Шоирга мактуб: Ҳадсиз ҳайратлар

Ассалому алайкум! Ҳурматли Сирожиддин Саййид!

Яширмайман, илмий ишим тақозосидан 4 жилд­лик китобларингиз жавонимда. 1-жилд қўлимда. Ижодингизга бўлган қизиқишим устунлик қилиб илмий адабиётларни бир чеккага суриб қўйиб сайланмаларингизни бир-бир варақладим. Cўзбошида Озод домланинг сиз ҳақингиздаги фикрларини синчиклаб ўқийман. Шундай улуғ мунаққиднинг сиз ҳақингизда айтган илиқ фикрлари менинг қизиқишим ва ҳайратларимни янада оширади. Кейин шеър­ларингизни ўқий бошлайман. “Ватан меҳри” шеърингиз ила бошланган саҳифалар жилоланиб сўздан сўзга кўчиб боради. Ҳар бир шеърингизда Сурхоннинг, Кундажувознинг табиати, ҳайвоноти, дарахтлари, ўчоқлари, ўтинлари… ҳар бир чизгилари кўз олдимда гавдаланади. Сатрларингиздаги болаликнинг ўтлиғ хотиралари ила сизга қўшилиб қалбим ўртанади. Гулнор учун тўккан болалигингизнинг сўнгги кўз ёшлари менингда кўзларимдан оқади гўё. “Менинг дарахтимни кесманг, отажон” деганингизда мен ҳам қўшилиб ёлвораман.

Барча айб мендадир,

Бу дарахт нечун?

Одобсизлик қилганим-чун

Ёдингиздами –

Адабимни бергандингиз

Бир хипчин билан,

Бу дарахт – ўша хипчин.

Кўп шоирларнинг шеърларини ўқиб катта бўлганман, деёламан. Аммо ҳислари сизникидек тоза ва шу тоза туйғуларни тўғридан-тўғри шеърга солган шоирни жуда кам учратдим. Шу қадар софлик, шу қадар ҳақиқат ва ростгўйлик. Ҳар бир шеър қалбимга майин оҳангдек синга боради. Худди ўз тақдирим ҳақида ўқиётгандек қизиқ. Худди бир қизиқ асар қаҳрамонининг тақдири аён бўлаётгандек кейинги саҳифаларга шошаман.

Менинг бир дарахтим бор эди, дўстлар

Хазонлар қоплабди теграларини.

Кўзёшга қоришиб етилган сўзлар,

Дўстлар, у дарахтнинг меваларими?

Кейинги шеърдан:

Тушларимга кирар бир дарахт.

Андуҳ каби қора, япроқсиз,

Уйғонаман – шўр ёш лабимда.

Тушларимга кирган дарахтнинг

Илдизлари инграр қалбимда.

О, шоирим! Бу қалбда бунчалар изтироб, бунчалар соғинч, ҳар бир хас-у тошлар сизга бу қадар азиз!

Хатлар ёздим:

“Бормисан, сингил

Дарахтларим менинг омонми?

Мен омонман, танимоқдаман

Гоҳи баланд, гоҳ паст инсонни”.

Давомини ўқийман-ўқийман, ўқийвераман. Сизга хатлар ёзган, сиз-да жавоб ёзган синглингизга ҳавасим келади. Шеърий хатдаги изтироблар йиллар тилган қалбимни янада тилади.

“Болалик балладаси”да болаликни эртакнамо таъриф этасиз. “Қўлдаги кулчамни тулкилар еди, ялмоғизлар минди велосипедимни” дея ўқигучи хаёлларини эртаклар оламига чорлайсиз.

Новдаларда бойқушдек ўтириб олган

Ялмоғизлар тиззаларига

Қўлларини уриб мени кузатдилар

Қирқта қароқчининг ғорига томон.

