Бугуннинг эртаси бор

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

ёзувчи Олим Тошбоев билан суҳбат

 

“Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?

Номусми, виждон била имонми керакдир?”.

Фитратнинг юрт қайғусида битган ушбу мисраларини суҳбатимизга муқаддима сифатида танладик. Зеро, чин ватан севгиси пок эътиқод, номус ва шаън ила камол топгусидир.   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари номзоди Олим Тош­боев кейинги йилларда матбуотда Ўзбекистонимизнинг яқин тарихи, адабиёти, хусусан, собиқ иттифоқ давридаги жиловланган маънавий муҳит ҳақида публицистик мақолалар эълон қилиб келаётган ижодкорлардан. Газета-журналларда бир неча ҳи­коялари эълон қилингач, узоқ йиллар бадиий асари билан кўзга ташланмаган ёзувчининг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ултонтоз” романи нашр этилди. Улкан маънавий меросимиз бўлган “Алпомиш” достонида Ултонтоз эл-юрт бошига кулфат келтирган, номард ва нодон ҳукмдор сифатида тасвирланган. “Ултонтоз” романи эса йигирманчи асрда халқимиз бошдан кечирган воқеаларнинг бадиий талқини сифатида ўқувчилар эътиборини қозонди. Ёзувчи билан кейинги йилларда юртимизда кечаётган маънавий-маърифий ўзгаришлар, миллат ва шахс тарбиясидаги муҳим мезонлар ҳақида суҳбатлашдик.  

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳаётимизнинг ҳар бир кунида қилиниши керак бўлган руҳий-маънавий вазифаларни белгилаб берди десак, хато бўлмайди. Ўтган йили нишонланган адабиёт ва маънавият байрамларида туҳфа этилган китобларнинг ўзи битта китоб жавонимизни тўлдирди. Бу ўзига хос катта тайёргарлик, улкан режалар замирида Шахс камолоти, жамиятимиз ривожи билан чамбарчас боғлиқ бўлган залворли қадамлар бор. Шундай эмасми?

– Мухтасархон, келинг, сўзимни саволингизнинг охирги қисмидан бошласам. Кўпчилик Абу Наср Форобий номини эшитган чиқар. Бу улуғ зот Афлотун, Арасту асарларини шарҳлаб, китоблар битган.

Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари баъзилар ўйлагандай хаёлот меваси эмас. Камолот сари интилган ҳар бир инсон учун “йўл харитаси”. Шахс ким? Маънан ва ахлоқан баркамол одам. Шахс камолоти тил ва адабиёт билан боғлиқ. Кўпинча ҳазрат Навоий меросини ўрганиш деган гап оғзимизнинг бир четидан осонгина чиқиб кетади. Лекин елкамизда қандай улкан юк борлигини тўла тасаввур этолмаяпмиз.

Академик Азизхон Қаюмов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) бир суҳбатларида Алишер Навоийнинг қуйидаги фикрларини айтиб берган эди: “Менинг уч тоифа ўқувчим бор. Биринчиси, ғазалларимни ўқийди ва англайди. Улар омон бўлсинлар. Иккинчи бир тоифа бор. Шеърларимни ўқийди, аммо маъносини тушунмайди. Улар ҳам омон бўлсин. Учинчи тоифа ўқувчиларим эса ёзганларимни ўқимайди-ю, аммо номимни айтиб мақтаниб юради. Улар ҳам омон бўлсин”.

Сўнгги юз йилда туғилган авлоднинг кўпчилиги учинчи тоифага мансублигини тан олишимиз керак.

Профессор Нурбой Жаб­боров “Шарқ Ислом адабиёти шаклни ҳам, вазнни ҳам, ижодий концеп­цияни ҳам Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардан олган” деб ёзади. Ўтган аср бошларида ўтказилган алифбо сиёсати оқибатида мумтоз адабиётимиздан, Ислом маърифатидан “бақо гули”нинг ҳиди ҳам етмайдиган даражада олислаб кетдик. Биз шахслар жамиятини барпо этишни кўзлаган эканмиз тилимизни, сўзлар қатидаги ўзлигимизни яхшилаб ўрганайлик. Олдин ҳам бу ҳақда ёзган эдим. Аждодлар ва авлодларни яқинлаштиришнинг биргина йўли бор. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни мутлақо янгича мезонлар асосида тузиш лозим. У ҳақиқий маънода она тилимизнинг бойлигини намоён этолсин. Янги луғат Маҳмуд Қошғарий замонидан бизнинг кунларгача бўлган даврни тўла қамраб олиши шарт. У уч манбага – “Девону луғоти-т-турк”, Э.Фозилов тузган “Алишер Навоий асарлари луғати” ва тамомила қайта тайёрланадиган “Ўзбек халқ шевалари луғати”га асосланиши керак. Бу улкан ва мураккаб ишни биргина Тил ва адабиёт институти зиммасига юклаш тўғри эмас. Рес­публикамизда салкам ўн мингта мактаб, ҳар бир мактабда икки-уч нафардан она тили ва адабиёт муаллими бор. Халқ таълими вазирлиги жуда кўп ташаббус кўрсатиб келаётганини биламиз. Вазирлик бу гал “Ҳар бир ўзбек мактабидаги тилчилар ўз қишлоғи, маҳалла ва овулига хос сўзларни йиғсин”, дея ташаббус билан чиқса. Бу ташаб­бусни юртимизда очилган ижод мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам қўллаб-қувватласа…

