Ерники ерга, сувники сувга…

Исажон Султон,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Муаллиф ҳақида:

Исажон СУЛТОН — 1967 йили Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Авазбой қишлоғида туғилган. Тош­ДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган (1990). Ёзувчининг дастлаб “Муножот” (1990), “Ойдинбулоқ” (1995) каби китоблари нашр этилган ва китобхонлар эътиборига сазовор бўлган.

Кейинги йилларда “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Генетик”, “Билга Хоқон”, “Алишер Навоий” сингари романлари чоп этилган.

Ж.Нерунинг “Ҳиндистон” китобининг “Бобур” қисмини, Д.Буццати, Р.Акутагава, У.Сайфиддин каби жаҳон адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Адиб 2014 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” ҳамда 2021 йил “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирланган.

 

Ерники ерга, сувники сувга…

(Ҳикоя)

 

Бунақа воқеалар ҳозир юз бермайди. Рўй берганлариям тарихнинг қай бир бурчида қолиб кетган дейдилар.

Яна айтишадики, “Ҳой, ҳушёр бўлинглар! Еб-ичганларингиз тупроққа кетади, берганларингиз ўзингизга қолади”.

Шунақа деймиз-у…

Тоғ этакларида бир авлиё яшарди.

Авлиё дейишгани билан кароматини биров кўрмаган. Ҳеч кими йўқ, қавму қариндоши тугул, ёшиям номаълум, аммо кечалари гоҳида ўша томонга тунги самодан бир тутам шуъла тушгани ё учар юлдуз қуйига ингани кўриниб қоларди. “Авлиёмиз малоикалар билан суҳбатлашяпти”, де­йишарди кишилар.

Тавба, авлиё улар билан нималарни гаплашар экан?

Самоларда буржларнинг сурилишини, сайёралар ҳаракатини, ойнинг ҳилолдан тўлинга ўзгаришларини томоша қилар? Мангу зулматлар аро нурдай кезар? Тунни тонгга, тонгни тунга ўралишини кузатар? Булар кишига қандай завқ ато этишини билиш қийин, бироқ, авлиёлар одамлар орасида яшашни хушламасликлари бор гап. Эрталаблари нон ёпадиган, кўча-кўй супурадиган, мол-ҳолини бозорга обориб сотадиган, ош пишириб ейдиган ҳамда ҳар турли бўлар-бўлмас гап­ларни гапириб ўтиришни хуш кўрадиганлар билан унинг ҳаёти орасидаги фарқ қанақа экан?

Ана шундайлардан бири — Абдусамад деган киши, бир куни бағрини ерга бериб ётиб, роса ўйланди. Болалар катта бўлишяпти. Рўзғор ниҳоятда юпун. Шу дамга қадар жонини жабборга бериб меҳнатлар қилдию бири икки бўлмади. Ҳар куни шу — меҳнату заҳмат.

Авлиёнинг ризқи эса ўз-ўзидан келармиш. Бир-иккита қўйлариям бормиш. Уларга биров қарашиниям кераги йўқмиш, ўзи ўтлаб, ўзи кўпайиб юраверармиш. Бўри-шоқол яқин йўламасмиш, мабодо бир-иккитаси адашиб келиб қолса, бир нимага дуч келгандай тирақайлаб қочармиш. Ҳар ҳолда, кўзга кўринмас нимадир уларни ваҳшийлардан қўриқлаб турармиш.

Киройи ҳаёт деганлари ана шунақа бўлса-да.

Абдусамад ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят “Уям, менам Худонинг бандасимиз-ку” деди. “Унга берганларини менга бермасинми?”

“Сўрайдиганларим ниҳоятда оз. Бир озгина сарват бўлса бас, қолганини ўзим эплаб кетаман”.

“Ҳа, чиқмаган жондан умид, бориб кўраверай-чи. Бўлса бўлди, бўлмаса йўқ-да, нима йўқотардим?” деб этагини қоқиб ўрнидан туриб, йўлга равона бўлди.

Анчадан сўнг авлиё кулбасига етиб борди. Авлиё бир тутамгина бўлиб қолган ниҳоятда хоксор бир чол экан.

Абдусамаднинг мақсадини эшитиб, бош силкиди.

