Осмон ерга яқин
– Ассалому алайкум, яхшимисиз? – қувончдан кўзлари порлаб турган аёл тавозе билан саломлашди.
– Опа, яхшимисиз? Байрамлар билан!
Табассум билан уни танимаганимни билдирмаслик учун илиқ сўрашдим. Нимтаниш бу аёлнинг кимлигини илғаб олиш учун лаҳзада хотираларимнинг энг тубигача шўнғидим.
– Мана Тошкентдаям кўришдик, – деди аёл суҳбатни давом эттириб.
Энди савол нигоҳи билан қараб, жим туришга мажбур бўлдим…
– Танимадизми?! Башорат Турсуноваман. Учқудуқдан, – гина аралаш эрка овозидан жувоннинг юзи янада ёришиб кетди.
– Эй, опа, минг бор узр! Бу пари аёллар ичида, мана “ман”, деган султониям ўзини йўқотиб қўяди. Мен кимман?!
Орада кулгу кўтарилди. Тўғрисиям, танимадим. Бу забардаст аёл билан учрашгани Учқудуққа борганимга ҳам тўрт-беш йил муддат ўтди. Устига- устак қақраган чўлнинг ўртасида, иш жараёнида опа билан кўришиб суҳбатлашганман. Иннайкейин пардоз ҳам жувоннинг чеҳрасини ўзгартириб юборганди, шу боис илғай олмаганман…
Бу йилги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами арафасида давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар қаторида фидойи ва жасур аёл – Башорат опанинг ҳам борлиги мени чексиз қувонтирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармасининг “Шарқий” кон бўлинмаси кран бошқарувчиси Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Бу аёлнинг чеккан заҳматлари, меҳнатлари менга жуда таниш. Башорат опа билан кечган самимий суҳбат давомида у кишидан олган таассуротларим кўз олдимда янгидан гавдаланди.
Қуйида оддий, камтарин ва камсуқум, заҳматкаш ўзбек аёли Башорат Турсунованинг ҳаёти акс этган ижодий лавҳани “Hurriyat” муштарийларига илингим келди.
Булутларга ёндош улкан краннинг ойнабанд бошқарув қутисида телефон жиринглади. Башорат опа бир назар ташлади-ю, яна диққатини юмушига қаратди. Илгакдаги юкни катта темир ускуналар атрофида ғимирлаётган уч-тўрт чоғли муҳандис ва ишчиларнинг имо-ишораси билан оҳиста силжитиб, бўлакларни бир-бирига жамлади. Сўнгра муҳандиснинг “бир пас тўхта”, деган ишорасини жилмайиб қаршилади-да, ўзини эркин қўйди. Қўққисдан нотаниш рақамдан келган чақириқ ёдига тушиб, телефонига қўл чўзди. Ўйланиб ўтирмай, рақамга қайта овоз юборди. Уч йил бўлдики, нотаниш рақамдан келган қўнғироқлар унинг юрагига қутқу солади, қалбининг туб-тубигача зирқиратиб оғриқ қўзғайди. Қизи Дилдора ва куёви Отабекнинг автоҳалокати ҳақидаги хабарни мана шу “қути”да эшитган, ўшанда бу кабина жудаям торайиб кетгандек туюлган эди. Унинг бағридан юлқиниб, ўттиз беш-қирқ метрлик баланд ва тор темир нарвондан қандай шиддат билан тушганини ҳамон ҳис қила олмайди…
– Алло!
– Света опа, бормисиз?! Шимолий кон бошқармасидан Лайло Каримоваман, – шўхчан овозда шошиб ўзини таништирди суҳбатдош.
– Ҳа, Лайлохон, узр, қизғин иш пайтида қўлим телефонга етмади, – кўнглига хотиржамлик туйган бўлса ҳам, овози титраб чиқди.
– Опа, унда сизни яна безовта қилмайин-да, мақсадга ўтайин… Эртага пойтахтдан ёзувчи-шоирлар келар экан, сиз ҳақингизда мақола ёзишмоқчи, бир пасда юртга танилиб кетасиз… Шунга тайёр бўлиб келинг-а, Света опа?!
“Лайло ҳам, Света опа, дейишга ўтибди”, – ўй кечди ичидан. – “Исмларим ҳам кўпайиб кетди, ахир бунинг ҳам ўз юки бўлса керак. Феъл-атворимнинг, кайфиятимнинг турфалиги шунга боғлиқмикан?!”. – Телефондан бақириб юборайин деди: “Света эмас, Севдо!”.
