётгани, туппа-тузук одамлардан ўч олиш мақсадида   оддий расмлар беҳаё суратларга айлантирилиб, бировларнинг устига мағзава ағдарилаётгани, шаънига доғ тушаётгани, ижтимоий тармоқларда вайсақилик, саводсизлик, жаҳолат, фирибгарликнинг авжга чиққани, буларнинг ҳаммаси бир бўлиб жамиятимиз ҳавосини булғаётгани бор гап.

Жуда чуқурлашсак, техника тараққиётининг ундан бошқа ҳам минг бир найранглари бор. Лекин биз (Агар бу тараққиёт бир куни ўз бошини ўзи еб, ҳаёт дегани бошдан — одамзот ибтидосидан бошланмаса) бугунимизга ҳарчанд эътирозимиз бўлса-да, орқага қайтолмаймиз. Ўчоққа олов ёқиб, қозонда овқат пиширишнинг мазаси, қулайлигини билган одам тошларни бир-бирига ишқаб учқун чиқарган, хом-хатала гўштни емиш билиб тановул қилган даврларига, ўлса ҳам   қайтмайди. Ёки шам ёғдусида ўтириб суҳбатлашиш, ғазал ўқиш қанчалик романтик ҳолат бўлмасин (йигитлар қизларга муҳаббат изҳор қилган лаҳзаларни ҳисобга қўшмасак), бу романтика учун электр чироғидан, пиёда юриш нечоғли саломатлигимизга фойдали бўлмасин, манзилимизга олиб борувчи автоуловдан воз кечмаймиз. Айтайлик, кўзингизнинг оқу қароси бўлган ўғлингиз Хоразмга кетди. “Бу — сунъийлик”, дея у билан интернетда бир-бировингизни кўриб суҳбатлашишдан қочмайсиз-ку. Жон-жон деб экрандаги суратига юзингизни босиб соғинчингизни ёзиб, хумордан чиқасиз.

— Тўғри, буларни мен ҳам инкор этмоқчи эмасман, бироқ, шундай ғала-ғовурда, одамлар бир-бирини ўқишмас, ҳатто тингламайдиган бир замонда айнан сиз учун ёзишнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини билмоқчи эдим?

— Нима демоқчиман? Одамзотнинг, шу жумладан, бугунги авлоднинг ҳам техникага ёпишиб олганига табиий жараён деб қараш керак. Уларнинг техника билан ақлли муносабатга киришишларига ёрдам бериш учун бу даврда биз аввалгидан ҳам кўпроқ масъулият билан ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Техникага қулликдан ҳам, бошқача қулликлардан ҳам халос қилишнинг йўли битта: айтиш, ёзиш, тушунтириш ва кўрсатиш… Фақат бу жараёнларнинг ҳаммасининг илдизи юракда бўлиши керак. Шунчаки айтган, ёзган, тушунтирган, кўрсатган билан қувонарли натижага эришиб бўлмайди. Овозлар титраши, қорачиқлар порлаши, жон оғриши керак. Ёнингда турган, сен ўнгланишини истаётган одам   сенинг у учун юрагинг қонаётганини, жонинг оғриётганини билиб турсин. Шундай ҳолатда ҳам “Менинг ёзишим ҳамма нарсани гул-гулистон қилиб юборади, техникага қул бўлган авлод дарров ўзини ўнглаб олади”, деган фикрдан йироқман. Эҳтимол, биттагина қалбга таъсир қилар, эҳтимол, бир яримтага, барибир ёзавераман. Ёзишим керак, бу — зарурият, бу — эҳтиёж. Ёзмаслик — хиёнат…

— Сиз икки асрнинг маданий, маърифий, ижтимоий ҳаётида пасту баландини кўрган авлодсиз. Айтинг-чи, бу асрнинг қиёфаси сизнинг ёшлигингиз ўтган асрдан нимаси билан фарқ қилади? Пайдо бўлаётган асарлар-чи?

