Ваҳимага ўрин йўқ, лекин…

Минг афсуски, бир йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳам, ҳамон бутун дунё нигоҳи соат сайин ўсиб бораётган касаллик аниқланганлар кўрсаткичида бўлиб қолмоқда. Одамнинг эслагиси ҳам келмайди. Қанча кулфат, ташвиш келтирди бу офат. Коронавирус балосидан қачон буткул халос бўлар эканмиз? Ҳозирча ҳеч ким бир нимарса деб айтолмас…

2020 йил якунида юртимиздаги вазият бироз енгиллашгандай бўлди, назаримизда. Оқибатда янги йилга ўтар-ўтмас ҳимоя ниқобларидан деярли воз кечдик, карантин қоидалари ҳам эсдан чиқди. Оммавий тадбирлар, тўйу маъракалар авжига чиқиб, анъанавий ҳаёт тарзига энди қайта бошлагандик ҳамки, на илож, “куй авжида узилди тор” — жорий йилнинг 15 март санасидан бошлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна орта бошлади…

Маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг март ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрининг 10 туманидаги 77та умумтаълим мактабида жами 150 нафар ўқувчига коронавирусдан зарарланиш таш­­хиси қўйилган. Бундан ташқари, 24та мактабнинг 31 нафар ўқитувчисида; 13 та мактабгача таълим муассасаларининг 15 нафар тарбияланувчиси ва 8 та МТМнинг 8 нафар тарбиячисида; 9 та олий таълим муассасасининг 25 нафар талабаси ва 5 та олий таълим муассасасининг 7 нафар ўқитувчисида; 6 та лицейнинг 7 нафар ўқувчиси ва 4 та лицейнинг 4 нафар устоз-ўқитувчиларида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Тан олиш керак, марказ жойларда жарима тўламаслик учунгина ниқоб тақиб, ўзимиз ва атрофдагилар соғлиғига мутлақо бефарқ бўлиб қолгандик. Сўнгги пайтларда телевидениедаги кўрсатувларда ҳам (масалан, “Болажон” телеканалининг бир лойиҳасида топишмоқ айтилади, жамоага бўлинган болалар эса ўз гуруҳдошлари билан қучоқлашиб, масофа сақламасдан саволга жавоб қидирадилар ва ҳоказо) карантин қоидалари деярли бузилиб, тарғибот ишлари амалга оширилмай қўймоқда. Жамоат транспортлари, бозор ва бошқа шу каби одам гавжум жойларда ҳам антисептик восита, ҳимоя ниқобларидан фойдаланмаяпмиз, ҳисоб. Туманларимиздаги аҳволни эса айтсанг тил, айтмасанг дил куяди. Вилоятларга бориб кўрган билади, одамлар худди карантин тартиб-қоидалари уларга алоқаси йўқдек бемалол юришибди…

Касалликнинг “иси” чиққан илк кунлари кузатилган танқисликлар ёдингиздами? Бозор ва дўконларда картошка ва бошқа маҳсулотлар танқис бўлиб, “йўқолиб” қолгани-чи?

Дорихоналарда танқис дориларнинг топилмай қолганлари-чи?

… Жорий йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус комиссия йиғилиши ўтказилди. Шу кундан бошлаб пойтахтда карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олина бошлади. Республика бўйича ҳам бу каби тадбирлар ўтказиш ва тарғибот ишларини кўпайтириб, назоратни кучайтириш йўлга қўйилмоқда…

Биринчи навбатда ўзимиз қандай даврда яшаётганимизни чин дилдан ҳис қилмай, оила аъзоларимиз ва яқинларимизни назоратга олмасак, кўрилаётган чоралар заррача натижа бермайди.

Дунёни ўзгартириш нияти бор одам ишни ўрнини тартибга келтиришдан бошлайди. Шундай экан, энг аввало, ўзимиз ўзимизни назорат қилсаккина, ҳаммаси яхши бўлади.

Абдулазиз АБДУВАЛИ ўғли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − four =