Хўжам ака ва Сабоҳат опа шу қизлари дунёга келганида, онасига уйқаш қилиб, Севдо деб исм қўйган эди. Замонасини қаранг, ўша кезларда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани оила бошининг қачон вақти бўлганида қишлоқ советидан олиб келаверган экан. Хўжам ака ҳам Севдо беш ёшга кирганида тўрт нафар қизалоқларининг барчасига бирданига гувоҳнома ёздириб келибди. Уйга келиб, қизлар ўзларига тегишли ном-нишонини англатадиган икки энлик ҳужжатни талашиб очиб қарабди. Севдо ўрнига Башорат ёзилган эмиш… На куларингни, на йиғларингни биласан?! Остона ҳатлаб чиққанингда сен эмас ҳужжат тилга киради. Севдо шу соз мактабга чиқди-ю, Башоратга айланди. Аммо мактабдан, ишдан нарида Севдо бўлиб қолаверди. Учқудуқ кўп миллатли шаҳар, бу ерга кўчиб келди-ю, яна Севдо исмидан айрилди. Ўрис қўшнилари тилига мослаб, Светага айлантиришди… Исм-шариф ўзгараверар экан, бироқ инсоннинг қалбини, тақдирини, манглайининг ёзиғини ўзгартириб бўлмас экан.
Лаҳзада чувалашиб кетган хаёлларини жамлади:
– Лайлохон, мен ҳақимда ёзадими? – Бу “топшириқ”дан ҳангу-манг қолди.– Мен ҳақимда… Қайси кароматим учун? – Бу савол суҳбатдошнинг кулгусига сабаб бўлди шекилли, гўшакдан жозибали “қаҳ-қаҳа” эшитилди. – Нимага тайёрланиб келаман? Бу баҳайбат девнинг устига адрас кўйлакда сув парисидек товланиб ўтиролмайманку…
Севдо бошқараётган улкан техникани ҳайбатли девга қиёс этади. У шу девнинг кўзларида яшайди. У билан гаплашади, дардлашади, баъзан йиғлаб ғамларидан сўйлайди. Хуллас, Еру Осмон ўртасида қалбини очиб-сочадигани шу улкан темир матоҳ.
Шимолий кон бошқармасига қарашли “Шарқий” кон бўлинмаси кран бошқарувчиси Севдо – Башорат Турсунова асли Самарқанднинг Пастдарғом туманидан. Оиладаги тўрт нафар қизларнинг энг эркаси, шўхи, йигитлардек абжири ҳам шу – сочлари қўнғирранг қизалоқ. Томдан сакраган ҳам, дарахт шохидан қулаган ҳам, отаси “маллавойим”, деса энг аввал ҳозиру нозир бўладиган ҳам – Севдо. Оилада ўғил фарзанд бўлмагани боис ўғилнинг юки унинг елкасига тушар, картошками, пиёзми, қумми, қоплаб елкасига ортмоқлаб, ташиб қўяр, онаси Сабоҳат опа ортидан “ҳай-ҳай”лаб қоларди. Она-да, бундан йигирма йил аввал илк бор кран бошқарувчиси бўлиб, иш бошлаганида Сабоҳат опа қизининг ҳаётидан қаттиқ хавотирланган эди:
– Қизим, аёл бошингга бу иш оғирлик қилади-ёв, кел, шу таваккал ишингдан воз кеч! Кечалари уйқум қочса, сен ҳақингда ўйлайман, бундай баланддан боши айланиб тушиб кетмасмикан, деб…
Севдо волидасини ҳадикдан холи қилиш учунми, ёки содда онасининг боладек ёлвориши дилини ёйдими, баланд овозда кулиб юборганди:
–Ҳа, энам-а, бунинг хавотирли жойи йўқ, томдан пастга қарагандек гап…
* * *
Севдо ўрта мактабни, сўнгра техника билим юртини аъло баҳоларда тамомлади. Бир олам орзулар билан юраги ҳапқириб ўқишга ҳужжат топшириш учун пойтахтга жўнади. Тошкент политехника институти (ҳозирги Техника университети)да таҳсил олиш, келажакда ўзи танлаган соҳада етук мутахассис бўлиш орзуси бир дам унинг қалбини тарк этмас, аксинча, бот-бот ҳаяжонга чўлғаверар эди. Бироқ бу ҳаётда ҳамиша ғолиб бўлавермайсан! Севдонинг кўзлари намланди, иккинчи бор уриниши ҳам зое кетди… Шунда ҳам тушкунликка тушавериш керакмас, албатта бошқа йўллар ҳам бахт кўчасига олиб чиқади. Сочлари қўнғироқ қизгина Самарқандга қайтди-ю, шаҳардаги “Красный двигатель” заводига пармаловчи бўлиб ишга жойлашди. Асосан эр-йигитлар ишлайдиган заводда, уларнинг қаторида туриб, шаҳд билан меҳнат қилди. Баъзан заводдаги шовқин-сурон уни толиқтирар, кенг далалар бағрида баҳри-дили очилиб ҳордиқ чиқаргиси келарди. Ҳаш-паш дегунча ана шу шовқин-суронлар билан уч йил ўтибди. Севдо галдаги меҳнат таътилига ариза ёзар экан, Навоийнинг Малик чўлида оиласи билан тарвуз-қовун етиштириб юрган Гулнора опасининг хўжалигига боришни дилига тугиб қўйди.