— Мен Олтмиш аталмиш бир чекка қиш­лоқда туғилиб ўсганман. Уйимизнинг олдида катта тут бўларди. Баҳорда — айни ипак қурти боқиладиган паллада   шохларида бармоқдек-бармоқдек келадиган қора тут шиғил-шиғил пишарди. Энам раҳматли: — Қурт даҳага кирди, дердилар. Бу тутнинг меваси уч кўчанинг (участкамизда учта кўча бўлиб, биринчи кўча бизнинг уйдан бошланар эди) болаларини тўйдирарди.

Аср қиёфасини унда яшаётган одамлар белгилайди. Лекин нафсиламрини айтганда, бутун бошли бир асрни (фақат ўзим яшаган даврни ҳам) бир қолипга солиб таърифлаб бўлмайди. Чунки ҳазрати инсонлар — Абдулла Қодирий, Чўлпонлар яшаган, улар миллат равнақи, озодлигини орзу қилган, шу орзуда “Ўткан кунлар”ни,   “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен-да ҳур туғилғонсен”ни ёзган даврлар ҳам йигирманчи аср эди. Уларни сотганлар, отганлар ҳам ўша асрда яшашган. Саксонинчи йилларга келиб ўзбеклар юрагида шеърияти билан ҳурлик соғинчини уйғотган шоирлар ҳам, “ўзбеклар иши “қатағони бошланиб, қаттолларга қилич тутганлар ҳам бир ҳаводан нафас олишган. Бизнинг асримизга “Техника асри” деб ном қўйишган бўлса-да, унинг бор қиёфасини техника белгилайди, деган фикрим йўқ. Айтмоқчи, сизнинг саволингиз бошқачароқ эди, узр, чалғибман. Менимча, бизнинг ёшлигимиз, болалигимиз ўтган даврларда (Гарчи буни ҳамма баравар анг­ламаган бўлса-да)   олдимизда катта бир мақсад бор эди: миллий мустақилликка эришиш. Айнан шунинг учун жамият қиёфаси энг уста рассом чизган асардай аниқ эди. Қизил, қора, яшил ранглар бир-биридан ажралиб, кўриниб турарди, ҳар бирининг ўз ҳудуди, ўз таъсир доираси бор эди. Асарми, марҳамат: “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Нур борки, соя бор”,   “Тушда кечган умрлар”, “Боғдон қашқири”, “Қора камар”, “Мувозанат…” “Ўзбекистон” қасидаси, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” каби шеърлар… Рауф Парфи, Омон Матжон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим каби шоирлар. Ватан мус­тақиллигини қўлга киритишдек улкан орзу, улкан мақсаддан туғилган ижодкорлар ва худди шу ўлчамдаги асарлар… Чунки катта мақсадлар катта шахс ва катта адабиётни яратади. Эҳтимол, бугунга келиб ўша орзуларимиз бир қадар ушалгани учун бироз бўшашгандирмиз. Ахир, ўтган асрда ҳам жуда кўп юртдошларимиз қарамликда яшаганлик­ларини англамай ўтиб кетишган-ку. Бугун ҳам миллий мустақилликнинг асоси ҳар бир шахснинг руҳий озодлиги эканлигини ҳамма ҳам тушуна олмаётгандир, балки, орзулаган замонларга етиб ҳам ўзимиздан кўнглимиз тўлмаётганининг сабаби шудир. Бекорга давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс деган ғояни ўртага қўймади. Яна ўша гап: катта орзу, катта мақсадлар олдидан халқ ҳам улканлашади. Яшаётган асримизнинг қиё­фаси ҳақида ўйласам, модерн рассомнинг қаламидан чиққан суврат кўз олдимга келади. Сени қувонтириб, ичингга ёруғлик соладиган нималардир бор, бироқ уларни ранглар қоришмасида аниқ илғай олмайсан. Тушунгинг, билгинг келади… Ҳарна бўлгандаям, бўйнимизни бўғиб турган қуллик сиртмоғининг бўшашгани барибир бўғзимизга тиқилиб ётган сўзларнинг овозланишига, сўзга айланиб асарларга кўчишига ёрдам беради, ношукур бўлмаслик керак. “Ўқи”, “Ёз”! деб турган асрдан норози бўлиш нонкўрнинг иши. Лекин сизнинг саволингиз замиридаги мақсадни тушуниб ҳам турибман. Бу аср миллатимиз учун бош­қача аср бўлишини исташдан туғилади бундай саволлар. “Ахир, озодмиз-ку”, дегингиз келяпти қулликка монанд нарсаларни кўрганда… Кўп ҳам шошманг. 130 йиллик қарамлик билан 30 йиллик озодлик муддатини қиёсланг… Ҳали зўр бўлиб кетамиз, мана кўрасиз. Зўр бўлишимиз керак! Ҳеч бўлмаса миллатимизга бир неча асрлардан буён фахру ғурур бағиш­лаб келаётган улуғ аждодларимиз руҳлари олдида хижолат бўлмаслигимиз учун ҳам яна бир мартага зўр бўлишимиз керак. Ахир қачонгача уларнинг шон-шавкати соясида кун кўрамиз?! Ўзимиз ҳам одам бўлиб бир нарсага ярашимиз керак-ку! Аслида аср қиёфасини мукаммаллаштириш ҳам, яхши асарлар яратиш ҳам ўзимизда қолган гап, ҳазрат Навоий айтмоқчи,   “Ҳар не истасанг ўзингдин истағил, ўз вужудинг­ға тафаккур айлағил”.