 – Жадид боболаримиз тарихига назар ташласак, улар ислом маърифатига катта эътибор қаратганларининг гувоҳи бўламиз. Инсон қайси соҳада фаолият олиб бормасин унинг руҳиятини маҳкам тутиб тургувчи устун – бу унинг эътиқодидир. Бугун иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳалардаги бўшлиқларнинг барчаси эътиқод сустлашуви эвазига пайдо бўлмаганмикан…

– Синглим, “эътиқод” “имон”нинг синоними десам қўшиласизми? Содда қилиб тушунтирганда, эътиқод одамнинг маънавий умуртқаси. Умуртқаси йўқ одамни тасаввур этиб кўринг. Эътиқодсиз одамнинг Биру борга ишончи бўлмайди. Ислом – бу ҳаётимиз. Расул­уллоҳ (с.а.в), “Илм олмоқ ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир”, деган. “Суннат-де…” дея соқолига маҳлиё йигитчалар ҳеч бўлмаса мана шу ҳадисни ўқиб қўйсалар яхши бўларди. Мужтаҳид олимлар баъзи суннатларни қилмаслик ҳам суннат дейишади. Ақида илми болаларимизга мактаб ёшидан сингдирилганида эди, жамиятимиздаги ўргимчак тўри – коррупция балои азимга айланмаган бўлармиди… Бировнинг ҳақидан ҳазар қилган мурғак қалб амал курсисига ўтирганида ҳам мусулмон биродарининг моли ҳаром эканини унутмайди. Эрк ва маърифат дея майдонга чиққан жадидларнинг мақсади жаҳолат ботқоғига ботган мусулмон жамиятни ислоҳ этиш эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий давридан юз йил ўтиб-ўтмай, ўз қўлларимиз ила ўзимизни таҳликага отганимиз эвазига “бизни кемиргувчи иллатлар” ўн баробар кўпайди. Биргина тўй масаласи бутун бир тизимга эга мафкура даражасига чиқди. Яқинда қўшнимизникида тўй бўлди. Нақшинкор арк кўринишидаги кўчма устунларга тилларанг занжир ила маҳкамланган тахтачага катта-катта ҳарфлар билан “WEDDING DAY” (“Тўй куни”) деб ёзиб қўйишибди. Ў, соққа деса сонини кесиб беришга тайёр окалар, бу асосан ўзбеклар, мусулмонлар яшайдиган қадимий Чоштепа бўлса, инглизча битикдан нима маъни? Ахир, бирорта лондонлик ёки техаслик маҳалламиздан уй сотиб олганда ҳам тушуниш мумкин эди. Шунга ўхшаш манзарани ёзда Бандихонда ҳам кўриб эдим. Одмигина ошхона пештоқига “Мы открылись” деб ёзиб қўйишибди. Саратонда соя топилмайдиган лалмида ғайримиллат, ғайридин уруғликкаям йўқ. Лекин… Тоза қилиқбоз бўп кетмаяпмизми?! Ҳурматли психолог олимларимизга биргина илтимосим бор: ҳамкасблар, тадқиқ қилган бўлсаларингиз очиғини айтинг. Ўзбек қандай халқ?! Унинг феъл-хўйи қай хил унсурлардан ташкил топган? Ўзбеклигидан, қадриятларидан ор қиладиганлар қаёқдан пайдо бўляпти?..

Жамиятимиз оёғига тушов бўлаётган яна бир иллат бор. Буни жадидларимиз “жаҳли мураккаб” деган. Билмайдиган ва билмасликларига иқрор ҳам бўлмайдиганлар ана шу тоифага киради. “Жаҳли мураккаб” отига минган номуносиб ишбошилар халқнинг бошига қиёмат солиб, давлат ва сиёсатга қарши қайрайди.