* * *
Адоқсиз дашту далалар… Чўлда кундузи қуёш қиздиргани билан офтоб ботар маҳал салқин шабада елиб дилга ором беради. Полиз ўртасидаги одмигина чайлада тортилган қамиш деворларнинг тирқишларидан эсаётган елнинг саси сибизғанинг куйини ёдга солади. Нега бунча мунгли? Нега бунча ҳазин? Нега бунча оромбахш?
Севдо офтобнинг ботишини узоқ кузатиб турди. Шу дам алвон қуёшни ғарқ пишган тарвузнинг бир палласига ўхшатиб, хаёлига кечган ўйдан бир жилмайиб қўйди. Беҳос нигоҳи тушган Гулнора опа синглисининг ўйчанлигидан бир нарсани уққандек бўлди.
– Нималарни хаёл сураяпсан, отамнинг Маллавойи? Йўқ-йўқ, савол беришда адашдим, чоғи, кимни хаёл сураяпсиз? – Бўрқситиб лой ўчоққа ўт қалаётган Гулнора опа гап тагидан гап отди.
– Опа, нималар дейсиз-а?! – Шафақнинг ранги Севдонинг юзларига кўчди. Кейин иккиси ҳам кулиб юборди.
Чирилдоқлар туннинг кўксини ёрай дейди. Ой ҳарир шуъласини оламга ёйган, юлдузлар жилваси тамомила ўзгача ҳисларни кўксингга тўкаётгандек туюлаверади. Ўқтин-ўқтин полизнинг узоқ-яқинидан чирсиллаган овоз эшитилади. Ширага тўйинган қовунлар тарс ёрилади. Неъматларини ширага тўйинтирган Эгам инсонни метин қилиб яратган. Одам дарду-ўйлари, ғаму ғуссаларини кўтариб умргузаронлик қилаверади…
Қовун-тарвузни дала бошида палакдан узиб ейишнинг гашти ўзгача бўлади. Кейинги куни Навбаҳорнинг Арабсойидан полизга меҳмонлар келадиган бўлди. Гулнора опа Севдони бир неча бор тергади: “Сочингни турмакла! Эгнингни тўғрила! Янги кўйлагингни кийиб ол!”. Қизгина лолу ҳайрон:
– Опа, дашту далада атлас кўйлак кийиб, қовун-тарвузга ўзимни кўрсатаманми? – Қаҳ-қаҳ отиб кулади Севдо.
Чайлага сув сепилиб жой ҳозирланди. Тупроқнинг иси димоққа хуш урилди. Пайкал оралаб уч йигит юриб келди. Севдо меҳмонларга ўчоқ бошидан ийманибгина салом берди. Меҳмонлар ҳол-авҳол сўрашиб чайлада чордона қурди.
– Севдо, чанқоқбосдига пайкалдан тилёрар тарвуздан олиб чиқ! – Гулнора опа жўрттага баралла овозда синглисига буйруқ берди.
Қизгина полиз оралаб кетди. Йигитлар бир-бирига кўз уриштириб жилмайди. Қоши, кўзу киприклари тим қора, сочлари жингалак, барваста йигит ўрнидан сапчиб турди:
– Қиз болани ёлғиз юбориб бўладими? – Кейин ўртоқларига кўз қисиб қўйди. Апил-тапил чанг қўнса ҳам оҳорини йўқотмаган пойабзалини оёққа илиб Севдонинг ортидан жўнади.
