Шеър – шахсият шарҳлари

Шеър ижодкор ботини, тийнати, фикратининг акси ўлароқ пайдо бўлади, унда инсон қалбида яшириниб ётган изтироб, пўртана, дард, оғриқ, армон, надомат турли шаклларда зуҳурланади. Таниқли шоир Сирожиддин Рауфнинг “MASHHUR-PRESS” нашриётида чоп этилган “Муаллақ чексизлик” шеърлар китоби айни шу фикрларни яна бир бор тасдиқлайди. Тирик сатрлар китобхонни Олам ва Одамнинг моҳияти тўғрисида ўйлашга, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар асл сабабини англашга ундайди.Ўқувчини фикрлашга мажбурлайдиган бу шеърларда инсонни тушуниш, англаш, ҳис қилиш руҳий эҳтиёж эканлиги ифодаланган, ҳаётнинг турли кўринишлари   ҳақда фалсафий мушоҳада юритилган.

 

“Асл муддаомиз муҳаббат эди”, –шоир тирикликни, ҳаётнинг мазмунини шундай таърифлайди. Муҳаббатсиз инсон пуч, нурсиз, гумроҳ бир жонзотдан бўлак нарса эмас. Дарҳақиқат, одам болаларининг шарифлиги унинг муҳаббати, иймони, ҳақни ноҳақдан ажрата олишида.

Келсак – ярашади муҳаббат учун,

Кулсак – ярашади муҳаббат учун.

Ишқ дебон сарғариб, лахта қон ютиб,

Ўлсак – ярашади муҳаббат учун.

Шоирлик аслида муросасизлик, шоир ёлғон, хушомад, хоинлик, пасткашлик, қўрқоқлик, иккиюзламачилик билан ҳеч қачон келишмайди. Ҳеч қанақасига оқлаш мумкин бўлмаган иллатлардан ҳазар қилиш шоирнинг шахсини белгиловчи мезон. Руҳий мувозанатини барқарор ушлаб тура олган ижодкоргина самимий ва худди табиатдек табиий ёза олади. “Муаллақ чексизлик”да ҳаётда тез-тез учрайдиган, айримлар эса яшаш қуролига айлантириб олган иллатлар кескин танқид қилинади.

Сирожиддин Рауфнинг шеърларини ичдан нурлантириб, чўғ бериб турган нарса назаримда унинг шахси билан бевосита боғлиқ. Чунки шахс бўлмаган жойда ҳақиқий ижод бўлиши мумкин эмас. Ҳаётни кураш майдони деб билган муаллиф ўзининг ҳар бир шеърида янги фикр, фалсафий мушоҳада, ўткир сўз, кескин хулосани баён қилган. “Бугуннинг одами”, “Ҳақиқат”, “Туғён”, “Фаввора”, “Ҳасби ҳол”, “Парадокс”, “Дунёнинг иши” сингари шеърлар ҳам ғовий, ҳам бадиий жиҳатдан маромига етган, пишиқ, пухта.

“Инсон” трактати таркибига киритилган “Насиба”, “Надомат”, “Адолат”, “Худбинлик”, “Она”, “Нисбийлик”, “Дунё”, “Инсоф”, “Тақдир”, “Ҳақиқат” сингари шеърлар бир қарашда алоҳида мустақил манзумаларга ўхшаб кўринса-да, аслида бир-бирининг узвий давоми, ўзаро бир-бирини тўлдириб турган реал ҳаётий драматик лавҳалардир.

Шоир инсон олам ва одам ҳақида қанча кўп нарсани билгани сари ўзининг йўқотишлари, қалбидаги кемтикликлар, умрнинг нақадар омонат, ҳар бир лаҳза, ҳар бир нафас ғаниматлигини тобора чуқурроқ англайди, деб уқтиради.

Баҳорни англамай ёзга етибман,

Умрим боғларида ғимирлар кузак.

Шахси мавҳум, қиёфаси хира ўз мус­тақил фикрига эга бўлмаган, кимнинг аравасига ўтирса, ўшанинг қўшиғини айтиб кетаверадиган тутуруқсиз, субутсиз, заиф кишилар барча замонларда тараққиётга ғов, тўсиқ эканлигини шоир шундай ёзади:

Икки соат минбар олдида

Куйиб-пишиб бечора нотиқ

Ўзининг бир оғиз сўзин айтмади.

Ўз сўзи бўлмаган киши жуда хавфли, у истаган томонга эргашиб кетавериши, кутилмаган номаъқулчи­ликларга қўл уриши, ўз манфаати йўлида хиёнат қилиши мумкин. Жамиятнинг оғриқ нуқтаси бўлган бу тоифани қандай қилиб тўғри йўлга солиш мумкин, ҳидоятга қайтаришнинг иложи борми? “Ҳатто машҳур шифохона ҳам дардни тузатади одамни эмас”. Шоир табиати сунъийлашиб, дунёқараши мўртлашиб, руҳияти носоғломлашиб бораётганларни тузатишга уриниш самарасиз деган даҳшатли хулоса — ҳукмни баён қилади. Йиллар давомида кўрган-кечирганлари, гувоҳ бўлганлари, тушуниб етганлари натижасида ва қанчалар оғир бўлмасин ҳақиқат барибир ҳамма нарсадан устун, деган фикрга келади. Айни шу ҳис, шу туйғуни буюк сўз салафлари ижодида учратамиз. Беназир шоир Абдулла Орипов ҳаёти сўнггида ёзганларида худди шу сингари иқрор бўртиб туради.