– Тошбақа боласини от ёли билан тушовлайсиз, – деди. – Унга сомон парчасини бойлайсизу мен айтган дуоларни ўқийсиз. Иншаллоҳ, тилагингиз рўёбга чиқади. Аммо бир шарти бор!

– Қанақа шарт бўлса розиман!

– Қишлоқдаги бултур сел оқизиб кетган кўприк ўрнига янгисини солиб берасиз!

– Биттамас, ўнта бўлсаям қураман!

– Унда майли, – деб, авлиё ота дуо қилди.

Абдусамад севиниб уйига қайтди.

Уч-тўрт кун излаб, даштдан тошбақа боласини топиб келди, нариги қишлоқда бир отжаллоб борийди, ўшанга бориб, отининг ёлидан бир тутамини сўраб олди. Отжаллоблар от ёлини кестиришмайди дейишарди, рост экан, анча тихирлик қилди-ю, ниҳоят кўнди. Сомон эса ҳар ерда сочилиб ётибди, атай узун, синмаганларидан танлаб олди. Барини муҳайё қилгач, хотинига “Биров сўраб келса мени уйда йўқ дейсан” деб тайинлаб, кулбасига кириб, авлиёнинг айтганларини адо этди. Тошбақа боласини тушовлади, сомон парчасини қил билан бойлаб устига қўйган эди, жонивор оҳиста айлана бошлади. Абдусамад эса авлиё айтган дуоларни ўқиб ўтирди.

Нимадир рўй берармикин? Мужда қайдан қай тарз келаркан?

Бир-икки кун ўтса-да, мўъжизадан дарак йўқ эди. Жума куни аср вақтида хотини биров чақириб келганини айтди. Чопонини елкасига ташлаб кўчага чиқса, ўзи тенги бир киши турибди. Юзига ғалати ғўддалар тошган, худди тошбақа косасига ўхшайди.

– Абдусамад ака сизмисиз?

– Ҳа, менман.

– Шуни бериб қўйгин, дейишди, – деди у илжайиб.

Ёнида сомон парчасидай узун, озғин бир киши ҳам турарди. От қилидан эшилган узун қамчиси ҳам бор экан. Уям илжайди.

– Ким? Авлиё отами?

– Йўқ, авлиё ота ким? – дейишди улар. – Унақа кишини танимаймиз.

– Уйга кирмайсизларми?

– Раҳмат, борақолайлик, ишимиз кўп. Ҳали яна кўришиб қоламиз, Худо хоҳласа, – деди “сомон парчаси” баттар илжайиб.

Абдусамад улар билан хайрлашиб, хуржунни уйига опкириб кўзини очса… “Ё қудратингдан!” деворди.

Хуржуннинг иккала кўзиям тўла олтин эди.

* * *

Абдусамад бозорга бориб, яхши от сотиб олди. Қулинг ўргилсин гижинглаган бедовнинг юнги чиройли товланар эди.

Уйига усталарни чорлади. Усталар туну кун ишлашди. Йил ўтиб ўтмай, эски чолдевор ўрнида кўркам иморат барпо бўлди.

Теричига, маточига бориб либослар тиктирди. Чорва қилди, чорваси уч тур: отари, подаси ҳамда йилқиси борийди. Боғ сотиб олди. Олма, анор, узум кўкартирди. Ёғоч усталарини чақириб, сел олиб кетган жарлик устига бир кўприк қуришни буюрди. Усталар ҳам суюна-суюна ишни бошлаб юборишди.

Хуржуннинг бир кўзи ярим ҳам бўлмади.

Шунга қарамай, тиллаларнинг камайиб қолаётгани кўнглини хижил қиларди: ҳаш-паш дегунча бир кўзи бўшаса, иккинчи кўзидагиси ҳам тезда тугар? Кейин нима қиламан?

Кўприк иши негадир сурилгандан сурилаверди. Гоҳ уста келмай қолади, гоҳ айтилган ёғоч топилмайди, гоҳ темирчи ғойиб бўпқолади. Бунинг устига, униси ундай маслаҳат беради, буниси бундай. Силлиқ битаётган ишлар шу кўприкка келганда оқсайверади. Тавба… Вақт ўта-ўта, Абдусамаднинг ҳафсаласи пир бўлди: бу одамларга кўприк қуриб бераман десаму ўзларини тарозига солишларини кўр, деди ҳайфи келиб. Аслида, менда гуноҳ қолмади! Мана, ҳафсала билан керакли пулини бердим, кишиларнинг ўзлари эплашолмаяпти. Шуни қилмасам нима? Шунча жон куйдирдим, ана, керак бўлса, ўзлари қуриб олаверишмайдими? Бу инсофсизларга ялина-ялина эсим кетди…

