“Рухсат бўлсагина обуна бўламиз”

Мен “Марказий Фарғона” газетасининг мухбириман. “Hurriyat”нинг ҳар сонини интиқлик билан кутаман. Унда ёритилаётган онгу шуурингизга таъсир этадиган турли мавзудаги мақолалар, бадиий асарларни ўқиб завқланаман. Айниқса, газетанинг ўтган сонларида матбуотимиз тақдирига оид куюнчаклик билан ёзилган Хуршид Дўстмуҳаммад, Олимжон Ўсаров, Собир Хатамовларнинг мақолаларини ўқиб, уларнинг ўткир, тийран мулоҳазаларидан тўлқинланиб кетдим.

Тўғриси, ҳали ҳам раҳбарларимиз орасида газета функцияси нимадан иборатлигини тушунмайдиган, тушунишни хоҳламайдиганлар кўп. Улар ўзларидан келиб чиқиб, кенг газетхоналар оммаси у ёқда турсин, қўл остида ишлайдиганларни ҳам матбуот воситалари билан танишиб боришдан маҳрум қилмоқдалар. Наҳотки бундай раҳбарлар Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг “Замон билан ҳамнафас юраман, деган раҳбар, албатта, китоб, матбуот билан ошно бўлади. Бундай раҳбар орқасидан одамларни эргаштира олади” деган даъватларидан хабарсиз бўлишса?

Хабарсиз деб бўлмайди, албатта. Аммо уларга “именной” топшириқ бўлишини кутишади, назаримизда. Йўқса, обунадан гап очилса, бас, баҳоналари сон мингта: “Пулимиз йўқ”, “Обуна бўлиш мажбурий эмас”, “Буни бир ўйлаб кўришимиз керак” ва ҳоказо.

Бу аҳвол ниманинг оқибати? Нега раҳбарлар матбуотдан, маънавиятдан қочадиган бўлиб қолишди? Эҳтимол, ростдан ҳам иқтисодий аҳволлари кўтармаяптими?

Асло! Масала бошқа ёқдага ўхшайди. Чунки муаммо сизу биз ўйлаганчалик эмас. Йўқса, шу раҳбарлар турли-туман тадбирбоз­ликлару, ҳар-хил байрам дастурхони деб юзта газетага обуна бўлишга етадиган сармояни бемалол сарф этишмоқдалар-ку! Ёхуд қинғирликлар туфайли қанча ташкилотлару муассасаларда йирик-йирик маблағлар совурилаётгани-чи, буям ёлғонми?!

Ёзёвон туман ҳокимлигининг “Марказий Фарғона” газетасига обунани ташкиллаштириш жараёнида туман телекоммуника­циялар боғламаси, почта бўлими ва “Водий махсус санитар транс” МЧЖ корхонаси раҳбарияти турлича, аммо моҳиятан бир хил баҳоналарни рўкач қилишди.

“Биз юқори ташкилотимиз рухсат берсагина, туман газетасига обуна бўламиз”, — дейди Ёзёвон телекоммуникация боғламаси раҳбари Зуҳрахон Қосимова. У шундай тушунчада юргани учун ҳам ҳалигача шартнома асосидаги 2021 йил учун обуна пулини ўтказишни пайсалга соляпти. “Ходимларимизнинг маошлари жуда паст, уларни зўрға ишлатяпмиз, обуна бўлишга имкон йўқ”, — дейди почта бўлими бош­лиғи Мамасоли Тошалиев. Унинг гапига ажабланасан.Почта ходимларининг мао­­ши камлигига ким айбдор? “Бизда газеталарга эҳтиёж йўқ, шу сабабдан обуна бўлолмаймиз”. Бу –“Водий махсус санитар транс” МЧЖ Ёзёвон филиали раҳбари Абдуносир Эшматовнинг баҳонаси. Қизиқ, қирқ нафарга яқин ходим ишлайдиган жамоада наҳотки битта ҳам газетхон топилмаса? Улар ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар жараёнини шу аҳволда кузатиб келаётирларми?

Вилоят, туманимизнинг почта тарихида матбуотга холис муносабатда бўлган раҳбарлар кўп бўлган: масалан, Набижон Араб­боев, Сарваржон Умаров вилоят поч­таси раҳбари ўринбосарлари, Нурмуҳаммад Турғунов сингари ҳудудий бошқарма бош­лиғи лавозимларида ишлашган. Улар биринчи навбатда ўзлари, сўнг жамоасини ва бошқаларни ҳам матбуот нашрларига обуна бўлишга чорлашар эди. Газета-журналларда чиққан мақолаларни мунтазам ўқиб боришарди, муносабат билдиришар эди. Нега бугунги раҳбарлар улар каби матбуот билан ошно эмас?

Президентимиз эса куюнчаклик билан бот-бот шундай демоқдалар: “Ҳар бир давлат органи (раҳбари) кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қў­йиши шарт ва зарур”.

Яна нима дейишга ҳам ҳайронсан…

Исоқжон КАРИМОВ,

Ёзёвон туманининг “Марказий Фарғона”

газетаси мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − eight =