Севдо йигитнинг нигоҳларидан ниманидир уққандек бўлди. Унинг узун тим қора киприклари ҳаяжонини ошкор қилиб қўярди:
– Ғарқ пишган тарвузни хомидан қандай ажратасиз? – Йигит дабдурустдан савол берди.
– Мен деҳқон эмасман, таваккал, кўнглим буюрганини бандидан узиб оламан, – ажабланиб жавоб қайтарди қиз.
– Бир умр бирга яшайдиган турмуш ўртоғингизни ҳам таваккал танлайсизми?
Севдо гап нимада эканини энди тушуниб етди. Оёғи остидаги тарвузни шартта бандидан узиб олди-ю, чайла томонга илдам юрди. Йигит елдай келиб, қизнинг қўлидан тарвузни юлқиб олди:
– Бу сизга оғирлик қилади!
– Тарвуз сизнинг саволингиз олдида анчагина енгил, – Севдо йигитнинг кўзларига боқмай жавоб берди.
– Мен Ўктамми, десам, мендан ҳам гапларингиз анча ўктам экан. Ўктам Темировичман, танишайлик!
Севдо йигитнинг кўзларига бир қаради-ю ичида аллақандай тотли титроқни ҳис этди…
Ўша куни қиз полизнинг энг ширин тарвузини танлади…
Ўктам Бухоро педагогика институтини тамомлаб келиб, Навбаҳор туманидаги мактаблардан бирига она тили ва адабиёти фанидан дарс берар экан. Икки ёшнинг аҳду паймони билан барча тўйлар каби ҳали сарпоси, ҳали суруғи кам, деган ширин ташвишлари ортда қолиб, “дангир-дунгур” билан тўй бўлиб ўтди. Ўша паллада келинларга урф бўла бошлаган овропасон оқ либосда эмас, ял-ял товланиб, келинга кўрк берадиган ўзимизнинг султон атласда Севдо маликалардек келин бўлди. Оиланинг тўнғич фарзандига умр йўлдош бўлишнинг ҳам мазаси, ҳам масъулияти бўлади. Қолаверса, шаддодгина қизнинг бир кечада қаймоқдек қуюлиши осонми? Аммо Севдо ҳаётни англаган, ота-онасининг панду насиҳати, тарбиясини ўзига юқтирган, меҳнатдан, машаққатдан бўйин товламаган фарзанд эди. Арабсойда икки йил меҳрибон қайнота-қайнонасига хизмат қилди. Сўнгра Ўктам Темировичнинг иши вилоят халқ таълими бошқармасига кўчди-ю, ёш оила Навоий шаҳарда ижарада яшай бошлади. Ижара уйда кун кўриш, чўғ устида яшашдек гап! Ижара ҳақи, тўловлар… Севдонинг бағрида икки ёш боласи – Дилдора ва Расул… Ўктам кеча-ю кундуз меҳнат қилиб, ота-онасининг кўмаги билан амал-тақал бир хонали хонадон сотиб олишди. Сўнг бироз кўнгли тинган йигит болалигидаги орзусига эришаман, деб ички ишлар бўлимига ишга кириш учун ҳужжат топширди. Барваста, исми жисмига монанд ўктам йигитни кўп ўтмай Учқудуқ шаҳар ички ишлар бўлимига ишга қабул қилишди. Қизилқум гултожи – Учқудуқ ёш оила учун бағрини очди… Чўлми, боғу роғ, тоғу тошми, қайда илдизинг маҳкам тутса, шу ерда дарахтдай яшаб, яшнаб кетар экансан?!
Севдо Учқудуқда кўп қаватли уйларнинг бир хонадонига жойлашар экан, янги қўшниси Роҳатой опа, “хуш кўрдик”ка чиқди.
– Хуш келибсиз!
– Ассалому алайкум!
– Ва алайкум ассалом! Қаердансиз, келинжон?
– Самарқандданман. Навоий шаҳарда яшардик, иш юзасидан бир-икки йилга кўчиб келдик.
Роҳатой опа мийиғида кулди.