 – “Ултонтоз” романини ёзишга сизни қандай маънавий эҳтиёж ва саволлар мажбур қилди? Изланишлар жараёнида эски ва янги тарихимизнинг қандай чигал­ликларига дуч келдингиз?

– Аввало, романни ўқиётган, фикр-мулоҳаза айтаётган юртдош­ларимга, адабиёт мухлисларига миннатдорлик билдираман. Асар ўз-ўзидан, стихияли тарзда туғилган эмас. Кўпчиликнинг хабари бор, устоз Шукур Холмирзаевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида “Абадий замондош” китобимни ёзиш жараёнида Сурхондарё вилоят газетаси, Бойсун туман газетасининг 30-йиллардаги тахламларини синчиклаб ўргандим. Марказий нашрлар, тарихий-илмий манбаларни кўрдим. Мана шу ўрганишлар натижасида юртимиз, халқимиз қандай даврларни бошдан кечирди. Нега бунча тазйиқ. Нега бунча туҳмат-маломат, қирғин. Хиёнат, сотқинлик… Биз қачондан бошлаб айниб кетдик? Йўқотишларимиз, парокандаликларимиз ҳар қандай одамни изтиробга солади. Шўро қандай устомонлик билан амалга оширган, деган саволларга жавоб излаш асносида шу асар туғилди. Биласизми, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан бошланган ниҳоятда уятли, аянчли тарих билан аср бошидаги тарих моҳиятан ўхшаш. Тақдирлар, қирғинлар бир-бирига жуда уйғун. Романдаги қаҳрамонлар тўқима эмас. Реал воқеа-ҳодисаларни бадиий акс эттиришга интилдим. Яқин тарихдан нималар топдингиз, деган саволга жавоб беришга қийналаман. Очиғи, баъзи нуқталар менга ниҳоятда ёмон таъсир этди. Ёлғон жамият, ёлғон ҳаёт, ёлғон турмуш, ёлғон байроқ, ёлғон эътиқод ва буларни одамлар бир-бирининг кўзига шундай тик қараб, киприк қоқмасдан, шундай бўлиши керак деб қабул қилиши барча мағлубиятларимиз дояси экан.

Биз охирги юз йилликларда нимаики йўқотган, улоқиб-адашган бўлсак, бош сабаби ёлғон, риё, мунофиқлик. “Мўмин киши бир кавакдан илон икки марта чақишига йўл қўймайди”, деган ҳикмат бор. Мана шу фикрни мағзини чақиб кўрмаймиз.

 – Суҳбатларингизнинг бирида “Зиёлиларимиз зиммасида истеъдодли бўлиш билан бирга журъатли бўлиш масъулияти ҳам бор”, деган эдингиз. Афсус­ки, бугунги кунда ўз қобиғига ўралиб олган ижодкорлар ҳам кам эмас. Шундай улкан ўзгаришлар кечаётган, асрлар давомида ҳал этилмай келинаётган катта муаммолар ечимига жавоб изланаётган айни паллада уларнинг бу “принцип”лари қай даражада ўзини оқлайди?

– Жамиятнинг равиш-рафтори зиёлилар тафаккур тарзи, ўй-хаёл­ларида акс этади. Турмуш манзарасини билмоқчи бўлсак яратилаётган адабий, илмий, публицистик асарларни бир қур ўқиш кифоя. Бу халқ истеъдодларга бой. Лекин, кўнглингиз хотиржам бўлсин. Халқнинг абгор бўлган турмушини ўнглайман, увада маънавиятини тиклайман деган жасорат соҳиблари доим саноқли бўлган. Ана шу жасоратдан Худо айирмасин. Эскиларнинг бир гапи бор: тил тагида тил бўлмаслиги керак. Юз битта бўлиши керак. Ҳаётий ва ижодий принциплари ўзга-ўзга ижодкорлар ҳамма замонда топилади… Президентимиз айтганидек, “лик-лик” қилиб унвон олган қўшиқчиларга кўтар-кўтар билан қўлдан ясалган “классиклар” қўштақим эди. Бугун улар номини кеча қулоч-қулоч мақола ёзган адабиётшуносларимиз ҳам хижолат бўлиб эслайди.