— Рус шоирларидан бири билан суҳбатлашганимизда у бугунги авлодлар тобора қисқаликка ихтисослашиб бормоқда. Бора-бора Лев Толстой, Достоевс­кийларнинг семиз-семиз китобларини ўқийдиган китобхон пайдо бўлмай қўйиши мумкин, деганди. Нима деб ўйлайсиз, бу фикрлар қай даражада ҳақиқатга яқин?

— Ўша рус шоири ўзларининг китобхонлари ҳақида гапирган бўлса керак. Уларнинг одам ҳавас қиладиган (Зотан, бу ҳавас ҳеч қачон эскирмайди) бир жиҳати ҳам шу: китобхонлиги… Бизда олдин ҳам Толс­той, Достоевскийлар (Улар ёзганидай катта китоблар ҳам) оммавий равишда ўқилмаган. Китобхонлик борасида маълум босқичлардан ўтган, бу адибларнинг асарларини ўқишга руҳан тайёр одамларгина ўқиган бу адибларни. Энди ҳам миллатимиз орасида шундай кишилар бор ва улар йўқолиб кетмайди. Умуман менда, бутун бир халқ фақат чўнтак китобларни ўқийди, “Бобурнома “ўқилмай қолиб кетади, деган қўрқув йўқ. Ўқиш — одамзотнинг маънавий эҳтиёжи, демак, семизми, ориқми, қисқами, узунми — одамзотни ишонтирадиган, кўнг­лини қўзғатадиган асарларнинг ўқувчилари ҳамиша бўлади. Биз олдин зўр асарлар яратаверайлик. Яна бир гап: ўзининг мафкурасини халқига, айниқса, ёшларига сингдирмоқчи бўлган тузум ҳамиша матбуот кучидан, адабиёт кучидан тўла фойдаланган. Агар ўқимай қўйсалар, йўлини топиб ўқитишган. Жуда бўлмаса, ўша синалган йўлдан бориш керак. Модомики, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг ўқимишли бўлишини, оқ-қорани ўзи ажрата билишини, кўр-кўрона бировларга эргашмаслигини, мустақил фикрлаб, ўз фик­рини ҳимоя қилиш кучига эга бўлишини истар эканмиз, уларни ўқитишимиз керак.

— “Ўқиш – маънавий эҳтиёж” деган ақидага таянсак, жуда кўп авлодларни ноэҳтиёж ҳолатларга бой бериб қўймаймизми? Сизнинг даврда муаллимлар, устозлар бошқача йўллар тутишгандир бу борада?!

— Институтда Асқарали Шаропов деган домламиз бўларди. Худо раҳмат қилгур, йилнинг бошида ўқишимиз керак бўлган адабий асарлар рўйхатини берарди. Сессия пайти ўша китоблардан бирортасини ўқимаган бўлсак ҳам имтиҳон тугул, синовга ҳам қўймасди. Ўқиган, ўқимаганимизни текшириш учун шундай нозик саволлар берардики, ёлғону рос­тимиз бир пасда ошкор бўларди. “Тарсаки тортиб юбормасимдан олдин бор, ўша китоб­ларни ўқиб кел”, дерди. Ҳар бир оилада, ҳар бир мактабда шунга ўхшаш ўқитиш имконини топиш керак. Фақат биз ўқитишни чиндан исташимиз керак. Ўқишсиз, ўқитишсиз   ҳеч бало бўлмаслигимизни билишимиз керак.