– Яхши, жоним болам. Мен Бухороданман. Биз ҳам бир-икки йил яшаймиз деб Учқудуққа келгандик, мана йигирма йилдирки, бу жойни ташлаб кетолмаяпмиз…
Ўша даврларда мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар барчанинг ҳаётига, оила-ю рўзғорларга из қолдираётган эди. Маошлар тортилар, чўғи камдек туюлар, ҳаёт юки ортилган аравани тортишда киши оқсарди. Қолаверса, Севдо Дилдора ва Расулни болалар боғчасига бериши зарур эди. Турмуш ўртоғи билан келишди-ю, билим юртидан олган дипломи ва меҳнат дафтарчасини қўлтиқлаб Тоғ-кон техникалари жиҳозларини таъмирлаш цехига борди. Кадрлар бўлими мутахассиси обдан ҳужжатларга қараб чиқди.
– Башорат Турсунова, сиз пармаловчи бўлиб ишлаганмисиз?
– Ҳа!
– Қиз бола бошингизга оғирлик қилмаганми?
– Йўқ!
Севдо қисқа фурсатда мазкур цехнинг фаол ишчисига айланди. Бегона жамоага тез сингиб кетди. Венера опа, Жулдуз, Шура опалар билан туғишгандек опа-сингилга айланди. Албатта, пармаловчи бўлиб ишлаш аёл киши учун оғир: саккиз соат ускунанинг олдида тик туриш, унинг қулоқни қоматга келтирадиган суронига бардош бериш, кечқурун уйда фарзандлар тарбияси, уй-рўзғор юмушларини бажариш кишини толиқтиради. Айниқса, болаларнинг шамоллаб, иситма қилган дамларида бу юк, хавотир янада ортар, баъзан “дод”, деб юборгиси келади. Шундай пайтда Ўктам Темирович Севдога далда бўлади.
2002 йилнинг бошида Шимолий кон бошқармаси кран бошқарувчилиги учун ўқув курсларини ташкил этди. Севдо ушбу олти ойлик ўқув курсида ўқиб тажриба орттиришни дилига тугди-да, машғулотларга қатнай бошлади. Саккиз соатлик иш вақти, ундан сўнг икки соатлик машғулотлар аёлдан сабр-матонат, ирода, куч-қувват, шижоат талаб қилди. У мақсадни мустаҳкам қилди. Тушлик дамларида бўш қолган кранларга яшириниб чиқар, вужудидаги ҳадикни енгиш учун баландликдан ерга боқар, руҳини тобларди. Ўтмаган кун, битмаган яра борми? Бари ортда қолди. Мана йигирма йилга яқин муддат бўлибдики, митти инсоннинг ақлу закоси билан бунёд бўлган улкан ғаройиб темир махлуқот унинг дўсти, сирдошига айланди. “Шарқий” кон бўлинмасига келадиган бурғуловчи ускуналарни тузатади, вагонларга ортади, туширади. Улкан булдозер ва эксковаторларни жамлайди. Биз у ноёб техникаларнинг суратини кўрганмиз, холос. Каръерда кеча-кундуз тиним билмай ишлайдиган бу темир махлуқларнинг ҳар бири етти вагонга жой бўлади. Қизилқум бағридан маъданга бой тошу тупроқларни кавлаб, юк машиналарга жойлайди, улкан тоғ қилиб уяди.
Севдо ўз ишининг ҳадисини олган, ҳайиқмайди, жасорат билан меҳнат қилади. Эл-юрт корига яраётганини кўз-кўз қилмайди. Оқ кўйлак, қора юпкада ишга келмайди. Нозик кафтларини бошқарув тутқичлари қадоқ қилиб юборганини оламга жарияламайди.
* * *
– Меҳнатинг жуда оғирда, болам, – дейди Сабоҳат опа Севдонинг пешонасидан ўпар экан. – Йўл узоқ, сал дам олишга имконинг бўлса, ҳориб мени кўргани келасан-а… Шунинг учун айтаманда:
“Бир қизим қошимда-ю,
ўзи Қаршида,
Бир қизим Қаршида-ю,
ўзи қошимда”.
Севдо онасининг сўнгги кунларигача вақт топди дегунча ёнига ошиқди. Онаизорни ўғлим йўқ, деб ўксинмасин, деди.