Журъатли етакчига, жасур ижодкорларга халқ таассуб қилиб, эргашиб кетади. Омма журъатли кучга айланади. Чин зиёли табиатан мухолиф бўлади. Чунки унинг қалбида ҳамиша муқобил фикр, қараш, ғоя яширинган. Зиёлилар ҳаётини тадқиқ этиш орқали мафкура, сиёсатнинг истиқболи ҳақида аниқ ташхис қўйиш мумкин. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари АҚШда рўй берган иқтисодий-молиявий инқироз ҳақида Томас Вульфнинг “Уйга қайтиш йўқ” деган романи бор. Адиб жамият ҳаётининг барча мураккабликларини зиёлилар ҳаёти мисолида очиб берган.

Яхши ва ёмон амалларни кўрсатиб турувчи кўзгу бу шубҳасиз – фикр. Жамиятда тафаккур қилувчиларнинг кўпайиши умумий савияни оширади деймиз. Аммо сўнгги чорак аср мобайнида биз халқни китобдан, адабиётдан, маърифатдан онгли равишда йироқлаштириш сиёсатини олиб бордик. Чунки сиёсат дарғалари адабиёт жамиятни уйғотувчи куч эканини, ижодкор зиёлилар халқ кўзини очиши мумкинлигини жуда яхши англар эди. Узоқ йиллик маънавий-руҳий таъқиб-таз­йиқдан, “қора рўйхат”лардан юрагини олдирган зиёлиларнинг бирданига фаол бўлиб кетиши қийин. “Хонашер, майдонғариблик” қонимизда бор. Яратганга шукрлар бўлсинки, кейинги беш-олти йилда кўп нарса ўзгарди. Ижод, меҳнат бор. Яқинда бир китоб тақдимотида қатнашишимга тўғри келди. Дуппа-дуруст қаламкашлар адабий мардикорлар ҳашар қилиб ёзган китобни қўлига қалам тутмаган одам номига нисбат бериб шунақа ҳамду сано ўқишдики, ҳайронлар қолдим. Ёши етмишдан ошган ижодкор зиёлиларнинг кимўзарга мунофиқлик қилиши жудаям хунук кўринди. Ёшлар мана шундай ёлғонлар қурбонига айланмаслиги лозим.

 –Ҳозирги кунда журналист кадрларни тайёрлашда қандай муаммолар мавжуд? Олий таълимга бугунги кун нафасини олиб кириш учун нималар қилиш зарур деб ўйлайсиз?

– Журналистика – бу ҳаёт. Ҳар куни янгиланаётган давр, жамият журналист зиммасига янги-янги вазифалар қўймоқда. Уни ҳис этиш учун қобилият керак. Алоҳида журналис­тик қобилияти бор йигит-қизларни тўрт йил бакалавр, икки йил магистр сифатида банд этиш шартми? Бир йилдан чегириб ташласак уларнинг ҳақига хиё­нат этган бўламизми? Мутахассислик фанларни биринчи курсдан тизимли равишда ўргана бошлаган талабанинг иккинчи курсдан таҳририятлар, телерадио­каналлар, ахборот хизматлари ва агентликларга бириктирилиши қаламни чархлашдан ташқари, журналист бўлиб шаклланишига беқиёс таъсир кўрсатади. Шу кеча-кундуздаги жиддий муаммо ижодий имтиҳон бекор қилингандан сўнг бўй кўрсатди. Кундузги, сиртқи бўлимда ўқиётган талабалар билан ўзаро мулоқотларда шу нарса аён бўладики, сиртқидагиларнинг бирортаси на таҳририят, на сайт, на телерадиоканалда ишлайди. Журналист ким, матбуот нима, мақола қандай ёзилади – тасавввур ноль! Газета-журналлар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Ҳар ўнтадан бири бадиий китоб ўқир экан, холос.

Яқин йилларгача олий ўқув юртларидан сифатдан бошқа ҳамма нарса сўралган. Ким қандай дарс ўтяпти, деган савол бировни қизиқтирмаган. Мана, сўнгги вақтларда олий таълимда муаллимнинг савияси, дарс сифатига жиддий эътибор қаратилаётибди. Ўтган йил 24 декабрь куни Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мус­тақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мус­тақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Университетлар мустақиллиги – рақобат дегани. Рақобат эса илм-фанни ривожлантиради. Шу ўринда бир таклифимни айтиб ўтай. Таниқли ижодкор зиёлилар, олимларнинг вилоятлардаги олий ўқув юртларига бориб маъруза ва маҳорат дарслари ўтишини йўлга қўйиш керак. Бу усул илм-зиёга чанқоқ ўн саккиз-ўн тўққиз яшар йигит-қиз учун янги дунёлар очишига ишончим комил. Устоз-шогирд анъанаси, аслида, шу эмасми?

 – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 6 =