— Мукофот ва тақдимлар ҳар доим бўлган. Айтинг-чи, мукофотлар, лавозимлар шоир ёки ёзувчининг қалами ўтмаслашишига хизмат қиладими? Биз мукофотни ёлғон ёзиш учун “аванс” деб қабул қилишга одатланмаяпмизми, айниқса, шоир-ёзувчи халқи?

— Ҳалима опам “Шу кунларда қаламим бироз тўхталиб қолди. Лекин, қизалоқ (бизга кўпинча шундай мурожаат қилардилар), шеърият менинг ўзимнинг уйим, хоҳлаган пайтимда калитимни солиб эшигини очаман, — деган эдилар. Гўзал, биласизми, ҳамма гап шахснинг ўзида. Мукофот ҳам, лавозим ҳам бузилишга мойил одамни бузади. Агар ичидаги руҳий устунлари мус­таҳкам бўлса, инсон лавозимини ҳам юксалтириб юборади.

Мукофот масаласига келсак, бир умр архивларда эски қоғозлар чангини ютиб қатағон қурбонлари ҳақида ёзган Сирожиддин Аҳмедовнинг бу йил олган орденини “Мақтов учун аванс”, деб баҳоласак энг адолатсиз эмас, энг нохолис баҳокаш бўламиз. Ёки Дилором Каримовани “Беш-олтита роль ўйнаб халқ артисти бўлди”, дея ғийбат қилсак, бу ғийбатларнинг ғийбати бўлади. Бу актрисага ўхшаган саводли санъаткорлар кўп эмас аслида. Дилоромхон биттагина “Қуёши ботмайдиган юрт” ёки “Ўн учинчи раис” асарларидаги роллари учун ҳам шу мукофотга арзир эди. Яна ўша нарса: гап мукофот ё лавозимда эмас: одамда. Баъзан   шахсларнинг ўзаро муносабати, тўғрироғи, кимнингдир кимгадир ёқиши ё ёқмай қолиши сабабидан мукофот, лавозим масалаларида ҳам Сиз назарда тутган ҳолатлар бўлиб туради. Яъни, қайсидир бир ёзувчи ёки шоиримиз ҳақида “Амалга миниб, маддоҳ бўлиб қолди” ёки “Мукофот олиб қаламининг учи силлиқлашди”, деган гаплар айланади. Айтганимдай, уларнинг ичида амал ё мукофотгача ҳам шу одам яшар эди, энди имкон туғилиши билан ўзини намоён қилди. Одам боласининг табиати ўзгариши осон нарса эмас. Агар менинг бу йил “Меҳнат шуҳрати” ордени олганимга шаъма қилаётган бўлсангиз, зинҳор хавотир олманг.

— Давлатимиз раҳбари ижод аҳлига тўланиши лозим бўлган қалам ҳақи хусусида бир неча бор кўрсатмалар беришига қарамай бу борада ҳалиям жимлик ҳукм сурмоқда. Чорак асрдан бери қалам ҳақисиз келаётган   ижод аҳли ҳам жим. Айтинг-чи, бу жимлик қачонгача давом этиши мумкин?