Шундай деб, Абдусамад усталарга ўйлаганларини айтди. “У-бу керак бўлса, бориб уйимдан сўрарсизлар, бу ишни ортидан чопгани вақтим ҳам, истагим ҳам йўқ” деди. Уларни роса маломат қилди. Усталар қизариб-бўзариб туришарди. “Хўп” дейишган бўлса-да, кўприк учун бир нима сўраб келишмади, ҳаммаси чалалигича қолиб кетаверди.

“Керак бўлса келасан-да” деди Абдусамад. Аммо биров келмади.

Йиллар ўтаверди.

* * *

Ҳа, йиллар ўтди. Абдусамад қариди.

Муҳташам отига минай деса, тургани мажоли йўқ. Ноз-неъмат тановул қилай деса, вужуд истамайди. Тана деган от бўйсунмай қўйгач, эгаси нимаям қиларди?

Фақат, руҳи соғлом. Ўй суришдан бошқага ярамайди. Манзаралар бир-бир кўз олдидан ўтади.

Тавба, иморатлар қурди-ю, кезгани мажоли йўқ.

Шоҳона зиёфатлар тузди, бироқ халқнинг айт­гани бўлди: ерники ерга, сувники сувга кетди… Яна бир ўзи сўппайиб қолаверди.

“Ҳа, ҳаммаси рост экан”, деди кейин. Қани, бир гап бўлар.

“Ўзим ҳам пишиб қолдим шекилли” деди. Хавотирланиб ўғил- қизларини, куёвларини йиғди, ўйлаганларини бир-бир тушунтирди.

Ҳамма билиб турарди – ота умри тугаганини сезиб, сарватларини маълум қилиб қўяётир.

– Анча йил яшадим, – деди Абдусамад чол. – Давримда ўйнаб-кулдингиз, бир нимага зориқмадингиз.

– Келажагингизни ҳам ўйлаб қўйганман, – деди қийналиб нафас олиб.– Хуржуннинг битта кўзи тўла турибди. Оғилхонага кирсангиз, чапдан иккинчи устун тагидаги ўрага кўмиб қўйганман. Фақат сиздан бир тилагим: қишлоқдан чиқишда чала кўприк бор, ўшани битирсангиз бас.

Болалар “Қўйинг, ота, унақа гапирманг”, дейишди.

– Шу… бир кўприк… – деди аранг. – Кўзим… очиқ кетмасин… Кўприк қуринглар…

– Албатта, отажон, хотиржам бўлинг! — де­йишди болалари-ю куёвлари бир овоздан. – Биттамас, ўнта бўлсаям қурамиз!

– Қани, юринг-чи, – деди тўнғич ўғил, куёвга қараб. Икковлон кетмон олиб, оғилхона томон йўналишди.

Иккинчи устун остида ростдан ҳам кичкина ўрача бор экан. У ердаги тери хуржунни олиб, туп­роғини қоқишди. Кейин ота ётган уйга олиб киришди.

– Мана, ота, олиб келдик.

– Очиб… қаранглар… – шивирлади Абдусамад чол.

Болалар хуржун кўзини очиб, ҳайрон бўлиб қолишди.

Нимани кўришди?

От қили… ўлик тошбақа боласи… сомон парчаси…

Шу, холос.

* * *

– Ҳой яхшилар, Абдусамад бува қанақа одам эди?

– Яхши одам эди! Элга бир кўприк қураман деб анча уринди, қуролмади. Жойи жаннатда бўлсин!

Абдусамад бувани шу тариқа тупроққа бердилар.

Издиҳом орасида икки нотаниш киши ҳам бор эди: бирининг юзи тошбақа косаси каби ғўддали, иккинчиси эса сомон парчаси каби узун, озғиндан келган сариқ одам.

Эл:

– Жойи жаннатда бўлсин, овмин! – деганида, ўша нотанишлар ҳам дуога қўл очишди.

Фақат, уларнинг дуоси бошқача эди:

– Еб-ичганлари тупроққа кетсин, берганлари ўзига қолсин! Овмин, Аллоҳу акбар!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − five =