Иккинчи жаҳон уруши қачон бошланган ёки савод қандай ғовлаб кетади?

Ижтимоий тармоқда бир лавҳа кўриб қолдим. Аслида бу лавҳани бир йил аввал ҳам кўргандим-у, шунчаки кулгим қистаганди, холос. Бу йил ҳам ўша ва шунга ўхшаш янги лавҳага кўзим тушди. Ичим ёнди, қоним қайнади, бошим қизишди… Қандай лавҳа, дерсиз. Эҳтимол, уни сиз ҳам кўргансиз. Лавҳада 9 май куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилаётган маршда қатнашаётган бир қанча ўзбекис­тонлик меҳнат муҳожирларига Иккинчи жаҳон уруши ҳақида саволлар берилади. Бўлганда ҳам жуда оддий саволлар: “Иккинчи жаҳон уруши қачон бош­ланган? Гитлер ким бўлган? Сталин ким эди?..”, каби.

Айтишингиз мумкин, “Э, буларни мактаб боласи ҳам билади-ку”, деб. Ҳарҳолда, сиз ҳозир қўлида газета тутиб турган киши сифатида шундай ўйлайсиз. Аммо лавҳада савол билан мурожаат қилинган ёш йигитлардан тортиб, ўрта ёшли кишиларгача юқоридаги оддий саволларга ҳам бирортаси қониқарли жавоб бермаганини кўришингиз мумкин. “Иккинчи жаҳон уруши 1441 йил бошланиб, 1445 йил тугаган”, дейди бир юртдошимиз.

“Гитлер русларнинг подшоси бўлган-да”, дейди яна бир “билимдон”. Бу каслар китоб-питоб ўқишмагани-ку аниқ, ақалли, телевизор ҳам кўришмаганмикан-а?!

Бу уруш бутун инсониятнинг бошига қанчалик қатта зиён келтирганини қўя туринг, шу малъун урушда ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликлар қурбон бўлгани, қанча оилалар кулфат остида қолгани, неча юз минглаб болалар етим, аёллар тул, ота-оналар фарзандсиз қолгани, халқимизнинг фронт ортида кечирган оғир меҳнату ғам-ғуссага кўмилган рангсиз ҳаёти шу оддий саволларнинг жавобини билмайдиган кимсаларнинг тушига кирармиди?!

Тарихнинг бундай, қайсидир маънода “машҳур” саҳифаларини билмаганлар, ноқулай бўлса-да, айтиш жоиз, бу қадар савиясиз, саводсиз кимсалар Тўмарису Широқни, Спитаменларини, Жалоллидин, Темур Маликларни, Амир Темуру, Темурийларини; Ибн Сино, Беруний, Форобий, Бухорий, Термизийларини, Алишер Навоийларини; яқин тарихда чор россияси-ю советлар зулмига қарши бош кўтарган мард ота-боболарини, жадидларини танишига ишониб бўладими?! Уларни танимай, билмай туриб, тирик руҳининг миллат елкасидаги нафасини ҳис қилмай туриб, ўзбекман, дейиш уят. Ҳайф-е, бундайларга ўзбеклик, дейсан ўкинч билан.

Тўғри, ҳамма замонларда ҳам, ҳамма жамиятларда ҳам бу тоифа кишилар бўлган, ҳозир ҳам бор. Аммо бугун илм-фан, замонавий технологиялар ривожланган ХХI асрда ҳам шу қадар кўрсаводликни тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин тасаввур қилишга ҳожат йўқ, марҳамат: тирик, реал палағда каслар!

Хўш, қачон пайдо бўлди бундай авлод? Нима учун пайдо бўлди? Қайси шароит бу аҳволга келтирди? Қандай оилаларда тарбия топди бу тоифалар? Қайси, қандай мактабларда ўқиди?.. Ва энг оғир савол: бундайлардан кимлар етишиб чиқади, улар яна қандай “зот”ларни тарбиялайди?!

Лавҳани кўрсангиз, жавоб бераётганларнинг савлатидан от ҳуркади. Исмларига қарасангиз, Темурбек, Улуғбек, Муҳаммад… Эҳ, улар ақалли ўз исмининг маъносини англармикан? Бу номларнинг юки босмасмикан уларни? Уларга муҳожирликда “Қаердансан”, дейилса, “Ўзбекистонданман”, дейишади, “Ўзбекман”, дейишадими? Тасаввур қилсам, уялиб кетяпман.

Балки наздингизда, биргина лавҳадан фожиа ясаб юбораётгандек кўринарман. Йўқ, фожиа ясамаяпман, чинакам трагедиянинг ўзи етилиб келмаяптими? Бугун кечасидан бехабарларнинг эртаси бўлмайди! Ҳар биримизга игна ютган итнинг азобидек азоб бериши керак бу ҳолат. Келажак ёшлар қўлида, бугунги авлод қўлида, деймиз. Ҳақ гап. Ва … минг афсус!

Шаҳзод ҚАҲРАМОН ўғли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − four =