Ортиқча овқатга… жарима

“Ҳой, нонни увол қилманглар. Мактабга кетаётганда сумкангга керагини сол. Дастурхондаги   қолган нон ушоқларини қушларга беринглар. Биз уруш даврида бир бурда нон есак ўзимизни бахтли санар эдик…”

Болалигимизда кунимиз ана шундай даккилару панд-насиҳатлар билан бош­ланарди.

— Ҳозир уруш даври эмас-ку, бобо! — дердик баъзан жаҳлимиз чиқиб.

Аммо тан олиш керак, хаёл билан бўлиб, баъзида газ ёниқ қолар, чироқни ёқиб ухлаб қолардик. Яна кўп увол бўлган ҳолатлар бўлган. Аслида ҳам ноннинг қадрига етиш учун уруш бўлиши шарт эмас-ку, тўғрими? Бизга етказган неъматига шукроналик, холос.

Баъзан оддий деб ўйлаган нарсамиз ҳам бир буюм эканини биламиз, у топилади, албатта. Аммо уни топиш учун умримизнинг бир қисми   сарфланади, маълум миқдорда қувватимиз кетади, буни англаяпмизми? Менимча йўқ. Баъзан арзимаган ишларга кунимизни беҳуда сарфлаганимизни билмай қоламиз. Кошки умрингни бекор ўтказма, деб ҳар куни насиҳат қилиб турадиган боболаримиз ҳамиша ҳаёт бўлсалар эди!

Шу ўринда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган бир воқеа эсимга тушди. Айтишича, у ерда таҳсил олаётган ҳамюртимиз дўсти билан овқатланиш учун кафега кириб, таом буюртма қилишибди. Кетар чоғида столда буюртма қилинган овқатларнинг ярмиси қолиб кетибди. Бундан хабар топган “Ижтимоий таъминот муассаса”си зобити уларга эллик евро жарима солиб, тўлашини айтибди. Икки талаба норозилик билдирган экан, зобит мулойимлик билан: “Тўғри, буюртма пулини тўлагансизлар. Пул ўзларингники, лекин ресурслар барчаники. Бундан кейин увол қилманглар!” — дебди…

Талабалар эса жарима қоғозини эсдалик учун суратга олиб, танишларига жўнатган экан. “Бу бизга дарс бўлди, — дейди талабалардан бири ижтимоий тармоқда. — Чунки у бизни тежамкорликка ундаб турувчи эслатмадир”.

Бизда-чи? Тўғриси, нима дейишга ақлим етмайди…

Кўп кузатаман, баъзи ҳамдастурхон дўстлар ойлик маош чиққан кун шаҳарнинг энг яхши кафеларига боришади. Столни тўлдириб таом буюртма қилишади. Кошки ҳаммасини ея олишса… Ҳа, рост, бизда қолган таом учун жарима тўланмайди-да. Ана шунда наҳотки одам боласининг ҳафталаб ишлаб топган пулини бир-икки соатда тугатмаса, кўнгли жойига тушмаса? — деб ўйлаб қоламан. Яна тағин ғазнага тўлов учун боришганида “қайтими керакмас”, деб “ҳотамтой”лик қилишади. Ахир ўша “қайтим”ни ишлаб топиш учун қанча меҳнатимиз сарф бўлади, умримизнинг бир бўлаги кетади, негадир бунга ачинмай ҳам қўйдик…

Ростини айтсам, меҳр, оқибат каби ҳаётда кўп нарсалар қадрини йўқота бош­лади. Яқинда маҳалламизда дабдабали тўй бўлди. Тўй эгалари карантин қоидаларига риоя қилмагани учун жарима ҳам тўлашди, албатта. Маҳалла раисининг айтишича, тўй эгаси: “Жарима тўласам тўлайман, аммо ҳеч қачон ўттиз кишилик тўй қилмайман”, деганмиш. Тўйни ўртоқларидан кам қилишга уялар экан. Хуллас, тўй тўкин-сочинлик билан ўтди. Аммо орадан ҳафта ўтмай, тўй эгасини иссиғи баланд бўлгани учун “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди. Шифокорлар текширувдан ўтказишса, унда коронавирус аниқланибди. Шундан икки қуда ўртасида можаро бошланди. Вирус юқтирган одамни ким бошлаб келгани устида кетган баҳс жанжалга айланди. Янги келин-куёв орасига совуқчилик тушди.

Юқоридаги воқеанинг гувоҳи бўлиб, ўйланиб қолдим: ҳа, юртимизда табиий бойликлар бисёр. Озиқ-овқат масаласида ҳам ғам чекмаймиз. Лекин тежамкорликка келсак, нега бизда ҳафсала йўқ? Нега ўз меҳнатимизнинг қадрига ўзимиз етмаймиз?..

Айниқса, Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлган воқеа менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ҳозирдан сув, газ ва бошқа ҳамма-ҳамма нарсани тежаб ишлатишни бошладим.

Шоҳсанам НИШОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =