Истанбулда битилган дафтар
Шарқ мамлакатларидан бирида бир китобфуруш саҳҳоб бўлиб, одамлар унга мамлакатнинг турли бурчакларидан қоп-қоп китоб олиб келишар экан. Шу киши ҳар гал қопларнинг оғзини очаётганида, бу сафар унинг ичидан қандай ноёб асарлар чиқар экан-а, дея келинчакнинг юзини очаётган куёвдай ҳаяжонга тушаркан. Гоҳ-гоҳ қўлига ноёб қадимий қўлёзмалар ҳам тушиб қоларкан.
Бугун, минг шукрки, ижод эркинлиги, тўйиб китоб ўқийдиган ҳур бир замон бўлди. Ноширлар чоп этаётган сон-саноқсиз асарларни кўриб, кўзинг қувонади. “Китобхон миллат” мақомига қайтаётганимиз ҳаммамизга қутлуғ бўлсин! Адабиётга шаҳдам кириб келаётган ёшлар каби, таниқли ижодкорлар ҳам ғайрат тулпорига минган. Жаҳон адабиётининг дурдона намуналари асл нусхадан ўзбек тилига ўгирилаётгани-чи?! Алишер Навоий асарлари бугунги тилимизга пешма-пеш табдил қилинмоқда. Абу Райҳон Берунийнинг “Минералогия” асари китоб жавонларимизнинг тўридан жой олди. Ёшлар ўртасида зукко китобхон танловини ўтказиш, дўст-қадрдонларимизга китоб совға қилиш, телевидениеда бир асар таҳлилига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиш одатга айланди.
Буларнинг ҳаммаси қувонарли, албатта. Аммо…
Бир вақтлар яхши китобларнинг йўқлиги офат бўлган бўлса, бугун шунчаки варақлашга ҳам арзимайдиган китобларнинг урчиб бораётгани офатга айланмоқда, бундан ташвишга тушмасликнинг иложи йўқ. “Ишонч” газетасида эълон қилинган “Китобдан қўлингни торт, саводсиз” деган мақолани ўқиган киши нима демоқчи бўлаётганимизни тушунади. Шу боис, янги китобни қўлингга олганингда, юқорида келтирилган саҳҳобдай, бу муқованинг ичидан нима чиқар экан-а, деган иштибоҳга дуч келасан. Уч-тўрт саҳифасини ўқиганингда ҳаммаси маълум бўлади – ё бош кўтармай мутолаа қиласан, ё бир четга суриб, бошқа бир иш билан машғул бўласан.
Таниқли журналист Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” китобини кўриб, дастлаб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамовнинг унга ёзган бир чимдим сўнгсўзига эътибор бердим. Унча-мунча одамга Шукур Холмирзаевдай, аммо “Ака” сўзини қўшиб, “Бўлмайди” дея оладиган Эркин Аъзам “Истанбул дафтари”ни “Туркий эллар дўстлиги йўлида мустаҳкам қовушқоқ бўлғувчи асар” деб баҳолабди. “Қовушқоқ асар” – бу қисқа ва мухтасар тақриз шунчаки ёзилган бўлмаса керак.
Бундай гапдан кейин ўқимай ҳам бўпсиз. Аммо бу “Истанбул дафтари”ни шу сўнгсўз туфайли ўқиш керак, дегани эмас. Бошқа муҳим жиҳатлар ҳам борки, ижозатингиз билан, уларнинг шарҳига ўтаман.
Аброр Ғуломов изланувчан касбдошларимиздан бири. Иш фаолиятини “Тошкент ҳақиқати”да бошлаган. Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида миллий истиқлол меваси бўлмиш “Жаҳон” ахборот агентлигига раҳбарлик қилган. Кейин ўн бир йил давомида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонасини бошқарди. Айтишга осон. У йиллари ёш жамиятимиз энди-энди оёққа туриб, халқаро майдонда маълум тажриба орттираётган, мамлакат ташқи сиёсатини, ўзаро дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш борасида тайёр андазанинг ўзи йўқ пайтлар эди. Консуллик хизмати қандай бўлишини тасаввур ҳам қилмаганмиз.
Журналист касбдошимизга шундай шароитда катта ишонч билдирилди ва Аброр бу ишончни оқлади.
Китобнинг дастлабки саҳифаларидан иқтибослар: “Туркия. Бу мамлакат ҳақида, унинг олис ва бой тарихи, бетакрор табиати, одамлари, эътиқодлари ҳақида ўқиганман, билганман… Лекин у билан юзма-юз келганда, унинг қалби, юраги бўлмиш шаҳарга келиб яшай бошлаганимда барча билганларим қанот чиқариб учди-кетди…”. Машҳур турк тарихчи олимининг фикри: “Амир Темур Измирни юнонлар қўлидан олиб усмонлиларга ҳадя қилиб кетган. Ундан кейин бу шаҳар турли даврларда жуда қисқа вақт қўлдан-қўлга ўтди, аммо у ҳеч қачон душманларга бошқа тобе бўлмади. Шаҳар ҳокими билан бўлган учрашувда Эгей бўйидаги бу кент кўчаларидан бирига Амир Темур номини бериш таклифини айтдим, ҳоким афанди сиёсий одоб ила таклифимни эшитмаганликка олди… (Бу ерда) усмонлилар замонидан қолган хотиралар бисёр, Ислом дини ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)га дахлдор кўплаб осори атиқалар сақланмоқда. Маҳаллий тарихчиларнинг таъкидлашларича, Туркияда, айниқса, Истанбулдаги ҳар бир тошнинг остида тарих варақлари (ҳақиқатлари) қат-қат тахланиб ётибди… Аё София билан танишганимдан кейин Византия, Рим империялари ва Усмонли салтанатининг пойтахти бўлган шаҳар тарихини ўрганишга киришдим. Милоддан аввалги VIII асрда ҳозирги Мармар денгизи, Босфор бўғози ва Холич сувлари қуйиладиган жойда қадимги грек шаҳарлари – Астак, Селимбрия, Перитос ва Халкедон бўлган…”
Шу сатрларнинг ўзиёқ китобхонни жиддий қизиқтириб қўяди.
Камина журналистика факультетида талабаларга кундалик тутишни қаттиқ тайинлайман, қалами қайралиб қолганларидан талаб ҳам қиламан. Бу нарса ижодкор учун жуда муҳим. Баъзи китобларим (“Қирқ бешинчи бекат”) кундалик тарзида ёзилган. Бу одатимга ҳозир ҳам амал қиламан. Назаримда, Аброр Ғуломов ҳам айни шу йўлдан борган – консуллик ишининг жиддийлиги, вақтнинг тиғизлиги, ишда юз берадиган ҳар қандай кутилган-кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш зарурлигига қарамай, ўзи кўрган, бевосита иштирок этган воқеаларни, дипломатик учрашувлар, музокаралар тафсилотларини, гоҳ таассуфли, кўзланган мақсадга мувофиқ бўлмаган таассуротларни ҳам тегишли шарҳлар билан қоғозга тушириб борган. Ўқувчи кўз ўнгида ёш мустақил давлатнинг ёш консули фаолияти саҳифадан-саҳифага, воқеадан-воқеага тиниқлашиб боради. Бу тиниқликда Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсати, кўзлаган мустақил йўли ва мақсади ҳам сезилади. Ватандан олисда кечган ўн бир йиллик мураккаб, аммо шарафли ҳаётнинг энг муҳим нуқталари, кўп хулоса ва ҳақиқатлар кўз ўнгингиздан бирма-бир ўта бошлайди.
Бугунги ёш китобхонлар, айниқса, бўлғувчи касбдошларимиз, тарихчи ва сиёсатшунослар учун “Истанбул дафтари”нинг “Дунёни 623 йил титратган Усмонли салтанати”, “Ўрта асрлардан бугунги кунгача ўзбек-турк муносабатлари”, “Константинопол фатҳида ўзбеклар” бўлимлари ғоят қизиқарли бўлишига аминман. Мустафо Камол Отатуркдан келтирилган иқтибос: “Агар мен Темур замонида яшаганимда у эришган муваффақиятларга эришолмасдим. Агар Темур менинг ўрнимда бу замонда яшаганида мен бажарган ишларни ортиқчаси билан уддаларди”.
Яна бир иқтибос: “Урушда ғолиб чиққан Амир Темур Боязидни қатл этмайди. Унга илтифот кўрсатиб, султон ва унинг сербиялик рафиқаси Мария Деспина учун икки от қўшилган усмонли тахтиравонга ўхшаш махсус, чиройли безатилган арава ясаттиради. Турк тарихчилари уни усмонли тахтидан асло фарқ қилмайди, деб алқашади. Баъзи нобакор ёзғувчилар уни “темир қафас” деб нотўғри талқин қилишади…”.
Бундай иқтибослар бир-биридан муҳим ва ўзаро боғлиқ. Дунёнинг бугунги шароитида ҳар бир жамият, давлат ўзаро муносабатларда, энг аввало, ўзининг шахсий манфаатини кўзлайди, ўз қадриятларини тарғиб қилади. Сиёсатдонлар мана шундай мураккаб шароитда меҳнат қилишади.
Тарих ҳақиқати шуки, Амир Темур мағлуб рақибига зулм қилмайди, аксинча, унга, ўғилларига кўп марҳаматлар кўрсатади. Соҳибқироннинг хоҳиши билан Мироншоҳнинг ўғли Абубакр Мирзога Боязиднинг қизи никоҳлаб берилади.
Таассуфки, икки турк султони олишувидан кейинги воқеалар турли манбаларда қоришиқ бир тарзда талқин қилинган бўлиб, қасддан тўқиб чиқарилган бўҳтонларга Европа мамлакатларида ҳозиргача ишонувчилар бор. Бу ёлғон таъсирида мемуарлар ёзилган, санъат асарлари ишланган. Аслида эса “Темир қафас” ибораси Амир Темурга эмас, Боязидга тааллуқли: Соҳибқирон Боязиддан: “Агар жангда сен ғолиб бўлганингда қандай йўл тутган бўлардинг?”, — деб сўраганида, у иккиланмай: “Сени темир қафасга солиб юрардим”, деб жавоб беради.
Боязид 1403 йилнинг 8 март куни 44 ёшида Оқшаҳарда ўз ажали билан вафот этади. Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида мағлуб султоннинг вафоти қуйидагича ифодаланган: “Боязид Йилдиримнинг ўлим хабарини эшитгач, Амир Темур чуқур қайғуга ботади. Кўзларидан шашқатор ёш оқиб тушади. Аллоҳдан диндошига гуноҳлари афвини сўраб, (ётган) макони жаннатдан бўлишини тилайди”.
Бу хусусда “Истанбул дафтари”да келтирилган яна кўп маълумотлар китобхонларни олис тарихда содир бўлган буюк муҳораба ҳақиқатларига яқинлаштиради. Ўқувчи сифатида мен китобнинг “Ўзбек хонлари ва Усмонли султонлари”, “Арго” операцияси қаҳрамони Рўзи Назар”, “Абдулла Орипов сабоғи”, “Кенжа Соғуний нима дейди?”, “Кўниё. Мавлонога таъзим” бўлимларидан кўп нарса олдим, вафоти олдидан Ўзбекистонга келиб, муқаддас қадамжоларда эл-юртига Аллоҳдан рўшноликлар тилаб тиловат қилган Турғут Ўзални, ватансизликда эллик икки йил яшаб, она-юртига қайтган, самолётда Тошкентдан Қўқонга эллик икки дақиқа учган ва бу икки вақтнинг иккинчиси жудоликда ўтган биринчисидан оғир кечгани хусусида адабиёт газетаси мухбирига сўзлаб берган Рўза Назарни эсладим. Таниқли ватандошимиз Собир Сайҳонга бағишланган саҳифаларни ўқир эканман, ён дафтаримга: “Ватан муҳаббати дилга жо бўлса, олисда туриб ҳам унга сидқидилдан хизмат қилиш мумкин”, деб ёзиб қўйдим. Собиржон ака шундай садоқатли, имон-эътиқоди мустаҳкам ватандошларимиздан бири. У кишининг кўп ишлари ибратга молик.
Китобда тақдир тақозосига кўра ўзга мамлакатларда қолиб кетган юртдошларнинг тақдири, соғинчи юракни ларзага солувчи ҳикоячалар мисолида очиб берилади. Улар таъсирида китобнинг сўнгги саҳифасига етиб келганингизни сезмай ҳам қоласиз.
Хотира дафтарини ўқиган ҳар бир кишида узоқ ва яқин ўтмишга қизиқиш ортади, Ватан туйғуси вужудингизни чулғайди десам, муболаға бўлмайди. Бу – бадиий публицистиканинг бош вазифаси.
Аҳмаджон Мелибоев.