— Хўш, сизнингча, нима қилишимиз керак? “Ҳақ олинади, берилмайди”, деб нашриётлар, таҳририятлар остонасига ўтириб олайликми? Бир камимиз “Жамоат тартибини бузишди”, деган ур-сурга қолиш эди… Чорак аср чидаган бўлсак яна чидармиз, биз олмаган қалам ҳақини болаларимиз, набираларимиз олар… Мана, биз ҳам муаллифларга ҳар доим ҳам қалам ҳақини (Ўша озиниям) бера олмаганимиз учун таниш-билишларга, гапимиз ўтадиган журналистларга мақола ёздириб юрибмиз-ку. Авваллари бизнинг ҳақимизни мустабидлар еб ётибди, деб ёзғирар эдик. Энди кимга тош отамиз? Ўзимизникилар бўлса ҳаммаси, ўзимизникилар ўзагимизни узмас, бир куни бизнинг кўчада ҳам байрам бўлар. Яна мен бир миллат орасида, қанақа муҳим масала бўлсаям, можаро чиқишини мутлақо истамайман. Ҳар қандай муаммони енг ичида, ташқарига овоза қилмай, обрўни тўкмай, ҳал қилиш тарафдориман. Бир тарафдан, бир турк шоири “Яхшиямки, шоирлар нон емайди, юлдуз чўқийди”, деб қўйган бўлса… Раҳматли Шавкат Раҳмон “Шоирлар бахтлиман, сўзини ҳаммадан кейин айтади”, дея бўйнимизга мажбурият қўйиб кетган бўлса… Рости, Ремаркнинг “Уч оғайни”, “Ҳаёт учқуни”, Жек Лондоннинг “Мартен Иден”и, Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”, Чингиз Айтматовнинг “Асрларни қаритган кун” ёки Мухтор Шохонов билан суҳбатларидан туғилган “Чўққидаги овчининг кўз ёшлари” каби асарларидай китоб ёзган бўлсам эди, нашриётлар хазиначиларидан ўзимга лойиқ, меҳнатимга муносиб ҳақни олардим. Афсус…

—   Бугун жуда кўп нашриётлар шеър китоблар яхши сотилмайди, деган сабаб билан шеърий китоблар нашридан очиқ-ойдин воз кечишмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз? Ўзингизнинг шеърий китобингиз ҳам Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида икки йилдан ошибдики чиқмай ётганидан хабардормиз…

— Менимча, ноширлар сотишни уддалай олишмаётган бўлса керак. Ахир, биз халқнинг орасига кирганимизда ҳеч бир тинг­ловчи “Биз шеър эшитмаймиз, бизга романдан парча ёки ҳикоя ўқиб беринг”, демайди-ку, яхши эшитишади. Мен Ҳалима опам, Ойдин опам билан 500, 1000 кишилик томошагоҳларда ўтган шеърият кечаларида иштирок этганман. Бир-икки соатлаб давом этарди шеърхонликлар. Шунда ҳам эл шоираларни қўйиб юборгиси келмасди. Ёки халқ Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов­ларни сахту сумбати учун яхши кўришмагандир. Уларнинг-ку шеъриятини тинг­лаб ҳам англаса бўлади, аммо Ҳалима Аҳмад, Ибодат Ражабова, Зебо Мирзаева, Хосият Рустамова, Жонтемир каби фақат ўқиб анг­ланадиган шоирларнинг ҳам бир олам мухлиси бор. Агар шеър ўладиган нарса бўлса, биздан неча аср наридаги Фузулийнинг “Керакмасму”сини ўқиб бугун ҳам йиғлаб ўтирармидик? Ахир, бошқаларни-ку қўяверинг, момоларимиз сигирларини ҳам айтим айтиб соғишган-ку. Бежизга “Ярми шоир, ярми ҳофиз”, деган сифатимиз бўлмаса керак. Китоб ёзиш, уни нашр   қилиш бир меҳнат бўлганидек, сотиш ҳам бир меҳнат-да. Ноширлар “мол”ининг қадр-қимматини билмагани учун, билиб бошқаларга билдира олмагани учун “Шеърий китобни бозор кўтармайди”, деб юришган бўлса керак. Ҳар бир одамнинг бирор нарсага қўйган баҳоси ўзининг фикрлаш тарзига тенг бўлади. Ундан баланд ҳам, паст ҳам бўлмайди. Шахсан мен “Ноширлар шеърий китобларни босишни истамаяпти”, деб шеър ёзишни тўхтатмоқчи эмасман. Болаларимиз гуруҳ-гуруҳ бўлиб ижод мактабларида таҳсил олишяпти-ку, улар орасидан адабиётни бор бўйи-эни билан тушунадиган ноширлар ҳам чиқиб қолар. Яхши ният қилаверайлик-чи…