Улғайишнинг аччиқ изтиробларини шу қадар рамзларга кўчирасизки, бешафқат ҳаётнинг мо­ҳиятини бола қалбига-да шу қадар тушунарли қилиб тас­вирлайсизки…

Саҳифалар ўзгараверади. Шеърларингиздан олаётган кечинмаларим оловланиб кучайиб бораверади, воқеалар авж олади. “Йўллар ҳайқириғи бағрида мендан узоқлашиб борар бир одам… У – севгидир, мендан норизо туйғу. У – ёшликдир, кетар менга тош отиб”. Бу мисралар қалбни чўғлантирмаслиги мумкинми, дилнинг туб-тубларигача ҳислар алангаси чулғаб, юрак япроқдек титрамаслиги мумкинми?!

У пайтлар қуш каби учиб юрардим,

Кеталар – оёққа бойланган қанот.

Бугун катта майдон, лолдир қудратим –

Оғир ботинкалар кийдирди ҳаёт!

Ушбу мисраларни ўқийман-у ҳали йигирма ёшлик шоирнинг футбол ўйини ҳақидаги хотираларига, тасвирларига файласуфларча ҳаёт ҳақиқатларини сиғдиргани, моҳирона қориштиргани ақлимни яна бир бор лол этади.

Бу маҳоратингиз улғайганингиз сари улғая боради ва менинг ҳайратларимни ҳам улғайтиради. “Синфдошим Искандарнинг “Ява” мотоцикли ҳақида хотиралар” шеърингиз бунинг далилидир.

У олиб кетарди икки ўсмирни,

Тезликдан иборат дунёлар томон.

Асли тушларимга отлар кириши,

Тулпорлар кириши шарт эди!

Асли тушларимга опам кириши,

Йиғлаши шарт эди бўйнимдан қучиб…

Фақат мени кечир,

кўрмаганим учун сени тушимда.

Бу мактубим эса “Ява” номига…

Ҳар бир сатрни, ҳар бир сўзингизни ёзишим керак эди аслида. Қайта-қайта ўқидим. Қайта тонглар отди, тунлар ботди: ўқидим. Бу шеърми, достонми..? Йўқ, бу қисса… Қадимда бўлганидек, қиссахонлик қиламан ўзим билан. Қисса ёки роман каби кенг майдон, майдонки, қаҳрамонлари кўп, дарди улкан, таъсири кучли. Қандай шу икки варақда, тўрт бетда жойлашган шеърга бутун бир ҳаётнинг мазмунини сиғдириш мумкин? Қандай..? Қандай..? Яна чексиз саволлар, яна ҳадсиз ҳайратлар…

Китобнинг бир саҳифаси, шеърларингизнинг бир сатри қолмайди мен ўқимаган, бир мисраси йўқки, мени ҳайратлантирмаган, мен юрак тарозисидан ўтмаган: хуллас, қалб садоларингиз, покиза тийнатингиз, шеърга ғарқ бўлган шуурингиз, бетакрор бадиий маҳоратингиз – Пастернак, Вознесенскийни, Вознесенский сизни ром этгани каби ҳайратлантириб бораверади.

Яна бир сўз: илмий иш мавзусини олаётганимда сизнинг баъзи шеърларингизни ўқиган, аммо насрдаги ижодингиздан бехабар эдим. Ҳар бир насрий оҳангларингизни тинглаб, сўзингиз оташидан, қаламингиз чўғидан учқунландим; ёндим, қақнус каби қайта туғилиб, сиз билан ёнма-ён яшадим. Энди сиз униб-ўсган ҳовлини чиза оламан, ундаги сўри менга ҳам таниш, қадрдон. Печкангиз устида қайнаган қумғон овозларининг садолари менинг юрагимда-да ҳеч қачон тинмайди, уста Тожиддиннинг сандиқлари менга ҳам жуда қизиқ… Ҳали айтадиган гапларим жуда кўп, ҳали кўп ёзаман, иншааллоҳ!

Шеърсевар халқнинг бахтига, биздек муҳиблар бахтига доимо соғ бўлинг!

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

Раъно ФАЙЗУЛЛАЕВА,

Навоий давлат педагогика

институти докторанти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − 2 =