Ҳаёт ўз ҳукмини айтаверади. Инсон олтинмиди, зеб берса яшнаверадиган. Қарийди, қартаяди, кейин эса чиптачидек паттани қўлга тутқазиб равона қилади. Ота-онасидан кейин Севдо ишга янада қаттиқ боғланди. Турмуш ўртоғи билан фарзандларининг таълим тарбиясига катта эътибор қаратди. Қизи Дилдора тиббиёт коллежини тамомлади. Сухсурдек қиз бўлди, эшик қоқиб келувчиларнинг кети узилмади. Бир куни бахт дарвозаси ланг очилди. Отабек Кумушга кўнгил боғлаганидек, Дилдоранинг Отабеги уни севди, ардоқлади. Яшасам, сен-ла яшайман, ўлсам, сен-ла ўламан, деди. Олийгоҳда бирга таҳсил оламиз, Қизилқумнинг сиру синоатларини очамиз, саҳрони бўстон, юртни гулистон қиламиз деб аҳду паймон қилди. Оқ ҳарир либосда келин қилиб олиб кетди. Ҳокисор онаизор Севдонинг севинч ёшлари қалқиди. Кўп ўтмай яна севинди: Дилдора “юк” кўтарибди. Яна қувонди: қизи ва куёви Навоий давлат кончилик институтига ҳужжат топширибди… Бир куни барча шодликларингни юлиб олса, кўнглингни нимталаса, улкан синовларни бошингга парвона айласа, яшатиб ўлдирса, ичингга ўт кетса, киприкларинг ёш кўрмай йиғлар экансан.
Институтга кириш имтиҳонларини топшириш учун йўлга чиққан етти ойлик келин-куёв – Отабек ва Дилдора мудҳиш автоҳалокатга учраб нобуд бўлибди, деган хабар еру кўкни ларзага солди. Қизилқум бошдан то адоқ ловуллаб ёнди. Олам бир тутам бўлиб қолди, Севдо кукунга айланди…
Энг аччиқ малҳам ҳам, энг тотли малҳам ҳам вақт экан. Юпанч ҳам, далда ҳам вақт экан. Одамга берилган ирода, бардош Севдо бошқараётган эллик тонналик улкан темир махлуқотда ҳам йўқ экан. Ҳаёт экан, тақдир экан… Наилож?! Севдо ҳамон бир куни Дилдора Отабек билан остона ҳатлаб кириб келади деган ўй билан яшайди…
Саҳрода ҳам баҳор ўзгача тароват билан келади. Саксовуллар, юлғунлар куртак ёзади. Қовжираган чўл майсалари ўрнида яна яшиллик югуради. Ҳаёт уйғонади, умр жонланади. Севдо ва Ўктам ака меҳнати эвазига олган замонавий услубда қад ростлаган намунали ҳовли-жойида қувонч қулоч ёзади. Севдонинг қабатида, “Шарқий” кон бўлинмасида бурғуловчи бўлиб ишлаётган ўғли Расулжонга муносиб ёр, қайнона-қайнотага суюкли келиннинг чеҳрасидан бахт уфуради… Ўктам Темирович маҳалла раиси сифатида тонгдан идорага шошади. Севдо эса туя ўркачидек сунъий тоғлар оралаб, олис-олисдан чорлаб турган бир кўзли дев дўсти билан диллашгани йўлга тушади…
* * *
Мухбир Шимолий кон бошқармасининг “Шарқий” кон бўлинмаси кран бошқарувчиси Башорат Турсуновага сўнгги саволини берди:
– Севдо Хўжамовна, касбингиз тақозоси билан кун давомида осмон ва ер қаршисида гўё муаллақ, кабинада ёлғиз ишлайсиз. Бўш қолган дамларингизда хаёлингиздан нима кечади?
– Осмон Ерга бунчалар яқин, деган ўй кечади. Дарҳақиқат, Осмон Ерга яқин…
Севдонинг кўзларида ёш қалқийди. Бу кўз ёшларда барчаси қоришиқ: армон ва изтироблар, шодлигу шукроналик…
* * *
Менинг эса дастлаб хаёлимга келган ўй — аёл кишининг кран бошқаришини тасаввур қилолмаганим ҳақидаги хаёл Башорат Турсунова ҳаёти, матонатли бу самимий аёл ҳақидаги билганларимдан сўнг унга аҳамиятли бўлмай қолган эди. Биз билган, билмаган қандай тақдирлар, замондошларимиз борлиги ҳақида ўйлар эдим…
Фахриддин ҲАЙИТ