Шоир шунчаки яшаётганлар, чек-чегарасиз бемаъни ҳавасларга берилиб кун кечираётганларни ҳаётда ҳеч кимлигини тасвирлайди:

Нимадир аслида ўлим деган сўз,

Ўзи тирик туриб ўлганлар камми?

Қорин қайғусидир уларда гап-сўз,

Беҳуда қувончи, бачкана ғами…

У худбин, қорин-қурсоқ ташвишидан ўзга фикри, хаёли бўлмаган кимсаларни огоҳлантирмоқчи, инсонлик рутбасига муносиб бўлишга чақирмоқчи бўлади. Адолатсизлик, ёлғон, иккиюзламачиликка қарши курашиш шарт, бунда келишиш, сулҳ, муросага ўрин йўқ. Акс ҳолда келажак олдида гуноҳкор, юзқора бўлиб қоламиз.

Кечаги ялтироқ ёлғон-яшиқлар

Бугунги ноўрин андиша учун

Бизни кечирарми эртага…тарих?

Сирожиддин Рауф шоирлик ҳақида ёзар экан, шоир ҳам ҳамма каби оддий бир одам, лекин туғилганида Яратган Эгам ижодкорга шоир қалбини тортиқ қилган, дейди. Суратан сокин, аммо сийратида исён, тўфон яширин зотнинг оғир ўйлар суриши ва турфа мулоқотлардан ич-бағри зардобга тўлишини эътироф этади, нафс домига ботган махлуқотнинг қилмишларидан озорланади, кўнгли оғрийди, ғамга ботади. Лекин бундан умидсизликка тушмайди, ғамзада кўнгилга тасалли бўлгувчи умидни нажоткор санайди.

“Уч томчи” сарлавҳаси остида келтирилган уч сатрли тизмаларда шоир фикрлар ғаввосига ўхшайди. Айтмоқчи бўлган ҳар бир инжа фикрини халқона тилда – эл ичида кенг тарқалган айтим, ҳикмат, мақолларни бадиий жиҳатдан қайта жилолаб, ўз ғоявий мақсадига бўйсундиради. У шу усулда айтмоқчи бўлган фалсафий-бадиий умумлашмаларини ўқувчига тушунилиши осон бўлган жавоҳирга айлантиради. Шоирнинг маҳорати бор бўй-басти билан кўриниб турган кўплаб шеърларда воқелик ва кечинма параллел равишда тас­вирланиши бу асарларнинг ўзига хос алоҳида жиҳатларидан бири.

Сўз йўли оғир, машаққатли. Меҳнат сўзининг луғавий маъноси азоб эканлигини эсласак, ижоднинг жуда ноёб, сирли руҳий ҳолат эканлиги ойдинлашади. “Бугун шеър ёзиш – ҳавас. Тушуниш донишмандликдир”. Шоир тил учида шеър айтадиганлар, қўл учида ёзадиганлар, томоғи, ҳалқуми билан шеър ўқийдиганлар кўпайиб бораётганлигидан ўксинади. Шеърда ҳикмат бўлиши шартлигини, шеърни тушуниш, сўзнинг маъно қаватларини кўриш, сезиш, идрок қилиш донишмандлик эканлигини ихчам бир тарзда эслатади.

Шеър – шахсият шарҳлари, “Муаллақ чексизлик” китоби айни шу фикр­нинг тасдиғи ва исботи. Унда шоирнинг руҳияти, қалб кечинмалари, яшаш йўли, маслак, эътиқоди бетакрор бир оҳангда жаранглаган. Китобнинг номидан кўриниб турганидек, бу шеърлар ўқувчини янги бир руҳий оламга бошлаб кетади, уни ердан кўтарилишга, самовий юксакликка чорлайди. Бу шеърлар топиш ва йўқотишлардан чарчаган шиддатли замоннинг фикри теран, зукко китобсеварлари қалбида ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга ишонч, руҳига ҳаловат бахш этади. Зеро, ҳақиқий ижоднинг куч-қуд­рати ҳам ана шундадир. Иқтидорли шоир Сирожиддин Рауф ёзганидек:

Жудолик кўнгилга солса-да ғулув,

Алвидо демасман бағримни тиғлаб.

Ишонгум: олдинда бордир учрашув,

Салом, деб айтмоққа мудом интиқ лаб.

Илҳом ҒАНИЕВ,

филология фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 15 =