— Ёшларга энг муҳим маслаҳатларингиз…

— Э, Худо, ёшларга маслаҳат берадиган ёшга ҳам етибмиз-да. Бир пайтлар шоиримиз “Ўлмаган киши бир куни 70, 80 ёшга киради-да, аммо сочнинг оқариши ҳамиша ҳам донишмандлик белгиси эмас”, деган эди. Ҳозир нега шу гап эсимга келди? Ёшларга жўяли бир гап айтиш қўлимдан келармикан, деб иккиландим. Ҳа, майли, бир уриниб кўрай. Мен бозорларда қайси бир қориндорнинг орқасидан пилдираб унинг юкини аравачада судраб кетаётган, ёзларда оёғида резина шиппак, қишларда бадбўй таратувчи арзон крассовкаларини кийган йигитчаларни кўрганда йиғлагим келади. Россия­нинг, Қозоғистоннинг аёзларида, уларнинг қурилишларида ишлаб, кечаси ертўлаларда “ит ётиш, мирза туриш” қабилида яшаётган йигитларимиз ҳақида эшитганда бошимни тошларга ургим келади. Ёки уйидан иффати билан чиқиб кетиб, билибми, билмайми,   дунёнинг энг шармандали тирикчилиги йўлига тушиб қолган аёллар ҳаётидан хабар топганимда турган жойимда ерга кириб кетсам, дейман. Бировларни, мендайларни йиғлатмаслик, иснодга қўймаслик учун бугунги имкониятлардан фойдаланиб, касб-кор эгаллаш керак, ўқиш керак. Шоирнинг “Бу ҳусну латофат яна қайси кун учундир?”га ўхшаш фикри бор, ёшлигингизнинг кучи, ақлингизнинг қаймоғини эртанги кун бировга жисмоний, руҳий қул бўлмаслик учун сарфланг.

Андишали бўлинг, лекин журъатсиз, қўрқоқ бўлманг.

Меҳр-оқибатли халқмиз, дея мақтанамиз. Бўлсак бордирмиз. Лекин шу пайтгача бошимизга қандай қора кун келган бўлса, тарқоқлигимиз, бир-бировимизни “яхшим”, деб сева олмаганимиз, суяй олмаганимиз оқибатида келган. Темурийзодаларнинг тожу тахт талашиш­лари буюк бир салтанатнинг пойдеворини қўзғатиб юборганини оламизми, XVIII-XIX асрлардаги хонликларимиз орасидаги ноиттифоқликнинг ёмон оқибатларини эслаймизми, хуллас, гўдагининг тили чиқиши билан “Сен фалон миллатга мансубсан. Сенинг тилингда гапирадиган, сенинг динингга эътиқод қиладиган, томирида сенинг аждодларинг қони оқадиган ҳар киши сенинг ака, ука, опа-синг­линг. Сен унинг бахти, шаъни учун жавобгарсан”, дея уқдирадиган миллатларга мен миллий маҳдудлар, дея қарамайман. Балки, уларнинг жаҳон саҳнасида эришган муваффақиятлари асосида ана шу нуқтаи назарлари туради, деб ўйлайман. Сизларда ҳам ана шундай нуқтаи назар шаклланишини истайман. Тўғри, ҳамманинг бир-бировга ёқиши, ҳамманинг бир-бирини севиши қийин. Лекин халқ бўлмоқчи бўлсак, бутун кучимизни шу мақсадга йўналтиришимиз керак. Тўғриси, шу тобда кўнглимдан ўтиб турган гапни айтайми? Аслида ёшларга “Ундай бўл, бундай бўл”, дейишдан кўра бизнинг ўзимизнинг қилган ишимиз кўпроқ таъсир қилади. Агар жамиятимизда қонунлар ишласа, ўзимизнинг тилимиз билан дилимиз бир бўлса, бош­қача гапириб, бошқача иш қилмасак,   қалбимиз, қиёфамиз, адолатимиз билан ёшларнинг меҳрини қозона олсак, уларнинг ишончига кирсак, шунингсиз ҳам, биз насиҳат қилмасак ҳам, биз хоҳлагандек инсонлар бўлишади. Тескариси бўлса-чи? Эртадан кечгача олдимизда ўтқазиб, маъруза ўқисак ҳам, зоҳирида индамаса-да, ботинида “Ўзингни бил”, дей­ди… Ана шундан Худо асрасин!

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 15 =